Суднинг жиноят ишини кўришида прокурор иштироки прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Прокурор биринчи инстанция суди муҳокамасигача бўлган босқичда:

  • жиноят ишини суддан чақириб олиш;
  • ишда иштирок этиш учун жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш;
  • жиноят иши бўйича дастлабки эшитув босқичида иштирок этиш ваколатларига эга.

Прокурор жиноят ишини суддан чақириб олиш ваколатига эга. Хусусан, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддаси 2-қисми билан айблов хулосасини, айблов далолатномасини, ярашув ёки амнистия ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурор ёки юқори турувчи прокурор жиноят иши судда кўриш учун тайинлангунига қадар ишни суддан чақириб олиш ҳуқуқига эга1.

Судлар томонидан юритилган ҳисоботларга кўра, 2015 йилда 481 нафар шахсга нисбатан 325 та, 2016 йилда 562 нафар шахсга нисбатан 361 та, 2017 йилда 627 нафар шахсга нисбатан 433 та, 2018 йилда 132 нафар шахсга нисбатан 95 та жиноят иши прокурорлар томонидан чақириб олинган2.

Бу рақамлар прокурорлар ваколатидан фойдаланаётганини кўрсатади. Бироқ улар қандай ва қайси асосларга кўра мазкур ваколатдан фойдаланмоқда?

Қонунда белгиланган қоидани амалга ошириш асослари ва механизми процессуал қонун билан тартибга солиниши лозим бўлса-да, бироқ ЖПКда прокурор ёки юқори турувчи прокурор жиноят иши судда кўриш учун тайинлангунига қадар ишни чақириб олиш ҳақидаги норма, уни амалга ошириш механизми ҳанузгача белгиланмаган.

Бу каби норма Германия ва Қозоғистон давлатлари ЖПКларида3 мавжуд.

Прокурор-терговчилар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда 84 фоизи ушбу қоидани киритиш лозимлигини, 14 фоизи қарши эканлигини, 2 фоизи бетараф эканлигини маълум қилган4.

Қайд этилган қоидани ЖПКга киритиш, унинг асослари ва амалга ошириш механизмини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.

ЖПКда туман (шаҳар) ҳудудида биринчи инстанция судларида прокурор ваколатини таъминлашда айнан қайси прокуратура ходими иштирок этиши хусусида норма мавжуд эмас. Ушбу масала эса фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг соҳавий буйруғи (кейинги ўринда соҳавий буйруқ деб юритилади) билан тартибга солинган.

Унга кўра, жиноят ишлари бўйича (туман, шаҳар) судларнинг бошқа ҳудуддаги ишларнинг кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаши қоида тариқасида иш кўрилаётган туман (шаҳар) прокурори томонидан амалга оширилади.

Транспорт ва ихтисослаштирилган прокуратуралар ҳамда ҳарбий прокуратуралар судга юборган жиноят ишлари ва материалларининг туман (шаҳар) судларида кўрилишида прокурор иштирокини транспорт ва ихтисослаштирилган ҳамда ҳарбий прокуратуралар ходимлари таъминлаши кўрсатилган5.

Биринчи инстанцияда жиноят ишларини нафақат туман (шаҳар) суди, балки вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам ЖПК асосида кўради.

ЖПКнинг 49716, 5096-моддаларида эса жиноят ишининг апелляция ва кассация тартибида кўрилишида тегишли прокурорлар томонидан ваколат берилган прокурорлар иштирок этиши мустаҳкамланган.

ЖПКга жиноят ишининг биринчи инстанция суди томонидан кўрилишида субъект сифати айнан қайси прокурорнинг иштироки таъминланиши хусусида норма киритилишини таклиф этамиз.

Прокурор ишда иштирок этиш учун жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш ваколатига эга. Жиноят ишлари бўйича прокурор ваколатининг сифатли таъминланишига, биринчи навбатда, прокурорнинг суд мажлисида иштирок этиш учун тайёргарлик кўриши катта аҳамиятга эга. Тайёргарлик кўриш эса жиноят иши ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосланган ҳолда ўрганишда намоён бўлади.

Тадқиқотчилар прокурорнинг суд мажлисига тайёргарлик кўриш босқичини алоҳида ўрганган.

Масалан, профессор Бахтиёр Пўлатовнинг таъкидлашича, прокурор айнан суд муҳокамасида қатнашишга тайёргарлик кўриш босқичида иш учун аҳамиятли ахборотларни олиши, уларнинг маъносини тушуниб етиши ва таҳлил қилиши ҳамда шу ҳаракатлар асосида суддаги ўз иштирокининг стратегияси ва тактикасини (йўналиш ва услубиятини) ишлаб чиқиши лозим6 . Жиноят иши ҳужжатларидан яхши хабардор бўлган ва суд муҳокамасига пухта тайёргарлик кўрган прокуроргина суд процессида юзага келадиган барча муаммоларни ҳал эта олади7.

E. Павлованинг қайд этишича, суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш – судда давлат айбловини таъминлаш методологиясининг асосий элементларидан биридир. Прокурор – давлат айбловчисининг процессуал фаолиятининг ушбу босқичи аҳамиятини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Суд жараёни бошлангунга қадар прокурор жиноят иши ҳужжатларини тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиши ҳамда таҳлил қилиши қонуний, асосли ва адолатли суд қарори қабул қилишига кўмаклашади8.

Ҳуқуқшунос О. Мадалиев эса иш материалларини яхши ўрганмаслик давлат айбловини қувватлаш сифатини пасайтириб юборади, бу эса ўз ўрнида суд процесси якунига салбий таъсир кўрсатади деб таъкидлайди9.

Н. Буланованинг фикрича, жиноят иши бўйича давлат айбловини қувватлаш ваколати топширилган прокурор суд муҳокамасига тайёргарлик кўришга мажбур10.

Л. Курочкинага кўра, «давлат айбловчиси судда давлат айбловини қўллаб-қувватлаш ҳақида топшириқ олган пайтдан бошлаб суд мажлисига тайёргарлик бошлаши, бунинг учун мавжуд далиллар йиғиндисини холисона баҳолаши, ўз тактик ҳаракатларини ишлаб чиқиши, зарур ҳолларда тайёргарлик кўриш ва ўз позициясини асослаш учун суддан вақт беришни сўраши лозим»11.

Жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш прокурорнинг исботлаш жараёнида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда фаол иштирок этишига хизмат қилади.

Шу қоида соҳавий буйруқнинг 6-бандида мустаҳкамланган бўлиб, прокурорлар суд мажлиси бошлангунга қадар пухта тайёргарлик кўриб, терговга қадар текшириш, суриштирув ва дастлабки терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилганини ўрганишлари лозим12.

Худди шундай талаблар Россия Федерацияси бош прокурорининг 2012 йил 25 декабрдаги 465-буйруғи 4-бандида ҳам қайд этилган бўлиб, прокуратура раҳбарлари давлат айбловчиларини, уларга суд муҳокамасига тайёрланиш учун реал вақт тақдим этган ҳолда тайинлашлари лозимлиги, судда иштирок этиш ҳақидаги топшириқларни ёзма шаклда бериш кераклиги қайд этилган13.

И. Кожевников жиноят иши ҳужжатларини яхши билмаган прокурор ниҳоятда иқтидорли бўлганида ҳам, ўзининг нутқи билан суд ҳукмида акс этиши лозим бўлган саволларга жавоб бера олмайди14 деган.

Прокурор суд мажлисида иштирок этишга тайёргарлик кўриш учун жиноят содир этган шахснинг айби терговда тўпланган, текширилган ва баҳоланган далиллар билан тасдиқланганини таҳлил қилиши, суд мажлисининг турли босқичларида қандай тактиканинг самарали бўлишини ҳал қилиши керак. Жиноят иши бўйича судда қандай вазият юз бериши мумкинлигини олдиндан билиши жуда муҳимдир.

Жиноят иши ҳужжатларини ўрганмаслик прокурорнинг пассив фаолият юритишига сабаб бўлади ҳамда у суд натижаларига таъсир ўтказа олмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 402-моддасида судья жиноят иши судда муҳокама қилиш учун тайинлангандан сўнг прокурорга суриштирув ёки дастлабки тергов даврида иш материаллари билан таништирилмаган бўлса, ишдаги барча материаллар билан танишиб чиқиши ва ўзи учун зарур бўлган маълумотларни кўчириб олишига имконият яратиши шартлиги белгиланган.

ЖПКнинг 412-моддасига биноан ишга янги киришган прокурорга суд муҳокамасида иштирок этишга тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилиши лозим.

Қонун талабларидан келиб чиқиб, иш ҳужжатлари билан таништириш суднинг мажбурияти, бу имкониятдан фойдаланиш прокурорнинг ҳуқуқи ҳисобланади.

Бу борада олиб борилган таҳлилларга кўра, барча прокурорлар ҳам ушбу ёндашувнинг аҳамиятини тушунмайди. Жумладан, 100 та суд жараёнида давлат айбловини қувватловчи прокурорлардан 39 фоизигина жиноят ишини суд бошлангунга қадар сифатли ўрганиб чиққан15.

Жиноят иши билан танишиш прокурор ваколатини таъминлаш сифатини оширишга хизмат қилишини инобатга олиб, амалдаги ЖПКда прокурорга бундай танишишнинг шартлиги тўғрисидаги мажбурият юкловчи қоидани киритиш мақсадга мувофиқ.

Фикримизча, биринчи инстанция судларида прокурор ваколатини таъминлашнинг самарадорлигини ошириш учун у аввало жиноят иши материаллари билан тўлиқ, пухта танишиш ҳамда шу орқали ўзида қуйидаги кўникмаларни шакллантириш керак:

  • ўзининг қатъий позициясига ва аниқ режасига эга бўлиш, кучли тактикани қўллаган ҳолда суд жараёнида фаол иштирок этиш;
  • ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб
    чиқиб, қонун ва ҳуқуқий онгга таяниб, ўзининг ички ишончи бўйича далилларга баҳо бериш;
  • жиноят иши иштирокчиларининг дастлабки кўрсатмалари мазмун-моҳиятини чуқур
    ўрганиш ва уларни суд тергов жараёнида солиштириш;
  • жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосларини кўриб чиқиш ва уларни мазмунан ҳал этишда асослантирилган фикрини бериш;
  • дастлабки тергов органи йўл қўйган ҳар қандай қонунбузилишни аниқлаш ва уларни суд жараёнида бартараф қилиш чораларини кўриш;
  • тарафларнинг эътиборини иш бўйича мавжуд далилларнинг синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилишига қаратиш йўли билан суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинишига кўмаклашиш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги қонунига асосан Жиноят-процессуал кодексига 491-боб, яъни «Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув» институти киритилди16.

ЖПКнинг 4053-моддаси 2-қисмидаги яъни, жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш, жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш, ЖПКда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш, номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш асослари мавжуд бўлган тақдирда, суд тарафларнинг илтимосига билан ёки ўз ташаббуси билан жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ўтказади.

Профессор Б. Пўлатов жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ёки бошқача қарор қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда прокурор ва ҳимоячи ўз ихтиёрига кўра иштирок этиши мумкинлиги ҳақида таклиф бериб, суд фаолиятининг ушбу босқичида ишни юритишни тугатиш ёки тўхтатиш мумкин экан, унда прокурорнинг иштирок этиши ортиқчалик қилмайди деган17.

Шу билан бирга, С. Раҳмонова ўз фикрида, суд муҳокамасини ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаганда ва ишни тўхтатиш, тугатиш, олдинги босқичга қайтариш зарурати туғилганда, суд ёки тарафларнинг ташаббуси билан дастлабки суд эшитуви институтини ЖПКга жорий этиш лозимлигини таъкидлаган18.

Олимларни қувватлаган ҳолда, дастлабки суд эшитуви институтининг ЖПКга жорий этилиши ва унда тарафлар иштирокини таъминлашни маъқуллаймиз.

Жумладан, Россия Федерацияси19, Қирғиз Республикаси20, Беларусь21 ва бошқа бир қатор (Буюк Британия, АҚШ, Франция, Испания, Италия, Германия22) давлатларнинг Жиноят-процессуал кодексига кўра ишни тегишлилиги бўйича бошқа судга юбориш, тугатиш, тўхтатиш ва прокурорга юбориш ҳамда бошқа бир қатор ваколатлари дастлабки суд эшитув босқичида процесс қатнашчилари иштирокида амалга оширилади. Ушбу босқич тарафлар жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб бўлгандан сўнг уларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ташаббуси билан ўтказилади.

XX асрнинг 80-йиллари охири – 90-йиллари бошида бир қатор қитъаларнинг жиноий-процессуал тизимларида баъзи ўзгаришлар бўлди. Мисол учун Италия, Финляндия, Россия судлари биринчи инстанциясида тайёрлов босқичи пайдо бўлди, бунга – дастлабки эшитув, яъни «arraignment – судга жалб қилиш» инглиз судининг процедураси намуна бўлиб хизмат қилди.

ЖПКга янги киритилган дастлабки эшитув босқичида прокурор ваколатларини қуйидагиларда кўриш мумкин:

  • қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, дастлабки эшитувни ўтказиш тўғрисида илтимоснома бериш;
  • дастлабки эшитувни кўришда иштирок этиш ваколати:
  • илтимоснома ва раддиялар келтириш ҳамда асослаш (мисол учун жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш, далилларни номақбул деб топиш, жиноят ишини прокурорга қайтариш тўғрисида илтимоснома ва ҳ.;
  • дастлабки эшитувда ҳал қилинадиган барча масалаларда фикр билдириш, шу жумладан, ҳимоячининг ЖПК талаблари бузилган ҳолда олинган далилларни номақбул деб топиш тўғрисидаги талаблари юзасидан ўз мулоҳазасини айтиш мажбурияти;
  • ЖПКнинг 40512-моддасида назарда тутилган, жиноят ишини айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш учун асослар мавжуд бўлганда ишни юбориш тўғрисида илтимоснома киритиш;
  • қабул қилинган суд ажрими устидан протест келтириш ваколати.

Н. Кулик ушбу босқичда прокурор дастлабки терговнинг айблов позицияси тўғрилигини яна бир бор текшириш имкониятига эга бўлади, жиноят процесси иштирокчиларининг, шу жумладан, суднинг танқидий фикрлари, унга «бошқа томондан» қарашга имкон беради деб ҳисоблайди.

Натижада дастлабки эшитувда иштирок этган прокурор аввал танланган позициянинг тўғрилигини тасдиқлайди. Ёки уни дастлабки суд эшитувида аниқланган ҳолатлар, айбловни енгилроқ моддага квалификация қилиш ёхуд тўлиқ ёки қисман воз кечиш орқали тузатади23.

Миллий қонунчиликка ушбу дастлабки эшитув босқичининг татбиқ қилиниши ва унда процесс қатнашчилари иштирокининг таъминланиши, ишни судда кўриш учун тайинлашда белгиланган айрим ваколатларнинг мазкур босқичда ҳал этилиши ЖПКнинг ҳақиқатни аниқлаш, холислик тамойиллари талабларига мос келади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, биринчи инстанция судларидаги жиноят ишларини юритишда суд муҳокамасигача бўлган босқич прокурор учун муҳим аҳамиятга эга, прокурор мазкур босқичдан унумли фойдаланиши лозим.

Дилзода ДОВУДОВА,
Бош прокуратура академияси
катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

 

1 Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги қонуни. 29.08.2001 й. 257-II-сон [электрон ресурс], қаралган вақти 22.03.20 й. http://www.lex.uz/acts.

2 Олий суд йиллик ҳисоботи 2015–2018-йиллар.

3 Вернер Бойльке. Германия Федератив Республикасининг жиноят-процессуал ҳуқуқи: Дарслик. 12-нашр, қўшимча ва ўзгартиришлар билан. – Тошкент: Тошкент давлат юридик университети нашриёти, 2017. – 309-б.

4 Жиноят ишлари бўйича судларда прокурор ваколатини таъминловчи ходимлар ўртасида онлайн ўтказилган сўров натижалари 29.07.2020 йил.

5 Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг «Жиноят ишлари бўйича судларда ишлар кўрилишида прокурор иштирокининг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида»ги 27.11.2015 й. 126-буйруғи.

6 Б.Х.Пўлатов. Прокурорнинг давлат айбловини қувватлашга тайёргарлик кўришининг аҳамияти ва мазмуни. Давлат айбловчиси учун илмий-услубий қўлланма. –Т. 2003. – 5-б.

7 Б.Х.Пўлатов. Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурорнинг процессуал фаолияти. Ўқув қўлланма. –Т. 2004. – 93-б.

8 Павлова Е. Анализ и оценка прокурором заключений и показаний экспертов при подготовке к участию в рассмотрении уголовного дела судом первой инстанции. Законность. М.: 2020 (1), С 21.

9 О.М. Мадалиев. Жиноят ишлари биринчи инстанция судларида кўрилишида прокурорнинг иштироки. Монография./ -Т.: ТДЮИ, 2005. -41-б.

10 Участие прокурора в рассмотрении уголовных дел судами: монография/ Н.В.Буланова; Академия Генеральной прокуратуры Российской Федерации. – Москва: Проспект, 2018. –С 15.

11 Курочкина Л.А. Прокурор в суде апелляционной инстанции: кто он? // Законность. 2016. № 7.

12 Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг «Жиноят ишлари бўйича судларда ишлар кўрилишида прокурор иштирокининг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида»ги 27.11.2015 й. 126-буйруғи.

13 Борисенко И.В. Актуальные проблемы участия прокурора в рассмотрении уголовных дел судами//Серия «Экономика, право и управление». 4/2016. –С 173.

14 Кожевников И.Н. Прокурор ваколатлари// Россия юстицияси, 2012. -№12. – 12-б.

15 Жиноят ишлари бўйича судларда прокурор ваколатини таъминловчи ходимлар ўртасида онлайн ўтказилган сўров натижалари 29.07.2020 йил.

16 Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 675-қонуни. Lex.uz [электрон кутубхона]. Қаралган вақти 01.03.2021 й.

17 Б.Х.Пўлатов. Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурорнинг процессуал фаолияти. Ўқув қўлланма. –Т. 2004. – 93-б.

18 С.М.Рахмонова. Предварительное слушание дела как форма назначения дела к судебному разбирательству/ Диссертация на соискание ученой степени доктора юридических наук. –Т. 2018. –159-б.

19 «Уголовно-процессуальный кодекс Российской Федерации» от 18.12.2001 N 174-ФЗ (ред. от 02.08.2019) (с изм. и доп., вступ. в силу с 01.09.2019) http://www.consultant.ru/document/cons_doc_LAW_34481.

20 «Уголовно-процессуальный кодекс Кыргызской Республики» от 2.02.2017 года №20. http://base.spinform.ru.

21 «Уголовно-процессуалный кодекс Республики Беларусь» 16.07.1999 г. №295-З. http://etalonline.by/document.

22 С.М.Рахмонова. Предварительное слушание дела как форма назначения дела к судебному разбирательству/ Диссертация на соискание ученой степени доктора юридических наук. –Т. 2018. – 238-б.

23 Кулик Н.В. Участие прокурора в доказывании на предварительном слушании: учеб. Пособие. СПб.: С.-Петерб. Юрик. Ин-т(филиал) Акад. Ген. Прокуратуры Рос. Федерации, 2008. –С 11.