0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Shanba, May 15, 2021

Вояга етмаган гувоҳлар иштироки: педагог ва психолог мақоми аниқ белгиланганми?

- Advertisement -
- Advertisement -

Жиноят-процессида педагог ва психологнинг иштироки долзарб аҳамиятга эга. Бугунги кунда ўрганилаётган муҳим муаммолардан бири педагог ва психологнинг процессуал мақомидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 6-боби («Жиноят процессида иштирок этувчи бошқа шахслар»)да педагог ва психологнинг ҳуқуқий мақоми алоҳида моддаларда қатъий белгиланмаган.(1)

Аммо соҳа олимлари илмий давраларда ҳуқуқий жиҳатдан педагог ва психологни жиноят процесси иштирокчилари деб ҳисоблайдиларми деган саволга қарама-қарши фикрларни билдирдилар. Бирлари педагог ва психологга мутахассис сифатида қарайди, чунки улар суд ишларини юритишда ўзига хос бўлган асосий белгиларга эга, биринчидан, махсус билимлар соҳиби, иккинчидан эса ишдан манфаатдор эмас.

О. Пюссанинг таъкидлашича, «Педагогнинг сўроқ қилишдаги иштирокига процессуал қонунчилик томонидан мутахассис сифатида қараш лозим, у терговчига у ёки бу ишларда ёрдамчи, консультантдир»(2) У ўз асарларида педагог ўз билимига асосланган ҳолда терговчига вояга етмаган шахс билан алоқа ўрнатишда кўмаклашишини айтиб ўтган.

А. Новиков ҳам педагог ва психолог мутахассис категориясига киришини айтиб ўтади. Бироқ айрим ҳуқуқшунос олимлар педагог ва психологга жиноят процессининг мустақил иштирокчиси сифатида қарайдилар.(3) Ҳуқуқшунос олим М. Строговичнинг айтишича, терговчи томонидан вояга етмаган айбланувчини сўроқ қилишда педагогни
мутахассис сифатида тенглаштириб жалб қилиш нотўғри. Унинг тарафдорлари қуйидаги мулоҳазаларни билдирадилар, биринчидан, педагог ва психолог хорижий мамлакатлар процессуал қонунчилиги бўйича кенгроқ ҳуқуқларга эгадирлар, иккинчидан, жиноят процессида мутахассис, педагог ва психолог бошқа-бошқа мақсадларда жалб қилинади; педагог ва психолог терговчига дастлабки терговни ташкил этишда ёрдам бериш учун жалб қилинмайди, балки вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун иштирок этади.(4)

Ҳуқуқшунос олимлардан яна бири Н. Машинскова эса психолог жиноят процессида қатнашиши учун психология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлиши ва мутахассислиги бўйича камида уч йил тажриба орттирган бўлиши кераклигини айтади.(5)

Баъзи олимлар жиноят процессида педагогнинг тўғридан-тўғри иштирок этишига ўтмиш қолдиғи сифатида қарамоқда. Улар бунга сабаб сифатида ўтган асрда таълим муассасаларида ва бошқа ташкилотларда психология мутахассислиги бўйича профессионал кадрлар етишмаганлиги учун бу функция педагогларга юклатилганлиги билан изоҳлайди.(6)

Ҳуқуқшунос олимлардан бири Ф. Багаутдиновнинг айтишича, вояга етмаганларни сўроқ қилишда жинсига оид муаммолар ҳам мавжуд.(7) Демак, агарда вояга етмаган шахс эркак жинсига тааллуқли бўлса ёхуд аёл жинсига мансуб бўлса, бунда педагог ёки психолог қайси жинсда бўлиши очиқ савол бўлиб қолади. Амалиётда шундай ҳолатлар бўладики, ҳатто сўроқ қилинаётган шахс бир вақтнинг ўзида ҳам вояга етмаган, ҳам руҳий касал бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг «Мутахассис» дея номланган 69-моддасида «Тергов ва суд муҳокамасини ўтказишда далилларни топиш ва мустаҳкамлашда суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга ёрдам бериш учун мутахассис чақирилади. Мутахассис сифатида шифокор, педагог ҳамда зарур билим ва малакага эга бўлган бошқа шахслар чақирилиши мумкин»лиги қайд этилган.(8)

Фикримизча, жиноят-процессуал қонунчиликда педагог ва психолог мустақил иштирокчилар сифатида кўрилиб, «жиноят процессида иштирок этувчи бошқа шахслар» бобига уларнинг процессуал мақоми батафсил мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддаси (Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг ўзига хос жиҳатлари)ни ҳам қуйидаги таҳрирда баён
этиш ўринлидир: «Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог, психолог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин.

Жиноят ишининг барча босқичида педагог ва психологнинг иштирок этиши шарт».

Юқоридагилардан келиб чиқсак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 6-бобида педагог ва психологнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш зарурдир.

Педагог, психолог

Педагог – муассасаларда педагог лавозимида банд бўлган, умумтаълим ёки профессионал ўқитиш дастури асосида фаолият кўрсатувчи ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда тергов ҳаракатларига, яъни сўроқ қилиш, юзлаштириш, таниб олишда, шунингдек, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг кўрсатувларини текшириш учун жалб қилинган шахсдир.

Шунингдек, педагог – махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган шахсдир. Педагог жиноят-процессуал қонунчилигида суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судьяга вояга етмаганлар билан тўғри педагогик алоқа ўрнатишга кўмаклашади.

Психолог – ўсмирлар психологиясига оид билимларга эга, қонун ҳужжатларда кўрсатилган ҳолларда тергов ҳаракатларига, яъни сўроқ қилиш, юзлаштириш, таниб олиш, шунингдек, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг кўрсатувларини текшириш учун жалб қилинган шахсдир.

Психолог жиноят ишида қатнашиши мобайнида вояга етмаган шахснинг хулқи, феъл-атвори ва юриш-туриш мотивацияси билан боғлиқ тушунтириш беради. Шунингдек, вояга етмаган шахсларга малакали ёрдам бериш, негатив, индивидуал-психологик кўринишдаги (тажовузкор кўринишга эга, импулсивлиги юқори (таъсирчан) ва эмоционал бузилишлар) ёки терговда психик бузилишлар натижасида турли қийнчиликлар туғдираётган шахсларга тушунтириш ва кўмаклашиш учун жалб қилинадиган шахс ҳисобланади.

Педагог ва психолог қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) агарда махсус билимларга эга бўлмаса, жиноят ишида иштирок этишдан воз
кечиш;
2) вояга етмаган шахсга оид жиноят иши материаллари билан танишиш;
3) суриштирувчи, терговчи ва суднинг рухсати билан жиноят процесси иштирокчиларига саволлар бериш;
4) вояга етмаганга салбий таъсир этадиган саволларни беришга йўл қўймаслик тўғрисида илтимосномалар киритиш;
5) сўроқ баённомаси билан танишиш ва тергов тугатилгандан кейин билдирилган қайдлар тўлиқлиги ва тўғрилиги ҳақида ёзма эътирозлар билдириш;
6) унинг ҳуқуқларини чеклаб қўяётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қарорлари ҳамда ҳаракат ва ҳаракатсизлигига эътирозлар билдириш;
7) терговда ҳозир бўлиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ва тергов ҳаракатларида иштирок этгани учун мукофот олиш.

Вояга етмаган шахс иштироки билан боғлиқ тергов бошланишидан олдин педагог ва психологга ҳуқуқларини тушунтириш ҳамда бу ҳақда кейин баённомада қайд қилиш лозим бўлади.

Педагог ва психолог суриштирувчи, терговчи ёки суд чақирувидан бош тортмаслиги, жиноят ишида иштироки билан маълум бўлган дастлабки тергов материалларини ошкор қилмаслиги керак.

Жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаганлар тергови билан боғлиқ муаммолардан яна бири – амалиётда сўроқ қилинаётган вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, айрим ҳолатларда гумонланувчи, айбланувчи шахс, неча ёшдан сўроқ баённомасини имзолаши лозим деган саволдир.

Кўпгина жиноят ишларини ўрганиш жараёнида 7-9 ёшдаги жабрланувчи ва гувоҳнинг
сўроқ баённомасида аниқ кўриниб турибдики, улар базўр ёзишни билади ҳамда қайта имзолаганда ифодаси ўзгаргани яққол сезилади. Яъни, боланинг жисмоний ва интеллектуал лаёқати ҳали тўлиқ ривожланмаган. Мантиқан ўйлаб кўрсак, ҳали вояга етмаган шахс жиноят процессуал қоидалар билан таниш эмас, шунингдек, бундай ҳолларда у ҳимояга муҳтождир ва кимни вакил сифатида биринчи навбатда чақириш кераклиги ёхуд кимни вакил сифатида чақирмаслик керак (гиёҳванд, сурункали алкоголь истеъмол қиладиганлар каби) деган саволлар очиқ қолмоқда.

Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-­процессуал кодексининг 10-бобига (Сўроқ қилишнинг умумий қоидалари) «агарда вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳ жисмоний нуқсони, интеллектуал ривожланмаганлиги ёхуд соғлиғи туфайли баённомани имзолай олмаса ҳимоячи, қонуний вакиллари, вакиллари ёки холислар баённома билан танишиб чиқиб, ўзлари баённомани имзолайдилар деган тушунчани киритиш мақсадга мувофиқдир.

Педагог сўроқ жараёнида специфик вазифаларни бажариб, саволлар бериш кетма-кетлиги, шакли, сўроқнинг давом этиш мақбуллиги, педагогик нуқтаи назардан тўғри савол бериш стилини танлаш, сўроқ қилинувчи билан психологик контакт ўрнатиш ҳамда вояга етмагандан тўлиқ ва ишончли кўрсатувлар олиш вазифасини бажаради.

Мутахассис эса махсус билимларга эга бўлиб, жиноят процессуал қонунчилигида кўрсатилган ҳолларда процессуал ҳаракатларда ҳужжат ёки ашёларни олиб қўйиш, тасдиқлаш, аниқлаш, жиноят иши материалларида техник воситаларни қўллаш, экспертга саволлар бериш, шунингдек, судга ўзининг профессионал фаолиятига тааллуқли саволларга жавоб ва тушунтириш беришда кўмаклашувчи шахс ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вояга етмаган шахсни сўроқ қилишда
педагог ва психологнинг иштирок этиши ҳуқуқий мақомига оид
қуйидаги таклифларни берамиз:

1) вояга етмаган гувоҳлар иштироки билан боғлиқ суруштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнларида психологнинг иштирок этишини қатъий равишда белгилаб қўйиш (психолог вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларда бўлган воқеани тиклашга, руҳий, психологик ва эмоционал бузилишларни енгиб ўтишга, суриштирувчи ва терговчига тўғри ва аниқ саволларни тузишда ёрдам беради);

2) психологнинг суриштирув, тергов ва судга ёрдам бериш учун чақирилиши талаб этилмаслиги лозим, балки вояга етмаган гувоҳларнинг қонуний манфаатларини (ҳуқуқ
ва эркинликларини) ҳимоя қилиш учун чақирилиши керак;

3) суриштирувчи ва терговчи вояга етмаган гувоҳни сўроқ қилишдан олдин психологнинг иштирокини таъминлаши ва психолог жиноят иши билан танишиб чиқиши лозим;

4) психолог мутахассислиги бўйича амалиётда камида 3 йил стажга эга бўлиши;

5) жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаган гувоҳларнинг минимал ёшини белгилаш;

6) вояга етмаган шахс ўғил бола бўлса эркак психолог ёхуд қиз бола бўлса аёл психолог иштирокини таъминлаш (масалан, жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларда);

7) жиноят-процессуал қонунчиликка педагог ва психологга оид тушунчаларни киритиш лозим (чунки мураббий, ўқитувчи, педагог, тарбиячи бир-бирига яқин тушунчалар);

8) жиноят-процессуал қонунчиликка қайси ҳолатларда педагог ёки психолог чақирилиши юзасидан аниқлик киритиш;

9) суриштирувчи, терговчи ва суд нафақат давлат муассасаларида, балки ННТ, хусусий секторда фаолият кўрсатаётган профессионал психологларни ҳам жалб қилишимақсадга мувофиқдир.

Азизхон ПЎЛАТОВ,
ТДЮУ мустақил изланувчиси

 

1 Ўзбекситон Республикаси жиноят-процессуал кодекси. – Т.: Ўзбекистон, 2018.

2 Пюсса О. Участие педагога в допросе несовершеннолетних // Правоведение. 1966. № 4. С. 163–165.

3 Новиков А.А. Институт специалиста в уголовном судопроизводстве России: Автореф. дис. … канд. юрид. наук. Ка¬лининград, 2007. С. 8.

4 Строгович М.С. Курс советского уголовного процесса. М., 1970. Т. 2. С. 477.

5 Машинская Н. В. Проблемы обеспечения эффективного участия педагога и психолога в досудебном производстве по уголовным делам несовершеннолетних // Вестник Северного (Арктического) федерального университета. – Серия «Гуманитарные и социальные науки». – 2015. – № 2. – С. 123–130

6 Любичев С. Г. Особенности расследования преступлений несовершеннолетних на современном этапе // Проблемы отправления правосудия по уголовным делам в современной России: теория и практика: сборник научных статей. – Ч. 1. – Курск: Изд-во Курск. гос. техн. ун-та, 2007. – С. 163–166.

7 Багаутдинов Ф. Н. Ювенальная юстиция начинается с предварительного следствия // Российская юстиция. 2002. № 9.

8 Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодекси. 69-модда. Ўзбекистон, 2018

- Advertisement -

Latest news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...
- Advertisement -

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...

Related news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...
- Advertisement -