Man holding red aids ribbon

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда бу касаликка чалинганлар сони 37,7 миллион кишидан ошади. Биргина 2020 йилда ОИТС 680 мингдан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахсларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан, айрим касбий фаолият турларини истисно қилганда уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг 21-моддасига кўра, ОИВни юқтириб олганларда ОИВ инфекцияси мавжудлигини асос қилиб, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, уларни ишга қабул қилишни рад этишга, (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатда назарда тутилган айрим касбий фаолият турлари бундан мустасно) таълим муассасаларига (таълим муассасаларининг қонунчиликда белгиланган айрим турлари бундан мустасно) ва тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга қабул қилишни рад этишга, шунингдек, уларнинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклашга, оила аъзоларининг турар жой ҳуқуқларини, бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга йўл қўйилмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 23 апрелдаги 7-сонли буйруғи билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари» рўйхати тасдиқланган.

УНГА КЎРА:

1. Қон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш ва уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ касблар.

2. Қон ва унинг таркибий қисмлари, сперма ва кўкрак сутини қабул қилиш билан боғлиқ касблар.

3. Гемотрансфузия билан боғлиқ касблар.

4. Қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар:
инъекциялар;
диализ;
венесекция;
катетеризация.

5. Косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар.

6. Стомотологик муолажалар билан боғлиқ касблар.

7. Туғруқ билан боғлиқ касблар.

8. Аборт ва бошқа гинекологик операциялар билан боғлиқ касблар.

9. Соч ва соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касблар.

Агар тиббий кўрик давомида ходимда ОИВ инфекцияси аниқланса меҳнат шартномасини бекор қилиш керакми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 214-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан айрим тоифа ходимлар(ўн саккиз ёшга тўлмаганлар; олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар; ногиронлар; меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек, транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар; озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар; умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари)ни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.

ОИВ инфекцияси юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турларига ишга қабул қилишда тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида шахсда инфекция аниқланса, ишга қабул қилиш рад этилади. Бу ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш ҳисобланмайди.

ОИВ инфекциясига чалинган ходим ман этилган касбий фаолият турларида ишламаса, бундай ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бундай шахсларни ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Агар меҳнат шартномаси тузиб бўлингач кейинчалик тиббий кўрик вақтида ходимда ОИВ аниқланса ҳамда ходим ОИВни юқтириб олганлар ишлаши ман этилган касбий фаолият турларидан бирида ишласа, Меҳнат кодекси 92-моддасига кўра бу ходимга ишлаши ман этилмаган бошқа иш таклиф этилади. Ташкилотда бошқа иш мавжуд бўлмаса меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши туфайли бекор қилинади ҳамда ходимга Меҳнат кодекси 67 ва 109-моддаларидаги кафолатлар тақдим қилинади.

Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 42-бандига кўра, ходим билан меҳнат муносабатлари Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 2-бандига асосан соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши сабабли бекор қилинган тақдирда унга корхонада ходимга тиббий хулосага асосан у бажара оладиган иш таклиф этилади.

Ходимнинг бажараётган ишига нолойиқлигига унинг соғлиғи сабаб бўлиб, тиббий хулосага кўра мазкур ишни бажаришга тўсқинлик қилса, ходим огоҳлантирилмасдан меҳнат шартномаси бекор қилинади, лекин огоҳлантириш эвазига унга албатта икки ҳафталик пул компенсацияси тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 26 июндаги «ОИТС билан касалланишнинг олдини олишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги 298-қарорига кўра, ОИТС касаллигига чалинган беморларни даволаш-профилактика қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан банд бўлган ҳамда иммунитет танқислик вируси билан бевосита ишловчи ходимларнинг меҳнат таътиллари 36 иш куни этиб белгиланган. Шунингдек, мазкур қарорда касби туфайли вирус билан зарарланган ҳолларда саломатлигига етказилган зарар учун бир йўла тўланадиган пул товони миқдорларини соғлиқни сақлаш тармоғида ишловчи бир ходимнинг ўртача ойлик маошининг уч йиллик ҳажмида белгиланиши ҳамда бу харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилиши қайд этилган.

ОИВ инфекциясига чалинган шахс касаллигини яшириб ёки сохта ҳужжатлар тақдим қилиб бундай шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турларига ишга қабул қилинган бўлса, у ҳолда меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 106-моддаси (Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши) 4-бандига асосан ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан бекор бўлади. Бу ҳолатда ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилганлиги туфайли ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.

Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ,
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси