0,00 UZS

No products in the cart.

3.3 C
London
Juma, Fevral 26, 2021

Норма ижодкорлиги: таҳлил, таққос ва таклифлар

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳар бир ислоҳот, ғоя ёки янги фикр қоғозга туширилиб, у ёки бошқа кўринишдаги қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш орқали ҳаётга татбиқ этилади. Сўнгги йилларда эса шиддатли ислоҳотлар натижасида бу борада кескин фаолликни кузатиш мумкин.

Битта рақамни келтирадиган бўлсак, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 1991 – 2015 йилларда 19 мингдан зиёд қонун ҳужжати жойлаштирилган бўлса, охирги 5 йилда 12 мингдан ортиқ ҳужжат жойлаштирилди. Бу эса мустақиллик даврида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 63 фоизидир.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, қонуности ҳужжатлари 2016 – 2020 йилларда қабул қилинган барча ҳужжатларнинг 91 фоизини ташкил этади.

Бу рақамлар нимадан далолат беради? Бу ҳуқуқий майдонимизда жуда катта жараён юз бераяпти деганидир.

Таъкидлаш лозим, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги 3666-қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга асосан ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш Адлия вазирлигининг вазифаларидан бири ҳисобланади.(1)

Бунинг механизми эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасида намоён бўлади.

Бугунги кун воқелиги тизимли муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдиришни талаб қилади, уларнинг ечимлари йўқлиги мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда акс этмоқда. Бироқ бу борада қўлланаётган норма ижодкорлиги ёндашуви қонун ҳужжатларининг мамлакат иқтисодиёти тармоқларига таъсирини баҳолаш заруриятини ҳисобга олмаяпти ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти ва фаровонлигини яхшилашга эришишни таъминламаяпти.

Шу билан бирга, умумий тусга эга бўлган қонунлар кўплиги, шунингдек, уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз айрим қарорларнинг қабул қилиниши давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишга олиб келмоқда.(2)

Рақамларга юзлансак, 2020 йил давомида Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2463 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган бўлса, улардан 2259 таси (92 %) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 204 таси эса (8 %) Вазирлар Маҳкамасининг регламенти талабларига зид бўлганлиги боис экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган.

Ҳуқуқий экспретизадан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 1520 таси (67 %)га розилик имзоси қўйилган бўлса, 739 таси (33 %)га мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган (розилик имзоси қўйилмасдан, эътирозлар билан қайтарилган).

Шунингдек, тақдим этилган 504 та идоравий ҳужжатнинг 40 фоизи қонун ҳужжатлари талабларига зидлиги туфайли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 177 та қарори ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинганлиги боис бекор қилинган.

Бу каби ҳолатларга қандай омиллар сабаб бўлмоқда? Бир сўз билан айтганда, давлат органлари юридик хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари томонидан қатъий назорат чораларини кучайтириш зарурати юзага келган.

Зеро, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ва сифатли ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш нафақат адлия органларига, балки уларни ишлаб чиқувчи органнинг юридик хизматига ҳам юклатилган.

Келгусида сифатли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши унинг пухта тайёрланишига, сифатли экспертизадан ўтказилишига боғлиқ, албатта.

Бу борада мутахассислар, хусусан, А. Брижинский сифатли норматив­-ҳуқуқий ҳужжат мезонларини қуйидаги гуруҳларга ажратади:

1) юридик­-техник жиҳатлар (норматив-­ҳуқуқий ҳужжатнинг қонунчилик техникаси талабларига жавоб бериши);

2) сиёсий жиҳатлар (норматив-­ҳуқуқий ҳужжатнинг давлат манфаатлари ва давлатда мавжуд сиёсий режимга мувофиқлиги);

3) иқтисодий жиҳатлар (норматив-­ҳуқуқий ҳужжатнинг зарур ресурслар билан таъминланганлиги, уни амалга ошириш учун зарур харажатларнинг мавжудлиги);

4) бошқарув жиҳатлари (норматив-­ҳуқуқий ҳужжатни амалга ошириш методлари, бошқарув қоидаларига риоя қилиш, коррупцияга қарши ҳолатлари);

5) ижтимоий жиҳатлар (ижтимоий муносабатларни тартибга солиш даражаси ва ҳ.).(3)

Қонунчилик амалиётида давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолиятида қуйидаги тизимли муаммолар учрайди:

биринчидан, лойиҳаларда кўтарилган муаммолар чуқур таҳлил қилинмаяпти ва таклиф этилаётган янги механизмларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири баҳоланмаяпти. Хорижий тажриба етарлича ўрганилмаяпти;

иккинчидан, энг муҳим ижтимоий муносабатларнинг қонун ҳужжатлари билан эмас, балки қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши амалиёти кучаймоқда;

учинчидан, соҳани тартибга солувчи ҳужжат бўла туриб, айнан шу масалада янги ҳужжатлар ишлаб чиқилаяпти;

тўртинчидан, қонунларда амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари билан таъминланмаган қатор ҳаволаки нормалар бор;

бешинчидан, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатлари мавжуд;

олтинчидан, вазирлик ва идоралар ўзларининг ваколати доирасида ҳал қиладиган масалалар бўйича ҳам ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда;

еттинчидан, давлат органлари лойиҳаларни иқтисодий, молиявий, илмий ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказишда сусткашликка йўл қўймоқда;

саккизинчидан, ҳокимлар қарорларида амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига зид қоидалар ўрнатилган. Ҳокимликлар томонидан уларнинг фаолияти ва қарорларни қабул қилиш жараёнларининг очиқлиги таъминланмаётганлиги натижасида фуқаролар қабул қилинаётган ҳужжатлардан бехабар қолиб кетишмоқда.

Бундан ташқари:

миллий қонунчиликда қонуности ҳужжатларининг кўплиги қонунларнинг юридик кучи қадрсизланишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда миллий базада 30 мингдан ортиқ қонун ҳужжати жамланган бўлса, уларнинг 95 фоизини қонуности ҳужжатлари ташкил этади (шундан 5 % қонунлар, 21 % Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, 50 % Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва 24 % бошқа норматив­ҳуқуқий ҳужжатлар);

қонунлардаги нормаларнинг қонуности ҳужжатларида такрорланиши ҳуқуқий тартибга солиш юкини кўпайтирмоқда ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини қийинлаштирмоқда.

Ҳар бир соҳа бўйича ўртача 4­5 та қонун, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинган. Айрим қонуности ҳужжатлари матнларининг аксарият қисми қонунлардаги нормаларни айнан такрорлайди;

давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларнинг кўплиги қонуности ҳужжатлари сонининг сунъий ошишига сабаб бўлмоқда.

Биргина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўйича 90 дан ортиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги бўйича 80 дан ортиқ норматив­ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Норма ижодкорлиги соҳасининг энг асосий бўғинларидан бири қонунчиликни тизимлаштиришдир.

Ушбу соҳада қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштиришга, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга замин яратади.

Мамлакатда сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар институционал-ҳуқуқий базани янгилашни, амалга оширилаётган чуқур ўзгаришларни инобатга олган ҳолда эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилишни тақозо этади.

Умуман бугунги жамиятимизда ривожланиш босқичига нисбатан қонун ҳужжатлари сони кўп, уларни тизимлаштириш талаб этилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, 2020 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор амалдаги қонуности ҳужжатлари ялпи хатловдан ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 27 сентябрдаги 6075-фармонига(4) асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 500 га яқин ҳужжати бекор қилинди. Ҳукуматнинг ўз аҳамиятини йўқотган 2 мингдан ортиқ қарори танқидий қўриб чиқилиб, уларни бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилди.

Шунингдек, қонунчиликни тизимлаштиришда комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида тегишли соҳаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхлит қонунга бирлаштириш ҳамда давлат органлари ва идораларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш зарур.

БУНДА:

  • энг муҳим ижтимоий муносабатларни қонунлар билан тартибга солиш амалиётига тўлиқ ўтиш;
  • соҳаларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини соҳалар бўйича инкорпорация (консолидация) қилиш орқали тўғридан­тўғри амал қилувчи яхлит қонунларга бирлаштириш;
  • давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив­ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда улар фаолиятининг асосий йўналишлари, ваколатлари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ягона ҳужжат билан белгилаш;
  • ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган ва амалда ўз аҳамиятини йўқотган қонун ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва бекор қилинишини таъминлаш;
  • давлат органлари томонидан кўтарилаётган масалалар ёки муаммолар юзасидан алоҳида норматив­ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқмасдан, уларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган нормалар ва маъмурий тартиб­таомиллар орқали ўз ваколатлари доирасида ҳал қилиш тартибига қатъий амал қилиш;
  • маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг норматив­ҳуқуқий тусдаги қарорларини адлия органларида мажбурий равишда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг ижобий хулосаси бўлган тақдирдагина қабул қилиш жараёни устидан назоратни кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Давронбек УРАЗБАЕВ,

Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бўлим бошлиғи

 

 

1 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 07/18/3666/1073-сон.

2 Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.08.2018 й., 06/18/5505/1639-сон.

3 Брыжинский А.А., Лукьянов А.А. Технико-юридические критерии качества законодательного акта. // Государство и право. Юридические науки. – 2011. – №1. – С.70-74.

4 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий баъзаси, 28.09.2020 й. 06/20/6075/1330-сон.

- Advertisement -

Latest news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...
- Advertisement -

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...

Related news

Асосий мақсад – одамларга осон бўлсин

Мамлакатимизда «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда...

Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Стажингиз етарли эмасми?

Фрилансерлар, меҳнат мигрантлари ва деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари  учун фойдали маслаҳатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига кўра пенсиянинг уч тури мавжуд. Булар: • ёшга...

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат...

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг...
- Advertisement -