Оила даврасида (ҳикоя)

Кадзуо Исигуро

Фугу балиғини Тинч океанининг Япония қирғоқларида овлашади. Бу балиқдан жуда эҳтиёт бўламан. Онам шу балиқдан заҳарланиб вафот этган. Фугунинг жинсий безларидаги бир жуфт юпқа халтачада заҳар бўлади. Уларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш керак – пичоқнинг тиғи салгина тегса ҳам бас, парда йиртилади ва балиқ эти заҳарланади.  Афсуски, буни уддалай олганингни текшириб бўлмайди.  Ягона йўли – «худо ўзинг асра» дейсану ­балиқни ейсан.

Фугу балиғи заҳари билан заҳарланганлар даҳшатли азоб тортади, охир-оқибат аксарияти нобуд бўлади. Заҳарланган балиқни кечки овқат пайтида есанг, оғриқ кечаси бошланади. Бу заҳар қурбони бир неча соат тўлғана-тўлғана азобланиб, тонгда вафот этади. Японияда бу балиқ истеъмоли айниқса урушдан кейин урф бўлди. Токи қатъий чекловлар жорий қилинмагунча, ошхонада балиқни таваккалига нимталаб пишириш ҳамда дўсту ёрлару қўни-қўшниларни балиқхўрликка таклиф қилиш  шоҳона зиёфат саналарди.

Онам вафот этган пайтда мен Калифорнияда яшардим. Ота-онам билан муносабатларим анча ёмон бўлгани учун фақат орадан икки йил ўтганидан кейин, Токиога қайтгач, онам нимадан вафот этганини эшитдим. Онам ҳеч қачон фугу емасди, лекин ўшанда, уни таклиф қилган синфдош дугонасининг кўнг­ли учун фақат бир марта татиб кўрган.  Буларнинг барчасини аэропортдан уйга, Камакурага қайтар эканман, отам йўл-йўлакай айтиб берди.

Ниҳоят уйга етиб келганимизда қуёшли куз куни охирлаб қолганди.

– Самолётда овқатландингми? – сўради отам.

Биз чойхўрлик қилинадиган хонадаги чий бўйра устида ўтирардик.

– Ҳа, самолётда енгил тамадди қилиб олдим.

– Унда очқаган бўлсанг керак. Кикуко келсин, овқатланамиз.

Отам жуда важоҳатли кўринарди – туртиб чиққан энсаси нақ катта ликопчадай келар, қора қуюқ қош­лари қўрқинчли эди. Эндиликда ўтмишни эслаб, отамни жуда ҳам Чжоу Энь-Лаяга ўхшатаман, ҳолбуки бу ўхшатиш унга ёқмаган бўларди: биз томиримизда олижаноб самурайлар қони оқаётгани билан ҳамиша мағрурланганмиз. Отам билан хотиржам суҳбатлашиб бўлмасди, бунинг устига ёлғиз унинг айтганлари тўғридай ҳар бир гапни эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда кесиб гапирарди. Ҳозир, отам билан юзма юз ўтирарканман, болалигимда «сергап кампирдай тилимга эрк берганим» учун юзимга боплаб тарсаки тортиб юборганини эсладим. Бинобарин, суҳбатимиз ўз-ўзидан узилиб қоларди.

– Ширкатингиз ҳақидаги гаплардан ташвишга тушдим, – дедим анча давом этган сукутдан кейин.

Отам қовоғини уйганча имо қилди.

– Ҳали бу ҳаммаси эмас, – тўнғиллади у. – Ширкатимиз барбод бўлгач, Ватанабе ўз жонига қасд қилди. Бундай шармандаликка чидай олмади.

– Йўғе?!

– Ўн етти йил бирга ишладик. Жуда ориятли ва қатъиятли эди. Уни қаттиқ  ҳурмат қилардим.

– Тижорат билан яна шуғулланасизми?

– Менми…  ҳафсалам пир бўлган. Қаридим, ҳаммасини бошидан бошлашга қувватим йўқ. Устига-­устак олдингидай ишлар қаёқда дейсан. Хорижий келгиндилар билан найрангбозликни одат қилиб олишган.  Уларнинг нағмасига ўйнашяпти.  Қандай шу аҳволга тушиб қолдик, сира тушуна олмайман.  Ватанабе ҳам тушуна олмай боши қотганди. – Отам уф тортди. – Тилла одам эди. Айтган гапига хиёнат қилмасди.

Чойхўрлик қилинадиган хонадан боғчага чиқиларди. Ўтирган жойимда япроқлар орасидан эски қудуқни кузатардим. Болалигимда бу қудуқ арвоҳлар макони эканига ишонардим. Офтоб ботар экан, боғда шом  қорая бошлади.

– Қайтиб келганинг жуда яхши бўлди, – деди отам. – Ишқилиб, анча вақт биз билан бўласанми?

– Билмадим. Ҳозирча бирон қарорга келганим йўқ.

– Ўтган гапларга салавот. Онанг ҳам сени бағрини очиб кутиб олган бўларди. Лекин бечорани рос­такам ранжитгандинг.

– Ота, жон деб сиз билан қолган  бўлардим. Бироқ бундан буён нима қилишни ҳозирча ўзим ҳам билмайман.

– Афсус, ҳалиям ақлинг кирмабди, – чуқур тин олди у. – Бегоналардан улгу олишнинг оқибати бу.  Ҳозир кўпчиликка теккан касал.

– Балки ўтган гапларни кавлаштирмай қўя қолармиз-а?

– Майли. Яна чой ичасанми?

Шу пайтда синглимнинг қўнғироқдай овози ­янг­ради.

– Ниҳоят, – деди отам ўрнидан қўзғалиб. – Кикуко келди.

Ёшимиздаги фарққа қарамасдан синглим билан ҳамиша иноқ бўлганмиз.  Мени кўриб шундай қувондики, ҳатто тили калимага келмас, фақат терисига сиғмай хо-холаб куларди. Отам ундан Осакани, университетни сўрай бошлади ва у ўзини бироз босиб олди. Отамнинг саволларига хушмуомалалик билан лўнда жавоб берди. Кейин мени саволларга кўмиб ташлади, лекин бирон нозикроқ мавзуни беихтиёр айтиб, ҳамиятимга тегишдан ҳадиксираётгани сезилиб турарди. Отам билан ҳам гапим унчалик қовушмаётганди, Кикуко келгач, баттар бўлди. Ниҳоят отам ўрнидан турар экан, деди:

– Кечки овқатга уннаш керак. Кечирасан, овқат қиламан. Кикуко билан гаплашиб ўтиргин.

Отам чиқиши билан синглим енгил тин олди. Бир дақиқа ҳам ўтмасдан Осакадаги дўстлари, университетдаги машғулотлар ҳақида қалдирғочдай вижирлаб сайрай кетди. Кейин дафъатан боғчада сайр қилишимиз керак деган қарорга келиб, қўзичоқдай ўйноқлаб  айвонга югуриб чиқди. Зинапоя панжараси олдида турган чипта шиппакларни ки­йиб, боғчага чиқдик. Шом қоронғиси тушганди.

– Жуда хумор қилди – чекишим керак, ярим соат аранг чидадим, – деди Кикуко сигарани ёндирар экан.

– Нега олдинроқ чекмадинг?

У кўзлари билан уйга имо қилиб, мийиғида айёрона кулиб қўйди.

– Ҳа-а, тушунарли, – дедим мен.

– Дарвоқе, менинг хушторим бор!

– Шунақа дегин?

– Лекин нима қилишга ҳайронман. Бошим қотган.

– Одатий ҳол.

– У Америкага кетмоқчи. Ўқишни тугатгач, мени ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи.

– Сен-чи? Сен ҳам Америкага бормоқчимисан?

– Биз у ерда, дуч келган манзилга йўловчи машинада етиб олган бўлардик.  – Кикуко бош бармоғини ўзига хос тарзда кўтарди. – Айтишларича, бу хатарли эмиш, мен эса Осакада неча марта йўловчи машинада юрганман, нима бўпти, жин ҳам ургани йўқ!

– Шундай экан нимадан хавотирдасан?

Биз буталар оралаб илонизи йўлакчадан кетиб борардик, бу йўлак тўғри эски қудуққа олиб борарди. Кикуко қўлидан тамакини қўймас, кўз-кўз қилганча тутунини ичига тортарди.

– Тўғриси,  Осакани яхши кўраман. Бу ерда дўстларим кўп. Уларни ташлаб кетгани кўзим қиймайди. Суичи эса… Жуда келишган йигит, бироқ ҳар доим битта йигит билан бирга юриш ҳам меъдага тегади…  Нима дейишга ҳам ҳайронман. Ўзинг биласану.

– Билганда қандоқ!

У яна тиржайди, диконглаб олдинга, қудуқ томон югурди.

– Эсингдами, – деди мен ортидан етиб боргач, – болалигимизда ҳамиша бу ерда арвоҳлар яшайди дер эдинг?

– Эсимда.

Икковлон қудуқнинг ичига назар ташладик.

– Онам эса бу ерда ҳеч қандай арвоҳ йўқ дерди. Ўшанда сен бу ерда кўкатфуруш кампирни кўргансан деганди, – деди синглим. – Лекин онамнинг гапига ишонмаганман ва қудуқнинг олдига сира ҳам ёлғиз келмаганман.

– Онам менга ҳам шундай деган. «Ўша мен эдим» деб кампирнинг ўзи айтганмиш. Бизнинг боғ оралаб йўлни тикка солган экан. Ҳайронман, боғ тўсиғидан қандай ўтди экан-а?

Кикуко кампирнинг тўсиқдан ошаётганини кўз олдига келтирди шекилли, кулиб юборди. Кейин қудуққа орқа ўгириб, боғни кузата бошлади.

– Онам ҳеч қачон сени чинакамига айбламаган,  – деди тамомила бошқача йўсинда. Мен эса индамадим.

– Аслида отам иккаласи айбдор экани – сени ёмон тарбия қилишганини тез-тез такрорларди. Улар асосан менга меҳр беришган экан, шу боис шундай яхши қиз бўлиб вояга етибман. – Кикуко менга тикилди. Қитмирона кулгудан чеҳраси яна ёришди. Бироз сукут сақлагач, хўрсиниб деди:

 – Шўрлик онам.

– Ҳа, бечора онагинам!

– Калифорнияга қайтиб кетасанми?

– Билмадим. Ўйлаб кўраман.

– Дарвоқе, анави …? Вики билан муносабатинг яхшими?

– У билан алоқани узганман. – Калифорниянинг ортиқ менга қизиғи йўқ.

– Айт-чи,  Америкага борсам бўлармикан?

– Нега бўлмас экан? Аниқ бирон гап айтишим қийин. Лекин Америка сенга манзур бўлса, ажаб эмас. – Уй томон ўгирилдим. – Уйга қайтсакмикан? Балки кечки овқатни тайёрлашда отамга ёрдам бериш керакдир?

Лекин синглим яна қудуққа эгилди.

– Ҳеч қандай арвоҳ кўрмаяпман, – деди у. Қудуқнинг ичидан заифона акс-садо келди.

– Ширкати ёпилганига отам ростан ҳам қайғураяптими?

– Билмадим. Отамни тушуниш қийин. У илкис қаддини ростлаб, менга ўгирилди. – Қария Ватанабе ҳақида гапириб бердими? Унинг нима қилганини билсанг эди!

– Жонига қасд қилганмиш.

– Кошки фақат ўз бошини еган бўлса. Бутун бош­ли оила ҳаётига зомин бўлди. Хотини ва икки гўдак қизчаларини ҳам ўзи билан олиб кетди.

– Ё, алҳазар!

– Фариштадай қизчалар увол бўлди. Улар ухлаб ётганда, Ватанабе газни очиб қўйган. Кейин эса пичоқ билан ўзининг қорнини ёриб ташлаган.

– «Ватанабе – жуда ҳам қатъиятли одам» бўлганини отам ҳам айтди.

– Қанақа қатъият? Ҳақиқий жинни!

Синглим яна қудуққа тикилди.

– Эҳтиёт бўл. Йиқилиб тушмагин тағин.

– Арвоҳнинг ному нишони ҳам йўқ, – такрорлади у. – «Қудуқда арвоҳ бор!» деб мени ҳамиша алдагансан.

– «Арвоҳ қудуқда яшайди» демаганман.

– Аксинча, қаерда у?

Боғни яна бир бор кўздан кечирдик. Деярли шом тушиб бўлди. Бизлардан ўн одимча наридаги ғира-шира жойга ишора қилдим.

– Ҳов анави ерда. Арвоҳни ўша жойда кўрганман.

Биз ғира-шира ёришиб турган очиқ жойга ­тикилдик.

– Арвоҳ қанақа эди?

– Қоронғида яхши кўролмаганман.

– Лекин бирон жиҳатини пайқагандирсан?

– Айтаяпману – ялмоғиздай кампир эди. Анави ерда турганча мендан кўзини узмасди.

Бизлар афсун домига илингандай ўша очиқ жойдан кўз узолмасдик.

– Эгнида оппоқ кимоно, – дедим мен. – Бир тутам сочларини шамол ўйнарди .

Кикуко мени тирсаги билан туртди:

– Бўлди, бас қил. Яна мени қўрқитмоқчимисан?!

У сигара қолдиғини оёғи билан эзди, сўнг оёғи остига тикилганча хаёлга толди. Эзилган сигара қолдиғини оёғининг учи билан қарағай барглари тагига кўмди ва яна жилмайди-да деди:

– Кетдик, кечки овқат ҳам тайёр бўлиб қолгандир.

Отам ошхонада экан. Овқат пишириш билан овора бўлганча бизга кўз қирини ташлади.

– Отам – қўли ширин ошпаз, – деди Кикуко қувонч билан. – Ошхонани тамомила ўзиники қилиб олган.

Отам унга гинаомуз назар ташлади.

– Топган гапини қара? Ундан кўра ёрдамлаш.

Синглим ошиқмади. Кейин жавоннинг олдига борди-да, ғаладон тортмасига илинган пешбандни олди.

– Сабзавотларни қайнатиш керак, – деди унга отам, – газ плитадаги қозондан ҳам кўз узмагин.

Отам бошини кўтарди ва менга бир муддат ғалати тикилди.

– Уйни кўздан кечириб чиқсанг чакки бўлмасди, – деди ниҳоят у. Шу пайтгача ушлаб турган овқат ейдиган чўпларни столга қўйди. – Кўпдан буён уйда бўлмадинг ахир.

Эшикнинг олдида  қайрилиб қарадим, лекин Кикуко бизга орқа ўгириб турарди.

– Она қизим! – деди отам.

Отам мени хонама-хона етаклай бошлади. Уйи­миз қанчалар катта экани ёдимдан кўтарилаёзибди. Сурма эшиклар сирпаниб, навбатдаги хонага кирамиз. Барча хоналар ўғри ургандай шип-шийдам. Битта хонанинг чироғи ёнмади, лекин деразадан тушиб турган хира ёруғда яланг деворлару чий бўйра ғарибона оқариб кўринарди.

– Бу уй битта одамга катталик қилади, – деди отам. – Бу хоналарга деярли кирмайман ҳисоби.

Ниҳоят китоблар ва қоғозлар билан тўла хона эшигини очди. Гулдонларда гуллар, деворда эса – картиналар.  Бурчакдаги пастак стулчада нимадир турарди. Яқинроқ бориб қарасам, пластмассадан ясалган митти кема. Бундай кемаларни одатда болалар ясайди. Кема газета устида; ёнида эса кўкимтир платмасса бўлакчалари ётарди.

Отам кулимсиради. Столга яқин келиб, ясама кемани қўлига олди.

– Ширкат қўлдан кетгач, – деди у, – салкам бекорчихўжа бўлиб қолдим. – У яна кулди, лекин бу кулгуси жуда ғалати эшитилди. Бир сония қиёфасида меҳр балқиди. – Бўш вақтим анча кўпайди-да.

– Ишонгим келмайди, – ажабландим мен. – Сиз ҳамиша бирон иш билан машғул бўлардингиз.

– Ҳа, нимасини айтасан. – Отам менга қараб ожизона жилмайди. – Ҳолбуки, ота сифатида сизларга кўпроқ ғамхўрлик қилишим керак эди.

Мен беихтиёр кулимсирадим. Отам эса кема макетини хаёлчан кўздан кечирарди. Кейин бошини кўтарди.

– Сенга бу гапни айтмоқчи эмасдим, бироқ айт­ганим маъқул шекилли. Ўйлашимча, онанг бежиз бевақт вафот этмади. Дарду ҳасрат, соғинчу умидсизлик бечоранинг бошини еди.

Отам ҳам, мен ҳам пластмасса кемадан кўз узмасдик.

– Лекин онам раҳматли, – дедим мен ниҳоят, – бу ерда қолмаслигимни яхши биларди-ку!

– Чамаси, ҳеч вақони тушунмаяпсан. Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада! Бағрингда папалаб ўстирган боланг, вояга етгач, қушдай қанот чиқариб учиб кетади. Нега? Нима учун?! – Отам кемачани қўлида айлантириб томоша қила бошлади. – Манави қайиқларни яхшироқ елимлаб ёпиштириш керак эди, шундаймасми?

– Эҳтимол. Лекин шундай ҳам жуда чиройли.

– Урушда шунга ўхшайдиган кемада хизмат қилганман. Лекин доим ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилардим. Ўзимча ўйлардим: агар денгизчи бўлсанг, башарти душман кемани чўктириб юборса, сув юзида аранг жон сақлаганча, зора қутқариб олишса деб умидвор жовдирайсан. Самолёт эса бутунлай бошқача, оғир вазиятга тушиб қолсанг – ҳаммаси равшан! – Отам кемачани столга қўйди. – Дарвоқе, сен урушда бўлмагансан, бу гапларнинг сенга қизиғи йўқ.

–Умуман, гапингиз тўғри.

Отам хонага бирров кўз югуртирди.

– Кечки овқат ҳам тайёр бўлгандир, – деди у. – Қорнинг ҳам очган бўлса керак.

Ошхонага туташ хира ёритилган хонада дастурхон тузалганди. Ягона ёруғлик манбаи –  хонтахта устидаги катта фонус бўлиб, қолган жойларни кўланка қоплаганди. Учаламиз бир-биримизга таъзим қилдик ва овқатлана бошладик.

Дастурхон устида деярли гаплашилмади. Мен таом ширин бўлибди дея лутф қилдим, Кикуко бунга жавобан самимий кулиб қўйди. Унинг чеҳраси яна ёришиб кетгандай бўлди. Отам эса бир неча дақиқа чурқ этмади.

– Яна Японияда эканинг ҳафсалангни пир қилмаяпти, – ниҳоят гап ташлади отам.

– Ҳа, кўнглим бироз ғаш.

– Америкадан қайтиб келганингдан пушаймонмисан?

– Салгина. У ерда деярли ҳеч нарсам қолмади. Яланг деворлардан ўзга.

– Яхшиликка бўлсин.

Хонтахта оша отамга тикилдим. Хира ёруғда қиё­фаси тунд ва қаҳрли туюлди. Ўртага яна жимлик чўкди.

Қўққисдан хона бурчагида қандайдир шарпа кўзимга чалинди. Олдинига овқатланавердим, кейин эса қўлимда чўпларни тутганча ҳайкалдай тош қотдим. Отам билан синглим буни пайқаб, ажабланиб менга тикилиб қолди. Мен эса отамнинг ортидаги нимқоронғуликдан кўз узолмасдим.

– Ким бу? Анави,  фотосуратдаги?

– Қайси фотосуратдаги? – Мен тикилиб турган томонга отам ҳам ўгирилди.

– Энг пастдаги фотосурат. Оппоқ кимоно кийиб олган кампир.

Отам қўлидаги чўпларни қўйди. Фотосуратга тикилди, кейин эса менга ўгирилди.

– Онанг-ку! – зарда билан деди у. – Нима, ўз онангни ҳам танимаяпсанми?

– Онамнинг суратими?… Ўша бурчак қоронғироқ. Ҳеч нарсани аниқ кўрмаяпман.

Бир неча сония ҳеч биримиз миқ этмадик. Ке­йин Кикуко қўзғалди.

Девордан суратни олиб, менга узатди.

– Бу суратда анча кекса кўринаркан, – дедим мен.

– Бу расмга вафотидан сал олдин тушганди, – изоҳ берди отам.

– Қоронғироқ бўлгани учун узоқдан яхши илғай олмадим.

Бошимни кўтаргандим, отам қўлини узатди. Суратни унга бердим. Отам бироз синчиклаб тикилгач, Кикукога берди. Синглим итоаткорона ўрнидан туриб, суратни жойига илиб қўйди.

Хонтахта ўртасида қопқоқли катта кастрюл турарди. Кикуко жойига ўтиргач, отам бироз эгилиб, кастрюл қопқоғини очди. Кастрюлдан буғ ўрмалаб фонус томон кўтарилди. Отам кастрюлни мен томон сурди.

– Назаримда, қорнинг тўймади, – деди у. Унинг юзининг ярмини кўланка қоплаганди.

– Миннатдорман. – Чўпларни кастрюлга солдим. Қайноқ буғ қўлимни куйдираёзди. – Нима бу?

– Балиқ.

– Ҳидига қараганда, жуда мазали.

Шўрвада коптокчадай юмалоқланган балиқ бўлаклари қалқар эди. Улардан бирини олдим-да ликопчага солдим.

– Ол яна. Бу ерда кўп.

– Раҳмат.

Яна битта балиқ олиб, кастрюлни отам томонга сурдим. Ва кузата бошладим: отам бир неча бўлакни ўзининг ликопчасига олди. Кикуко ҳам ўз насибасини олишини бироз кутдик.

Отам мен томон эгилиб таъзим қилди.

– Янглишмасам, жуда қорнинг оч сенинг, – ­деди у. Кейин бир бўлак балиқни олиб чайнай ­бошлади.

Мен ҳам бир бўлак балиқни оғзимга солдим. Балиқ мазали ва юмшоқ эди. Учаламиз ҳам миқ этмай овқатланардик. Бир неча дақиқа ўтди. Отам ­кастрюл қопқоғини кўтарди, ундан яна буғ кўтарилди. Ҳаммамиз галма-галдан балиқдан олдик.

– Охирги бўлак сизники, –дедим отамга.

– Миннатдорман.

Овқатланиб бўлгач, отам хотиржам эснади ва керишганча деди:

– Кикуко, илтимос, чой дамлагин.

Синглим унга бир қаради-да, ошхонага чиқди. Отам қўзғалди.

– Бошқа хонага ўтайлик. Бу ер димиқиб кетди. Мен ҳам ўрнимдан туриб, отамнинг ортидан чой ичиладиган хонага чиқдим. Йирик сурма деразалар очиқ  бўлиб,  боғдан шабада уфурарди. Биз сукут сақлаганча ўтирардик.

– Ота, – дедим ниҳоят.

– Ҳа?

– Кикуко айтишича, Ватанабе-сан бутун оиласини ўлдирибди. – Отам бошини эгиб, гапимни маъқуллади. У чуқур ўйга толгандай кўринарди.

– Ватанабе ўз ишига астойдил кўнгил қўйганди, – деди охир-оқибат. – Ширкатнинг таназзули унга қаттиқ зарба бўлди. Чамаси, айни шу нарса уни ақлдан оздирди.

– Сизнингча, унинг иши… Хатоми?

– Албатта. Сен бошқача фикрдамисан?

– Йўқ-йўқ. Албатта, йўқ.

– Худога шукурки, ҳаёт фақат касбу кору ишдан иборат эмас,– деди отам.

Яна хаёлга толдик. Боғдан ҳашаротларнинг чириллашлари эшитиларди. Дераза ортидаги қоронғиликка назар ташладим. Қудуқ кўринмасди.

– Энди нима қиласан? – сўради отам. – Ҳозирча Японияда қоласанми?

– Рости, узил-кесил бир қарорга келганим йўқ.

– Агар шу ерда – мана шу уйда демоқчиман, – қолишни истасанг, бош устига. Башарти, мен каби қария билан яшаш энсангни қотирмаса.

– Миннатдорман, ота. Ўйлаб кўраман.

Яна дераза ортидаги қоронғиликка тикилдим.

– Дарвоқе, – деди отам, – эндиликда уйимиз бироз зерикарли бўлиб қолган… Ишончим комилки, кўп ўтмай Америкага қайтиб кетасан.

– Эҳтимол. Ҳозирча билмадим.

– Ишонаман, қайтиб кетасан.

Отам қўлларини қовуштириб тиззасига қўйганча сукутга толди. Кейин нигоҳини кўтариб хўрсинди.

– Келаси баҳорда Кикуко университетни тугатади, – деди у. – У мен билан уйда бирга яшайди деб умидворман. Кўз тегмасин, жуда ақлли.

– Эҳтимолдан холи эмас.

– Ўшанда менга ҳам анча осон бўлади.

– Ишончим комил, худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.

Кикуко чой келтиришини кутиб, яна хаёлга толдик.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ таржимаси.