0,00 UZS

No products in the cart.

3.3 C
London
Juma, Fevral 26, 2021

Тарихий ҳақиқат изидан…

- Advertisement -
- Advertisement -

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 12 майда эълон қилинган фармойишида совет тузуми даврида қатағон қурбонлари бўлган минглаб фидойи инсонлар, шаҳид зиёлилар хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини, бой илмий-ижодий меросини ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Ўша йилнинг 22 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» қарор қабул қилди.

Бу ҳужжатлар кўплар қатори биз тарихчилар учун ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси мудири сифатида биз ҳали СССР қуламасдан олдиноқ совет режимининг қурбони бўлган ватандошларимизнинг ҳаёти ҳақида илмий тадқиқотлар билан машғул эдик.

Қатағон қурбонларидан Иномжон Хидиралиев, Акбар Ўрозалиев, ака-ука Султонмасъуд, Шоҳруҳмирзо, Султонмаҳмуд Холботировлар, Абдураҳим Юсуфзода, Усмонхон Эшонхўжаев, Дмитрий Урюпин, Вадим Чайкин ва бошқаларнинг қисмати, асоссиз қатағон қилинганликлари ҳақида матбуотда мақолалар эълон қилиб турардик. Бундан хабар топган ўша қатағон қурбонларининг авлодлари бизга бирин-кетин мурожаат қила бошладилар.

Шундан келиб чиқиб 2001 йил 21 апрелда ҳозирги Андижон вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институтининг мажлислар залида илмий конференция уюштирдик. Анжуманга Тошкентдан «Шаҳидлар хотираси» жамоат фонди раиси, профессор Наим Каримов, адабиётшунос Собир Мирвалиев, доцент Шерали Турдиевлар ташриф буюрган эди.

Анжуманда Қатағон қурбонларининг авлодларидан Махфиратхон Хидиралиева, Жўрахон Холботирова, Санжарбек Ўрозалиев ва бошқалар ҳам иштирок этишган. Ҳатто Тошкентдан қатағон қурбони Исломбек Арслонбековнинг бир гуруҳ қариндошлари ҳам келишган. Шунда биз ана шу қатағон қурбонларининг ҳаёт йўли, фожиали тақдири ҳақида маъруза қилган эдик. Акс-садо қилиб кўплаб иштирокчиларнинг чиқишлари ҳам бўлган. Улардан бири, Андижон давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Қодиржон Парпиев ўз нутқида Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси олиб бораётган илмий ишларни янада кучайтириш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш учун кенг жамоатчиликни жалб этиш, тегишли ҳудудларга илмий сафарлар уюштириш кераклигини, иложи бўлса шу мавзуни ўрганадиган жамоат фонди ташкил этиш зарурлигини айтган эди.

Оқибатда шу анжуманда «Мерос» халқаро илмий-амалий экспедиция жамоат фондини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу қарор билан биз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига мурожаат қилдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Адлия вазири Абдусамат Полвонзода имзоси билан «Мерос» рўйхатдан ўтди.

Экспедиция аъзолари бу ҳуқуқий ҳужжат билан Ўзбекистон ва собиқ иттифоқдош республикалар архивларида, кутубхоналарида, музейларида бўлиб, 1920–1930-йилларда ГУЛАГ лагерларига юборилган, Россия, Украина, Қозоғистон, Шимолий Кавказ, Москва архивларидан 1937–1938-йилларда қатағон қилинган юртдошлар ҳақида кўпдан-кўп маълумот, ҳужжат ва материаллар олишди. Айрим архивларда «Мерос» фонди, Андижон давлат университетининг хатларига салбий муносабатда бўлиб, ҳужжатлардан нусха олишга изн бермаганлар ҳам бўлган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган қатағон қурбони Ёқубжон Исақулов ҳақидаги 48 та делодан фойдаланиш илтимос қилинганда, архив раҳбарияти бу ҳужжатлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг рухсати кераклигини айтган. Биз Олий судга борганимизда шу идора масъул ходимларидан Алишер Турғунов мени таниб қолиб, «домла, нима сабаблар билан биз томонларга келиб қолдингиз?», деди. Мен Алишер Турғуновни билмас эдим, лекин у менинг университетда ишлаётганимдан бохабар экан. У мақсадимни билгач, кўмак бериш учун Олий суд раиси ўринбосари Абдусамат Полвонзоданинг ҳузурига кириб, масалани баён этган. Алишер Турғунов раис ўринбосарининг хонасидан чиқиб менга Ёқубжон Исақуловга тегишли 48 та архив ишидан фойдаланиш учун рухсат берилганини айтди. Шу заҳотиёқ ариза ёздим, Алишер Турғунов аризамни раис ўринбосари Абдусамат Полвонзодага олиб кирган ва архивдан ўша материалларни Андижонга олиб келиб 1 ой муддатда Тошкентдаги архивга қайтариб топширишимиз ҳақида ёзма кўрсатма берган. Бу хатни Марказий давлат архивига бориб топширдим. Масала ижобий ҳал қилингач, ўша 48 та ишни қунт билан ўрганиб, Ёқубжон Исақуловнинг ибратли, шонли ҳаёт йўлини очиб бериш, унга қарши советларнинг қўллаган қатағон амалиётини фош этувчи фактик лавҳаларни келтирдик.

Оқибатда 2001 йили «Шарқ» нашриётида «Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар» номли 414 бетлик китобимиз нашр этилди. Бу китобнинг 152–199-бетлари «Ёқубжон Исақулов (1885-1931)» сарлавҳаси билан босилиб чиқди. Бу китобдаги манба ва материаллар ҳозир ҳам Тошкентдаги ва Андижондаги «Қатағон қурбонлари хотираси музейи» залларига қўйилган, саёҳатчилар ундан баҳраманд.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 31 август куни Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюрганида ҳар бир вилоятда қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиалларини ташкил қилиш кераклигини айтди. Шу таклиф асосида 2017 йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасидаги қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 936-қарори қабул қилинди.

Шунга мувофиқ 2018 йил 15 августда Андижон давлат университети тузилмасида «Қатағон қурбонлари хотираси музейи» ишга тушди. Шундан бери музейга Ўзбекистон вилоятларидан, айниқса Андижон вилояти туманларидан, ҳатто хориж мамлакатларидан 15 мингга яқин фуқаро ва меҳмонлар ташриф буюрди. Музейга Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирликлар, илмий ўқув муассасалари ходимлари келишади, айниқса, ўқувчи ёшлар ва талабаларнинг қизиқиши баланд.

2019 йил 3 октябрда музейга юридик фанлар доктори, профессор Ҳалим Бобоев, Адлия вазирлиги фахрийлар кенгаши раиси Эрмуҳаммад Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлигида кўп йиллар раҳбарлик қилганлардан Абдусамат Полвонзода ташриф буюрган. Мен учун ўз вақтида маънавий, амалий ёрдам кўрсатган Абдусамат Полвонзодани биринчи бор кўрганимдан беҳад қувондим. Бу инсон ва ҳамроҳларига шахсан ўзим экскурсоводлик қилдим.

Абдусамат Полвонзоданинг Олий суд раиси, Адлия вазири лавозимларида хизмат қилаётган даврида марказ томонидан Ўзбекистонга ва унинг халқига қарши «пахта иши», «ўзбек иши», «қўшиб ёзишлар»лардан иборат ҳақоратомуз туҳмат ва маломатлар уюштирилган, халқимизга, республика раҳбариятига қарши қўлланган қатағон сиёсати ва амалиётига қарши турган миллий раҳбарлардан бири экани ҳақида
озми-кўпми тасаввурга эга эдим. Абдусамат Полвонзоданинг фуқароларнинг ариза ва мурожаатларига жиддий қараб, иложи борича у ёки бу масалани қонун доирасида ижобий ҳал қилишга уринганининг шоҳидиман.

Миллий санъатимиз дарғаларидан бири Ғуломжон Рўзибоев асли асакалик. Бу бастакор 22 ёшида Қизил армия сафига сафарбар қилинган, урушда катта хизматлар қилган, аммо тақдир тақозоси билан душманга асир тушган ва концлагерда бўлиб, у ерда Туркистон легионида «Истиқлол» деган саҳна асари ёзиб, уни легионерларга қўйиб берган. 1944 йил ёзида Вена шаҳрида туркистонликларнинг 2-конгресси бўлиб, конгресс қатнашчиларига «Истиқлол» асарини кўрсатиб олқишлар олган. Аммо салкам 50 йил шўро КГБсининг «қора рўйхати»да бўлиб таъқибда юрган, уруш қатнашчиларига бериладиган барча имтиёзлардан маҳрум эди. Ғуломжон Рўзибоев 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Абдусамат Полвонзодага ёзган аризасида 1994 йили унинг имзоси билан реабилитация ҳақида вилоят ДХХ бошлиғидан ҳужжат олганини изҳор этган эди. (Қаранг: «Водийнома» 2017 йил 2(4)-сон. 67–70-бетлар).

1983 йилнинг охирида Ўзбекистонда жуда оғир вазият вужудга келган эди. Ўзбекистон ССРда пахта тайёрлаш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ жараёнлардаги қўшиб ёзиш, ўғирлик, кўзбўямачиликни тергов қилиш билан Т. Гдлян, В. Иванов шуғулландилар. Жамоа хўжаликлари раислари ва совхоз директорларининг 60 фоизи, қишлоқ хўжалиги етакчи мутахассисларининг 45 фоизи, пахтачилик бригада бошлиқларининг 35 фоизи, шунингдек, кўплаб раҳбарлар, вилоятлар ва туман партия комитети котиблари, республика миқёсидаги партия, совет ва хўжалик раҳбарлари ўз вазифаларидан олиб ташланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Бу даврда марказ томонидан тоталитар тузумнинг барча кирдикорлари вафот этиб кетган партия ва давлат арбобларига юкланиб, 1980-йиллар қатағонида ноҳақ қораланди. Энг аввало қатағон қиличи Шароф Рашидовга қарши кўтарилиб, унинг номи ҳам бадном қилинди, шунингдек, 1986 йил 25 августда СССР Олий суди Ўзбекистон пахта саноати вазири бўлган Ваҳобжон Усмоновга нисбатан ўлим жазосини белгилаган. 1998 йил 17 апрелда Ваҳобжон Усмоновга нисбатан берилган жазо бекор
қилинди. Абдупатто Солиев ҳам «пахта иши»нинг жабрини тортди. Мустақиллик туфайли оқланди.

«Пахта иши» жабрланувчиларидан Сайидали Болтабоев, Қаюмжон Исмоилов, Исроил Усмонов, Шаробиддин Дарвешов, Муҳаммаджон Нишонбоев, Жакбарали Ҳожиназаров, Зокиржон Назаровлар ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан тузилган пахта ишларини кўриб чиқиш комиссиясининг раҳбарларидан бири Абдусамат Полвонзоданинг саъй-ҳаракатлари билан муваффақиятли якунланди.

Ҳозир 71 ёшни қоралаган Абдусамат Полвонзода Сурхондарё вилоятида таваллуд топган. 1972 йили Ўрта Осиё давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан битиргач, 1972–1974- йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. Ёш ҳуқуқшунос тез орада прокуратура соҳасида иш бошлаган, аста-секин шу йўналишда масъул лавозимларда ҳалолу-пок ишлаб, эътибор қозонган. 1990 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, 2000 йилдан 2005 йилгача Адлия вазири лавозимларида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 9 февралдаги фармони билан Абдусамат Полвонзодага олий малакали судья даражаси берилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, 1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвонларига эга.

Абдусамат ака Ўзбекистон учун ниҳоятда мураккаб ва оғир бўлган давр – 1980-йилларда ҳуқуқшунос сифатида шаклланди, чуқур билими ва меҳнатсеварлиги боис республика прокуратурасида масъулиятли лавозимларда ишлади, ҳайъат аъзоси бўлди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари, Олий суд раиси вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган пайтларида «Пахта ишлари»ни қайта кўриш бўйича ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари вазифасида самарали фаолият кўрсатиб кўпчиликнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлди.

Биз Абдусамат Полвонзода билан музейдан чиққач, ундан Ўзбекистонда советларнинг олиб борган қатағон сиёсатининг бевосита таркибий қисмидан бири бўлмиш «пахта иши», «ўзбеклар иши», «қўшиб ёзишлар» ва уларни қайта кўриб чиқиш жараёнида вужудга келган муаммолар ҳақида ўз эсдаликларини ёзиб беришини ва уни биз «Водийнома» журналида чоп этишимизни айтдим. Жавобан «Бу масала ниҳоятда нозик, лекин уни халқимиз кенг маънода англаши керак, шу боис мен бисотимдаги фактик материаллар асосида ўз мулоҳазаларимни, кузатишларимни изҳор қилишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун вақт керак», дея розилик билдирди. Шундан бери онда-сонда телефон орқали безовта қилиб «Пахта иши» ҳақидаги эсдаликларини ёзиб беришини илтимос қилиб турдик. Шу йил(2020) 25 февраль куни телефонлашиб Абдусамат Полвонзоданинг уйида суҳбат қилдик. Шундай қилиб, «Пахта иши» қандай вужудга келган эди?» номли эсдалик дунё юзини кўрди.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
«Водийнома» журнали бош муҳаррири

- Advertisement -

Latest news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...
- Advertisement -

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...

Related news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...
- Advertisement -