Ҳудудларда аҳолини давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва жойида ҳал этиш мақсадида Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йил 11-14 сентябрь кунлари Нукус шаҳри, Тахиатош, Бўзатов, Тахтакўпир, Чимбой, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 81 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, шундан 19 та мурожаатлар жойида ижобий ҳал қилинди, 2 нафар муаллифга ҳуқуқий маслаҳат берилди, 60 та мурожаат назоратга олинди.
Мисол учун, Бўзатов тумани 2-сектор ҳудудида яшовчи Р.У.нинг мурожаатига асосан куз-қиш мавсумида ёғинғорчилик туфайли “Қутанкўл” ОФЙ худудида жойлашган 4-сонли мактабгача таълим муассасасига олиб борувчи 1 км йўлларга ҳамда Чимбой туманида яшовчи фуқаро А.Ж.нинг мурожаатига асосан у истиқомат қилаётган кўчанинг 4 км йўлларига қум шағаллар ётқизилиб, фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилган.
Шунингдек, Бўзатов туманида яшовчи жами 9 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланишига эришилди.
Бундан ташқари, Қораўзак туманида яшовчи фуқаро У.И.нинг тадбиркорлик билан шуғилланиш учун 135 млн. сўм, фуқаро А.Т.нинг 33 млн. сўм, Мўйноқ туманида яшовчи фуқаро Р.О.нинг 33 млн. сўм, фуқаро А.Ж.нинг 25 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам сўраган мурожаатлари жойида ижобий ҳал қилиниши таъминланди.
Ёки, Чимбой туманида яшовчи фуқаро Р.Н.нинг моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризасининг натижаси бўйича суд қарорига норозилиги ҳақидаги мурожаати жойида ўрганиб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Чимбай туманлараро судининг 10.09.2020 йилги ҳал қилув қарорига аппеляция тартибида протест келтирилиб, мурожаати ижобий ҳал қилинди.