0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Shanba, May 15, 2021

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

- Advertisement -
- Advertisement -

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, соҳани тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги 5308-фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурининг 59-бандига асосан жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлашнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;
  • пенитенциар тизимда халқаро стандартларни кенг жорий этиш;
  • вояга етмаган маҳкумларга нисбатан жазони ижро этиш тизимини тубдан
    яхшилаш1.

Президентнинг 2018 йил 7 ноябрдаги 4006-қарори билан тасдиқланган 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида ҳам жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаган маҳкумлар ва ёшларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган вояга етмаган маҳкумларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш2 каби устувор вазифалар акс этган.

Таъкидлаш лозимки, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этишда инсонпарварлик тамойилининг устуворлиги қатор халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган. Буларга БМТ Бош ассамблеясининг Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари (1955 йил 30 май), Вояга етмаганларга нисбатан одил судловни амалга оширишга тааллуқли минимал стандарт қоидалар («Пекин қоидалари», 1985 йил), шунингдек, БМТ Бош ассамблеясининг «Маҳбуслар билан муомала қилишнинг асосий принциплари» резолюциясини (1990 йил 14 декабрь) киритиш мумкин.

Мазкур ҳужжатларга асосан пенитенциар тизимнинг мақсади маҳкумларни тузатиш ва ижтимоий қайта тарбиялашдан иборат бўлиб, вояга етмаган маҳкумлар вояга етган маҳкумлардан ажратилади ва уларга ёши ҳамда ҳуқуқий мақомига жавоб берадиган тартиб татбиқ этилади.

Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2019 йил давомида жами 10700 нафар ёшлар, шу жумладан, 497 нафар вояга етмаганлар судланиб, уларга нисбатан турли жазо чоралари тайинланган3. Мазкур кўрсаткич юртимизда жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизимини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бу борада ҳуқуқшунос олим Илҳом Турғуновнинг фикрини келтириш ўринли. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси маҳкумни ахлоқан тузатиш, жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум ва бошқа шахсларнинг янги жиноят содир этишининг олдини олишга қаратилган. Бунга мазкур жазонинг ижроси самарали ташкил этилгандагина эришилади4. Ҳақиқатан ҳам тарбия колонияларидаги сақлаш шароитлари маҳкумларда инсонга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурмат шаклланишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинлаш, ижро этиш тартиби, маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати Жиноят ва Жиноят-ижроия кодекси ҳамда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шунга қарамасдан ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур жазони самарали ижро этиш билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келмоқда.

Биринчидан, Жиноят-ижроия кодексида жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта таълимини ташкил этиш (100-модда), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бериш ва маҳкумларни ишлаб чиқаришда касбга ўргатиш (101-модда) тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги маҳкумларнинг ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишига имконият яратади.

Бироқ олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида таълим олиш ҳуқуқи фақат манзил колонияларида жазони ўтаётган маҳкумларга берилган бўлиб, тарбия колонияларида
жазо ўтаётган маҳкумларга бундай ҳуқуқ назарда тутилмаган. Бу эса вояга етмаган маҳкумларнинг конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилаяпти.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак, Финландияда вояга етмаган маҳкумларнинг ўрта таълим олиши билан бирга, олий таълим олиши ҳам мажбурий ҳисобланиб, ушбу соҳага маблағларнинг 50 фоизи маориф ва муниципалитет органлари томонидан, қолган 50 фоизи эса жазони ижро этувчи пенитенциар органлар томонидан йўналтирилади5.

Швейцария қонунчилигида ҳам бу борада ўзига хос қоидалар белгиланган бўлиб, вояга етмаган маҳкумларга тарбиявий таъсир кўрсатиш нинг бош мезонларидан бири уларга таълим бериш ҳамда ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилишдан иборат. Ушбу давлатда маҳкумлар турли соҳалар (қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, ахборот технологиялари ва бошқа соҳалар) бўйича ўз қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда таълим оладилар ҳамда уларга таълим жараёнида давлат томонидан стипендия тўланади6.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этишда Буюк Британиянинг пенитенциар муассасалари асосий эътиборни вояга етмаган маҳкумларнинг таълим олишига қаратади. Ушбу мамлакатда маҳкумларнинг таълим олиши мажбурий ҳисобланиб, бошланғич таълимдан бошлаб, олий маълумотгача эга бўлишлари таъминланади. Маҳкумлар турли шаклдаги, жумладан, кечки таълим, кундузги таълим, очиқ университет, коллежларда сиртқи таълим, махсус курслар, аёллар эса алоҳида курсларда таълим олишлари мумкин7.

Эътиборли жиҳати шундаки, Буюк Британияда маҳкумларнинг таълим олиши фақатгина жазо муддати даврида эмас, балки улар жазодан озод этилганларидан сўнг ҳам узлуксиз таъминлаб берилади. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳкумнинг жамиятга мослашиб кетишига ёрдам беришдир.

Иккинчидан, Жиноятижроия кодексининг 99-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари»нинг 402-бандида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни тарбиялашда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда иштирок этишлари белгиланган. Шундай бўлса-да, тарбия колонияларида жазони ўтаётган вояга етмаган маҳкумларнинг хулқ-атвори устидан жамоатчилик назоратини амалга оширадиган махсус тузилмаларнинг мавжуд эмаслиги жазони ижро этиш жараёнида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликнинг таъминланишига бирмунча тўсқинлик қилмоқда.

Бу борада ҳуқуқшунос олим Нодирбек Салаевнинг фикрича, пенитенциар тизим фаолиятида жамоат ташкилотларининг иштирок этиши масаласига аниқлик киритилиши, мазкур фаолиятнинг асосий йўналишлари мустаҳкамланиши лозим. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумлар ўртасида ўтказилган сўровда респондентларнинг 87 фоизи бу тизимда жамоатчилик назорати етарли даражада эмаслигини қайд этган8. Шу сабабдан ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида васийлик ва жамоатчилик кенгаши ҳамда касаба уюшмалари, тарбия колонияларида эса маҳкумларнинг ота-оналари қўмитасини ташкил қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Умуман олганда, жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти билан маҳаллий жамоат институтлари, шунингдек, вояга етмаган маҳкумларнинг қонуний вакиллари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилиши маҳкумларни тарбиялашда самара беради. Бундай жамоатчилик назорати жазони ижро этиш муассасасида коррупциянинг олдини олишда ҳам фойда беради.

Учинчидан, дунёнинг 60 дан зиёд давлатида мавжуд бўлган «ювенал юстиция» тизими вояга етмаганларга нисбатан нафақат озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги  жазо, балки бошқа жазоларнинг ҳам самарали ижро этилишида жамоатчилик фикри ҳамда назорати остида давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ўзига хос ҳуқуқий институт сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бир қаторда, вояга етмаган маҳкумларнинг ёши, хулқ-атвори, шахсига хос хусусиятлар, уларнинг психологик ва физиологик белгилари, саломатлигини эътиборга олган ҳолда «ювенал юстиция» тизимини тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчилигимизга татбиқ этиш ҳамда такомиллаштириш лозим.

Зеро, Президентнинг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатида ҳам Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик ҳамда Жиноят-ижроия кодексини янги таҳрирда қабул қилиш, бу борада тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги айтиб ўтилган.

Юридик адабиётларга назар ташлайдиган бўлсак, «ювенал юстиция» кенг қамровли тушунча ҳисобланиб, қонунчилик нуқтаи назаридан вояга етмаган маҳкумларга нисбатан жазони ижро этишнинг махсус қоидалари, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятида вояга етмаган маҳкумларга муомала қилиш усуллари, шунингдек, уларни ахлоқан тузатиш бўйича пенитенциар муассасалар томонидан қўлланадиган турли методлар тизимини ўз ичига олади.

Миллий қонунчилигимизда ювенал юстиция институтининг ҳуқуқий асослари аста-секин шаклланиб бораётганининг бир исботи 2019 йил 22 апрелда Президентнинг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар
тўғрисида»ги қарорига асосан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг жорий этилганлигидир. Ушбу институтнинг ташкил қилиниши тарбия колонияларида жазо ўтаётган вояга етмаган маҳкумларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, бу борада парламент назорати ўрнатилишида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Демак, юқоридагиларга асосланиб қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

биринчидан, Жиноят-ижроия кодексида белгиланган вояга етмаган маҳкумларнинг ҳуқуқлари доираси кенгайтирилиши лозим. Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг умумий ва ўрта таълим олишини таъминлаш билан бир қаторда, тарбия колонияси жойлашган ҳудудга яқин жойда жойлашган олий таълим муассасаларида сиртдан ўқиш имкониятини яратиш ҳамда ўқишни тугаллаганидан сўнг уларнинг бандлигини таъминлаш тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш зарур;

иккинчидан, тарбия колониялари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлаш, вояга етмаган маҳкумларни ахлоқан тузатиш ҳамда тарбиявий таъсир кўрсатишни самарали йўлга қўйиш. Бунинг учун жамоатчилик вакиллари — Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, вояга етмаган маҳкумларнинг қонуний вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашининг тузилиши мақсадга мувофиқ;

учинчидан, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этишга оид халқаро стандартлар ва илғор давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳамда «ювенал юстиция» тизимининг ижобий жиҳатларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш лозим;

тўртинчидан, жазодан озод этилган вояга етмаган маҳкумларнинг ҳаётга мослашишини таъминлаш бўйича махсус дастурларини қабул қилиш, шунингдек, уларга психологик, тиббий ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда реабилитация қилиш марказлари фаолияти йўлга қўйилиши керак.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши вояга етмаган маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланишига, ахлоқан тузалишига, жазодан озод этилган маҳкумларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам беради.

Сарвиноз САЛОҲОВА,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими,
Тошкент давлат юридик университети магистранти

1 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни
қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018,
06/18/5308/0610-сон; 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон

2 Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 7 ноябрдаги «Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4006-қарори.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий
базаси, 08.11.2018, 07/18/4006/2166-сон,
13.12.2018-й., 06/18/5597/2300-сон.

3 htpps://www.gazeta.uz/2019/07/18/sud-2019.

4 И.Т. Турғунов. Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати: Ўқув қўлланма. – Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси, 2012. – 117-б.

5 М.И. Кузнецов. Организация социалной службы пенитенциарних учреждениях Швейцарии. Преступления и наказания. – M.: – 2003.– №11. – C.98.

6 В.Н.Казанцев, Д.В.Ивашин. Социалная работа в пенитенциарних системах зарубежних стран: Учебное пособие. – Р.: – 2004. – C.187.

7 М.Ш. Юлдашев. Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижросини ташкил этиш: Ўқув қўлланма. – Т.: Ўзбекистон Республикаси ИИВ
академияси, 2010. – 88-б.

8 Н.С.Салаев. Пенитенциар тизимнинг профилактик функцияси самарадорлигини ошириш: юридик фанлар доктори (Doctor of science) диссертацияси автореферати – Тошкент, 2017. –61-б

- Advertisement -

Latest news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...
- Advertisement -

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...

Related news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...
- Advertisement -