Кейинги йилларда ёшларнинг билим олиши учун катта имконият яратилмоқда. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши «Ижтимоий соҳани ривожлантириш» деб номланиб, унинг 4.4-банди таълим ва фан соҳасини ривожлантиришга бағишланган. Таълимни ривожлантиришдан мақсад узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва бу орқали мамлакат иқтисодиётини юксалтиришдир.

Инсон ўсиб-улғаяркан, маълум бир касб-ҳунар эгаллашга интилади ва шу орқали ватанига, оиласига манфаати тегади. Шулардан бири юристликдир. Юристлик оғир ва машаққатли касблардан саналади. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат ўрнатишда юридик соҳа алоҳида ўрин тутади. Шу сабабли бу касбни эгаллаш учун янгидан-янги имкониятлар таъминлаб берилмоқда. Бу борада бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Улардан бири «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»1 ги фармондир. Мазкур фармон билан профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО қабул қилган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлаштирилди. Ушбу ҳужжат асосида касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилди. Техникумлар – халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим Юридик техникумлар – дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта  махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари ҳисобланади2.

Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»3ги 5415-фармонининг 1-банди еттинчи хатбошисига мувофиқ юридик кадрларни талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юбориш адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3666-қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон ва барча вилоятларнинг марказларида жами Адлия вазирлигининг 14 та юридик коллежи ташкил қилинди. Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 3-иловасига мувофиқ олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият кўрсатадиган юридик техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилди.

Президентнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»5ги 5987-фармонига кўра, юридик коллежлар юридик техникумлар мақомини олди. Мазкур фармонда 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёнини кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилиш ва Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилши мустаҳкамлаб қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»6ги 677-қарорига биноан республика олий таълим муассасаларида юриспруденция таълим йўналиши бўйича тест синовларида иштирок этиб, унда тўплаш мумкин бўлган умумий баллнинг 60 ва ундан юқори фоизини тўплаб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар юридик техникумларга кириш имтиҳонларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилинди.

Ҳозир Самарқанд вилоятидаги юридик техникумда 400 га яқин талаба кундузги ва сиртқи таълим йўналишларида таҳсил олмоқда. Юридик техникумда «Давлат-ҳуқуқий фаолият», «Суд-ҳуқуқий фаолият» ва «Юридик хизмат» йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Техникум қошида «Хусусий-ҳуқуқий фанлар», «Оммавий-ҳуқуқий фанлар», «Жиноий-ҳуқуқий фанлар», «Умумкасбий фанлар» кафедралари фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда 1 нафар профессор, 4 нафар доцент, ўндан зиёд ўқитувчи талабаларга таълим бериб келмоқда.

Дарс жараёнида ўқитувчилар педагогик технологияларнинг интерфаол усулларидан самарали фойдаланмоқда. Онлайн режимида видеоконференция тарзида Тошкент давлат юридик университетининг ўқитувчилари ҳам таълим жараёнига кўмак бериб келаяпти. Бундан ташқари, Самарқанд давлат университетининг юридик факультети билан ҳам ҳамкорлик шартномаси тузилган бўлиб, таълим жараёнига факультетнинг ўқитувчилари жалб қилинган. Назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан меморандумлар имзоланган.

Юридик техникумларнинг ўқув-методик жараёнини Тошкент давлат юридик университети мувофиқлаштиради, ҳудудий адлия органлари уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади. Қорақалпоғистон адлия вазири ўринбосари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари юридик техникумларнинг директори ҳисобланади7.

Президентнинг 2021 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 6184-фармонга кўра 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларнинг битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари билан тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқишнинг тугашидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда киришга ҳақли ҳисобланади. Демак, техникум битирувчилари махсус йўлланма асосида Тошкент давлат юридик университетининг 2-курсига суҳбат орқали киришга муяссар бўлади.

Олий таълимда ўқишни давом эттириш имкониятидан ташқари техникумни битирган талаба юрист мутахассислиги бўйича белгиланган шаклдаги дипломга эга бўлиб юридик соҳада меҳнат
қилиш имкониятини ҳам қўлга киритади.

Акмалжон ҒУЛОМОВ,
Самарқанд давлат университети
юридик факультети доценти

 

1 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2019 й., 06/19/5812/3699-сон.

2 «Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-қарорига 4-илова.

3 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 06/18/5415/1072-сон.

4 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2019 й., 06/19/5812/3699-сон.

5 «Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-қарорига 4-илова.

6 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 06/18/5415/1072-сон.

7 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 07/18/3666/1073-сон.

8 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.04.2020 й., 06/20/5987/0521-сон.

9 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/677/1443-сон, 31.12.2020 й., 09/20/834/1700-сон.

10 Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 6184-фармони. 2021 йил 9 март