“Сайлов-2019” мобиль иловаси маълумотлар базаси юклаб олингач, ундан офлайн тарзда, яъни интернет алоқасисиз ҳам фойдаланиш мумкин.
Илова сайлов комиссияларининг самарали фаолияти учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратади. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади.
Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.
Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган йиғилишда бу ҳақда маълум қилинди.
Йиғилишда МСКнинг таркибига киритилган ўзгаришлар, Сайлов кодексига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг регламентига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқаролар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилади.
Муаттар РЎЗИБОЕВА