Оила жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳар қандай мамлакатда алоҳида ўрин эгаллайди. Оилани қўллаб-қувватлаш, унинг барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборида бўладиган устувор йўналишлардан биридир. Бинобарин, оилаларнинг тинч-тотувлиги мамлакат ривожи ва истиқболини белгиловчи асосий омил ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади» деб белгилаб қўйилган.

Оилага доир принциплар кўплаб хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам ифодаланган. Масалан, Греция Конституциясида миллатни сақловчи ва ривожлантирувчи асос сифатида қайд этилган1.

Юридик адабиётларда оила, оилавий муносабат субъектлари, никоҳ, оила аъзоларининг алимент мажбуриятларига эътибор қаратилган. Аммо оила аъзоси тушунчаси алоҳида назарда тутилмаган. Ҳуқуқий нуқтаи назардан оиланинг асосий белгиларидан бири оила аъзоларининг биргаликда яшашидир. Шу сабабли, оиланинг ҳамма масалаларини эр-хотин ўзаро розилик асосида биргаликда ҳал қилишади.

Оила кодексининг 5-моддасида «Оила тўғрисидаги қонунчилик никоҳ тузиш, никоҳнинг тугатилиши ва уни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари ва тартибини белгилайди, оила аъзолари: эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) ўртасидаги, оила тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва доирада эса қариндошлар ҳамда ўзга шахслар ўртасидаги шахсий номулкий ва мулкий муносабатларни тартибга солади, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага олиш шакл ва қоидаларини, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибини белгилайди» деб мустаҳкамланган.

Демак, эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) оила аъзоси ҳисобланади. Кодекснинг 57-моддасида қариндошликни тўғри шажара ҳамда ён шажара бўйича фарқлаш белгиланган.

Л.Пчелинцеванинг фикрича, оила тушунчасининг Оила кодексига киритилиши ва унда оила аъзолари доирасига кирувчи шахсларнинг аниқлаштирилиши уларнинг ҳуқуқлари бузилишига ва асоссиз равишда оила аъзолари доирасининг кенгайишига олиб келади2. Ушбу фикрни муайян даражада тўғри дейиш мумкин. Чунки у ёки бу тушунчани белгилашдаги ҳаддан зиёд эътибор турлича ёндашувларни пайдо қилиб, тушунча доирасининг асоссиз равишда кенгайишига ҳам олиб келиши мумкин.

Бу борада Жиноят кодекси янада илгарилаб кетган. Унда яқин қариндошлар сифатида қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, шу жумладан, ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука, опа-сингиллар ҳам назарда тутилади. Бу ўринда турли коррупцион жиноятларнинг олдини олиш мақсадида оила аъзолари доираси ниҳоятда кенгайтириб
юборилган. Ваҳоланки, жиноят содир этилиши фақатгина қариндошлик ёки оила аъзолари доираси билан қатъий боғлиқ эмас.

Фикримизча, оила ва жиноят қонунчилигида белгиланган қариндошлик даражалари фарқ қилмаслиги лозим. Аввало, Оила кодексининг бу борадаги ўрни ва роли, принципиал масалаларни ҳал қилишда устунлиги эътибордан четда қолмаслиги керак. Хусусан, қариндошлик даражасини, оила аъзолари доирасини белгилаш Оила кодексининг предмети доирасидаги масала эканини назарда тутиш лозим.

Уй-жой кодексининг 32-моддаси иккинчи қисмида турар-жойда яшовчи оила аъзоларига таъриф берилган. Унга кўра, турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

Бундан ташқари, уй-жой қонунчилиги меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкинлигини назарда тутади (Уй-жой кодексининг 32-моддаси учинчи қисми).

Меҳнатга лаёқатсиз боқимандалар (доимий тирикчилик манбаига эга бўлмаган шахслар, вояга етмаган болалар, вояга етган болалар, вояга етган ногиронлар, 55 ёшдан ошган аёллар, 60 ёшда ошган эркаклар), шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган (умумий ягона рўзғор – овқатланиши, томорқада ишлаши, ўз моддий маблағлари, саъй-ҳаракатлари билан умумий эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этиши, ўз талабларини қаноатлантириши, бир-бирлари тўғрисида ғамхўрлик қилиши ва ҳ.к.) бўлсалар ва унинг турар жойида доимий яшашга рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин (масалан, суд томонидан)3.

Юқоридаги нормалардан кўринадики, оила аъзолари фақат турар жойда яшаш ҳуқуқи нуқтаи назаридан аниқланади, унинг доираси қонун нормасида белгилаш билан бир қаторда тарафлар келишуви асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу ўринда фақат оила аъзоларининг турар жойдан фойдаланиши асосида оила аъзолари тушунчаси белгиланади.

И.Кузнецованинг фикрича, оила (юридик маънода) деганда, никоҳ, қариндошлик, фарзандликка олиш ва болани бошқа шаклда ои лага тарбияга олишдан келиб чиқувчи, шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғланган шахслар доираси тушунилади4. Бу ўринда муаллиф айнан оилани юридик маънода тушунишга доир фикрни билдиради. Лекин, оила аъзолари доирасини аниқлаштирмайди.

Фикримизча, «оила аъзоси» тушунчасининг мавжуд эмаслиги мулкдор томонидан турли
ҳуқуқий вазиятларга, низоларга нисбатан турлича ёндашишга сабаб бўлади. Бу эса табиийки, нафақат оила аъзоларининг, балки турли сабабларга кўра, мулкдор билан бирга яшовчи шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатади.

Қонунчиликда оила аъзоларининг муайян ҳуқуқларга эгалиги ва улар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши назарда тутилган. Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Россия Федерациясининг «Судлар тўғрисида»ги қонунида судьянинг оила аъзоси сифатида фақат турмуш ўртоғи – эр ёки хотини, отаонаси ва фарзандлари ҳамда у билан умумий рўзғор юритувчи шахслар тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунида судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлиши (63-модда), судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари (84-модда) белгиланган бўлса-да, қонунда оила аъзолари тушунчасига изоҳ берилмаган. Ваҳоланки, 84-модданинг 5-қисмида «Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган моддий зарарнинг ўрни судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади» деб келтирилган.

Аксарият ҳолларда судларга турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақида даъво аризалари тақдим қилинади. Бунда нотариал тартибда тузилган уй-жой шартномасида сотувчи ва унинг оила аъзоларининг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган ҳисобланади.

Уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ва оила аъзоларининг ундан фойдаланиш ҳуқуқи бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди. Аксинча, мулкдорга ҳамда оила аъзоларига муайян ҳуқуқлар берилиши билан бирга масъулият ҳам белгилайди. Цивилистикада бу борада чекланган ашёвий ҳуқуқ конструкциялари (узуфрукт, суперфиций, сервитут) кенг доирада қўлланилган ва узоқ давр мобайнида амал қилиб келмоқда. Бундай ҳуқуқий конструкцияларнинг Европа мамлакатлари фуқаролик қонунчилигида ҳам белгилангани мазкур йўналишдаги ҳуқуқий нормалар таққослаш, таҳлил қилиш, қўлланишига доир тадқиқотларни янада долзарб қилиб қўяди.

Ҳар бир соҳа қонунчилиги ўзи тартибга соладиган муносабатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда «оила аъзолари» тушунчасини таърифлаган. Аммо «оила аъзоси» доирасини белгилашда устуворлик презумпцияси айнан оила қонунчилигида бўлиши лозим.

«Оила аъзоси» тушунчаси ҳамда оила аъзолари доирасига кимлар киритилишига аниқлик киритиш зарур. Бу борада оммавий-ҳуқуқий соҳалардаги ёндашув (жиноят қонунчилиги) ҳамда хусусий ҳуқуқий соҳадаги ўзига хосликлар (уй-жой, оила қонунчилиги) инобатга олиниши мақсадга мувофиқ.

Озода ШАМСИДДИНОВА,
Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби таянч докторанти

 

 

1. Конституции зарубежных государств. М., 1997. С. 249.

2. Семейное право России. Учебник для вузов.Инфра-М, Норма.-М., 2002. с 156.

3. Муаллифлар жамоаси. Уй-жой кодексига шарҳлар. Т.: ТДЮИ, 2007. 115-бет.

4. Комментарий к Семейному кодексу Российской Федерации / Отв. ред. И. М. Кузнецова. М., 1996. С. 10.