0,00 UZS

No products in the cart.

13.7 C
London
Shanba, Oktabr 31, 2020

ОДИЛ СУДЛОВ юртдошларимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди

- Advertisement -
- Advertisement -

Маълумки, шу йилнинг 30 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судлар фаолиятидаги ечимини кутаётган муаммолар ва келгусида ҳал этилиши лозим бўлган долзарб вазифалар хусусида сўз борди. Яъни, давлатимиз раҳбари бу борада муайян ютуқларга эришилганига қарамай, ҳали халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози эмаслигини таъкидлади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, суд одил судловнинг якуний инстанцияси сифатида жиноят содир этган шахсга нисбатан айблов ҳукми, айбсиз шахсга нисбатан эса оқлов ҳукми чиқаради. Бинобарин, Юртбошимиз “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!” деган фикрни алоҳида тилга олди.

Албатта, шахс унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Суриштирув ва тергов органлари ҳамда суд жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқишлари, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айб­ланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шу билан бирга, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлаш ва ҳисобга олиш чораларини кўриши лозим. Бу масалалар муҳокама қилинмайдиган ва фақат бажариладиган тамо­йиллардир.

Шу маънода айтганда, фикр­ларимизни жиноят ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан кўрилган жиноят ишлари мисолида давом эттирадиган бўлсак, 2020 йилнинг даст­лабки 6 ойи мобайнида тергов органи томонидан асоссиз айб қўйилган бир нафар шахс оқланган бўлса, уч нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланди. Яна 15 нафар шахс­нинг ҳаракатлари уларнинг амалда содир этган қилмишларига монанд равишда Жиноят кодексининг енгилроқ жавобгарлик назарда тутилган моддасига қайта квалификация қилинган. Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчи Муҳайё Саидова ва Муҳаббат Маҳмудова Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Зулайҳо Жонтўраеванинг укаси Умид Раимбековни Корея давлатига ишга юборишини айтиб, алдашади. Шу мақсадда йўлкира, ётоқхона ва ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари учун пул зарур эканлигини билдириб, 2018 йилнинг март-сентябрь ойларида аёлнинг 1.200 АҚШ доллари (9.677.199 сўм) ҳамда 16.900.000 сўм нақд пуллари, жами 26.577.199 сўм маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишади.

Бундан ташқари, М.Саидова янада Зулайҳонинг ишончига кириш ва фирибгарлигини яшириш учун TV-серияли, 023824-рақамли меҳнат дафтарчасига У.Раимбековнинг паспорт маълумотларини, қолаверса, унинг Тошкент шаҳар “Fort Art Group” масъулияти чекланган жамияти(Муҳайё муқаддам мазкур жамиятда ишлаган ва муҳрини ҳам ўзида сақлаб келган)да 2016 йил 5 январь кунидан иш юритувчи вазифасида ишлаётгани ҳақи­даги сохта ёзувларни киритиб, жамият раҳбарининг номидан ўзи имзолайди. Сўнгра меҳнат дафтарчасини Муҳаббат орқали З.Жонтўраевага бериб юборади.

Албатта, кейинчалик Зулайҳо Жонтўраева алданганини билгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Бинобарин, Муҳайё Саидовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”-банди, 228-моддаси 2-қисми “б”-банди билан, М.Маҳмудовага нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б”-банди, 228-моддаси 2-қисми “б”-банди билан жиноят иши қўзғатилади. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида юқоридаги меҳнат дафтарчаси ашёвий далил тариқасида олинган. Бироқ суд жараёнида Муҳаббат Маҳмудовага Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б”-банди билан нотўғри айблов эълон қилингани аён бўлди. Чунки М.Маҳмудова меҳнат дафтарчасини жабрланувчига келтириб берган бўлса-да, лекин ҳужжатни сохталаштиришда иштирок этмаган.

Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддаси 3-бандига биноан, башарти жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, оқлов ҳукми чиқарилади. Ушбу модданинг 2-қисмига мувофиқ, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингд­ек, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд шу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асосга кўра судланувчини оқлайди. Шу боис суд Муҳаббат Маҳмудовани Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б”-банди билан айбдор деб топиш баробарида кодекс­нинг 228-моддаси 2-қисми “б”-банди бўйича оқлади.

Бундан ташқари, видеоселектор йиғилишида Президентимиз судьялик лавозимини эгаллаш учун қўйиладиган муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар эндиликда терговчиликка номзодларга ҳам қўйилиши кераклиги таъкидлади. Бунинг учун Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди. Негаки суриштирувчи, терговчи, прокурор ва албатта, судь­я ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга ҳамда ҳуқуқий онгга амал қилиб, ўзининг ички ишончи бўйича иш ҳолатларига баҳо бериши шарт.

Гарчи, шахс суднинг ҳукми билангина айбдор деб топилса-да, суриштирув ва тергов органлари ўз зиммаларидаги масъулиятдан “қочиш”га интилмасликлари, биринчи инс­танция суди судьяси эса суднинг ҳукмидан норози тарафлар юқори судга апелляция ёки кассация тартибида протест ёки шикоят келтиришлари мумкинлигига ҳавола қилиб, адолатли ва қонуний қарор қабул қилишдан, бу қандай сабаблар билан боғлиқ бўлишидан қатъий назар, “четланиши” мумкин эмас.

Кези келганда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, судларда адолатли қарорлар қабул қилиш, айниқса, оқлов ҳукмлари чиқаришга монелик қиладиган тўсиқлар бартараф этилиши, суд ҳокимияти, хусусан, судьялар мустақиллиги қонуний асосларнинг мустаҳкамланиши, судья­лар ва суд ходимларининг ижтимоий муҳофазасига эътиборнинг кучайтирилиши, шунинг­дек, халқ билан мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилгани суд қарорларининг бар­қарорлигини таъминлашга турт­ки бўлганини эътироф этиш ўринли.

Хулоса қилиб айтганда, биз, судьялар келгусида ҳар бир иш бўйича қонуний қарорлар қабул қилишга, ишлар кўрилишида шаффофликни таъминлашга, адолатни қарор топтиришга бор куч ва ғайратимизни ишга солишимиз шарт. Зеро, суднинг одиллигига, судьянинг фаолиятига халқ баҳо беради. Бу эса юртдошларимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Рустамжон ЗАРИПОВ,
жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси

- Advertisement -

Latest news

- Advertisement -

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...

Related news

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...
- Advertisement -