Меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги таниқли олима Динара Атажонова бу ёруғ дунёни барвақт тарк этди.
Юриспруденция соҳасидаги таниқли олима, жонкуяр ходим, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири Атажанова Динара Салимжановна 28 июнь куни оғир хасталик туфайли 33 ёшида бевақт вафот этди.
Динара Атажанова 1987 йил 21 апрель куни Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган. 2008 йилда Тошкент ислом университети бакалавр босқичини, 2010 йилда Тошкент давлат юридик университети магистратурасини тамомлаган.
Динара Атажанова 2009-2010 йиллларда Тошкент шаҳри “Махсус минтақалараро ММАФ” адвокатлик фирмасининг адвокат ёрдамчиси, Тошкент шаҳри “Д.Н.Ибрагимов” хусусий нотариал идорасининг нотариус ёрдамчиси, 2010-2019 йилларда ТДЮ Меҳнат ҳуқуқи кафедрасида ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, лавозимида ишлаган
2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси дотсент вазифасини бажарувчиси лавозимида ишлаган. У 2020 йил 4 январдан ҳозирги вақтга қадар Тошкент давлат юридик университетининг Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири лавозимида фаолият юритиб келди. Фаолияти давомида кўплаб ўқув, ўқув-услубий қўлланмаларни чоп эттирган. Кўплаб оммабоп ва илмий мақолари журналлар, илмий-амалий анжуманлар тўпламлари ва газеталарда нашр этилган.
У 2018 йилда докторлик диссертатсияси (PhD)ни ҳимоя қилган. 2020 йилда доцент илмий унвони берилган. Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган.
Ҳуқуқшунос олима, жонкуяр ходим ва камтарин инсон Динара Атажанованинг илмий мероси ва ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журнали жамоаси Динара Атажанованинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Қуйида Динара Атажанованинг “Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналида чоп этилган мақолалари билан танишишингиз мумкин: