Бугун бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида биринчи марта лавозимга тайинланган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Судьялар ва ота-оналар иштирок этган тадбирда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Р. Маҳмудова ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳаси фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 5 ноябрдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 5 нафар судья қасамёди эшитилди.
Тадбирга ташриф буюрган ота-оналар янги судьяларга энг яхши тилакларни билдирди.
Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» топширилди.