Терроризмни оқлаш ва террористик ҳаракатлар содир этишга ундаш жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган ижтимоий хавфли қилмишлардан ҳисобланади. Дунёда терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини такомиллаштириш, жумладан, ушбу қилмишлар учун жавобгарликни дифференциациялаш, соҳадаги халқаро ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги ижтимоий хавфли қилмишларни криминализация қилиш ҳамда жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, бу борада аҳолининг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ҳамда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашишни кучайтириш вазифаси алоҳида белгиланган.

Эътиборли жиҳати, судлар томонидан 2015 – 2019 йилларда тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумот ва фактларни хабар қилмаслик бўйича 64 та, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш бўйича 100 та ҳамда терроризмни молиялаштириш бўйича 33 та жиноят иши кўриб чиқилган1.

Ушбу жараён терроризмни ижтимоий хавфли ҳодиса сифатида ўрганиш, унга қарши курашнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини тадқиқ этиш, қонунчиликнинг бу борадаги нормаларини инвентаризациядан ўтказиш, терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни тизимлаштириш ва бирлаштиришни тақозо этмоқда. Шунингдек, криминологик услуб ва воситалар қўлланишини такомиллаштириш, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш механизмини янада ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

2005 йил 16 майда Eвропа кенгаши томонидан қабул қилинган «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги конвенциянинг 5-моддаси биринчи қисмига биноан террорчилик жиноятини содир этишга ундаш мақсадида ҳар қандай мурожаатни оммага етказиш ёки бошқа тарзда тақдим этиш, башарти, шахснинг бундай хатти-ҳаракатлари террорчилик жиноятларини бевосита тарғиб қилиш ёки қилмасликдан қатъи назар, мазкур жиноятларнинг бир ёки бир нечтасини содир этиш хавфини туғдирса, «террорчилик жиноятини содир этишга оммавий ундаш» сифатида баҳоланади2.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 2441-моддасида терроризмни тарғиб қилишнинг бир усули – террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш (биринчи қисми) ҳамда террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш (иккинчи қисми) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ваҳоланки, терроризмни тарғиб қилиш хилма-хил усул ва воситалар ёрдамида содир этилади.

Зеро, даъват қилиш деганда одамларда ўзини маълум бир тарзда тутиш истагини уйғотиш мақсадида, шу билан бирга, террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун тафаккури ва иродасига таъсир қиладиган мурожаат тушунилади. Даъватлар ҳар қандай шаклда: оғзаки, ёзма, аудио ёки видеомурожаат кўринишида амалга оширилиши мумкин3.

Террористик ҳаракатларни амалга оширишга ундаш мақсади ушбу жиноят таркибининг зарур белгиси бўлиши керак, бу:

биринчидан, қонун талабларининг ноаниқлигини ва уни ўзбошимчалик билан қўллашни бартараф этишга;

иккинчидан, сўз эркинлигини асоссиз равишда жиноий-ҳуқуқий чеклашнинг ишончли кафолатларини яратишга;

учинчидан, Европа кенгашининг «Терроризмнинг олдини олиш тўғрисида»ги конвенцияси талабларига мослаштиришга имкон беради4.

Террорчилик фаолиятини амалга ошириш ёки терроризмни ошкора оқлашга қаратилган даъватларнинг вужудга келиш хавфи бундай қилмишларнинг вояга етмаганларга қаратилганини сезиларли даражада оширади. Чунки, биринчидан, ўспиринларга қаратилган террорчилик ташвиқоти юқори рағбатлантирувчи таъсир кучига эга, иккинчидан, вояга етмаганларнинг нормал ривожланиш манфаатларига қўшимча равишда дахл қилади. Шундан келиб чиқиб, мазкур жиноятни вояга етмаганларга қаратилган ёки таълим ташкилотлари ҳудудида амалга ошириладиган террорчилик ташвиқоти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш зарур5.

Халқаро ҳуқуқда террорчилик жиноятини содир этишга ошкора ундаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги норманинг пайдо бўлиши қуйидагилар билан изоҳланади:

а) террорчилик ташкилотлари сафини тўлдиришга имкон берадиган, террорчилик ҳаракатини амалга оширишга тайёр бўлган одамларни рағбатлантирадиган, зарур молиявий маблағларни тўплашга, сиёсий иттифоқчилар, тарафдорлар ва ҳамдардларни қидириб топишга ҳамда шу тариқа террорчилик хусусиятидаги жиноятлар учун шароит яратишга имкон берадиган террорчилик ташвиқотининг жуда юқори ижтимоий хавфи;

б) амалга оширилган жиноятлар ва уларнинг содир этилишидаги иштироки учун жавобгарликни белгиловчи, аммо жиноий-ҳуқуқий огоҳлантиришни эртароқ амалга оширишга имкон бермайдиган мавзули (секторал) аксилтеррористик конвенциялар асосида бундай қилмишларга жиноий-ҳуқуқий қаршилик кўрсатишнинг иложи йўқлиги;

в) 1966 йилдаги «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактнинг 20-моддаси 2-банди талабларини изчил бажариш зарурати. Унга кўра камситиш, адоват ёки зўравонликка ундовчи миллий, ирқий ёки диний адоватни тарғиб қилиш қонун билан тақиқланиши керак.

Одатда адабиётларда террорчилик ҳаракатларига оммавий даъват қилишнинг бевосита объекти сифатида жамоат хавфсизлиги назарда тутилади. Рус олими Заурбек Шибзуховнинг сўзларига кўра, мазкур жиноят террорчилик фаолияти учун шарт-шароитлар яратади, террористик хусусиятга эга бўлган жиноятлар содир этилишига ёрдам беради. Шу сабабли кўплаб одамлар, ижтимоий институтлар ва умуман жамият хавфсизлигига таҳдид солиб, жамоат хавфсизлигига путур етказади.

Юрист Сергей Фридинский ушбу жиноятни таҳлил қилар экан, «оилавий ва дўстона суҳбатлар, баҳсларда ўз эътиқодларини ҳимоя қилиш, бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилиш ёки ўзига хос кўринишни даъват сифатида баҳолаш мумкин эмас» деб тўғри фикрни илгари суради.

Жиноят ҳуқуқи назариясида жиноий фаолият учун ошкора даъватларни тугатиш пайти масаласида турлича нуқтаи назарлар билдирилади. Масалан, яна бир рус олими Николай Кадников фикрига кўра, одамларда тегишли ҳаракатларни содир этишга қатъият пайдо бўлган пайтдан бошлаб бундай жиноятлар тугалланган деб эътироф этилиши энг тўғри ёндашув ҳисобланади.

Бу борада миллий қонунчилигимиз мутахассиси Абдумутал Закурлаев таъкидлаганидек, «Конституциявий тузумни зўрлик билан ағдаришга чорловчи даъватлар аниқ мақсадга қаратилган бўлади. Яъни, давлатни парчалаб юбориш, мамлакатдаги давлат тузумига барҳам бериб, уни бошқа бир тузум билан алмаштириш. Бу эса ўз-ўзидан фуқаролар урушини, биродаркушликни келтириб чиқариб, умуман, мамлакатни ҳалокатли оқибатларга олиб келади»7.

Терроризмга ошкора даъват этиш жинояти учун хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида ҳам жавобгарлик белгиланган. Масалан, Озарбайжон Жиноят кодексида терроризмга оммавий даъват қилиш (214-модда 2-қисми), шунингдек, оммавий тартибсизликлар, фуқароларга нисбатан зўравонлик даъватлари учун жавобгарлик қоидалари (220-модда) ҳамда тажовузкор уруш ҳақидаги оммавий даъватлар (101-модда) учун жавобгарлик тўғрисидаги нормалар киритилган. Қирғизистон Жиноят кодексида (226-модда 3-қисми, 233-модда) ва Молдова Жиноят кодексида (285-модда 3-қисми), Туркманистон Жиноят кодексида (167 ва 175-моддалар) ҳам юқоридаги ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган.

Шу билан бирга қатор хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширишга оммавий даъват қилиш учун жавобгарликни белгилашда бироз бошқача ёндашув шаклланган.

Масалан, Қозоғистон қонунчилигига биноан террорчилик актини амалга оширишга даъват қилиш жиноят деб ҳисобланади (256-модда). Мазкур ҳолатда ушбу қилмишнинг криминаллаштириш чегараларини бироз кенгайтирди, бу нафақат оммавий даъватларни, балки терроризмни тарғиб қилишни ҳам кўрсатиш орқали амалга оширилди. Ушбу жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида қонунда ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ёки ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишув асосида ушбу ҳаракатларнинг содир этилиши белгиланган8.

Тожикистон Жиноят кодексининг 1793-моддаси биринчи қисмига кўра ушбу қонуннинг айрим моддаларига биноан жиноятлар содир этишга даъватлар (террорчилик жиноятлари) жавобгарликка сабаб бўлади.

Молдова Жиноят кодексига кўра, экстремистик қилмишларни амалга оширишга оммавий даъват нафрат ёки адоватни қўзғаш таркибидаги муқобил ҳаракатдир. Хусусан, 346-моддага мувофиқ миллий шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, ҳуқуқларни бевосита ёки билвосита чеклаш ёки шахсларга миллий, этник, ирқий ёки диний келиб чиқишига қараб бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш ёки нафратни қўзғатишга қаратилган, миллий, этник, ирқий ёки диний адоватга қаратилган атайин хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган оммавий даъватлар жиноий жазоланади. Гувоҳи бўлганимиздек, Жиноят кодексининг битта таркибий қисми экстремистик фаолиятни амалга оширишга оммавий даъват этиш ва нафрат ёки адоватни қўзғашга оид жиноий-ҳуқуқий тақиқларни бирлаштирган.

Шунингдек, ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишга оммавий даъват қилиш (сепаратистик фаолият) учун жавобгарлик нормалари Россия Федерацияси Жиноят кодекси 280-моддаси биринчи қисми, Қозоғистон Жиноят кодекси 180-моддаси ҳамда Украина Жиноят кодексининг 110-моддасида белгиланган.

Хусусан, Украина Жиноят кодексида Конституция билан белгиланган тартибни бузган ҳолда Украина ҳудуди чегараларини ёки давлат чегараларини ўзгартириш мақсадида қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек, оммавий даъватлар ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишга даъват қилувчи материалларни тарқатиш жиноий жазоланиши белгиланган. Шунингдек, ушбу жиноят ҳокимият вакили томонидан такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса ёхуд миллий, диний адоватни қўзғаш билан боғлиқ бўлса, жавобгарлик кучаяди.

Хорижий давлатлар тажрибаси бу борада турлича ёндашувлар қўлланишини кўрсатмоқда. Масалан, Исроилнинг Жиноят тўғрисидаги қонуни бўйича ирқчилик, зўравонлик ва терроризмга даъватлар жиноий қилмишлар ҳисобланади (Алеф 1-боб). Бундан ташқари, бундай даъватларни ўз ичига олган материалларни сақлаш ҳам жазоланиши белгиланган9.

Францияда «оммавий чиқишлар ёки ҳайқириқлар орқали ёхуд варақалар тарқатиш ёки ёпиштириш йўли билан матнни, нутқни ёки тасвирни тарқатиш учун бошқа йўл билан қилинган бевосита қуролли йиғин қўзғатиш» жазога лойиқ ҳисобланади (Франция Жиноят кодексининг 4316-моддаси). Бундан ташқари, Жиноят кодексида «оммавий ҳайқириқлар ёки чиқишларда ёки варақалар ёпиштиришда ёки тарқатишда ёки матн, нутқ ёки тасвирни етказишда ифода этилган ёки бошқа йўл билан амалга оширилган бўйсунмаслик учун бевосита ундашга» жавобгарлик учун алоҳида норма белгиланган (43310-моддалар).

Шу билан бирга, хориж мамлакатлари жиноят қонунчилигининг кўп қисмида, экстремизмнинг айрим кўринишларига даъват қилиш тақиқланган. Масалан, Болгария Жиноят кодекси «фашистик ёки бошқа антидемократик мафкурани ёки Болгария Республикаси Конституцияси билан белгиланган ижтимоий ва давлат тузумини мажбуран ўзгартиришни тарғиб қилган» шахснинг қилмишлари жазоланади деб тан олади (108-модда). Бундан ташқари, ирқий ёки миллий адоват ёки нафрат ёки ирқий камситишни сингдириш ёки уларга ундаш кўринишидаги ҳаракатлар жазоланади (162-моддаси биринчи қисми). 164-моддада эса диний адоват замирида оғзаки равишда, босма шаклда, ҳаракатлар орқали ёки бирон-бир бошқа нафратни қўзғатувчи даъватларни тарғиб қилганлар жазоланади.

Польшада ҳам экстремистик фаолиятга оммавий даъват қилиш жиноий қилмиш сифатида тан олинган. Хусусан, Польша Жиноят кодексининг 119-моддаси 2-параграфига мувофиқ миллий, этник, ирқий, сиёсий, диний гуруҳга мансублиги ёки диний гуруҳга мансуб бўлмагани сабабли бир гуруҳ шахслар ёки шахсга нисбатан зўравонлик ёки ноқонуний таҳдидларни қўллашга даъват этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. 256-моддасида эса фашистик ёки бошқа тоталитар давлат тузумини оммавий ташвиқот қилиш, шунингдек, миллий, этник, ирқий, диний фарқлар ёки динга эътиқод қилмаслик замирида нафратга даъват қилиш тақиқланади.

Туркия Жиноят кодексида «мустақил равишда ва бошқалар билан биргаликда оғзаки ёки ёзма нутқлар ёки фитналар орқали ёки майдонларда, кўчаларда ва одамларнинг йиғилиш жойларида ёки плакатлар осиб қўйиш ёки нашрлар тарқатиш орқали одамларни Туркия Республикасининг асосий қонунини куч ишлатиб ўзгартириш ва Буюк миллат мажлисини тарқатиб юборишга мажбур қилишга чорлаш» учун жавобгарлик кўзда тутилган (146-модда)10.

Терроризмни оқлаш ва террористик ҳаракатлар содир этишга ундаш оғзаки ва ёзма равишда амалга оширилиши мумкин. Ушбу маълумот аудио ва видео материаллар, фотосуратлар, чизмалар, белгилар ёрдамида тарқатилиши ҳам эҳтимол. Амалиётда кўп ҳолларда ушбу маълумотлар интернет орқали тарқатилади. Терроризмни тарғиб қилишнинг асосий воситаси сифатида интернетдан фойдаланиш бутун дунё давлатлари учун хос бўлган тенденциядир.

Профессор Улдис Крастинснинг таъкидлашича, терроризмга чақириқлар номуайян одамлар доирасига қаратилган бўлади11. Ушбу ёндашув кўплаб олимлар (А.Тарбагаев, Г.Москалев, Т.Пинкевич, Э.Черних ва бошқалар) томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Виталий Алехин ушбу фикрга қарши чиқиб, «террористик фаолиятга ундаш ҳар доим ҳам аниқ бўлади, терроризмга тажовуз қилишнинг асл мақсади, шунингдек, уни амалга ошириш усуллари (портлаш, ўт қўйиш, қуролли ҳужум, заҳарли моддаларни тарқатиш) ва реал объектини кўрсатмасдан» умуман «террорчилик жинояти содир этишга ундаш мумкин эмас»12 дейди.

Шу билан бирга, ҳуқуқшунос олимлар Алексей Тарбагаев ва Георгий Москалевларнинг фикрига кўра, ошкоралик (оммавийлик) белгиси – бу ноаниқ одамлар доирасига (аниқ субъектларга эмас) қилинган мурожаатдир. Ушбу маълумотларни қабул қилаётган шахсларнинг индивидуал хусусиятлари жиноятчини қизиқтирмайди. Бундан ташқари, бу ерда нафақат миқдорий, балки қабул қилувчиларнинг шахсий ноаниқлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, жамоат жойларида, йиғилишларда, шунингдек, электрон хабарларни оммавий тарқатганда қабул қилувчиларнинг сони аниқ бўлиши мумкин. Бироқ жиноятчи учун бу одамларнинг индивидуал хусусиятларининг аҳамияти бўлмайди. Бу эса уларнинг маълумотни тарқатишнинг тегишли усулини танлашини белгилайди.

Жиноят ҳуқуқи назариясида олимлар орасида терроризмни оммавий равишда оқлашга, терроризмни тарғиб қилишга ёки терроризмга ундашга қаратилган материалларни тарқатишда иштирок этадиган одамларнинг роли тўғрисида баҳс-мунозаралар мавжуд. Хусусан, чақириқни (даъватни) ўз ичига олган маълумотнинг муаллифи ва унинг тарқатувчиси бошқа шахслар бўлган тақдирда мазкур муаммони ҳал қилиш муайян қийинчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Алексей Тарбагаев ва Георгий Москалев кўриб чиқилаётган жиноий ҳаракатнинг ижрочиси деб фақат чақириқ ёки даъватларни тарқатувчи шахсларни тан олишни таклиф қилади.

Баъзи бир муаллифлар (Павел Агапов, Заурбек Шибзухов) эса ушбу ҳолатда мазкур шахсларни жиноятда иштирокчи сифатида тан олишни таклиф қилмоқда13, бошқа тадқиқотчилар (Алексей Тарбагаев, Георгий Москалев) фақат маълумот тарқатган шахсни ижрочи сифатида тан оладилар ҳамда унинг муаллифини ёрдамчи сифатида жиноий таъқиб этишни таклиф этадилар. Бу борада Заурбек Шибзухов таъкидлаганидек, терроризмни тарғиб қилувчи матнни яратиш ушбу жиноятнинг объектив томонининг биринчи босқичи, тарқатиш эса иккинчи босқичи сифатида намоён бўлади14.

Бошқача айтганда, мазкур жиноят ҳаракати оммавий равишда содир этилганини тан олиш учун камида икки кишидан иборат тингловчилар бўлиши талаб қилинади.

Юқоридагилар асосида Ўзбекистон Жиноят кодексини қуйидаги мазмундаги 1556-модда билан тўлдириш таклиф этилади:

«1556-модда. Терроризмни оқлаш ёки террористик ҳаракатлар содир этишга даъват қилиш.

Террорчилик фаолиятини амалга оширишга ошкора даъват этиш, икки ёки ундан ортиқ шахсларни ушбу кодекс[1]нинг 155, 1552, 1553, 158, 159, 161, 242, 245, 254, 2551 ва (ёки) 264-моддаларида назарда тутилган жиноятлардан бирини содир этишга ундаш мақсадида террорчилик фаолиятини ошкора оқлаш ёки террорчилик фаолиятини маъқуллаш, –

Ўша ҳаракатлар:

а) оммавий ахборот воситалари ёки ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда;

б) вояга етмаганларга нисбатан ёки таълим муассасалари ҳудудида содир этилган бўлса, –

Ушбу моддада террорчилик фаолиятини ошкора оқлаш деганда, террорчилик фаолиятини рухсат этилган, тўғри, қўллаб-қувватлашга ва тақлидга лойиқ ҳаракат сифатида қабул қилиш тўғрисида икки ёки ундан ортиқ шахсга йўналтирилган мурожаат қилиш тушунилади».

Жамшид ИБРОҲИМОВ,

юридик фанлар бўйича фалсафа ­доктори (PhD)

 

1 Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 31 январдаги 07/24-36-хати.

2 Council of Europe Convention on the Prevention of Terrorism // Official Journal of the European Union, L159/3, 2005.

3 Тарбагаев А. Н., Москалев Г. Л. Публичные призывы к осуществлению террористической деятельности (ст. 205.2 УК РФ): проблемы уголовно-правовой регламентации и квалификации // Вестник СПбГУ. Сер. 14. 20

4 Балашов А.А. Уголовная ответственность за публичные призывы к совершению противоправных действий: Дисс. … канд. юрид. наук. – М., 2017. – С. 22.

5 Шевченко И.В. Уголовная ответственность за террористическую деятельность: уголовно-правовой и правоприменительный аспекты: Дисс. … канд. юрид. наук. – Саратов, 2010. – 224 с.

6 Кибальник А.Г., Соломоненко И.Г. Публичные призывы к осуществлению террористической деятельности или публичное оправдание терроризма // Законность. – 2007. – № 2. – С. 15.

7 Закурлаев А.К. Терроризмга қарши курашнинг криминалистик жиҳатлари: Юрид. фан. докт. (DSc) … дисс. – Тошкент: Ҳарбий-техник институт, 2018. – 18–19-б.

8 Старков С.В. Ответственность за несообщение о преступлении в РФ // Отечественная юриспруденция. – 2018. – №1. – С.18-19.

9 Исроилнинг жиноят тўғрисидаги қонуни / М.Дорфманнинг муқаддимаси ва иброний тилидан таржимаси; юридик фанлар номзоди Н.И.Мацнев таҳрири. – Санкт-Петербург: Юридический центр Пресс, 2005. – С.170-173.

10 Туркия Жиноят кодекси / юридик фанлар номзоди, доцент Н.Сафарова ва ҳуқуқ доктори Ҳ.Аджара муқаддимаси. Н.Сафаров ва Ҳ.Бабаевларнинг илмий таҳрири ва турк тилидан таржимаси. – Санкт-Петербург: Юридический центр Пресс, 2003. – С. 114-115.

11 Krastiņš U., Liholaja V. Krimināllikuma komentāri. Otrā daļa (IX-XVII nodaļa). – Rīga, 20

12 Алехин П. Соучастие в террористической деятельности. – М., 2009. – С. 109.

13 Агапов П.В. Публичные призывы к осуществлению террористической деятельности или публичное оправдание терроризма: анализ законодательной новации. // Уголовное право. – 2007. – №1. – C. 6.

14 Шибзухов З.А. Проблемы квалификации публичных призывов к осуществлению террористической деятельности или публичного оправдания терроризма, совершенных в соучастии. // Общество и право. – 2011. – №2. – C. 184-187.