0,00 UZS

No products in the cart.

8.8 C
London
Payshanba, Oktabr 21, 2021

Шаффофлик сари муҳим қадам

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, ошкоралиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарор қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, шаффофлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари етарлича жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида «охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинганлиги» танқид остига олинди.

Адлия органларининг тақдимномаларига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019 йилда 1752 та, 2020 йилда 1370 та қарор ва фармойишлари бекор қилинган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, республика бўйича прокуратура органларининг протестларига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019 йилда 3592 та, 2020 йилда 8292 та қарор ва фармойишлари бекор қилинган.

Ҳокимликлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳужжатлар (қарор, фармойиш) қабул қилинишига асосий сабаб ва омиллар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норма ижодкорлиги тартибини бузиш ҳолатлари мавжуд ва бунинг учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланмаган.

Хусусан, Бухоро вилояти ҳокимининг 2020 йил 11 февралдаги норматив тусдаги «Вилоятда давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара ҳақининг 2020 йил учун энг кам миқдордаги ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 66-қарори жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмасдан қабул қилинган.

Мазкур ҳолат Бухоро вилояти ҳокимининг 3 та, Фарғона вилояти ҳокимининг 1 та, Қўштепа тумани ҳокимининг 1 та қарорини қабул қилишда ҳам такрорланган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3666-қарорига асосан 2018 йил 1 майдан бошлаб барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозимлиги кўрсатилган.

2. Коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қарорлар қабул қилиниши ҳамон учрамоқда.

Биргина мисол, Арнасой тумани ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги 82-ф фармойишига
асосан тумандаги корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларига йиғилиш ва хизмат юзасидан вилоятнинг чекка туманларига фақатгина туман ҳокими рухсатнома бергандан сўнггина бориш топшириғи берилган.

Шунингдек, Наманган тумани ҳокимининг 2014 йил 22 майдаги 379-қарорига асосан фермерларнинг вилоят марказига бориши қатъиян тақиқланиб, ҳамманинг ўрни мавсум
давомида далада бўлиши белгилаб қўйилган.

Мазкур норма Конституциямизнинг 28-моддасида белгиланган фуқароларнинг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш билан боғлиқ шахсий ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу қарор «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 26-, 34-моддаларига зид равишда ҳокимлик мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашиш ҳисобланади.

3. Ҳокимликлар томонидан ваколат доирасига кирмайдиган айрим ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳолатлари учрамоқда, бу эса ўз навбатида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ келмайди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 78-бандига асосан тезликни ошириш ёки пасайтириш бўйича йўл белгисини ўрнатиш вилоят ҳокими ваколатига кирса-да, 2020 йилда Гулистон шаҳар ҳокимлиги томонидан 2 та, Янгиер шаҳар ҳокимлиги томонидан эса 1 та шундай қарор қабул қилинган.

4. Юридик хизмат ходимлари малакаси ва ойлик иш ҳақининг пастлиги ҳамда улар зиммасига ортиқча вазифаларнинг юкланиши.

Хусусан, ўтказилган мониторингларга кўра ҳокимликларнинг юридик хизмат ходимлари ўртача 1,8-2,3 млн. сўмдан ойлик маош олади ва иш вақтининг аниқ чегараси йўқ (айрим ҳокимликларда ҳатто шанба-якшанба кунлари ҳам ишга жалб қилинади). Ҳокимликда аксарият ҳолларда юридик хизмат ходимларига ҳокимликнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича жойлардаги вакили сифатида қатнашиш, ҳокимликдаги ҳар хил комиссия ва гуруҳларга аъзо ёки котиб бўлиш, ҳокимликка Президент қабулхонасидан келиб тушган барча мурожаатларни кирим-чиқим қилиш, назоратини олиб бориш каби ортиқча вазифалар юклатилган. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг пастлиги ва иш ҳажмининг юқорилиги кадрлар қўнимсизлигига олиб келган. Бу эса ўз навбатида малакасиз кадрларнинг ҳокимлик юридик хизматини юритишига, ҳокимликлар томонидан ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишига сабаб бўлмоқда.

5. Ҳокимликларнинг норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмаганлиги ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилмагани.

Қонунчиликка кўра, ҳокимликларнинг норматив тусдаги қарорлари лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилади. Шунингдек, ҳокимликларнинг норматив тусдаги ва жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари ҳокимликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим1. Бошқа турдаги қарор ёки фармойишларни жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириш ёки қабул қилинганларини ҳокимлик расмий сайтларида эълон қилиш юзасидан мажбурий норма мавжуд эмас.

Бироқ республика бўйича жами 148 та туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар, 78 та туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан эса норматив тусдаги қарорлар ҳокимлик расмий сайтига жойлаштирилмаган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳамма туманларида ҳам расмий сайтнинг ўзи мавжуд эмас.

Оқибатда бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилишига, давлат ҳокимияти идораларига нисбатан фуқароларнинг ишончи пасайишига сабаб бўлмоқда ҳамда ноқонуний қабул қилинган қарорларнинг прокуратура ва суд органлари томонидан бекор қилинишига олиб келмоқда.

Ҳокимликлар томонидан юқоридаги каби ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олиш, фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида ҳукуматнинг қарорига2 асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – «E-qaror» тизимини ишлаб чиқиш ҳамда 2021 йилнинг январь – май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши, 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида «E-qaror» тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, Президентнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурига оид фармонида3 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина «E-qaror» электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда Адлия вазирлигига уч ой муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш, электрон тизимдан фойдаланиш, уни юритиш ва унда жамоатчилик иштирокини таъминлаш вазифаси юклатилган. Шунингдек, қабул қилинаётган қарорларни ижрочи ва манфаатдор ташкилотларга етказиш ва тегишли базалар билан интеграция қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини мазкур тизимда ишлаш бўйича ўқитиш, электрон тизим орқали қабул қилинмаган ҳужжатларни амалга киритганлик ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаган ҳолда қабул қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича таклифларни киритиш кабилар белгиланган.

Вазирлик томонидан юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, «E-qaror» электрон тизимини Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар амалга оширилди:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона «E-qaror» электрон тизими ишлаб чиқилди ҳамда Қашқадарё вилоятидаги манфаатдор ташкилотлар тизимга уланиб, электрон рақамли имзолар билан таъминланди;

ҳокимликлар томонидан қабул қилинадиган қарорлар таҳлил қилиниб, ҳокимнинг 100 га яқин намунавий қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва «E-qaror» тизимига жойлаштирилиб, Қашқадарё вилоятидаги ҳокимлик ва давлат идоралари учун онлайн семинар-тренинглар ўтказилди ҳамда видеодарслар тайёрланди;

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликларида ушбу электрон тизим жорий этилиб, ҳужжатларни тайёрлашдан тортиб, ҳоким имзолангунга қадар бўлган жараён ушбу тизим орқали бўлиши таъминланди;

электрон тизим орқали қабул қилинмаган ҳужжатларни амалга киритганлик ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаган ҳолда қабул қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича қонун лойиҳаси (ID-22855, 2020 йил 19 октябрь, 12/6-1/3889-хат) ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳукуматга тақдим этилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятига «E-qaror» тизимини жорий этиш афзалликлари қуйидагилардан иборат:

биринчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, манфаатдор органлар билан келишиш (виза қўйиш), лойиҳа бўйича ҳокимликнинг юридик хизмати ходими томонидан хулоса бериш, агар лойиҳа норматив тусда бўладиган бўлса, ҳудудий адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ҳоким томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёни ушбу тизим орқали амалга оширилади;

иккинчидан, ҳужжат лойиҳаларининг ушбу тизим орқали тайёрланиши ва ҳар бир босқичда масъул шахслар томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ҳокимлик ҳужжатлари сохталаштирилиши олдини олади ҳамда ахборот хавфсизлиги таъминланади;

учинчидан, қабул қилинган ҳар бир қарорга e-qaror.gov.uz сайтида такрорланмайдиган махсус рақам берилади ва автоматик тарзда эълон қилинади (айрим истисноларни инобатга олган ҳолда), ушбу қарор билан барча фуқаролар ва ОАВ вакиллари, жамоатчилик танишиши имконияти яратилади. Бу эса ўз навбатида ҳокимликнинг норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга, қонунбузилишларга тезкор муносабат билдиришга замин ҳозирлайди;

тўртинчидан, маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнига ушбу электрон тизимнинг жорий этилиши соҳага дахлдор шахсларнинг вақт ва меҳнат сарфи камайишига, ортиқча оворагарчилик ва коррупцияга барҳам берилишига олиб келади;

бешинчидан, ҳудудий адлия органлари томонидан ушбу жараён доимий мониторинг қилиниб борилиши ҳокимлик ҳужжатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан бекор қилиниши ҳолатларини камайтиради.

Мухтасар айтганда, «E-qaror» электрон тизимининг барча ҳокимликларда жорий этилиши орқали фуқароларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнидаги иштироки таъминланади, ҳокимликлар фаолияти шаффофлашади, ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг асоссиз харажат қилишига олиб келувчи маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоида ва нормалар ўрнатилишининг олди олинади.

Сардорбек АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини
мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

 

1 Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-қарори билан тасдиқланган «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар».

2 Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги «Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 218-қарори.

3 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги 6155-фармони.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -