0,00 UZS

No products in the cart.

15.4 C
London
Juma, Iyun 25, 2021

Суд-иқтисодий экспертизаси қай тартибда, кимлар томонидан ўтказилади?

- Advertisement -
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида криминалистик экспертизалар билан бир қаторда суд-иқтисодий экспертизалари ҳам ўтказилади.

Ҳозир ўта мураккаб жиноятларни очиш, тергов ва судда уларни инкор этиб бўлмайдиган илмий асосланган далиллар билан таъминлашда замонавий технологияларга асосланган суд-иқтисодий экспертизасининг ўрни тобора ортиб бормоқда.

Суд-иқтисодий экспертизаси – терговчи ёки суд томонидан қўйилган саволларга аниқлик киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларни иқтисод соҳасида махсус билимга эга шахс тадқиқ қилиши билан боғлиқ фаолият бўлиб, у ёзма хулоса бериш билан якунланади.

Бухгалтерия ҳисоби, солиқ, пул-кредит муомалалари ва молия соҳасида махсус билимлар эксперт-иқтисодчининг илмий ваколат доирасини белгилайди. Бундай билимлар қўлланилишига эҳтиёж туғилганда суд-тергов идоралари суд-иқтисодий экспертизаси тайинлаши мумкин.

Иқтисодиёт йўналишидаги қонунбузарликлар одатда турли хўжалик операцияларини қўллаш орқали амалга оширилади. Уларнинг экспертлик тадқиқоти кенг кўламдаги иқтисодий билимлар мажмуасини талаб қилади. Қайсидир хўжалик операцияси ёки иқтисодий кўрсаткичларни тадқиқ этиш лозим бўлганда, кўпинча терговчи ёки суд томонидан берилган барча саволларга аниқлик киритиш эксперт-иқтисодчи зиммасига юкланади. Бироқ эксперт-иқтисодчи универсал мутахассис бўлмагани боис турли иқтисодий билимлар мажмуасини талаб қилувчи саволларга жавоб бера олмайди.

Суд-иқтисодий экспертизасини тайинлашда тафтиш, аудиторлик текшируви ва иқтисодий экспертизаларни фарқлаш муҳим ҳисобланади. Бунда нафақат тафтишчи ва экспертнинг мажбуриятлари доирасидаги, балки махсус билимларни қўллашдан мақсад уларни амалга ошириш усуллари ва тадқиқот предметининг ўзига хос хусусиятларидан ҳам келиб чиқиши керак.

Шунингдек, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қай ҳолларда аудиторлик текшируви ёки тафтиш ўтказишни талаб қилиши, қандай вазиятда иқтисодий экспертиза ёки бошқа турдаги экспертизаларни тайинлаш борасида бирмунча қийинчиликларга дуч келишади. Буни ҳал қилишда тафтиш ва суд экспертизасининг хусусиятлари, шунингдек, ушбу тушунчалар моҳияти ва ҳуқуқий табиатидан келиб чиқувчи фарқларни инобатга олиш лозим бўлади.

Жиноят-процессуал кодексининг 1871-моддаси талабларига кўра, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни текширилаётган субъектларнинг бухгалтерия, молия,статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таққослаш йўли билан олиш мумкин бўлган ҳолларда юридик шахсларни тафтиш қилиш тайинланади.

Ушбу кодексинг 172-моддасида эса иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни фан, техника, санъат ёки касб соҳаси бўйича билими бўлган шахс ўтказадиган махсус текшириш орқали олиш мумкин бўлганда экспертиза тайинланади. Тафтиш ўтказишни талаб этадиган саволларни эксперт ҳал этиши жиноий-процессуал қонунчиликда назарда тутилган бир ҳаракатни (221-боб. Тафтиш) бошқаси (22-боб. Экспертиза) билан алмаштиришга олиб келади. Тафтиш ҳаракатларини ўтказиш экспертнинг ваколат доирасига кирмайди.

Тергов, суд ва экспертлик амалиёти таомили шуни кўрсатадики, суд-иқтисодий экспертизаси тайинлашнинг энг муҳим асосларидан бири – терговчининг жиноят иши кўзғатилишига асос бўлган, солиқ текшируви хулосасининг тўғрилиги борасидаги ўринли шубҳасидир. Бироқ таъкидлаш жоизки, шубҳа солиқ текшируви далолатномасида ифодаланган айрим хулосаларга тегишли бўлиб, жиноят иши материалларини тўлдириш мақсадида янгидан тафтиш (назорат) текшируви тайинлашни талаб қилмаслиги керак.

Тафтишчининг вазифасини экспертга юклаш процессуал хатолик бўлиб, бу икки махсус иқтисодий билимларни қўллаш шаклларининг бир қатор белгилари ўхшашлигидан келиб чиқади. Булар:

давлат солиқ хизмати органи мутахассиси ҳам, иқтисодчи эксперт ҳам бир соҳадаги иқтисодиётга оид махсус билимларга эга;

ўз хулосаларини дастлабки ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия регистрлари, бухгалтерия, молия, статистика ҳисоботлари, банк ва бошқа ҳужжатлар тадқиқоти билан асослайди;

бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилган хўжалик операцияларини тадқиқ этади;
бухгалтерия ҳужжатларини тадқиқ қилишнинг ўхшаш усулларини қўллайди.

Шундай хатоликка йўл қўймаслик мақсадида тафтиш (қонун ҳужжатларига амал қилинишини ҳужжатли текшириш) ва суд-иқтисодий экспертизаси ўртасидаги муҳим тафовутларни эсда тутиш лозим. Улар икки гуруҳга бўлинади.

1. Процессуал тафовутлар.

1.1. Суд-иқтисодчи эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, корхона, муассаса ва ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс қатнашиши мумкин. Тафтиш ўтказиш учун тайинланадиган шахслар сифатида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, давлат солиқ хизмати, Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органларининг мутахассислари иштирок этади.

1.2. Жиноят-процессуал кодексининг 68-моддасида эксперт била туриб нотўғри хулоса бергани, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилгани, шунингдек, узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этгани ёки бу ишдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгар бўлиши белгиланган.

Тафтиш ўтказиш учун тайинланадиган шахслар учун бундай жавобгарлик алоҳида белгиланмаган.

1.3. Жиноят-процессуал кодексининг 185-моддасига мувофиқ, агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш имкони бўлмаслиги, унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлиги, хулоса бериш учун етарли эмаслиги ва уларни тўлдириб бўлмаслиги ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузиши белгиланган.

Текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари, ахбороти ва материаллари йўқотилган, йўқ қилинган ёки мавжуд бўлмаган такдирда, тафтиш ўтказувчи шахс тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган масалаларни ўрганишни солиқ, валютага оид, бухгалтерия тўғрисидаги ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказади.

1.4. Тафтиш ўтказувчи шахслар ўз ваколати доирасида:

текширилаётган субъект ҳудуди ва биноларини текшириш, унинг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш;

тафтиш ўтказиш учун зарур ҳужжатлар, ахборот ва материалларни талаб қилиб олиш;

текширилаётган субъектнинг раҳбарлик вазифалари ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахслар, моддий жавобгар ҳамда бошқа ходимлардан тушунтириш олиш ва бошқаларга ҳақли.

Таъкидлаш жоизки, «Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонун талабларига биноан эксперт-иқтисодчи корхонага текширувга бориши, суд-тергов органларини огоҳлантирмасдан экспертиза ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича жараён иштирокчилари билан шахсий алоқада бўлиши ва мустақил равишда иқтисодий экспертиза ўтказиш орқали материаллар тўплашга ҳақли эмас.

1.5. Тафтиш ўтказиш чоғида тафтишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилмаган масала ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа даврини ўрганиш тафтишчига тақиқланса, эксперт ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиши экспертнинг ҳуқуқи сифатида эътироф этилган.

1.6. Экспертни сўроқ қилиш тартиби Жиноят-процессуал кодексининг 186-моддасида белгиланган бўлиб, бу уни алоҳида процесс иштирокчиси сифатида эътироф этади. Тафтиш ўтказган шахсни сўроқ қилиш процессуал қонунчиликда алоҳида белгиланмаган бўлиб, у гувоҳ тариқасида сўроқ қилинади.

Шундай қилиб, тафтиш ўтказувчи шахсга (шу жумладан, қўшимча текширувлар ўтказиш даврида) эксперт-иқтисодчининг вазифаларини юклаш текширувни ўз процессуал шаклини йўқотган экспертизага айлантиради. Шунингдек, эксперт томонидан тафтиш табиатидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши унинг хулосасига асосли шубҳа туғилишига сабаб бўлади.

2. Услубий тафовутлар.

2.1. Моҳиятига кўра, тафтиш хўжалик фаолиятининг муайян даврини (одатда ҳисобот даврини) текширишни ифодалайди. Текширув тегишли ташкилотда мавжуд бўлган ҳужжатлар асосида ўтказилади. Эксперт корхонанинг барча хўжалик фаолияти бўйича текширишни амалга оширмайди, балки иш ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳужжатларни тадқиқ қилади.

2.2.Тадқиқот предмети ва текширишга кўра. Ҳужжатли текширув давомида қонун ҳужжатларининг бузилиши мавжудлигини аниқлаш мақсадида корхонанинг муайян даврдаги бутун моливий-хўжалик фаолияти қамраб олинади. Суд-иқтисодий экспертизаси ҳисоб ҳужжатлари асосида молиявий хўжалик фаолиятининг фақат ишнинг тўғри ҳал қилинишида аҳамиятли бўлган ҳолатларини аниқлайди. Бунда аниқ ҳолатлар тергов ва суд томонидан эксперт ечимига савол қўйилишида белгиланади.

2.3.Тадқиқот объектига кўра. Текширув даврида тафтиш ўтказиш учун тайинланган шахс ўзига керакли бўлган ҳужжатларни йиғади, зарур ҳолларда айрим ҳужжатларни талаб қилиб олади. Иқтисодчи – суд эксперти ўз хулосаларида жиноят ишида йиғилган ҳужжатларга асосланади. У суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда ҳужжатларни тўплашга ҳақли эмас. Керакли ҳолларда унинг илтимосномасига мувофиқ ҳужжатларни экспертизани тайинлаган суд-тергов органлари талаб қилиб олади ва йўлланма хат билан экспертга йўллайди.

2.4. Тайинланиш мақсади ва вазифасига кўра. Тафтишчининг асосий вазифаси жиноят хусусиятига эга ҳолатларни текшириш ва аниқлаш. Экспертнинг вазифаси – қўйилган саволларга ҳар томонлама, тўлиқ хулоса бериш. Эксперт-иқтисодчининг мақсади тергов ва суд жараёнида кўрилаётган иш бўйича асослантирилган хулоса бериш бўлса, тафтишчининг мақсади суиистеъмол қилиш, қоидабузарлик ҳолатлари мавжудлигини текшириш, агар мавжуд бўлса, уларни тўлиқ аниқлашдан иборат.

2.5. Тадқиқот усулларига кўра. Тафтишчи терговчи ёки суд томонидан қўйилган вазифани ҳал этиш учун улар билан келишилган ҳолда текширув усулларини қўллайди (инвентаризация, кўздан кечириш ва ҳ.). Эксперт келишилган ҳолда ҳам бундай усулларни қўллаш ваколатига эга эмас.

2.6. Натижаларни расмийлаштириш бўйича. Тафтиш ўтказувчи шахслар ўтказилган тафтиш натижаларига кўра далолатнома тузса, эксперт-иқтисодчи эксперт текширувларини ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Ҳужжатли текширув далолатномаси эксперт-иқтисодчининг тадқиқот объектларидан бири бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу суд-тергов идораларида текширув давомида қўлланилган ҳисоб услубининг асослилигини аниқлаш, солиқ объектларининг қиймати асосланганига шубҳа туғилганда юз беради. Бундай ҳолатда эксперт-иқтисодчи тафтиш ишларини давом эттирмайди, балки фақат тафтишда қўлланилган текширув услубининг асосланганини тадқиқ қилади.

Яна бир қатор услубий тафовутлар мавжуд (текширув ва экспертизани ўтказиш субъектлари, тадқиқот натижаларини расмийлаштириш ва ҳоказолар бўйича). Лекин асосий тафовутларга бўлган ҳаволалар ҳам ҳужжатли текширув ва суд-иқтисодий экспертизаси бир-бирининг ўрнини босмаслигини кўрсатмоқда.

Тафтиш суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан илк бор расмий равишда назорат чораларини амалга ошириш йўли билан жиноят ишида далил сифатида хизмат килувчи ҳужжатлар ва бошқа ҳисоб материалларини олиш керак бўлганда тайинланади.

Суд-иқтисодий экспертизаси тафтиш жараёнида аниқланган ҳужжатли далилларни тадқиқ қилиш керак бўлганда тайинланади. Уни тайинлашдан мақсад
иш ҳужжатларида мавжуд бўлган қарама-қаршиликларни янги далил, яъни эксперт-иқтисодчининг хулосасини олиш йўли билан бартараф этишдир.

Ёдда тутиш керакки, эксперт-иқтисодчининг хулосаси муқаррар далилий кучга эга эмас ва терговчи ёки суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан биргаликда баҳоланади.

Севара ХАЛМУХАМЕДОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси маркази бош эксперти.
Ориф МУРТАЗАЕВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси маркази эксперти.

- Advertisement -

Latest news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...
- Advertisement -

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...

Related news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...
- Advertisement -