2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Бунинг оқибатида Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.
Мазкур вазият бўйича Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Қўрғонтепа аҳолисини “Бирлик” маҳалласига вақтинча эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, сув босиши хавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳолат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган.