0,00 UZS

No products in the cart.

11.5 C
London
Juma, Oktabr 23, 2020

Талабалар учун фойдали маслаҳатлар. Энг кўп берилаётган 12 саволга 12 жавоб

- Advertisement -
- Advertisement -

Талабалар учун фойдали маслаҳатлар. Энг кўп берилаётган 12 саволга 12 жавоб (2020 йил сентябрь сони)

Талабалардан меҳнат қонунчилигига оид кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Қуйида энг кўп берилган саволларга қонун ҳужжатлари билан асослантирган ҳолда жавоб берамиз.

  1. Талаба ишлаши мумкинми?

Ҳа, талабалар бемалол ишлашлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги бўйича бунга ҳеч қандай чеклов йўқ. Яъни Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра, 16 ёшга тўлган ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. 15 ёшдан эса соғлиғига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг «Олий таълим тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги 9-буйруғи (афсуслар бўлсинким, ушбу ҳужжат рус тилида https://www.lex.uz/docs/327039)нинг 50-бандида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтларида олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинлиги белгиланган. Бундан келиб чиқадики, талаба бемалол ишлаши мумкин. Фақат таълимдан бўш вақтида.

  1. Талаба қайси курсдан бошлаб ўзи таълим олаётган мутахассислик бўйича ишлаши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабр­даги 275-қарори билан «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида»ги низомнинг (https://www.lex.uz/docs/941876) 7-бандига кўра:

Олий ёки ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни умумтаълим муассасаларига педагог лавозимига қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Мазкур низомнинг 8-бандида «олий таълим муассасасининг 4-курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади» дейилган.

Диққат! Ушбу қоида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётганлар учун ҳам, сиртқи таълимда таҳсил олаётганлар учун ҳам бирдай амал қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги 2733-қарори 1-иловасига кўра, юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган ёхуд Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс, шунингдек, олий таълим муассасасининг юриспруденция мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти ишлаши мумкин.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-қарорига 2-иловa – «Клиник ординатура тўғрисида»ги низомга кўра, ўқитишнинг иккинчи йилидаги таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган клиник ординаторлар раҳбарларининг ёзма тавсияси асосида меҳнат шартномаси бўйича соҳа бўлимларида тунги навбатчилик қилиш ёки ўқишдан ташқари вақтда мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эгадирлар.

  1. Демак, 4-курс ёки битирувчи курс талабалари ишлаши мумкин экан. Бошқа курс ёки йўналишларда ўқиётганлар ишлай олмайдими?

Йўқ, ундай эмас. Педагогика ва юриспруденция йўналиши талабалари айнан 4-курс ёки битирувчи курсдан таълим олаётган ўз мутахассисликлари бўйича ишлашлари мумкин.

Диққат! Агар сиз коллеж дипломи ёки махсус маълумотга эга бўлсангиз, ушбу диплом асосида ҳеч қандай чекловсиз ишга киришингиз мумкин. Масалан, тиббиёт институтларининг бакалавр талабалари ўқишни тугатмагунча шифокор бўлиб ишлай олмайдилар. Лекин агар уларда тиббиёт коллежи дипломи бўлса, бемалол фельдшер ёки ҳамшира бўлиб ишлашлари мумкин.

  1. Фақат ўрта мактабни битирган, ҳеч қандай махсус маълумот ва дипломга эга бўлмаган талаба ҳам ишлаши мумкинми?

Албатта. Бундай тоифадаги талабалар ҳам ўқишдан бўш вақтларида меҳнат шартномаси асосида махсус маълумот ёки махсус тайёргарлик талаб қилмайдиган ишларда ишлашлари мумкин.

  1. Маълумотинг йўқ экан, деб ишга олишни рад этишмоқда. Қайси касбга қандай маълумот зарур эканини қандай билса бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябр­даги 795-қарорига илова «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори»да (афсуски, ушбу ҳужжатнинг ҳам тўлиқ матни рус тилида, https://www.lex.uz/docs/3372827) 5538 та ишчи касб ва 2858 та хизматчиларнинг асосий лавозимларига маълумотнинг энг паст даражасига қўйиладиган талаблар белгиланган.

Ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси давлат ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия хусусиятига эга.

Айтайлик, сиз юридик университетнинг 1- курс талабасисиз ва судья ёрдамчиси бўлиб ишга кирмоқчисиз. Лекин олий маълумотни баҳона қилиб ишга олишмади. Юқоридаги классификаторни очиб «помощник судьи» (яна бир бор қайтараман, ҳужжатнинг тўлик матни рус тилида) деб қидирасиз. Натижада 2199-1 тартиб рақами билан судья ёрдамчиси лавозими чиқади. Маълумотининг энг паст даражасида ССПО (среднее специальное профессиональное образование), яъни ўрта махсус, касб-ҳунарга доир маълумотли бўлиш шарти ва таълим йўналиши коди берилган. Демак, сиз юридик коллеж дипломи билан судья ёрдамчиси бўлиб ишлашингиз мумкин.

Худди шундай тартибда классификатордан бошқа касбларга қўйилган маълумотнинг энг паст даражасини билиб олишингиз мумкин.

  1. Талаба иш сўраб мурожаат қилди. Иш берувчи эса рад этди. Нима қилиш керак?

Бу ҳолатда сиз рад этиш сабабини билиш ҳуқуқига эгасиз.

Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра, ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш сўраб мурожаат қилган шахснинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Агар иш берувчи сизни асоссиз равишда ишга олмаган ёки иш ўринларини яширган бўлса, маъмурий, ҳаттоки жиноий жавобгарликкача тортилади.

Агар сизни асоссиз равишда ишга олишни рад этишса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги (+99871 200-06-00) ёки унинг ҳудудий органлари, прокуратура (1007), адлия органларига (1008) мурожаат қилинг!

  1. Талаба тўлиқ 1 ставка ишласа бўладими?

Юқорида айтганимиздек, талаба фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. МК 115-моддасига мувофиқ, ходимнинг иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Яъни 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилган ташкилотларда кунлик 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилганларда эса иш вақти кунлик 8 соатдан ортиқ бўлмаслиги шарт. Шунингдек, ишнинг тугаши билан ке­йинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 128-моддаси). Aгар юқоридаги қонун талабларига риоя этилса, талабанинг тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тақиқ йўқ.

Диққат! Бунда бир шартга риоя ­этилиши ­керак! Иш ўқишдан бўш вақтда ­бажарилиши шарт ва ушбу талаб меҳнат шартномасида ­мустаҳкамланиши лозим.

  1. Талаба фақат ўриндошлик асосида ишлайдими?

Ҳақиқатан ҳам айрим иш берувчилар талабаларни фақат ўриндошлик асосида ишга олиш керак деб ҳисоблашади. Бу мутлақо хато. Буни қуйидагича асослаймиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-қарори иловасига кўра (https://www.lex.uz/docs/2070161#2070217) ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши. Талабанинг таълим олиш жараёни меҳнат фаолияти ҳисобланмайди.

Демак, талаба меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ва меҳнат дафтарчаси юритилаётган ер унинг асосий иш жойи ҳисобланади.

  1. Талаба бир нечта жойда ишласа бўладими?

Юқорида таъкидлаб ўтилган меҳнат қонунчилигидаги талабларга риоя қилган ҳолда талаба ўқишдан бўш вақти асосий иш жойидан ташқари, бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ҳам ишлаши мумкин. Бунинг учун эса ўриндош­лик асосида ишга кираётган жойга асосий иш жойидан маълумотнома тақдим қилинади.

Диққат! Агар талаба ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.

  1. Талабалик даври меҳнат стажига кирадими?

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг (https://lex.uz/docs/112314#127095) 37-моддаcида иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари санаб ўтилган. Мазкур қонуннинг «е» бандига кўра, олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Яъни ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига ( эркаклар учун – 60, аёллар учун – 55 ёш) қадар камида 7 йил иш стажига эга бўлсангиз, шундагина олий таълим муассасаларида ўқиган даврингиз иш стажига қўшиб ҳисобланади. Ногирон бўлиб қолган шахслар стажига эса кўрсатиб ўтилган стаж муддатидан қатъи назар қўшилади.

  1. Талабани синов билан ишга олиш тўғрими?

Меҳнат кодексининг 84-модасига кўра, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

Агар юқоридаги талабларга тушмасангиз, сизга дастлабки синов қўлланилиши мумкин.

Диққат! Аксарият ишга кирмоқчи бўлган талабалар (бакалавр, магистрлар) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ҳисобланишади ҳамда уларга дастлабки синов қўлланилмайди.

  1. Талабалар учун меҳнат қонунчилигида имтиёзлар назарда тутилганми?

Таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб бериши шарт. Талабалар иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа кўплаб имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундан ташқари абитуриентлар учун ҳам алоҳида имтиёзлар (MK 254-моддаси) назарда тутилган.

Имтиёзлар ҳақида батафсил Меҳнат кодексининг 248-258 моддаларидан (https://www.lex.uz/docs/142859#145090) билиб олишингиз мумкин.

Муҳаммадамин Каримжонов,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

- Advertisement -

Latest news

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўмлик қўшимча солиқ олди олинди

Юртимизда сўнги йилларда солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик...

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – биринчи галдаги вазифа

Жорий йилнинг 9 ойида прокуратура органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси йўналишида 182 та фермер хўжаликларига рўйхатдан ўтиш ва банкда...

Related news

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...

Адлия вазирлиги аралашуви билан тадбиркорга 247 миллиард сўмлик қўшимча солиқ олди олинди

Юртимизда сўнги йилларда солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик...

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – биринчи галдаги вазифа

Жорий йилнинг 9 ойида прокуратура органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси йўналишида 182 та фермер хўжаликларига рўйхатдан ўтиш ва банкда...
- Advertisement -