Мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни ҳимоя қилишда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликнинг самарали тизимини яратиш муҳим роль ўйнайди.

Жиноят ҳуқуқий ҳодиса сифатида махсус белгиларга эга бўлса-да, уларнинг ўзи жиноятни квалификация қилиш, жиноят қонунини адолатли қўллаш, жавобгарликни табақалаштириш имконини бермайди. Шунинг учун жиноятларни муайян туркумларга ажратиш лозим.

Жиноятларни таснифлашга ҳар доим эҳтиёж бўлган. Ўзбекистонда жиноятлар биринчи марта 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида таснифланди1. Амалдаги жиноят ҳуқуқида жиноятлар объектига қараб ҳамда ижтимоий хавфлилик даражасига қараб таснифланган.

Кўпгина ривожланган давлатларда жиноятлар икки ёки учта туркумга бўлиб таснифланади.

Масалан, Япония жиноят қонунида жиноятлар иккита туркумга бўлинади:

1) сиёсий жиноятлар;

2) бошқа барча жиноятлар.

Англия жиноят ҳуқуқида барча жиноятлар икки гуруҳга бўлинган бўлиб, биринчи гуруҳга жиноят содир этишда айбланаётган шахсга нисбатан айблов актини эълон қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, иккинчи гуруҳга бундай айб эълон қилиш акти тақдим этилиши талаб қилинмайдиган жиноятлар киритилган.

Биринчи гуруҳга кирувчи жиноятлар ўз навбатида уч турга бўлинади:

1) tpeeson (тризен);

2) felony (фелония);

3) misdemeanor (мисдиминор).

Тризен туркумига кирувчи жиноятлар давлатнинг ички ва ташқи хавфсизлигига, қиролга тажовузлардир. Фелония жиноятлари мулкни мусодара қилиш билан боғлиқ жиноятлардан иборат. Мисдиминор жиноятлар туркумига бошқа барча жиноятлар киритилган2.

Миллий қонунчиликда жиноятларни таснифлаш мезони сифатида қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти олинган бўлиб, жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга бўлинади.

Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти тажовуз объекти (инсон ҳаёти, соғлиғи, мулк, жамоат хавфсизлиги) ҳамда айб шаклига (қасд, эҳтиётсизлик) қараб белгиланса, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси қилмишни содир этиш ҳолатлари (жиноий ниятнинг амалга оширилганлик даражаси ва босқичлари, жиноятни содир этиш усули, зарар миқдори ва келиб чиққан оқибатлар, содир этилган жиноятда судланувчининг роли) билан белгиланади.

Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси – Жиноят кодекси махсус қисмида назарда тутилган энг оғир жазо турининг, одатда санкцияда назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг максимал муддатидан келиб чиқиб аниқланади. Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси Жиноят кодекси махсус қисми моддасининг ҳар бир қисми бўйича алоҳида аниқланади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган жиноятлар киради.

Агар жиноят учун Жиноят кодекси махсус қисмида озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмаган ҳамда бошқа турдаги жазолар назарда тутилган бўлса, ушбу жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради.

Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.

Оғир ва ўта оғир жиноятлар эҳтиётсизлик туфайли содир этилмайди.

Жиноятни муайян туркумга киритиш Жиноят кодексида белгиланган ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради ва бу жиноятларни таснифлашнинг ҳуқуқий аҳамиятидан келиб чиқади. Жиноятларни таснифлашнинг ҳуқуқий оқибатларини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин.

Биринчидан, жиноятларни квалификация қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар. Мисол учун Жиноят кодекси умумий қисмининг 34-моддасида рецидив жиноят уч турга – оддий, хавфли ва ўта хавфли рецидивга бўлинади. Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишда унинг илгари содир этган оғир ва ўта оғир жиноятлари ҳисобга олинади. Айтиш жоизки, шахснинг қилмишини квалификация қилишда унинг оддий, хавфли ва ўта хавфли рецидивист экани жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

Иккинчидан, жиноятлар учун жазо тайинлаш билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар. Жиноят кодексининг 51-моддасига кўра умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси фақатгина жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланади.

Суд Жиноят кодексининг 54-моддасига кўра жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олади.

Учинчидан, жиноят содир этган шахснинг аҳволини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий оқибатлар. Жумладан, Жиноят кодексининг 64-моддасида жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш муддатлари жиноятлар таснифидан келиб чиқиб белгиланган.

Жиноят кодексининг 66-моддасига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир
бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар айбини бўйнига олган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва етказилган зарарни бартараф қилган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Жиноят кодексининг 69-моддасини амалиётга татбиқ қилишда ҳам жиноятларни таснифлашнинг ўрни бор. Сабаби жазони ижро этиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жазодан озод этиш ҳақида сўз бораркан, белгиланган жазо муддати айнан жиноятнинг қайси тоифага кириши билан бевосита боғлиқ.

Жиноят кодексининг 71-моддаси талабларига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар айбини бўйнига олган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва етказилган зарарни бартараф қилган бўлса суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.

Шунингдек, Жиноят кодексининг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни назарда тутган 73-моддаси талаблари ҳам жиноят таснифланган ҳолда қўлланади. Бундан ташқари, кодекснинг 74-моддасида назарда тутилган жазони енгилроғи билан алмаштириш жиноятлар таснифи бўйича амалга оширилади.

Жиноят кодексининг 78-моддасига кўра судланганлик ҳолати содир этилган жиноятнинг таснифланишидан келиб чиқиб, тайинланган жазо муддатининг маълум қисми ўталгач тугалланади.

Жиноятларни таснифлашнинг яна бир амалий аҳамияти жиноий статистика доирасида
ҳам кузатилади. Мамлакатда содир этилган турли тоифадаги жиноятлар тўғрисида статистиканинг юритилиши жиноятлар сонининг кўпайиши ё камайишини кузатиш имконини беради. Натижада қайси тоифадаги жиноятлар кўпаяётганига қараб уларнинг олдини олиш чорасини кўриш мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича судларнинг 2019 йилги фаолиятига оид статистик маълумотларга эътибор берсак3, бу вақтда ижтимоий хавфи катта бўлмаган 9555 та, унча оғир бўлмаган 8525 та жиноят содир этилган, оғир жиноятлар 7026 та, ўта оғир жиноятлар 1753 та. Рақамларни таққослайдиган бўлсак, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар сони ўта оғир жиноятларга қараганда қарийб 5 баробар кўп. 2020 йилда ҳам мазкур рақамларда катта тафовут бўлмаган.

Мазкур жиноятларни уларнинг объекти жиҳатидан таснифлайдиган бўлсак, 2919 та фирибгарлик, 2458 та ўғирлик ва 1298 та талончилик жинояти содир этилган.

Жиноят қонунчилигида жиноятларнинг таснифи жуда мураккаб бўлиб, у ҳуқуқнинг турли соҳаларига, жумладан, жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия ҳуқуқларига ҳам таъсир қилади.

Юқоридагиларга асосланиб айтиш жоизки, ҳар бир жиноятни у ёки бу туркумга киритиш жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини аниқлаш ҳамда жазо тайинлаш масалаларини осонлаштиради.

Жиноятларни ижтимоий хавфлилигига қараб таснифлашнинг назарий аҳамияти ҳам катта. Бу ўз ўрнида жазо турини, озодликдан маҳрум қилиш муассасалари режимини, жазонинг муддатини танлаш ҳамда жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш, жазони ижро этиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жазодан озод қилиш, судланганлик муддатини ҳисоблаш ва судланмаган деб топиш масалаларида муҳим аҳамият касб этади.

Умиджан ХАНАЕВ,
Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

1 М.Усмоналиев, «Ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари», Т., 2006, 18-б.

2 М.Усмоналиев, «Ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари», Т., 2006, 18-19-б.

3 Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий сайти, sud.uz