Суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалардан бири вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан мажбурлов чораларини қўллашдир.

Юридик адабиётларда қайд этилганидек, процессуал мажбурлов чоралари жиноят процессида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг келгусида жиноятлар содир этишининг олдини олиш, ўзларига юклатилган мажбуриятларга тўла риоя этишини таъминлаш, ҳақиқатни аниқлашга халақит қиладиган уринишларига йўл қўймаслик мақсадида қўлланади.

Вояга етмаган шахс ушланганда унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш жараёни ушбу шахснинг жиноят процессида пайдо бўлиш вақтидан бошланади. Ўз навбатида унинг процессда пайдо бўлиш вақти жиноят-процессуал муносабатларга киришиш сабаблари ва асослари билан узвий боғлиқ1.

Юридик адабиётларда ушлаб туришнинг икки тури ажратиб кўрсатилади: 1) шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги жисмонан чекланган фактик ушлаб туриш, 2) суриштирув, тергов органининг қарорига асосан амалга оширилувчи юридик ушлаб туриш2.

Вояга етмаган шахс ЖПКнинг 220-222, 224-228-моддаларида белгиланган умумий қоидалар асосида ушлаб турилади. Шу билан бирга вояга етмаган шахс ушлангани тўғрисида зудлик билан унинг қонуний вакилини хабардор қилиш тақозо этилади. Шу жиҳатдан, Россия3, Қозоғистон4, Молдова5, Қирғизистон6 жиноят-процессуал кодексларида вояга етмаган шахсларни ушлаб туриш масалаларини тартибга солувчи алоҳида норма мавжуд.

Баён этилганларга асосан ушлаб туриш мажбурлов чорасини қўллашда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 60-бобига вояга етмаган шахсни ушлаб
туриш тартибини белгиловчи алоҳида нормани киритиш мақсадга мувофиқ. Жумладан ушбу нормада орган ходими ёки бошқа ваколатли шахс вояга етмаган шахсни ушлаб тургани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган пайтдан эътиборан дарҳол прокурорга ёзма шаклда, шунингдек, унинг ота-онасига ёки яқин қариндошларига телефон орқали ёки бошқа усулда хабар бериши ва бу ҳақда баённома тузиши лозимлигини белгилаш таклиф этилади.

Жиноят ишлари бўйича иш юритувда эҳиёт чорасини қўллашда айбнинг оғирлиги, айбланувчининг шахси, машғулот тури, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар ҳам ҳисобга олинади. Вояга етмаганларга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат; шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги; гаров; уй қамоғи; қамоққа олиш; вояга етмаганларни кузатувга олиш учун топшириш эҳтиёт чоралари қўлланиши мумкин.

«Вояга етмаганларни кузатувга олиш учун топшириш» эҳтиёт чораси махсус чора ҳисобланади. ЖПКнинг 253, 556-моддаларига кўра, вояга етмаганлар ота-онаси, васийлар, ҳомийлар ёки болалар муассасаси раҳбарларининг қаровига топширилиши мумкин.

Вояга етмаган шахсни кузатувга топшириш мажбурлов чорасининг афзалликлари шундаки, бунда бола ўқув машғулотларига қатнаши, оиласи билан мулоқот қилиши, одатий турмуш тарзида бўлиши мумкин.

Шу билан бирга вояга етмаган шахсни ўзининг қарамоғига олиши мумкин бўлган шахслар қатъий чеклангани бу чорадан амалиётда самарали фойдаланиш имкониятини пасайтиради. Жумладан, айрим ҳолларда ота-она зарарли одатларга (ичкиликбозлик, гиёҳвандлик) эга бўлгани ёки бошқа сабабларга кўра вояга етмаган шахсга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Мазкур масала юзасидан Е. Косатенокова ва Роман Куртуковлар илгари сурган ёндашувга кўра, вояга етмаганларни кузатувга олиш учун топшириш эҳтиёт чораси вояга етмаганни ажратиб қўйиш эмас, балки ижобий тарбиявий-профилактик таъсир қилишга қаратилган бўлиб, ушбу шахсга яқин одамлар кўмаги билан бунга эришиш мумкин. Бироқ амалиётда ота-оналар болага салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар ҳам учраб туради, шу боис ишончга сазовор бошқа шахслар кузатувига топшириш ҳам мақсадга мувофиқ7.

Муаллифларнинг фикрига қўшилган ҳолда болани бошқа бир яқин қариндошига ҳам топширилишини белгиловчи қоиданинг киритилишини таклиф этамиз.

Россия8, Қозоғистон9, Молдова10, Беларусь11, Туркманистон12 ЖПКларида вояга етмаган шахсни ота-онаси, васий, ҳомий билан бир қаторда бошқа ишончга сазовор шахслар кузатувига; Қирғиз Республикасида13 – болаларни ҳимоя қилишга ваколатли давлат органи ходимлари, Тожикистон14 ЖПКда – қариндошлар ва бошқа ишончга сазовор шахслар кузатувига топшириш мумкинлиги белгиланган.

Баён этилганларга асосан вояга етмаганларни кузатувга топшириш эҳтиёт чорасининг юқорида қайд этилган афзалликларини инобатга олган ҳолда ушбу чорани қўллаш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 556-моддасида вояга етмаган шахсларни яқин қариндоши кузатувига топшириш мумкинлигини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидаларида («Пекин қоидалари») вояга етмаганларга нисбатан судга қадар қамоқ фавқулодда чора сифатида ва имкон қадар қисқа вақтга қўлланиши лозимлиги белгиланган15.

Юридик адабиётларда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг қўлланиши айрим ҳолларда боланинг хулқ-атвори бузилишига жиддий таъсир кўрсатиб, ғайриижтимоий турмуш тарзига мойиллигининг ошишига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилган16.

Жиноят ишлари бўйича иш юритувнинг тарбиялаш функциясидан келиб чиқиб ёндашилса, вояга етмаган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг узоқ вақт қўлланиши мақбул эмас.

Муаллифларнинг юқорида қайд этилган фикрларини ривожлантирадиган бўлсак, болага нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасининг қўлланиши унинг руҳий ривожланишига, шахсий сифатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аксарият ҳолларда қамоқ эҳтиёт чорасининг муқобили сифатида уй қамоғи қўлланади. Уй қамоғи қўлланганда ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари жиддий чекланади. Хусусан, суд болага муайян шахслар билан алоқада бўлиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашиш, уйни тарк этиш каби тақиқлар қўяди.

Уй қамоғи вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан қамоқ чорасига қараганда мақбулроқ ҳисобланади, боиси вояга етмаган шахснинг жиноятчилик олами билан тўқнашишининг олдини олишга имкон беради17.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 558-моддасига кўра, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вояга етмаган шахсга нисбатан фақат ушбу кодекснинг 236-моддасида назарда тутилган асослар бўлганда ва айбланувчининг муносиб хулқ-атворда бўлишини бошқа эҳтиёт чоралари таъминлай олмайдиган тақдирда қўлланиши мумкин.

Халқаро стандартларда вояга етмаганларни қамоқда сақлаш муддатларини қисқартириш зарурлиги тўғрисидаги қоида белгиланган. Жумладан, «Пекин қоидалари»да вояга етмаганларга нисбатан қамоқ чораси имкон қадар қисқа вақтга қўллаш белгиланган. Европа кенгаши Вазирлар қўмитасининг (2003) «Вояга етмаганлар жиноятчилигига янгича ёндашувлар ва вояга етмаганларга доир ишларда одил судловнинг роли тўғрисида»ги тавсияларнинг 20-бандига кўра, яққол заруриятга асосан вояга етмаганлар қамоқда қоладиган бўлса, бундай чора суд жараёни бошлангунга қадар 6 ойдан ошмаслиги шарт18.

Халқаро нормаларда белгиланган кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда, бир қатор давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида қамоқ эҳтиёт чорасини вояга етмаганларга нисбатан катта ёшдагиларга қараганда қисқароқ қўллаш белгиланган. Жумладан, Молдова Республикаси ЖПКда вояга етмаган айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси фақат 4 ойгача узайтирилиши мумкин19.

Латвия Республикаси20 ЖПКда вояга етмаганларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш муддати катта ёшдагилар учун белгиланган максимал муддатнинг ярмидан ортиқ эмас. Бунда болани қамоқда сақлаш муддати узайтирилишига йўл қўйилмаслиги, ўта оғир жиноятда айбланаётган бўлса, жиноят оқибатида ўлим ҳолати бўлса ёхуд ўқотар қурол ёки портловчи моддаларни қўллаган ҳолда содир этган бўлса қамоқда сақлаш муддати 3 ойгача узайтирилиши мумкин.

Туркманистон21 ва Қозоғистон22 жиноят-процессуал қонунчилигида вояга етмаганларни қамоқда сақлаб туриш муддати 6 ойгача узайтирилиши белгиланган.

Шунга кўра, вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчини уй қамоғи ва қамоқда сақлашнинг максимал муддатини олти ой этиб белгилаш мақсадга мувофиқ. Бунда жиноятлар тергов қилинаётганда болани қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддати кўпи билан уч ойни ташкил этиши лозим.

Вояга етмаган шахсни қамоқ ёки уй қамоғида сақлаб туришнинг юқорида белгиланган икки ойлик муддатини оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбланаётган вояга етмаган шахсларга нисбатан мураккаб ишлар бўйича суд томонидан:

– Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига биноан тўрт ойгача узайтириш;

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарларининг илтимосномасига асосан олти ойгача узайтириш мумкинлигини белгиловчи тартибни жорий этиш таклиф этилади.

Вояга етмаган айбланувчига нисбатан қамоқ ва уй қамоғини қўллашнинг алоҳида қисқартирилган муддатининг белгиланиши уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишининг қўшимча кафолати бўлиб, суриштирув ва тергов органлари хатога йўл қўйишининг, жиноят иши тергови асоссиз равишда узайиб кетишининг олдини олади.

Музаффар НОДИРОВ,
ТДЮУ Жиноий одил судлов факультети декани ўринбосари

 

1 Базаров А.А. Процессуальные гарантии обеспечения прав и законных интересов несовершеннолетних на стадии предварительного расследования. Дисс. кан. юрид. наук. – 2012. – С. 65.

2 Корякина З.И. Обеспечение несовершеннолетнему подозреваемому и обвиняемому права на защиту в досудебном производстве по уголовному делу. Дисс. кандидата юр. наук. Якутск. 2019. –С.126.

3 Уголовно-процессуальный кодекс Российской Федерации от 18.12.2001 № 174-ФЗ. // http://www.consultant.ru/document.

4 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Казахстан от 4 июля 2014 года № 231-V. // http://online.zakon.kz.

5 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Молдова от 14 марта 2003 года № 122-XV. http://continent-online.com/Document/?doc_id=30397729.

6 Уголовно-процессуальный кодекс Кыргызской Республики от 2 февраля 2017 года № 20. http://cbd.minjust.gov.kg/act/view/ru-ru/111530.

7 Косатенокова Е.И., Куртуков Р.С. Присмотр за несовершеннолетним подозреваемым или обвиняемым как мера пресечения в уголовном судопроизводстве: теоретическое исследование // Российский следователь.-2019.- № 5. – С. 30.

8 Уголовно-процессуальный кодекс Российской Федерации от 18.12.2001 № 174-ФЗ. // http://www.consultant.ru/document.

9 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Казахстан от 4 июля 2014 года № 231-V. // http://online.zakon.kz.

10 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Молдова от 14 марта 2003 года № 122-XV. http://continent-online.com/Document/?doc_id=30397729.

11 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Беларусь от 16 июля 1999 года № 295-З. http://kodeksy.by/ugolovno-processualnyy-kodeks.

12 Уголовно-процессуальный кодекс Туркменистана от 18 апреля 2009 года. // http://www.turkmenbusiness.org/node/124.

13 Уголовно-процессуальный кодекс Кыргызской Республики от 2 февраля 2017 года № 20. http://cbd.minjust.gov.kg/act/view/ru-ru/111530.

14 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Таджикистан от 3 декабря 2009 года № 564. http://continent-online.com.

15 Минимальные стандартные правила Организации Объединенных Наций, касающиеся отправления правосудия в отношении несовершеннолетних (Пекинские правила) // Международные акты о правах человека. Сборник документов. – М., 2000. – С. 289.

16 Камардина А.А. Особенности применения меры пресечения в виде заключения под стражу в отношении несовершеннолетних обвиняемых (подозреваемых) // Вестник Оренбургского государственного института. -2015. -№3 (178) – С. 101.

17 Терегулова А.И. Обеспечение прав и законных интересов несовершеннолетних  подозреваемых, обвиняемых в контексте рационализации стадии предварительного расследования дисс. канд. юр. наук. Уфа 2019 – С. 111.

18 Recommendation Rec(2003)20 of the Committee of Ministers to member states concerning new ways of dealing with juvenile delinquency and the role of juvenile justice. Council of Europe Committee of Ministers (Adopted by the Committee of Ministers on 24 September 2003) https://coe.int сайтида.

19 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Молдова от 14 марта 2003 года № 122-XV. http://continent-online.com/Document/?doc_id=30397729.

20 Уголовно-процессуальный закон Латвии от 11 мая 2005 года № http://www.pravo.lv/likumi/29_upz.html.

21 Уголовно-процессуальный кодекс Туркменистана от 18 апреля 2009 года. // http://www.turkmenbusiness.org/node/124.

22 Уголовно-процессуальный кодекс Республики Казахстан от 4 июля 2014 года № 231-V. Статья 451. // http://online.zakon.kz.