Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурорининг ўринбосари М.Музафаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Қўқон минтақавий темир йўл узелида карантин қоидалари асосида ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
Унда даставвал Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти, жумладан ёшлар масаласи алоҳида тилга олинди. Қўқон минтақавий темир йўл узелидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ташкил этилган “Устоз-шогирд” тизими фаолияти, ютуқ ва камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг професионал қобилиятларини ривожлантириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, фаол ва ташаббускор ёшларни рағбатлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбирда “1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаҳрий темирйўлчилар Транспорт прокуратурасининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Шунингдек, тадбир якунида минтақавий темир йўл узелига биринчи маротаба ишга қабул қилинган ёшларга иш хужжатлари топширилди.