Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш – тараққиёт омили

0
113

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб ўтилганидек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ҳамда одил судловга эришиш орқалигина инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ишончли ҳимоясини амалга ошириш, халқнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш суд тизимини ислоҳ  қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши мустаҳкамланиб қўйилган. Ижтимоий қадриятларнинг давлат фойдасини эмас, балки инсон фойдасини кўзлаб ўзгартирилиши жамият томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Таъкидлаш керакки, фақат шундай умумэътироф этилган, жаҳон тажрибасида синовдан ўтган демократик йўл билангина одил судлов лозим даражада амалга оширилиши, Конституцияга ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга сўзсиз риоя этилиши, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботнинг мустаҳкамланишига эришиш мумкин.

Суд ҳокимиятининг ташкил этилиши ва амал қилиши асосларини  белгиловчи қонунларнинг қабул қилиниши ва такомиллаштириб борилиши  жамиятни демократлаштириш  борасидаги жиддий ютуқлари сирасига киради. Улар жумласига Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлари, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари ва қарорларини киритиш мумкин. Суд ҳокимиятининг ягоналиги, судьяларнинг мустақиллиги, суд корпусининг шакллантирилишини белгилайдиган ҳуқуқий қоидалар, шунингдек судлар фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техника масалалари айни шу ҳужжатларда баён қилинган бўлса, процессуал кодексларда эса ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш шароитида одил судловни амалга ошириш тамойиллари, суд ишларини халқаро андозаларга мувофиқ тарзда юритиш қоидалари, яъни суд ишларини юритишда тортишув, айбсизлик презумпцияси, процессда томонлар тенглиги каби тамойиллар ўз аксини топди.

2017-2021 йиллар давомида Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида қилинган ишлар сарҳисоби, шунингдек, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили  улар зиммасига юклатилган  вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун асос бўлди.

Бугунги кунда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи эканлиги тўғрисидаги нуқтаи-назар тўла қарор топди. Ҳуқуқий давлат ғоясининг эълон қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил тармоғи сифатида эътироф этилишидан кейингина қонунларда ўз аксини топган муайян назарий база яратилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари билан бевосита боғлиқ бўлган  суд назорати ғояси, шубҳасиз, маънавий жаҳатларга эга бўлиб, ўз илдизлари билан теран ўтмишга сингиб кетади. Ҳокимият бўлиниши ҳақидаги  таълимот амалда дунёдаги барча демократик ривожланган мамлакатларнинг конституциявий қонунчилигида ва давлат қурилишида мужассам бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятига махсус боб бағишланган бўлиб, унда “суд ҳокимияти” атамаси суд тизимининг ташкил этилиши ва судлар фаолиятининг тамойилларини қамраб оладиган қатор асосий қоидалар орқали очиб берилади.

Фанда суд ҳокимиятининг таърифи бўйича иккита асосий ёндашув мавжуд бўлиб, биринчи концепцияга кўра, “суд ҳокимияти қонунга бўйсундирилган ва суд ишларини юритиш тартибида қонунни қўллашга даъват этилган органлар тизимини ташкил қилади” дейилса, иккинчисида, “суд ҳокимиятини суд ишларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият” сифатида талқин этилади. Муҳими, ҳар иккала концепцияда суд ҳокимиятини ифодаловчи узвий бирликдаги иккита асосий жиҳат ажратиб кўрсатилади.

Шу нуқтаи назардан, “суд ҳокимияти – бу судларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари устуворлиги принципига сўзсиз риоя қилиш асосида жиноий, фуқаролик, иқтисодий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича ваколати”[1] эканлиги билан бирга айни вақтда “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бир тармоғи сифатида инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга доир давлат фаолиятининг ҳам маъноси ва мазмунинин белгилаб беради”[2].

Мазкур таъриф “суд ҳокимияти” атамасига  сингдирилган теран мазмунни ҳозирги даврда ҳам Ўзбекистон Республикаси суд тизими олдида турган ғоят катта аҳамиятга эга вазифа – давлат органларини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбур этиш, ҳуқуқий меъёрларни реал ҳуқуқ ва мажбуриятларга айлантириш, давлатнинг инсон олдидаги ўз вазифаларини бажаришини таъминлаш нуқтаи – назаридан тўлиқ очиб беради. Зеро, суд ҳокимияти алоҳида қонун ҳужжатларида белгиланган, бир неча кўринишларда (конституциявий, фуқаролик, иқтисодий, ҳарбий, жиноий ва маъмурий) қарор топган тартиб – қоидалар асосида фақат махсус таъсис этилган давлат органлари – судлар томонидан амалга оширилади. Уларнинг асосий мақсади – қонуний, асослантирилган ва адолатли ечимга эришилишини  таъминлашдан иборат.

Тараққиёт стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд органларининг нуфузини оширишга қаратилган вазифалар мазмун-моҳиятининг ҳозирги замон андозаларига ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослиги, унда суд ишларини юритиш, айбсизлик презумпцияси, тортишув жараёни, ҳимоя ҳуқуқи сингари муҳим тамойиллар мустаҳкамланганлиги, суд демократизми, объективлиги, ҳар қандай фуқаронинг судга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида суд-ҳуқуқ соҳасини изчил демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича улкан ишлар режалаштирилди. Халқаро нормаларга мос соҳа қонунчилиги шакллантирилиб, мунтазам такомиллаштириб  борилиши кўзда тутилди. Айтиш мумкинки, мазкур йўналишда қабул қилиниши белгиланган барча қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг пировард мақсади, авваламбор, инсон, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликлари у қандай мақомда фаолият кўрсатишидан қатъи назар, бирламчи эканлигига, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва бунда, суд органларининг роли ҳамда масъулиятини оширишга қаратилганлигини кўриш мумкин.

Бугунги кунда бизнинг ҳуқуқий доктринамиз демократик тамойилларга асосланган бўлиб, энг аввало, Ўзбекистон Конституцияси талабларига кўра инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш давлат органлари, мансабдор  шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Конституциянинг ушбу қоидаси умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мос келади. Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида айтилганидек:” “Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонунлари тақдим этган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда бундай ҳуқуқларнинг ваколатли миллий судлар томонидан самарали қайта тикланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир”. Бундан ташқари, халқаро меъёрлар давлатларнинг суд ҳимоясида бўлиш имкониятларини ривожлантириш борасидаги бурчини ҳам кўрсатиб ўтади (“Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пактнинг 2-моддаси).

Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг еттита устувор йўналишлари доирасида Тараққиёт стратегиясига мувофиқ суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга  оширишда жамоатчилик ролини юксалтириш каби мақсадларга эришиш йўлидаги чора-тадбирлар ва вазифалар қатъий белгилаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ва суд ҳимоясида бўлиши муаммосига бўлган диққат-эътибор бутунлай асослидир. Зеро, у ёки бу идоралар ва мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ноқонуний қарори, хатти-ҳаракатлари  ёки ҳаракатсизликлари устидан судларга ҳеч қандай тўсиқсиз мурожаат қилиш имконияти эркинликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Судга шикоят билан мурожаат қилиш, бундай шикоят билан маъмурий тартибда шикоят қилишга нисбатан қатор афзалликларга эга. Чунки судда иш кўриш қатъий қоидалар асосида бўлиши қонун билан тартибга солинган. Бугунги кунда судга бемалол мурожаат қилиш тамойилининг сони ва шуларга етарли бўлган судлар ва судьялар билан таъминланиши; профессионал юристлар кўрсатадиган малакали ёрдамнинг етарли бўлиши; аҳолининг камбағал қатламлари учун ҳам одил судлов бўлишини таъминлаш; судда иш кўришга оид қоидаларнинг соддалаштирилиши ва табақалаштирилиши  каби долзарб вазифалар ижросига алоҳида урғу берилди.

Шуни қайд этиш зарурки, одил судловнинг амалга оширилиши бир қатор умумэътироф этилган демократик тамойиллар: қонунчилик (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15-моддаси 2-қисми); судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши (Конституциянинг 112-моддаси); барчанинг қонун ва суд олдида тенглиги (Конституциянинг 18-моддаси 1-қисми); фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиши (Конституциянинг 44-моддаси); айбсизлик презумпцияси (Конституциянинг 26-моддаси); барча судларда ишларнинг очиқ кўриб чиқилиши (Конституциянинг 113-моддаси); суд ишларини юритиш тили (Конституциянинг 115-моддаси); гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланишига (Конституциянинг 118-моддаси) асосланади.

Ушбу тамойиллар дастурий, дастлабки қоидалар сифатида одил судловни ташкил этиш, унинг органларининг давлат механизмидаги ва жамиятнинг сиёсий тизимидаги, энг асосийси, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва ўрни ҳақидаги масалаларга доир қонунчиликнинг барча талаблари учун негиз ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда одил судловнинг ривожланиши ва такомиллашиши амалиётидан келиб чиқиб, халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар замирида одил судлов демократик асослари мазмунининг бойитиб борилаётганини, кейинги йилларда бундай жараённинг изчил фаоллашганини кўриш мумкин.

 

Рустам Рўзиев,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети

“Фуқаровий ҳуқуқий фанлар” кафедраси профессори,

юридик фанлар доктори

  

  1. Ўзбекистонда суд ҳокимияти: Ислоҳотлар даври. -Т.: “Адолат”, 2002. 368- бет.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни. www.Lex.uz/acts/68532