Инсонларнинг тиббий фаолият соҳасидаги ҳуқуқлари – халқаро ва давлатнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ифодаланган фуқароларга соғлиқни сақлашни кафолатлайдиган ва касалликка чалинганда тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлайдиган қоидалардир1.

Пандемия шароитида тиббиёт соҳасида телемедицина, онлайн мурожаат каби замонавий фуқаролик муносабатларининг ҳаётимизга кириб келиш жараёни тезлашди. Хусусан, кундалик ҳаётда шифокор билан оддийгина телефон орқали мулоқотга киришиб, тиббий консультация олиш, таҳлил натижаларини электрон тарзда шифокорга юбориб, ташхис қўйиш каби фуқаролик муомаласи оммалашиб бормоқда. Бир томондан бу каби виртуал муносабатлар пандемия шароитида фуқароларнинг тиббий хавфсизлигини таъминласа, иккинчи томондан шифокор қабулига бориш, навбат кутиш билан боғлиқ вақтни, турли ортиқча харажатларни тежайди. Бу каби омиллар телемедицинанинг ҳаётимизга кириб келиши муқаррарлигини англатади.

Шу ўринда телемедицина тушунчасига изоҳ бериб ўтишимиз лозим.

Телемедицина деганда соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар томонидан олис масофадан туриб ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда диагностика, касаллик ва шикастланишларнинг олдини олиш, тадқиқ қилиш ва баҳолаш борасида тиббий хизматлар кўрсатиш ҳамда тиббиёт ходимларининг аҳоли саломатлигини яхшилаш ва маҳаллий мутахассислар жамоасининг кўникмаларини ривожлантириш мақсадида узлуксиз таълим олиш учун маълумотлар алмашиш тушунилади2.

Аслида аксарият амбулатор кўриклар бемор ва шифокор суҳбати билан тугайди. Бунда шифокор беморнинг шикоятини эшитиб, ташқи кўринишини кузатиб, касаллик анамнезини ўрганади. Яъни қандай овқат егани, асабийлашгани, совуқ қотгани ва бошқа кундалик ҳолатини текширади. Шундан сўнг умумий таҳлиллар ва диагностик текширувлар ўтказишни ёки даволаш муолажасини олишни тавсия қилади. Амалда ушбу харакатларни масофавий усулда бажариш ҳам мумкин.

Қолаверса, тиббиёт соҳасига бозор иқтисодиёти қоидаларининг татбиқ этилиши, хусусий тиббиёт муассасаларининг кундан кунга кўпайиб бораётгани телемедицина йўналишидан ҳам даромад манбаи сифатида фойдаланишни ривожлантиради. Тиббиёт муассасаларининг телемедицинадан даромад олиш мақсадида фойдаланиши қонунчиликка ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасининг янгича турини олиб киради.

Бунда хориж тажрибасини ўрганадиган бўлсак, деярли барча давлатларда телемедицина йўлга қўйилган бўлиб, аксариятида ушбу фаолиятнинг қонунчиликдаги ҳуқуқий асослари яратилгани, хусусан, Европа ва қўшни давлатлар қонунчилигида анча йиллар аввал тартибга солинганини кўриш мумкин. Масалан, Норвегия3, Қозоғистон4 ва Россия5 қонунчилигида телемедицина бўйича ҳуқуқий асослар яратилган.

Ўзбекистонда ҳам телемедицина фаолиятини йўлга қўйиш борасида бир неча йиллардан бери самарали ишлар қилинмоқда. Жумладан, МДҲ давлатларининг 2008 йилда 14 ноябрдаги «Бир-бирига мос келувчи миллий телетиббиёт диагностика маслаҳат тизимларини яратишда МДҲ давлатлари ҳамкорлиги тўғрисида»ги меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган тиббиёт муассасалари ўртасида ахборот алмашинуви ҳамда масофавий тиббий ва таълим хизматларини кўрсатиш (консультация, консилиум, амалиётлар, маҳорат дарслари ва бошқалар) мақсадида телемедицинани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури фикримизни тасдиқлайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, телемедицина ҳам алоҳида фаолият сифатида даромад олиш манбаи бўлиб хизмат қилса-да, ушбу масофавий муносабат аллақачон ҳаётимизга кириб келган. Бироқ қонунчиликда телемедицина фаолиятини тартибга солишга қаратилган норма ҳали мавжуд эмас.

Телемедицина фаолиятининг қонунчиликда тартибга солинмагани келгусида беморга етказилган зарарни аниқлашда шифокорнинг айблилик даражасини таҳлил қилиш, ташхис қўйиш, даволаш ишларидаги ҳаракатларига баҳо бериш ёки бемор ҳамда шифокор шахсини тасдиқлашда маълум қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, телемедицина асосан ахборот ва коммуникация технологиялари асосида олиб борилиши сабабли шифокор сирини сақлаш билан боғлиқ ахборот хавфсизлигига оид талабларни белгилаш зарурати мавжуд. Шунингдек, тиббиёт муассасаси ёки тиббиёт ходимининг профессионал жавобгарлигини аниқлаштириб олиш учун телемедицина орқали кўрсатиладиган хизматлар доираси ва тартибини белгилаш зарур.

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуни 45-моддасида тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фуқаро ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлардан бири сифатида шифокор сирининг ошкор этилиши белгиланган. Унга мувофиқ фуқаронинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани, соғлиғининг ҳолати, касаллигига қўйилган ташхис хусусидаги ҳамда уни текшириш ва даволаш давомида олинган бошқа маълумотлар шифокор сирини ташкил этади. Инсон соғлиғи ҳақидаги маълумотлар фақатгина шифокор сири бўлибгина қолмай, балки шахснинг шахсий маълумотлари ҳам ҳисобланади. Шунингдек, ушбу қонуннинг 3-моддасига биноан соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот эканлиги белгиланган.

Телемедицинада ҳам шифокорга маълум бўлган беморнинг соғлиғига оид маълумотлар шифокор сири ҳисобланиб, у шахсга доир маълумотлар сирасига киради ва ушбу сир ошкор бўлиши инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади.

Мазкур сабаблар юқорида қайд этилган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга телемедицина тушунчасини киритиш ва уни амалга ошириш тартиби ва меъёрларини белгилаш, бунда электрон имзо орқали тизимдан фойдаланиш, электрон ёзув ва маълумотларни хизмат кўрсатувчи томонидан ёзиб олиш, сақлаш, фойдаланиш, йўқ қилиш қоидаларини жорий этишни тақозо этади.

Аброрбек КАРИМОВ,
Фарғона вилояти судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

 

1 Стеценко С.Г. Права граждан в области охраны здоровья // Юрист. 2004. –№8. 50-с.

2 https://ru.wikipedia.org/wiki/Телемедицина.

3 http://eyecenter.crimea.com/doctor/discus_club/world/25.html.

4 http://adilet.zan.kz/rus/docs/K2000000360.

5 http://www.consultant.ru/document/cons_doc_LAW_121895/ccf02734a76e335943ae86f86b319d6035cca374.