САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин.

Таълим кредитининг янги тартиби ҳақида маълумотлар

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (№527, 18.08.2021 й.)

Кредит миқдори: талаба ва ОТМ ўртасида тузилган тўлов-контракт шартномаси миқдорида

Муддати: ўқиш муддати (3, 4 ёки 5 йиллик муддат) тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатга

Фоизи: Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида (ҳозир 14%).

Асосий ставка ўзгарса: агар Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайса, унда кредит фоизи ҳам пасаяди. Агар асосий ставка кўтарилса, унда кредит фоизи ўзгармайди (яъни кўтарилмайди).

Кимларга берилади: таълим кредити

✅ кундузги таълим шаклига
✅ бакалавр ёки магистрга
✅ тўлов-контракт асосида ўқишга кирган
✅ ёки ўқишини кўчирган талабаларга берилади.

❌ супер-контракт учун ёки махсус сиртқи, кечки ва сиртқи таълим шакллари учун таълим кредити берилмайди.

Қайси ОТМлар учун: таълим кредити Ўзбекистондаги

✅ давлат
✅ нодавлат
✅ хорижий ОТМлар ёки уларнинг филиаллари
✅ қўшма дастурда ўқийдиган талабаларга берилади.

Хорижда жойлашган ОТМларда ўқиш учун таълим кредити берилмайди.

Кафиллик: кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.

Фуқаролик: таълим кредити фақат Ўзбекистон фуқаролари учун берилади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга банкларнинг ўзлари тижорий шартларда таълим кредити бериши мумкин.

Керакли ҳужжатлар: банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ариза;
б) талаба ва ОТМ ўртасидаги шартнома (контракт);
в) кредит қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
г) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (агар бўлса);
д) банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.

Ариза кўриб чиқилиш вақти: ариза 5 иш кунида кўриб чиқилиши ва кредит шартномаси имзоланиши керак. Агар рад этилса бу ҳақда талабага сабаби кўрсатилган жавоб хати берилади.

Муддатдан олдин қайтариш: кредит олувчи таълим кредитини шартномада белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақли.