Табиий монополия нима?

0
434

Монополия ва табиий монополия тушунчалари шаклан ўхшаш бўлса-да, мазмунан фарқ қилади. Монополия ва монопол корхоналарнинг мавжудлиги муайян тармоқларда рақобатнинг мутлақо йўқлиги ёки рақобатни шакллантириш учун кучли тўсиқлар туфайли бошқа рақобатчиларнинг
мавжуд бўла олмаслигига олиб келади. Монопол субъектларнинг бозорда эркин ҳаракатланиши ижобий ҳолат ҳисобланмайди.

Қонунчиликка мувофиқ, табиий монополия – товар бозорининг ҳолати бўлиб, унда технологик хусусиятлар туфайли муайян товарлар (ишлар, хизматлар) турларига бўлган талабни қондиришнинг рақобатли шароитларини яратиш мумкин эмас ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас («Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонун, 3-модда).

Корхона табиий монополия субъекти сифатида тан олиниши учун қуйидаги икки ҳолат мавжуд бўлиши керак:
1) технологик хусусиятлар туфайли соҳада рақобат муҳитини яратишнинг иложи йўқлиги;
2) соҳада битта хўжалик субъектидан кўп субъект фаолият олиб бориши иқтисодий жиҳатдан самарасизлиги
.

Табиий монополиялар фаолиятини давлат тартибга солади, назорат қилади ва улар мавжуд бўладиган тармоқларни белгилаб беради. Давлат табиий монополия субъектлари фаолиятида муаммолар юзага келганда бевосита кўмаклашади, уларга ҳомийлик қилади. Чунки уларнинг бошқа рақобатчиси йўқ, табиий монополия субъектлари бажарадиган вазифани уддалай оладиган бошқа субъектлар, масалан, хусусий секторда мавжуд эмас, деб ҳисобланади.

Табиий монополия қай даражада «табиий» бўлиши мумкин? Қандай қилиб бу сўз монополияга нисбатан қўлланадиган бўлган?

Собиқ иттифоқ таркибида бўлган мамлакатларда барча табиий монополия соҳалари «мерос» қилиб олинган. Собиқ иттифоқда нафақат табиий монополиялар, балки бошқа тармоқлардаги корхоналар ҳам давлатники бўлганини ҳисобга олганда постсовет маконда бу тармоқларни кейинчалик ҳам табиий монополия деб қабул қилинганини тушуниш мумкин.

Рус иқтисодчи олими П. Кононков табиий монополия тушунчасининг пайдо бўлиш босқичларини қуйидагича ифодалайди: монополия тушунчасининг пайдо бўлиши, монополиянинг салбий оқибатлари аниқланиши, монополиянинг айрим кўринишларини бекор қила олмаслик натижасида давлат назорати остида ушлаб туриш шарти асосида уларнинг «табиий монополия»ларга айлантирилиши.

Монополиялар жамият томонидан эътирозларга учраб, ҳуқуқлари камситилган рақобатчилар ва истеъмолчиларнинг норозиликлари ошиб боргач, давлат ёки айрим шахслар гуруҳи муайян соҳаларни ўз назоратида ушлаб туриш учун муайян монополистик тармоқларни «табиий монополиялар»га айлантирган. Бу жараён давлатнинг ўзи ташкил этган корхоналари ёрдамида ёки давлатдан берилган лицензияни сотиб олган бизнес вакиллари орқали амалга оширилган. Бир соҳада мутлақ яккаҳокимлик асосида тадбиркорликни амалга ошириш учун лицензия олиш жараёнида коррупцион ҳолатлар ҳам тез-тез учраб турган.

Табиий монополиянинг ҳозирги моҳиятига яқин келувчи тушунчалар илк бор XIX аср ўрталарида пайдо бўлган. Иқтисодчи Жон Стюарт Милль сунъий монополиялар ҳақида ёзар экан, уларни бевосита давлатнинг ўзи ташкил этиши, қонунчилик ҳужжатлари асосида уларнинг иқтисодий агент сифатидаги мақоми белгиланишини таъкидлаган.

Жон Милль табиий монополиялар деганда уларнинг пайдо бўлишини асосли омил деб ҳисоблаган ва бу орқали давлат ташкил этадиган сунъий монополиялардан фарқлашга ҳаракат қилган.

1838 йилда француз иқтисодчиси Антуан Курно табиий сув манбаси мулкдори аҳолини сув билан таъминлаш устидан назоратни ўрната олгани, сувнинг нархини мустақил белгилай олганини табиий монополия сифатида талқин қилган.

Фикримизча, табиий монополиянинг ҳозирги замондаги моҳиятига Жон Миллнинг сунъий монополиялар ҳақидаги фикри кўпроқ мос келади.

Табиий монополияларга бўлган нуқтаи назар Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ўзгарган. Бу турли инфратизимларнинг кескин ривожланиши билан характерланади. Электр ва сув таъминоти, телефон тармоқлари, темирйўл ташувлари жадаллик билан ривожланган. Бу тармоқлар катта харажатларни талаб этарди.

Агарда бир субъект темирйўл тармоқларини ўрнатса, катта харажатларни амалга оширади. Яна бир бошқа субъект ҳам худди шу каби ҳаракатларни такрорласа, табиийки муайян даражада харажат қилади. Бу ҳолатда, биринчидан, ҳар қайси субъект қилган иши учун кетган харажатларни ўзи тақдим этган товар ёки хизмат нархига қўшган. Натижада нарх ошган. Иккинчидан, коммуникацион тизимларни
ўрнатиш аҳолига муайян ноқулайликлар юзага келтирган. Табиий монополия тарафдорлари бу каби ҳолатни кераксиз такрорлашлар деб атаб, табиий монополиялар аҳолини ноқулайликлардан халос этиш учун ташкил этилганига ишонтиришган.

Жамиятда бошқа бир субъект ортиқча сарф-харажат қилмаслиги, одамларга ноқулайлик туғдирмаслиги учун зарур бўлган институт сифатида «табиий монополия» тушунчаси жамият онгига сингдирилган.

Шу тариқа табиий монополия концепцияси технологик хусусиятлар ва катта харажатларни сабаб қилган ҳолда монопол тармоқларни давлат томонидан ҳимояланадиган субъектларга айлантириб берган.

XX аср турли инқилобий технологик ютуқларга бой бўлди. Қўл меҳнатининг камайиб, автоматлаштиришнинг ортиши, конвейер усулининг пайдо бўлиши, улкан ҳажмларда ишлаб чиқаришнинг ортиши, темирйўллар, электр таъминоти қамровининг кенгайиши бизнеснинг мавқейини оширди. Аста-секинлик билан табиий монополияларнинг «табиийлигига» шубҳа пайдо бўла бошлади. Сабаби, бозордаги бошқа субъектларда ҳам манфаатли
бўлган тармоқларда фаолият юритиш истаги туғилди. Чунки технологик имкониятлар харажатларни қисқартиргани ҳолда, рақобатли шароитларни яратишга имкон берди.

Бизнингча эса, гарчанд иқтисодий фикция эканини эътироф этсак-да, бу институт ҳозирча мамлакат иқтисодиётида яшаб туриши керак. Балки босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида қачондир барҳам топиши мумкин. Ҳозир эса унинг мавжуд бўлиш чегараларини қатъий қайта кўриб чиқиш лозим. Чунки қонунчилигимизда назарда тутилган технологик хусусиятлар ва иқтисоий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаслик мезонлари бугунги кунда енгиб ўтиш ёки чегараланиш имконига эга. Айниқса, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслик мезони ниҳоятда баҳсли.

Биринчидан, қанча кўп ишлаб чиқарилса маҳсулот нархининг шунча паст бўлиши етарлича баҳсли ҳолат. Фақат бир субъект кўп маҳсулот чиқарса, маҳсулот албатта, ҳамёнбоп бўлади деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки замонавий технологиялар кам харажат қилиб, кўп миқдордаги маҳсулотни ишлаб чиқариш имконини беради.

Иккинчидан, рақобатнинг пайдо бўлиши туфайли рақобатчи субъектлар истеъмолчини ўзларига жалб этиш учун нарх тушириш сиёсатини олиб борадилар ҳамда сифатни ҳам оширишга интиладилар. Бизнингча, табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчиликдан «иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас» мезонини олиб ташлаш пайти келди.

Технологик хусусияларга кўра сақланиб қолаётган табиий монополия субъектлари тармоқларини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Бу ҳолат табиий монополия тармоқларига инвесторларнинг фаол кириб келишига, тармоқни ривожлантириш орқали фойда олишни истайдиган тадбиркорларнинг рақобатлашуви оқибатида нархларнинг арзонлашуви ва сифатнинг ошишига олиб келади.

«Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан, ҳозирги пайтда қуйидаги соҳалар табиий монополия ҳисобланади:
– нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қувур орқали транспортировка қилиш;
– электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда транспортировка қилиш;
– темир йўллар инфратузилмасидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда темир йўлларда ташиш;
– умумий эркин фойдаланиладиган почта алоқаси хизматлари;
– сув қувурлари ва канализация хизмати;
– аэронавигациялар, портлар ва аэропортлар хизматлари.

Жамият муттасил ривожланиб борар экан, ундаги институтлар ҳам такомиллашиб боради. Ҳозирги пайтда технологик ютуқлар табиий монополия ўрнатилган соҳаларда рақобатчиларни вужудга келтиришга имкон беради, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деган тушунча ўзи эса ниҳоятда мавҳум.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Биринчидан, табиий монополияларнинг мутлақо табиийлик хусусияти йўқ. Бу иқтисодчилар монопол ҳаракатларни ниқоблаш учун ўйлаб топган институт. Унинг мавжуд бўлиши учун ҳеч қандай жиддий асос йўқ. Босқичма-босқич равишда табиий монополия соҳаларини камайтириб, чегаралаш замон талаби.

Иккинчидан, айни пайтда табиий монополия тармоқлари ҳисобланган кўплаб соҳаларни демонополизация қилиш имконияти мавжуд ва бунга катта эҳтиёж бор. Мисол учун, нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қувур орқали транспортировка қилиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда транспортировка қилиш, темир йўллар инфратузилмасидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда темир йўлларда ташиш, аэронавигациялар, портлар ва аэропортлар хизматлари қисман демонополизация қилиниши мумкин. Бунда техноген хусусиятлар ҳамда давлат ва жамоат хавфсизлигига доир талабларнинг бажарилишини назорат қилиш зарур бўлган қисмларда табиий монополия сақлаб қолиниши, қолган қисмлар эса либерализация қилиниши лозим.

Умумий эркин фойдаланиладиган почта алоқаси хизматлари бозорда ўз рақобатчиларига эга. Бу тармоқни табиий монополия субъектлари рўйхатидан чиқариш мумкин.

Сув қувурлари ва канализация хизматига келсак, бу тармоқ мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳам тўлиқ ва самарали ишламаяпти. Узоқ ҳудудларнинг сув билан таъминланмагани ва канализация тизимларининг мавжуд эмаслиги ҳам барчага аён. Шунинг учун, мазкур тармоқни тўлиқ хусусий секторга топшириш зарур. Бунда давлатнинг назоратчилик функциясининг ўзи етарли.

Учинчидан, табиий монополия субъектлари янги инновацион ишланмалар учун ниҳоятда ёпиқ ва янгиликларга мослашиши қийин. Бу борада хусусий сектор анча илгарилаб кетган. Назаримизда, айрим тармоқларни аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда сифатли, ҳамёнбоп товарлар ва хизматлар тақдим этувчи тадбиркорлик субъектларига бериш вақти келди.

Азиза ИБРАГИМОВА,
ТДЮУ Бизнес ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси