0,00 UZS

No products in the cart.

11.8 C
London
Payshanba, Sentabr 23, 2021

Оилавий муносабатларга доир жиноятлар миллий қонунчилик ва хориж тажрибаси

- Advertisement -
- Advertisement -

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда никоҳ ва оила муаммоларига эътибор сезиларли даражада ошди. Бу оилада нима бўлаётгани, нега ажрашишлар сони кўпаяётгани, нима учун фақатгина бир фарзанд билан чекланиб қолаётгани ва ҳоказо масалаларни таҳлил қилиш зарурати билан боғлиқ.

Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар турмушдаги фаровонлик ва оиланинг психологик хотиржамлигини таъминлайди. Оила ва никоҳ ҳақида шаклланиб бораётган ва ўзгариб турадиган ғоялар тизими оиладаги муносабатларни белгилайди. Мазкур ғояларни ўрганиш оила аъзоларига турли муаммолар ва уларни ҳал қилиш усуллари, ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тушунча беради.

Шахс учун никоҳ ва оила ижтимоийлашувнинг энг муҳим институтларидан биридир. Никоҳ – эркак ва аёл ўртасидаги жамият томонидан рухсат этилган ва тартибга солинган, бир-бирига ва ўз фарзандларига, кейинги авлодларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдиган муносабатлар шаклидир. Никоҳ жамият томонидан эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар қонуний эканининг тан олинишини таъминлайди. Демак, никоҳ оилани шакллантириш ва унинг устидан ижтимоий назорат ўрнатишнинг анъанавий воситаси, жамиятнинг ўзини ўзи сақлаш ва ривожлантиришнинг йўлларидан бири ҳамдир1.

Никоҳ тушунчаси оила тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Кўпинча бу атамалар синоним сифатида ишлатилади, аммо улар мазмунан яқин эканига қарамай бир хил эмас. Замонавий жамиятда никоҳсиз оила – «фуқаролик никоҳи» шаклида ва, аксинча,
оиласиз никоҳ – «қалбаки никоҳ» шаклида бўлиши мумкин. Бироқ барибир никоҳ амалда кўпинча оила яратишни англатади.

Дунё мамлакатларининг жиноят қонунчилигида шахснинг никоҳ ва оилавий муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган жиноятларни декриминаллаштириш, айниқса, патриархал-уруғ урф-одатлар кучли илдиз отган жамиятда, фикримизча, тегишли қилмишларнинг ижтимоий хавфига етарлича баҳо берилмагани сабабли юз бермоқда. Мисол учун, собиқ СССРнинг айрим республикаларигина янги жиноят қонунларида никоҳга мажбурлаш ёки аксинча бунга тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутадиган нормаларни сақлаб қолган. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, эрта ва мажбурий никоҳлар, никоҳ тузиш мақсадида ўғирлаш ҳолатида жиноий жавобгарликдан воз кечган давлатлар, кейинчалик ушбу ижтимоий хавфли қилмишлар учун қайта жиноий жавобгарликни белгилашга мажбур бўлган.

Шу маънода хориж тажрибасини ўрганиш жуда муҳим. Боиси хорижий амалиётни ўрганиш «юрист учун янги уфқлар очади, ўз мамлакати ҳуқуқини яхшироқ билишга имкон беради. Чунки ушбу ҳуқуқнинг ўзига хос жиҳатлари айнан бошқа тизимлар билан таққослаганда янада яққол кўзга ташланади. Таққослаш юристни шундай ғоялар ва далиллар билан қуроллантиришга имкон берадики, уларни ҳаттоки ўз миллий ҳуқуқини жуда яхши билган ҳолда ҳам олиш мумкин эмас»2.

Германия Жиноят кодексининг «Никоҳ фуқаролик ҳолати ва оилага қарши жиноятлар» номли XII бўлими3 169-моддасида «Болани алмаштириш ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини юритадиган ва фуқаролик ҳолатларини белгилайдиган ваколатли органларга бошқа шахснинг фуқаролик ҳолати тўғрисида ёлғон маълумот бериш ёки ушбу маълумотни яшириш» учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки жарима жазоси назарда тутилган.

Мазкур кодексда, шунингдек, «қонунга мувофиқ ғамхўрлик қилиши лозим бўлган шахсни ўзганинг ёрдамисиз қоладиган бўлса ҳаётига хавф туғиладиган ҳолда қолдириш» учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган қоидалар мавжуд. Бундан ташқари, «16 ёшга тўлмаган шахсни парвариш қилиш, тарбиялаш бўйича ўз вазифаларини қўпол равишда бузган, шу орқали тарбиясидаги шахснинг жисмоний ёки ақлий ривожланишига хавф солиниши, уни жиноий ҳаёт тарзига ёки фоҳишаликка олиб келишга сабаб бўлган» шахсга ҳам худди шундай жазо белгиланади.

Испания Жиноят кодексида4 ҳам оилавий муносабатларга қарши жиноятларга бағишланган алоҳида бўлим мавжуд. Кодекснинг 221-моддаси 3-қисмида болани қасддан алмаштириш учун 1 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Тиббиёт ёки ижтимоий-тиббий муассасаларда болаларни ҳимоя қилишга мажбур бўлган шахслар томонидан «қўпол бепарволиги» сабабли болани алмаштиришга йўл қўйилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланади. Ушбу қилмиш олти ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум қилинишига сабаб бўлади5.

Бундан ташқари, «ноқонуний боқиб олиш», «келиб чиқишини ўзгартириш учун болани яшириш ёки учинчи шахсга топшириш» ҳолатида 6 ойдан 2 йилгача озодликдан ҳамда 4 йилдан 10 йилгача ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Шунингдек, «муҳофаза ёки ҳимоялаш вазифаларини ижро этишдан бўйин товлаётган шахслар, болани қариндошлик ёки оталик ришталари билан боғлиқ бўлмаган бошқа шахсга ҳақ эвазига, бола билан қариндошликка ўхшаш муносабатларни ўрнатиш учун бериш» ҳаракатларини содир этгани учун болани қабул қилган шахсга ҳам, воситачига ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган. Жиноятда васийлик ва ҳомийлик органлари, болалар яшайдиган бошқа муассасалар иштирок этган тақдирда, ушбу муассасалар доимий ёки вақтинча ёпилиши, шунингдек, тегишли фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўқитувчи, тиббиёт ходими (врач, акушер, шифохона ходимлари ва тиббий ёки ижтимоий-тиббий амалиёт билан шуғулланадиган бошқа шахслар), мансабдор шахс ўз касб вазифаларини бажаришда Испания Жиноят кодексининг 221-222-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар содир этишда қатнашган тақдирда, ушбу моддалар санкцияларига мувофиқ жазоланади. Бундан ташқари, ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан икки йилдан олти йилгача маҳрум қилинади.

Мазкур Жиноят кодексининг 230-моддасида «муомалага лаёқатсиз шахс ёки 16 ёшга тўлмаган бола унга қараб туриши лозим бўлган шахс томонидан қаровсиз қолдирилгани учун» жавобгарлик ҳам кўзда тутилган. Aйбдор шахс бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Aгар бундай қаровсиз қолдириш ота-оналар, васийлар ёки ҳомийлар томонидан содир этилган бўлса, унда жазо «18 ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ва уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш» кўринишида бўлади.

Ушбу кодекснинг 232-моддасида эса «кичик ёшдаги ёки муомалага лаёқатсиз болани
тарбиялаш ёки таълим бериш вазифасини бажариши лозим бўлган шахс кичик ёшдаги ёки муомалага лаёқатсиз болага нисбатан муайян ҳуқуқларга эга бўлган шахсларнинг рухсатисиз, унинг манфаатларига зид равишда ўз мажбуриятини учинчи шахсга ёки давлат муассасасига топширган бўлса, 6 ойдан 12 ойгача иш ҳақи миқдордаги жарима билан жазоланади». Aгар бундай қилмишлар боланинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига хавф туғдирса, айбдор 6 ойдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Нидерландия Жиноят кодексининг «Шахсни ожиз вазиятда қолдириш» номли XV бўлими 256-моддасида 7 ёшга тўлмаган болани кимгадир бериш ёки ташлаб кетиш ҳолатида 4 йил 6 ойдан ошмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки жарима шаклидаги жиноий жавобгарлик назарда тутилган6. Aгар бундай ҳаракатлар оқибатида жабрланувчига оғир шикаст етказиш ёки ўлим ҳолати юз берса, унда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тегишинча 7 йил 6 ойдан 9 йилгача кўпаяди. Aгар ушбу жиноятнинг субъекти она ёки ота бўлса, унда жазо учдан бир қисмга ортиши мумкин. Башарти она «бола туққанлиги ҳолати ошкор бўлишидан қўрқиб, уни кимгадир бериб кетган ёки ташлаб кетган» бўлса, у ҳолда қамоқ муддати икки бараварга камайтирилади.

Ушбу Жиноят кодексининг «Шахснинг эркинлигига қарши жиноятлар» номли XVIII бўлими 279-моддасига кўра «вояга етмаганни унга нисбатан васийликка эга шахсдан ёки қонуний ваколатга эга бўлган шахслар қарамоғидан ёки қонуний равишда назорат қилиш вазифасига эга шахснинг назоратидан қасддан олиб кетган шахс олти йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ёки жаримага тортилади». Aгар вояга етмаган шахс 12 ёшга тўлмаган бўлса ёки унга нисбатан алдов, зўрлик ишлатилган бўлса ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитилган бўлса, қамоқ муддати 9 йилгача ортади.

Aгар шахс васийлик остидан олиб кетилган ёки ўзи қочиб кетган вояга етмаганни қасддан суд органлари ходимлари ёки полиция ходимлари терговидан яширса ёки беркитиб турса, у ҳолда бундай шахс 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ёки жаримага тортилиши мумкин.

Швейцария Жиноят кодексининг «Оилага қарши қилмишлар ва жиноятлар» номли VI бўлимида7 220-модда мавжуд бўлиб, унга мувофиқ «вояга етмаганни ота-оналик ёки васийлик ваколатига эга бўлган кишидан тортиб олган ёки вояга етмаганни қайтаришдан бош тортган ҳар қандай шахс шикоят асосида қамоқ ёки жарима билан жазоланади».

Польша Жиноят кодексининг 207-моддасида8 «яқинига ёки айбдор шахснинг доимий ёки вақтинча қарамоғида бўлган бошқа шахсга, кичик ёшдаги ёки жисмоний ёхуд руҳий ҳолати туфайли ожиз шахсга жисмоний ёки руҳий таъсир этиш орқали таҳқирлаган шахс»га нисбатан 3 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзида жавобгарлик белгиланган. Aгар ушбу қилмиш ўта шафқатсиз лик билан боғлиқ бўлса, айбдор 1 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Aгар ушбу қилмишнинг оқибати сифатида «жабрланувчи ўз ҳаётига суиқасд қилишга уринган бўлса», айбдор 2 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Польша жиноят қонунчилигидаги озодликдан маҳрум қилишнинг бундай кенг доираси айбдорга индивидуал равишда жазо тайинлашга имкон беради.

Кодекснинг 209-моддасида «зиммасига қонун ёки суд қарори билан юклатилган васийлик вазифасини бажаришдан ашаддий равишда бўйин товлаб, яқини ёки бошқа шахсни сақлаш учун маблағ бермаслик йўли билан уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қондириш имконини йўққа чиқарган» шахсга нисбатан 2 йилгача озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш ёки жарима жазоси қўлланади. Шунингдек, Польша қонунчилигида «15 ёшгача бўлган ёки руҳий ёхуд жисмоний ҳолати туфайли ожиз шахсга ғамхўрлик қилиш мажбурияти» мавжуд.

210-моддасида эса бу тоифадаги шахсни «ташлаб кетган» шахс учун жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Aгар бундай «ташлаб кетиш» оқибати ўлимга олиб келадиган бўлса, унда 6 ойдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Мазкур кодекснинг «Оила ва васийликка қарши жиноятлар тўғрисида»ги XXVI боби 211-моддасида «васийлик ёки назорат қилиш мажбуриятлари юкланган шахснинг иродасига қарши 15 ёшга тўлмаган болани, ақлий ёки жисмоний ҳолати туфайли ожиз шахсни олиб кетган ёки ушлаб турган шахс» жарима ёки озодликни чеклаш билан жазоланади.

Хуллас, Европа жиноят қонунчилигида нафақат боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, балки ота-оналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мўлжалланган нормалар ҳам мавжуд. Бунда бола нафақат бегона шахслар тажовузидан, балки унинг учун масъул бўлганлардан ҳам муҳофаза қилинган. Бундан ташқари, жиноят қонунчилигида болани алмаштириш ва ўғирлаш учун ҳам жавобгарлик мавжуд.

Шуниси эътиборга лойиқки, боланинг энг муҳим ҳуқуқлари: оилада яшаш ва тарбия олиш, ғамхўрлик қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи Европа жиноят қонунчилигида ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексидаги каби ишончли ҳимояланган. Бироқ миллий жиноят қонунчилигимизда айрим бўшлиқлар мавжуд. Мисол учун болани ташлаб кетиш ҳақидаги, ота-она ваколатларининг бузилишига оид қоидалар
йўқ (масалан, Швейцария Жиноят кодексида вояга етмаганни ота-она ёки ҳомийлик ваколатига эга бўлган шахсга қайтаришдан бош тортганлик учун жазо назарда тутилган).

Айрим кодексларда ўзига юкланган васийлик (ҳомийлик) вазифасидан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, фикримизча, васийлик (ҳомийлик)дан таъмагирлик мақсадида фойдаланиш ёки тарбиясидагиларни назоратсиз ёки зарур ёрдам кўрсатмасдан қолдириш учун жавобгарликни белгилаш ҳозир Ўзбекистон Жиноят кодекси учун ҳам долзарбдир.

Юқоридагиларга кўра янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Жиноят кодексига қуйидаги янги моддани киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

1231-модда. Васийлик (ҳомийлик) тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахс устидан белгиланган тартибда васийлик (ҳомийлик) вазифаларини бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни назоратсиз ёхуд қаровсиз қолдириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса —

уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ушбу қилмиш вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса —

икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни белгиланган тартибда тайинланган васий (ҳомий)га топширмаслик, шу жумладан, васийлик (ҳомийлик) белгиланган шахсни ушлаб туриш ёхуд яшириш —

икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Зулхумор ИБРОҲИМОВА,
Тошкент давлат юридик университети таянч докторанти

 

1 Райгородский Д.Я. Психология семьи (Серия «Психология семейных отношений»). Учебное пособие для факультетов психологии, социологии, экономики и журналистики. Самара: Издательский Дом «БАХРАХ-М», 2002. – с. 752.

2 Ансель М. Методологические проблемы сравнительного права // Очерки сравнительного права. – М., 1991.

3 Уголовный кодекс / пер. с нем. А. В. Серебренниковой; под науч. ред. Н.Ф. Кузнецовой, Ф.М. Решетникова. – М.

4 УК Испании / Перевод с исп. В.П. Зыряновой, Л.Г. Шнайдер / под ред. Н.Ф. Кузнецовой, Ф.М. Решетниковой. – М., 1998.

5 Рeшетникова Г. А. Угловно-правовая охрана семьи и несовершеннолетних: Дисс. … канд. юр. наук. – Ижевск.

6 УК Голландии / пер. с англ. И.В. Мироновой; науч. ред. Б.В. Волженкин. – СПб.

7 УК Швейцарии / пер. с нем., предисл. А.В. Серебренниковой. – М.

8 УК Республики Польша / Пер. с польского: Д.А. Барилович, О.В. Хацкевич, Н.И. Ясинская // под общ.ред. Н.Ф. Кузнецовой. – Минск.

- Advertisement -

Latest news

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...
- Advertisement -

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...

Қандай ҳолларда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинади?

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт. Қуйидаги сабаблардан бирининг...

Related news

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...

Қандай ҳолларда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинади?

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт. Қуйидаги сабаблардан бирининг...
- Advertisement -