0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Dushanba, Avgust 2, 2021

«Пахта иши» қандай вужудга келган эди?

- Advertisement -
- Advertisement -

Тарих – кечаги кунимиз қатида турфа саҳифалар яширин. Улар англами эса олис минг йилликлардан тортиб, яқин юз йилликларимизгача ажиб воқеликлар, гоҳ забун, гоҳ музаффар лаҳзалардан хабар беради. Тарих – ҳар неки бўлмасин, босиб ўтилган йўл. Манбалар бисёр – бисёр. Аммо ана шу манбалар тўпида хос ибора билан айтсак, шундай зарқоғоз (мемуар) ўрамлари борки, уларда давр одамларининг кечмиши рўйи-рост аён, замонаси тийнатию талотўми акс этган, шуур элагига тушган ва баайни ҳақиқатни ўз ҳолича авлодларга ташиган. Ҳеч муболағасиз айтиш керакки, бундай воқеаномалар, айниқса, келажак авлод истиқболини белгилаш, маънавий компаси учун ниҳоятда муҳимдир.

Бугун қарийб қирқ йиллар чамаси узоқдан туриб, ўтган асрнинг 80-йиллари миёналарига боқар эканмиз, халқимиз бўғзини чирмаганча аянчли оқибатлар келтириб чиқарган мудҳиш бир манзара гавдаланади.

Ҳа, бу аввалбошда «пахта иши» сифатида тамғаланган, кейинчалик эса «ўзбек иши» дея таърифланган воқеалардир.

Ўша даврда «пахта иши» теграсида турфа тасвирлар шу қадар кўп айландики, уларнинг қай бири холис, қай бири уйдирма эканини англаш қийин кечди. Марказдаги айрим тийиқсиз каслар туфайли асл ҳақиқатни қуюқ туман пардаси қоплади, қабоҳат шу даражага бориб етдики, ҳатто барча айбларни бир шахсга ағдариш кампанияси авж олдирилди. Республикалар раҳбарлари ичида ниҳоятда камтар яшаган, забардаст давлат арбоби, чин фидойи инсоннинг пок номини булғашга уриндилар.

Юқорида зарқоғоз ўрамлар ҳақда бежиз айтмадик. Боиси кўп ўтмай хотироти тиниқ, мағзи тўқ, инкор қилиб бўлмайдиган далилларга асосланган асарлар битилди. Булар сирасида Виктор Илюхин қаламига мансуб «Қабоҳат ёхуд…» («Ўзбеклар иши» деган уйдирма хусусида) китоби ва Тоштемир Қаҳрамоновнинг «Қонсираган қотиллар» ҳужжатли романларини алоҳида ажратиб кўрсатиш ўринлидир. Сабаби мазкур икки асар муаллифлари моҳияти яқин, ичкин икки қутбда; бири – Гдлян ва Ивановларнинг терговчилик фаолиятида йўл қўйган қонунсизликларини тафтиш қилиб, очиб берган берган бўлса, иккинчиси – бевосита шу жараёнлардан азият чеккан, аммо иродасини букмай курашган, исми жисмига мос шахс эди.

Бугун тақдирнинг тадбири билан ўша битиклар қабатига яна бир ёмбидек асар қўшилмоқда.

Ботиқ хотиралар узоқлашгани сайин тиниқлаша боради. Улар йиллар тегирмонида тобланиб, даврлар шамолларидан ошиб келади. Бундай пайтда муаллиф тўлиқиб ёзади. «Қуйилиб келди» иборасининг қолгани шундан. Бу сифатларни қўллаётганимиз эса бежиз эмас.

Муштарийларимиз эътиборига ҳавола қилинаётган – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Абдусамат Полвонзода муаллифлигидаги «Пахта иши» қандай вужудга келган эди?» номли хотиралар тўлқинини юқорида санаб ўтган икки китобнинг ўзгача ифшодаги мантиқий давоми дейиш мумкин.

Асарда устоз ҳуқуқшунос тилидан баён қилинадиган воқеалар, мулоҳазалар ва эсдаликлар – барча-­барчаси муаллифнинг жараён ичида ва ўз кўзи билан кўриб гувоҳ бўлган, бевосита ва билвосита иштироки жамланмасини ташкил этган. Шунингдек, «Пахта иши»га оид янги, ноёб маълумотлар ҳам келтирилганки, улар ўқувчи эътиборини тортмай қўймайди. Албатта, ҳар бир асарга ҳақиқий баҳони холис ўқувчи беради.

Мулоҳазаларимиз якунида ҳурматли устозимиз Абдусамат Полвонзодага журналимиз билан қилаётган ижодий ҳамкорлиги учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Азиз муштарийларимиздан эса асар ҳақидаги муносабатларини кутиб қоламиз.

“Huquq va burch” журнали таҳририяти

Ўзбекистоннинг совет даври тарихида большевизмнинг халққа қарши олиб борган қатағон сиёсати халқимиз хотирасида ҳамон сақланиб келмоқда. Хусусан, совет марказидаги айрим шовинист мустамлакачи унсурларнинг «Пахта иши», «Ўзбек иши» номи остида халқимизга қарши машъум қатағон сиёсати ниҳоятда фожиали тарзда юз берган. Шу боис бўлса керак, ана шу мудҳиш қатағон даҳшатларининг ижодкорлари бўлмиш Гдлян ва Ивановларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ўша даврни яхши билган инсонлар орасида ҳам, ёшлар орасида ҳам тез-тез кўтарилмоқда. Мен бу фикрни қўллаб-қувватлайман. Бугунги кунда ҳам Гдлян ва Ивановларнинг Ўзбекистон халқига нисбатан содир этган ўта оғир жиноятларига ҳуқуқий баҳо бериш имконияти мавжуд.

Гдлян ва Ивановнинг қилмишларини ёқловчилар ҳам йўқ эмас. Бунинг сабаби шундаки, улар юртимизнинг яқин ва чин тарихини яхши билмайдилар, англамайдилар. Ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимизни билганларида эди, уларни ҳеч қачон ёқламаган бўлар эдилар.

Ўша даврда юз берган воқеалар ҳақида кенгроқ тўхталиш учун анча олисларда қолиб кетган воқеаларга мурожаат қилишимизга тўғри келади. 1983–1989-йиллар халқимиз учун ниҳоятда оғир йиллар бўлган. Қарийб 25 йил давомида Ўзбекистонни бошқариб, қолоқ аграр республикадан саноати ривожланган, собиқ иттифоқда ягона саналган қатор-қатор завод-фабрикалари бор, муҳандис кадрларга эга республикага айлантирган беназир инсон Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг қатағон қиличини ишга солишга шай бўлиб турган марказ томонидан Ўзбекистонга туҳмат тошлари отила бошланган. Улар юртимизга бостириб кириш учун баҳона қидира бошлади. Баҳона эса топилди.

1983 йилда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ОБХСС бошлиғи А. Музаффаров бир савдо ходимидан пора олаётган пайтда қўлга тушиб, ҳибсга олинди. Бу ишни тергов қилиш пайтида Бухоро вилояти савдо идорасининг раҳбарларидан бири Ш. Қудратов ўзи раҳбарлик қилаётган идорадаги савдо ходимларидан пора олиши ва партия, совет ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бошлиқларига пора бериши ошкор бўлиб, у ҳам қамоққа олинади ва тергов бошлаб юборилади.

Порахўрлик, табиийки, жамиятнинг илдизларига болта урадиган оғир жиноятлардан бири. Лекин у СССР миқёсидаги тергов идоралари шуғулланадиган жиноятлар сирасига мутлақо кирмас, бундай жиноятларни одатда республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ўзлари ҳам бемалол тергов қилишлари мумкин эди.

Аммо 1920 йилдан то СССР давлати тарқалгунга қадар ҳар ўн йилда қатағон қиличини ишга солиб, халқни даҳшатда, қўрқувда ушлаб туришга одатланиб қолган марказга айни шу машъум воқеа Ўзбекистонга бостириб кириш учун баҳона бўлди. Марказ Музаффаров ҳамда Қудратовнинг ишини тергов қилишни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олиб, СССР прокуратурасига топширди. Гдлян ва Ивановлар эса СССР прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳига бошлиқ қилиб тайинланди ва уларга жуда катта ваколатлар берилди, ўз фаолиятини олиб бориш учун ҳатто ҳарбий вертолётлар, техника ва қуролланган солдатлар ҳам бириктириб қўйилди. Шундан сўнг улар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган зўравонликдан иборат ўта жирканч, мудҳиш фаолиятларини бошлаб юборишди.

Шуни таъкидлаш жоиз, СССР прокуратураси бошқарма бошлиғи, генерал Виктор Илюхин ўзининг «Қабохат ёхуд…» деб номланган китобида Гдлян ва Иванов СССР прокуратурасига таниш-билишлари орқали келиб қолган, малакаси паст, маданиятсиз, хавфли жиноятчи терговчилар эди деб баҳо берган. Мен бу фикрга юз фоиз қўшиламан.

Ҳақиқий терговчи ўз фаолиятини қонун талабларидан келиб чиқиб, фақат факт ва далилларга асосланган ҳолда амалга ошириши, айбланувчини ҳам қоралайдиган, ҳам оқлайдиган жиҳатларни адолат тарозисига солиб кўргандан кейингина у ёки бу одам ҳақида узил-кесил хулосага келиши лозим.

Гдлян ва Иванов ҳамда улар бош бўлган тергов гуруҳи аъзолари ҳам жиноят процессининг ушбу талабларига амал қилган ҳолда иш олиб боришлари шарт эди. Аммо улар олти йил мобайнида қонунларни сурбетларча оёқости қилиб келдилар. У ёки бу одамни ҳибсга олмоқчи бўлсалар бировларни мажбурлаб, унинг устидан сохта
кўргазма ёздириб олишар, сўнг шу кўргазма асосида ўша одам қамоққа олинар, энди ундан яна бир бошқа кишига нисбатан кўргазма ёздириб олишарди. Ўз муддаоларига эришиш учун гумонланувчиларни ваҳшиёна қийноқларга солиш, хотини, болаларини қамаш йўли билан ёлғон кўрсатмалар ёздириб юзлаб ҳамюртларимизни қамашди. Чунки уларнинг иш принципи мана шундай ноқонуний усул асосига қурилган эди.

Тергов гуруҳи бирин-кетин Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Муин Норов ва унинг икки ўринбосари полковник Шамси Раҳимов, подполковник Владимир Мулин, сўнгра генерал Хушвақт Норбўтаев, генерал Ислом Сатторов, генерал Салим Собиров, полковник Тўра Ҳайитов, полковник Музаффар Алимов, И. Позилхонов ва Ички ишлар вазирлигининг яна бир қатор раҳбарларини тўқиб чиқарилган айблар билан ҳибсга олдилар.

Бу жараён бутун республика бўйлаб давом эттирилди.

1984 йилда Ўзбекистон учун яна бир кўнгилсиз воқеа юз берди. Шу йили Ўзбекистон коммунистик партияси марказқўмининг ўн олтинчи пленуми бўлиб ўтди.

Бу пленум Ўзбекистон марказқўми ходимлари томонидан эмас, бошдан-оёқ КПСС Марказий комитети котиби, сиёсий бюро аъзоси Е.К. Лигачёв бошчилигида у билан бирга марказдан келган ходимлар томонидан тайёрланди. Ўзбекистонни қора бўёққа бўяб ташлаган марказқўм биринчи котибининг маърузаси ҳам улар томонидан ёзилди ва марказқўмнинг биринчи котибига минбарга чиқиб, маърузани фақат ўқиб бериш вазифаси юкланганди. Маърузада пахта етиштириш ва давлатга топширишда кадрлар қатъиятсизлик кўрсатгани, қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани алоҳида таъкидланди. Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг 65 фоиз аҳолиси ўша пайтларда фақат пахта етиштириш билан шуғулланар, миллионлаб одамлар – мактаб ўқувчилари, талабалар марказнинг топшириғи билан декабрь, ҳатто январь ойларида ҳам пахта териш билан мажбурий, деярли текинга шуғулланишарди. Йиғиштирилган ҳосил эса паст нархларда марказга жўнатиларди. Марказ йил сайин Ўзбекистонда пахта тайёрлаш режасини ошираверган. Қисқа вақт ичида режа тўрт миллион тоннадан олти миллион тоннагача кўтарилди. Бу Брежневнинг талаби эди. Қўшиб ёзиш ҳақида гап кетганда давлатга пахта топширишда бор-йўғи 2-3 фоиз қўшиб ёзиш бўлган, холос. Ана шу қўшиб ёзишларнинг асосий илҳомчиси ва ташкилотчиси Москванинг ўзи бўлган эди. Ўзбекистондан марказга минглаб хатлар юборилган. Бу хатларда пахта етиштириш учун сув етишмаслиги, Орол денгизининг қуриши, пахта учун берилаётган маблағ ниҳоятда озлиги, колхозчилар иқтисодий аҳволи, турмуш тарзининг ўта ачинарли ҳолати, пахта зараркунандаларига қарши ишлатиладиган гербицидлардан кўплаб пахтакорлар заҳарлангани, уларнинг катта қисми дардга чалиниб ўлиб кетганлиги, устига-устак пахта меҳнати учун тўланадиган ҳақ ниҳоятда камлиги асослаб берилган эди.

Аммо марказ минглаб пахтакорларнинг оҳу зорига пинак бузмаган. Ҳаттоки марказ раҳбарларидан бири Ўзбекистондан умуман пахта олмаслик, пахтани Мисрдан олиш мумкинлигини айтиб, пахта харид нархини кўтаришга қарши турган. Дунёда ҳеч бир халқ мана шундай оғир шароитларда ишлашга мажбур қилинмаган. Порахўрлик эса биргина Ўзбекистон эмас, бутун совет империясига хос иллат эди. Ўн олтинчи пленум материалларида бу ҳолат мутлақо инобатга олинмади. Бу эса ўта адолатсизлик эди.

Маърузада Ўзбекистон коммунистик партияси марказий қўмитасининг фаолияти қониқарсиз деб топилди ва марказдан Ўзбекистонга кадрлардан ёрдам бериш сўралди ва шу ҳақда қарор қабул қилинди. Шундан кейин Ўзбекистонда минглаб маҳаллий кадрлар ишдан бўшатилди.

Шароф Рашидовдек улуғ инсоннинг юзига қора чапланди, Нўъмон Бўрихўжаев, Виталий Зотов, Убайдулла Шодиев каби Ўзбекистон прокуратурасининг етук салоҳиятли раҳбар кадрлари ишдан ноҳақ бўшатилди ёки амали пасайтирилди. Ваҳоланки, бу инсонлар ниҳоятда покиза, юқори савияли профессонал юристлар бўлиб, ўзларига мос ҳуқуқий мактаб яратишганди. Айниқса, умри давомида халқчил, оддий ҳаёт кечирган Шароф Рашидовдек беназир раҳбарнинг мўътабар хотирасига ҳурматсизлик қилингани, қабри кўчирилганини унутиш қийин. Ўша даврни эсласак, бу
ножоиз ишга бир инсон қаттиқ қаршилик қилган эди. У киши ҳозир ҳаёт. Ҳар йили 31 октябрда Шароф Рашидовнинг қабри пойида соатлаб маҳзун ўй суриб туришига гувоҳман.

Яна кўплаб миллий кадрларимиз тўқиб чиқарилган айблар билан айбланиб узоқ муддатларга қамоққа ташландилар.

Шундан сўнг республикамиздаги турли раҳбарлик лавозимларига марказдан кадрлар кела бошлади. Масалан, марказқўм иккинчи котиби этиб Анишчев, Министрлар Совети раиси ўринбосари этиб Огарок, Олий Совет раисининг ўринбосари лавозимига Романовский тайинланди, Тошкент шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби этиб Сатин сайланди. Республика прокурори Бутурлин, унинг ўринбосарлигига Гайданов, тергов бўлимининг бошлиқлигига Лаптев, ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар бўлиб Дидоренко келди. Барча вилоятларда обкомнинг иккинчи котиблари, вилоят прокурорларининг кўпчилиги, вилоят суди раислари ўринбосарларининг барчаси марказдан келганлардан қўйилди.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, улар ҳукмронликни тўла қўлга олиб, юртимизда «Пахта иши», «Ўзбек иши» деб аталган ишлар бўйича қатағонни авж олдирдилар.

Гдлян ва Ивановлар учун бу ўзгаришлар айни муддао эди. Энди улар нимани хоҳлашса, шуни бемалол бажара оладиган бўлди. Бу ўринда шуни айтиш жоиз, Гдлян ва Ивановнинг тергов гуруҳи фақат юқори лавозимларда ишлаган шахсларга нисбатан тергов ҳаракатларни олиб борган, улардан иқрорлик кўргазмаларини олиш учун юзлаб қариндошлари, қўшнилари ва ҳатто танишлари қамоққа ташланиб, қийноққа тортилганлар. Уларга тегишли ҳужжатларнинг кўплари жиноят ишларига қўшилмасдан яшириб қўйилган. Бу ҳужжатларнинг фақат бир қисмигина кейин топилган.

Марказқўмнинг ўн олтинчи пленумидан кейин Ўзбекистонда раҳбар бўлиб ишлаганларни тўқиб чиқарилган айблар билан қамаш оммавий тус олди. Республика Министрлар Советининг раиси Нормуҳаммад Худойбердиев, марказқўмнинг котиби, сўнг Ўзбекистон Олий Совети президиуми раиси бўлган Оқил Салимов, Министрлар Совети раисининг ўринбосари Бектош Раҳимов, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов, Навоий вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Валерий Есин, Ўзбекистон пахта саноати вазири Ваҳобжон Усмонов, Бухоро вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби И. Жабборов, марказқўмнинг иккинчи котиби Тимофей Осетров, марказқўмнинг биринчи котиби Иномжон Усмонхўжаев, марказқўм котиби Эрежеб Айтмуротов, марказқўм ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаров, Қорақалпоғистон партия қўмитасининг биринчи котиби Қаллибек Камолов, Тошкент вилояти обкомининг биринчи котиби Мирзамаҳмуд Мусахонов, Самарқанд вилояти обкомининг биринчи котиби Назир Ражабов, Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари
Қаҳрамон Тоштемиров, Петр Бегельман, Ёқуб Муҳаммаджонов ва бошқалар ҳибсга олиндилар.

Гдлянчилар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини қасддан поймол қилишлари, ҳақоратлашлари, хўрлашлари, жисмоний ва руҳий эзишлари оқибатида бир қатор кишилар ўз жонларига қасд қилишга мажбур бўлдилар.

Пискент тумани партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби У. Баҳодиров, милиция полковниги Ҳожимуродовлар тергов пайтида ўз жонларига қасд қилди. Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Р. Ғойипов Гдлян бошлиқ терговчилар қамоққа олиш учун уйига келганида ўзини ўзи ҳалок этади. 1984 йил 15 августда собиқ Ички ишлар вазири Қ. Эргашев, 1985 йил 16 майда Ички ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Г. Давидов ҳам гдлянчилар қўлига тушгандан кўра ўлимни афзал кўришди. Иккинчи жаҳон урушида фашистларга қарши мардонавор курашган, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги йирик агросаноат мажмуаси директори, социалистик меҳнат қаҳрамони Бобомурод Омонов эса тергов ҳибсхонасида соғлиғи кескин ёмонлашиб, вафот этди. Бундай фожиали тақдирлар рўйхатини, афсуски, яна давом эттириш мумкин. Ушбу фожиалар туфайли юзлаб ўзбек оилаларига оғир мусибат кириб келди.

Кенг ваколатларга эга бўлган бу тергов гуруҳи ҳибсга олинган айбланувчиларга нисбатан терговнинг умуман ман қилинган усулларини қўллар эди, уларни ашаддий каллакесарлар билан бир камерага ўтқазиш, отувга ҳукм қилиниш билан қўрқитиш, хотини, қизи, ўғилларини ҳибсга олиш, жисмоний ва руҳий қийнаш ва ҳоказолар орқали иқрорлик кўргазмаларини олиш оммавий тус олди. Гдлянчилар айбланувчилар юзига тупуриб таҳқирлаган, «пешонангга зелёнка суриб қўяман» (отувга ҳукм қилинасан дегани), «ўзбекларни дорга осиш керак», деб дўқ урган ва ҳоказо.

Навоий вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган Т. Ҳайитовга (у кейинчалик оқланган) ҳибсга олинганидан кейин, биринчи сўроқ пайтида Иванов иккита қоғозни кўрсатган. Биринчи қоғозда ўн олти нафар ички ишлар ходимларининг номлари ёзилган бўлса, иккинчи қоғозда республика партия ва давлат, республика ва СССР Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари Чурбанов, Усмонхўжаев, Есин, Жабборов, Осетров, Иброҳимов, Муҳаммадиев, Султонов, Кретов, Харкевич, Қаҳрамонов ва бошқаларнинг номлари қайд қилинган эди. Иванов ундан шу ўн олти нафар ходимдан 53 000 сўм пора олиб, юқорида номлари кўрсатилган раҳбарларга пора берганман деб иқрорлик кўргазмасини беришни талаб қилган. Т. Ҳайитов бундай кўргазма беришдан бош тортгандан сўнг иккинчи сўроқ пайтида уни деразанинг олдига олиб бориб КГБ биносининг рўпарасида турган хотини ва қизини кўрсатади ҳамда иқрорлик кўргазмасини бермасанг хотининг ва болаларингни ҳибсга оламан дейди. Икки кундан кейин Иванов унга ўғли Маҳмуд ҳибсга олингани тўғрисидаги қарорни кўрсатади.

Бухоро вилояти обкомининг биринчи котиби А. Каримовнинг иши бўйича Гдляннинг кўрсатмаси билан унинг яқинлари ва танишларидан яна 50-60 киши, хусусан, Камол, Анора, Муҳиддин Саидовлар, Маҳмуджон Камолов, ўғли Баҳодир ва қизи – ТошДУ ҳуқуқшунослик факультетининг 22 ёшли битирувчиси Лола Каримова ҳам ҳибсга олинган. Каримовнинг хотини, ўғли, қизи Бухородан Душанба шаҳрига этап қилиниб, у ердаги тергов изоляторида 8 ойдан кўпроқ ўтирганлар.

Усмонхўжаев иши бўйича унинг ўзидан ташқари яна 30–40 киши ҳибсга олинган. Усмонхўжаевнинг хотини, ўғли Ғайрат, икки синглиси – Фазилатхон ва Каналхонлар 6 ойлаб ҳибсда сақланганлар. СССР Олий суди Усмонхўжаевнинг ишини кўришда хусусий ажрим чиқариб, Бош прокурорнинг эътиборини айбсиз одамлар ноқонуний ҳибсга олинганига қаратди.

Тошкент вилояти обкомининг собиқ биринчи котиби М. Мусахонов иши бўйича ҳам унинг фарзандлари – ТошДУнинг кафедра мудири, физика-математика фанлари доктори Мирзаюсуф Мусахонов ҳамда икки қизи – Сожида ва Нафиса Мусахоновалар ҳам ҳибсга олинган эди. Қ. Камолов ва Т. Жуманиёзов ишлари бўйича 50–60 нафар қариндош ва танишлари ҳибсга олинган, Примов иши бўйича тўрт нафар, Соғлиқни сақлаш вазири А. Худойберганов иши бўйича бир неча ўнлаб қариндошлари қамоққа олинган ва қийноққа солинган.

Хоразм вилояти партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби М.Худойберганов иши бўйича ўнлаб айбсиз одамлар, хусусан, ўғли К. Худойберганов, хотини Н. Худойберганова, қариндоши Ю. Рўзимовлар ҳибсга олиниб, 9 ой қамоқда сақланган.

Р. Ғойиповнинг икки айбсиз ўғли судгача 4–6 йил қамоқда сақланган. Бу иш бўйича кўплаб айби йўқ инсонлар қамоққа ташланган ва қийноққа солинган.

Гдляннинг бевосита кўрсатмасига биноан 9 нафар фарзанднинг онаси Пошша Олимова, 11 нафар фарзанднинг онаси Бибизода Долиева, 12 нафар фарзанднинг онаси Анора Саидовалар ҳам ҳибсга олинган ва улар устидан турмуш ўртоқларининг бойликларини яширганлар деган ноқонуний айблар билан жиноят ишлари қўзғатганлар.

Ҳибсга олинган аёллар, ўғил-қизларнинг барчасига қариндоши ёки отаси, танишлари томонидан сақлаш учун берилган пул ва бошқа бойликларни топшириш талаб қилинган.

Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексида гувоҳларни тунда чақириш ва сўроқ қилиш ман қилинган, лекин тергов гуруҳи ва Гдляннинг шахсан ўзи қонун талабига хилоф равишда гувоҳларни тунда чақириб сўроқ қилиш билан шуғулланган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида 1957 йилда туғилган Зиёда Камоловани кўрсатиш мумкин. У эмизикли боласи билан туғруқ таътилидалигига қарамасдан терговчи Иброҳимов 1988 йил 2 июнь куни соат 24 да чақириб, эртасига 3 июнь соат 14 га қадар сўроқ қилган. Бу вақтда Зиёда Камолованинг онаси, эри, қайнонаси ҳибсда бўлган. Уларнинг ҳаракатларида ҳам жиноят бўлмаган.

Беруний райком котиби О. Ражабов иши бўйича 54 нафар яқин қариндоши, қўшни ва танишлари асоссиз қамоқда сақланиб қийноққа солинганлар. Уларнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги ҳужжатлар эса ишга тикилмаган.

СССРнинг «СССР халқ депутатлар мақоми тўғрисида»ги қонунида депутатларни совет ва уларнинг ижроқўми розилигисиз ушлаш ва ҳибсга олиш мумкин эмаслиги кўрсатилган. Бироқ терговчилар қонуннинг бу талабини бир марта эмас, бир неча марта бузишган. Масалан, Гдляннинг қарорига биноан 1987 йил 30 ноябрда «Правда» колхозининг бош инженери Шарифбой Ражабов депутат бўлишига қарамасдан қамоққа олинган. Уни қамоққа олиш учун розилик олинмаган. У ўзининг депутатлигини терговчиларга айтса-да инобатга олишмаган. Кейинчалик Ражабовнинг иши жиноят таркиби бўлмагани учун бекор қилинган.

Гдлян ва Ивановлар марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда жиноятчи тўдаларни фош қилганликлари ҳақида «Ўзбекларнинг ҳаммаси порахўр», «Ўзбекистон биз учун шарқий фронт», «Ўзбекистон Ўрта Осиё Чернобили» деган миллий шаънимизни таҳқирловчи сўзлар билан жуда катта шов-шув кўтара бошладилар. Ушбу тергов гуруҳи ҳибсга олинган айбланувчиларга нисбатан қонунни ғараз ниятлар билан олти йил мобайнида бешафқат, сурбетларча оёқости қилиб келдилар. Улар қуролланган аскарлар билан ҳарбий вертолётларда олис қишлоқларгача бостириб кириб, одамларнинг бор-будини талаб, зўравонлик қилганлар. Қийноқларга солинганларнинг кўпчилиги қариндош-уруғларидан, маҳалладошларидан қарз олиб пулларни терговчиларга келтириб беришга мажбур бўлишган. Терговчилар эса қанча кўп пул олиб келсанглар, қариндошингни шунча тез қамоқдан чиқариб юборамиз деб алдаганлар.

Мана шу йилларда КПСС ва Ўзбекистон компартияси марказий қўмиталарига, турли идораларга меҳнаткашларнинг шикоят аризалари тинмай кела бошлади. Судлар чиқарган ҳукмлардан норозилик, асоссиз қамоққа олиниб, мол-мулклари талон-торож қилинган, тергов жараёнида қийноқларга солинган, зўравонликларга учраганларнинг дод-фарёди акс этганди бу мурожаатларда.

Барчага тушунарли бўлиши учун яна кўпчилик билмаган ҳақиқатни айтишимиз лозимки, Гдлян ва Иванов раҳбарлик қилган тергов гуруҳи СССРнинг турли вилоятларидан келган 200 дан ортиқ терговчилардан иборат бўлган. Улар фақат юқори лавозимларда фаолият кўрсатган, юртимизда катта обрўга эга раҳбарларни ва уларнинг юзлаб қариндошлари ҳамда яқин танишларини қатағон қилганлар. Бу 200 та терговчи олти йил мобайнида юртимизни топтаб, ҳеч кимни менсимай, ичкиликбозлик ва айшу ишрат билан вақтларини ўтказганлар.

Бизнинг ҳисобимизга қараганда ушбу гуруҳ тергов қилган ишлар бўйича фақат олти киши оқланмаган, холос. Бирон бир давлатнинг тергов амалиётида бу каби шармандалик бўлмаган.

1930-йилларда Ягода ва Ежов сингари жиноятчилар инсониятга қарши жиноятлар содир этгани учун СССР тарихида жаллод сифатида ном чиқарган эдилар. Юртимизнинг асл фарзандлари – давлат арбоблари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, таниқли ёзувчи ва шоирлардан Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон
Носир ва бошқалар уларнинг қатағон қиличидан нобуд бўлдилар. Маълумки, бу оғир жиноятлари учун Ягода ва Ежовлар қилмишларига яраша ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳукмлар адолатли ҳукмлар бўлган. Гдлян ва Иванов ҳам Ўзбекистонда содир этган худди шундай ўта оғир жиноятлари учун қилмишларига яраша жазоларга лойиқ эди. Улар бундай жазодан қочиш учун Москвада, Ленинградда, Тушино, Зеленоград ва ҳатто Ереванда ўтказилган митингларда, юқорида айтганимиздай, ёлғон-яшиқ, халқимизнинг миллий шаънига тегадиган гаплари билан сайловчиларни лақиллатиб СССР халқ депутатлари бўлиб сайланиб олдилар.

Бу пайтга келиб Ўзбекистонда гдлянчиларнинг қилмишлари юзасидан норозиликлар,
уларнинг жиноий қилмишлари тўғрисидаги ариза ва шикоятлар ҳам кўпайиб бораётган эди. Халқимизнинг илғор вакиллари Аҳмаджон Мухторов, Эркин Юсупов, Одил Ёқубов, Владимир Одилов, Йўлдош Акбаров ва бошқалар Ўзбекистондан СССР Олий Советига депутат бўлиб сайландилар. Мен бу депутатларимизнинг номларини ҳамиша чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан. Чунки улар СССРдай қудратли, қатағон қиличини ишга солишга ҳамиша шай бўлиб турадиган мустабид давлат ҳукм суриб турганига қарамай халқимиз юзига қора чаплаган гдлянчиларнинг жиноий ҳаракатларини фош қилишни, уларни жиноий жавобгарликка тортишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.

Фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эркин Юсупов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов, забардаст журналист, «Халқ сўзи» газетасининг биринчи бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов, Чкалов номидаги авиация заводининг мутахассиси Владимир Одилов, оддий ишчи, оловқалб Йўлдош Акбаровлар съезд минбаридан туриб, СССР халқ депутатларининг эътиборини Гдлян ва Ивановлар тергов гуруҳининг ноқонуний ишларига торта бошладилар.

СССР Олий Советида Гдлян ва Ивановлар иши муҳокамаси бошланганида Олий Советга тазйиқ ўтказиш учун Гдлян ва Ивановлар минглаб одамларни тўплаб митинглар ўтказишарди. Оқибатда бир неча марта Олий Совет Гдлян ва Ивановни кўпчилик овоз билан бир неча марта қамоққа олишга, жиноий жавобгарликка тортишга, лавозимларидан бўшатишга розилик бермади. СССР Олий Советида Гдлян ва Ивановларнинг ишларини ўрганиш бўйича тузилган комиссиянинг ҳамраиси Рой Медведев комиссия иши бўйича саёз ва юзаки маъруза қилганида Йўлдош Акбаров ва Владимир Одилов сўзга чиқишиб маърузани қаттиқ танқид қилдилар.

Мен ўша пайтларда республика раҳбарияти томонидан депутатларимизга нутқлар матнини тайёрлаш борасида, хусусан, тегишли материаллар билан юридик ёрдам кўрсатиш учун бириктирилганим сабабли уларнинг фаолиятидан яқиндан хабардор эдим. Шу боис менда депутатларимизнинг СССР Олий Советидаги нутқлари матни билан таништириш имконияти бор.

Йўлдош АКБАРОВ:

Халқимиз жуда сабр-тоқатли халқ. Балки бизнинг кучлилигимиз ҳам, ожизлигимиз ҳам
мана шундадир. Лекин ҳар қандай сабрнинг ҳам охири бор,

Бизнинг жафокаш халқимизни Гдлян ва Ивановлар қаттиқ ҳақорат қилишди. Улар халқимизга «ўғри» деган тамғани ёпиштиришди, аёлларимиз ва фарзандларимизни хўрладилар, Ўзбекистонни тиконли симлар билан ўраб ташлаш керак деб айтишди. Мен эса бу жиноятчиларнинг ўзларини тиконли симлар орқасига ташлашни талаб қиламан. Бундан бошқача йўл тутиш ушбу жиноятчиларга шерик бўлиб қолишни ва Ўзбекистоннинг йигирма миллионлик халқини янада қаттиқ ҳақорат қилишни англатади.

Мен комиссиянинг иши ҳақидаги маълумотномадан қониқмадим. Унда асосий саволларга жавоб берилмаган. Бугун мен, Гдлян ибораси билан айтадиган бўлсам, шарқий фронт полигонига нима учун айнан Ўзбекистон танлаб олинган, «ўзбеклар иши» деган ибора ким учун керак бўлиб қолган, бутун бир миллатни ҳақорат қилиш ҳуқуқини уларга ким берган, уларнинг орқасида кимлар турибди деган саволларга жавоб олмоқчиман.

Шунинг учун ҳам комиссия ахборотига нисбатан ўзимнинг жиддий норози эканлигимни
айтиб ўтишга қарор қилдим. Чунки ахборот қўрқоқларча ёзилган ва юмшоқ қилиб айтадиган бўлсам, ҳақиқий аҳволни акс эттирмайди. Бу ҳолатда комиссия аъзолари ўзларининг обрўларини йўқотиб қўйишлари ҳеч гап эмас, негаки, улар Гдлян, Иванов, Гайданов, Лаптев, Карташян ва бошқалар содир этганлиги аниқ кўриниб турган ва тасдиқланган жиноятларни инкор қилиш билан ўзларининг виждонига қарши иш олиб бормоқда.

Комиссия жиноятчиларни ҳимоя қилиб ғайриахлоқий позицияда турибди, бу эса бизнинг республикамиз халқи учун оғир ҳақоратдир. Чунки уларнинг хатти-ҳаракатларидан менсимаслик ва шовинизмнинг ҳиди анқиб турибди. Мен комиссия томонидан тўпланган материалларни ошкор қилишни талаб қиламан. Бош прокурор нима учун Гдлян ва Ивановларнинг ўзбошимчаликларига ўз муносабатини билдирмай, оғзига талқон солгандек жим ўтирибди?

Мен комиссиянинг ҳар бир ҳамраиси ва ҳар бир аъзоси съезд томонидан берилган топшириқларни қанчалик виждонан бажарганлиги тўғрисида тушунтириш беришларини талаб қиламан. Уларнинг позициялари мени ажаблантирмоқда, ёки улар ҳам нимадандир қўрқишаяптими? Улар ҳеч нарсадан чўчимай дадиллик билан объектив ахборот беришлари шарт, акс ҳолда уларга нисбатан ишончсизлик билдирилиши ва комиссия тарқатиб юборилиши лозим. Мен Рой Медведевнинг позициясига тушунмаяпман. Ахир у ўзининг китобларида Берия ва Ежовлар томонидан содир этилган жиноятларни дадиллик билан очиб ташлаган эди-ку? Шундай экан, нима учун у ҳозир бундай қилишдан қўрқмоқда? Мен комиссияга Болтиқбўйи республикалари вакилларидан сайланган аъзоларнинг позицияларига мутлақо тушунмаяпман. Улар ўзларининг республикалари ҳақида гап кетганда ҳуқуқий давлат ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида оғизларини тўлдириб гапиришади, бизнинг республикамиз ҳақида гап кетганда мум тишлаб олгандек жим ўтиришади.

Ниҳоят, мен сизларга мурожаат қилиб шуни айтаманки, комиссия айрим мансабпараст
кимсаларнинг манфаатларини ўйлаб бизни алдамоқчи бўлмоқда. Юқорида мен тўхталиб ўтган масалалар муҳокама қилинишини талаб қиламан.

Яна шуни айтмоқчиманки, Гдлян ва Иванов устидан бўладиган суд қонунга биноан, улар оғир жиноят содир этган жойда – Ўзбекистонда бўлиши лозим деб ҳисоблайман…

Владимир ОДИЛОВ:

Ҳурматли депутат ўртоқлар!

Мен сўзга чиқмасликнинг асло иложи қолмагани ва оғзига талқон солган одамдек жим ўтиришга ҳаққим йўқлиги учун ҳам минбарга чиқишга мажбур бўлмоқдаман. Жуда хунук ишларни қилишга қилиб қўйиб, ўзларини қўй оғзидан чўп олмагандек оппоқ қилиб кўрсатишга уринаётган Гдлян ва Ивановларнинг фаолияти юз минглаб ўзбекистонлик сайловчиларнинг ғазабини қўзғатмоқда. Бу янги пайдо бўлган «сиёсатдон»лар ўзларини қатъиятли қилиб кўрсатишга уринаётганлиги республикамизда содир этган жиноятларидан чалғитиш ва жавобгарликдан қочишдан бошқа нарса эмас.

Бугун бу ерда айтадиган ҳар бир гапларим учун қаерда бўлса ҳам жавоб беришга тайёрман.

Яқинда матбуотда тергов гуруҳи томонидан одамлардан олинган бойликларнинг умумий миқдори 43 ёки 33 миллион сўмдан иборат бўлиши мумкин деган фактлар чоп этилди. Аниқ айтиш мумкинки, Гдлян тергов гуруҳи 22 миллион сўмни давлатга топширган. Лекин у ўзининг чиқишларида 140 миллион деб айтган эди. Шундан ёлғон гапириш Гдляннинг энг асосий иш усулларидан бири экан деб ишонч ҳосил қилдим. Шунинг учун менда у одамлардан олинган бойликларнинг қанчасини давлатга топширган деган ҳақли савол туғилди.

Мана менинг қўлимда шу ишларга оид ҳужжатлар бор:
Гдлян Тўрткўл туманидаги Дмитров номли колхозда бир гуруҳ терговчилари билан В.Н.
Тожиевнинг уйига бориб, бойликларни олади. Бу ҳолат уларнинг баённомасида қуйидагича расмийлаштирилган: қора полиэтилен халтада учта қутича бор, биринчи қутичада заргарлик буюмлари – тилла тангалар, узуклар, сирғалар, соатлар; ўралган дастрўмолчада заргарлик буюмлари, беш ва ўн сўмлик тилла тангалар; иккинчи қутичада заргарлик буюмлари ва тилла тангалар. Учинчи қутичада ҳам заргарлик буюмлари ва тилла тангалар. Олинган буюмлар ўралди ва СССР прокуратурасининг 268-муҳри билан муҳрланди.

Баённома Гдлян ва бошқа шахслар томонидан имзоланган.

Баённомада олинган бойликларнинг белгилари, миқдори, вазни ва ҳоказолар батафсил
баён этилиши лозимлигини билиш учун ҳуқуқшунос бўлиш шарт эмас.

Тожиевдан 1987 йил эрта тонгда олинган ва баённомада кўрсатилган бойликлар қанақа ва қандай суммада эканлигини ким айта олади?

Бу тасодифий ҳол эмас, аксинча, у Гдлян томонидан ишлаб чиқилган ифлос тизим бўлиб, буни уларнинг қарийб барча ишларида кўриш мумкин.

Бойликларга қонунга хилоф равишда жўрттага аниқлик киритилмаган. Шу йўл билан Гдлян уларнинг маълум қисмини ўзлаштириб олиш учун имконият яратган.

Бунинг натижасида Гдлянда бойликлар ва пуллардан, одатда, оддий омбор мудирларида бўладиган камомадлар сингари йирик миқдордаги камомад бор. Бироқ оддий омбор мудиридан фарқли равишда Гдлян депутатлик мандатидан фойдаланиб жазосиз қолмоқда. Мен СССР Бош прокурорига мурожаат қилиб ундан қонун олдида ҳамма тенг эмасми деб сўрамоқчиман.

Бир қатор газеталар, масалан, 1989 йил 21 октябрда «Советский молодёж» (Латвия) газетасида Гдляннинг каттагина интервьюси чоп этилган бўлиб, унда Гдлян шундай дейди:
«Ҳуқуқий давлатни биринчи ғиштидан бошлаб биз қурамиз, биринчи ғишт деганимиз бу сўз эркинлиги, ҳар бир кишининг иқтисодий, сиёсий, маданий, миллий ривожланишини таъминлашдан иборат деганимиздир».

Мен шуни баралла айтаманки, бу сўзларнинг барчаси ишонувчан гўл одамларга мўлжалланган даҳшатли иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.

Энди мен Гдляннинг аниқ ишларидан бир мисол келтираман. СССР Бош прокурорининг ёрдамчиси А.М. Овчарова 1985 йилдаёқ «Бухоро ишлари» деб номланган ишлар бўйича айблов хулосаси судда эълон қилинганидан кейин шундай деб ёзган эди: «…судда 30 дан зиёд гувоҳ гдлянчилар томонидан калтакланганини, хотинларинг, қизларинг ва сингилларингнинг номусига тегамиз деб таҳдид қилиб, инсоний ва миллий шаънимизни таҳқирлашди деб гапириб беришди.

Мен ўзим «Бухоро ишлари» билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишлар билан танишганимда ҳам улар барча ишлар бўйича ўзбошимчалик билан иш юритганига ишонч ҳосил қилдим…

…Мен Гдлян ва Ивановни содир этган жиноятлари учун депутатлик ваколатидан маҳрум қилишни ва қонунда кўзда тутилган тартибда жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қиламан…».

Ўзбекистонлик бошқа депутатларимиз ҳам Гдлян ва Ивановлар содир этган жиноятларни факт ва далиллар билан очиб ташлашди ва уларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Аммо гдлянчиларнинг митинглардаги ёлғон сўзларига лаққа тушган айрим депутатларнинг қаршиликлари туфайли вакилларимизнинг талаблари инобатга олинмади. Кейинчалик эса раислик қилувчи Лукьянов бизнинг депутатларимизга мутлақо сўз бермай қўйди…

Абдусамат Полвонзода,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист

(мақоланинг давоми яқин соатларда эълон қилинади)

 

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -