0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатининг ўзига хос хусусиятлари

- Advertisement -
- Advertisement -

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги қарорига асосан ҳар йили 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан республикамизда ҳам кенг нишонланиб келинмоқда. Ҳисоботларга кўра, бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни ўртача етти кишидан биттасида муайян турдаги ногиронлик мавжуд.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати юритиб келинмоқда. 2020 йилнинг 15 октябрида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун эълон қилинди. У 3 ой ўтгач кучга киради. Ушбу ҳужжат 2008 йилда қабул қилинган амалдаги «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ўрнини босади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 26 март куни «Ногиронлиги бўлган шахсларни рационал ишга жойлаштириш бўйича зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 1-иловасида «Ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ишчи касблар ва хизмат лавозимларининг намунавий рўйхати (классификатори)» берилган.

Эътибор беринг:

Ушбу ҳужжат иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг мулкчилик шаклидан ва туридан қатъи назар татбиқ этиш ва ишлатиш учун тавсиявий характерга эга. Ногиронлиги бўлган шахслар тиббий қарама­қаршиликлар бўлмаганда тавсия этилган ишлар ва касблар(лавозимлар)да ишлашлари мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларга тавсия этилган ишчи касблар ва хизмат лавозимларини ногиронлик белгиланган касалликларда ишлаши мумкин бўлмаган ёки мумкин бўлган меҳнат шароитлари ва турлари ҳамда ишга жойлаштириш мазкур қарорнинг 2-иловаси («Ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик белгиланган касалликларда ишлаши мумкин бўлмаган ёки мумкин бўлган меҳнат шароитлари ва турлари ҳамда ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар»)га ва иш жойларида меҳнат шароитларини яратилиши бўйича тавсия этилаётган талаблар 3-иловаси («Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларида меҳнат шароитларини яратиш бўйича тавсиялар»)га мувофиқ аниқланади.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларида меҳнат шароитларини яратиш бўйича тавсиялар»га 1-илова «Ижрочининг антропометрик маълумотлари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойларини оргтехжиҳозлашга тавсия қилинадиган ўлчамлари» ва 2-илова «Ишловчи ногиронлиги бўлган шахслар учун меҳнат қилиш жараёнининг оғирлиги ва зўриқиш даражасини, ишлаб чиқариш муҳитининг зарарли ва хавфли омилларини баҳолаш бўйича гигиеник мезонлар» тасдиқланган.

Меҳнат кодексининг 177-моддасида иш берувчининг бурчлари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шарт.

Ногиронлиги бўлган шахс одатдаги меҳнат шароитларига эга ташкилотларда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи ихтисослаштирилган корхоналарда, цехларда ва участкаларда ишлашга, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.

Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди. Шунга кўра, Меҳнат кодексининг 68, 135, 143, 144, 150, 214, 220-моддаларида ногиронлиги бўлган ходимларга бир қатор кафолат ва имтиёзлар берилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишда нималар эътиборга олиниши зарур?

  1. Иш берувчи белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи томонидан йўлланган ногиронларни ишга қабул қилиши шарт (Меҳнат кодекси 220-моддаси 1-қисми).

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ходимларининг сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун ходимлар умумий сонининг камида 3 фоизи миқдорида иш ўринларининг энг кам сони белгиланади. Масалан, 100 нафар ходим ишлайдиган ташкилотда (мулкчилик шаклидан қатъи назар) камида 3 та иш ўрни ногиронлиги бўлган шахслар учун банд қилиб қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-қарорига 1-иловага кўра, ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили: 1 августдан кеч бўлмаган муддатда лавозимларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини белгилайди; 15 августдан кеч бўлмаган муддатда келгуси йил учун иш ўринларининг захирага қўйиладиган умумий сони тўғрисидаги маълумотларни тегишли шакл бўйича туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этади.

2. ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир (Меҳнат кодекси 220-моддаси 2-қисми).

3. I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади (Меҳнат кодекси 116-моддаси 2-қисми ва 220-моддаси 3-қисми).

Демак, I ва II гуруҳ ногиронларига 6 кунлик иш ҳафтасида 6 соатдан ва 5 кунлик иш ҳафтасида 7 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти белгиланиши зарур.

Агар I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходим 18 ёшга тўлмаган бўлса ўқув таътили вақтида иш вақтининг муддати:

  • 16 дан 18 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 36 соатдан ;
  • 15 дан 16 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (Меҳнат кодекси 242­моддаси 1­қисми).

Таътил вақтида 18 ёшга тўлмаган ходимларнинг кундалик иш вақти қисқартирилган ҳоллардаги меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади (Меҳнат кодекси 243-моддаси 1-қисми).

Ўқишдан сўнг ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати эса:

  • 16 дан 18 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 18 соатдан ;
  • 15 дан 16 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 12 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади (Меҳнат кодекси 242­моддаси 2­қисми).

Корхоналарда ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг меҳнатига ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб ҳақ тўланади (Меҳнат кодекси 243-моддаси 2-қисми).

4. I ва II гуруҳ ногиронларига 30 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади (Меҳнат кодекси 135-моддаси 2-қисми ва 220-моддаси 4-қисми).

5. Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади (Меҳнат кодекси 220-моддаси 5-қисми).

Диққат!

Ногиронлиги бўлган шахсларга фақат розилиги билан ҳамда бундай ишда ишлаши тақиқланмаганлиги қайд этилган тиббий хулоса бўлган тақдирдагина иш вақти ҳисобини жамлаб юритиш усулини белгиланг.

18 ёшга тўлмаган ходимлар розилик билдирсалар ҳам, уларга нисбатан ҳисобни жамлаб юритиш усулини қўлламанг. Бундай қилиш тақиқланган бўлиб, раҳбар жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин.

  1. Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин берилади (Меҳнат кодекси 143-моддаси).
  2. Таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади (Меҳнат кодекси 144-моддаси).
  3. Уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил («без содержание») берилади. Яъни ногирон ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда 14 календарь кунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши шарт. Бу ҳолатда иш берувчи билан келишув шарт эмас (Меҳнат кодекси 150-моддаси 2-қисми).
  4. Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ногиронлиги бор ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт (Меҳнат кодекси 214-моддаси).
  5. Ходим унга топширилган ишни уддаласа, соғлиғининг ёмонлашуви, шунингдек ногиронлик берилиши меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 2-банди (ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши) бўйича бекор қилиш учун етарли сабаб ҳисобланмайди.

Ходимнинг нолойиқлиги ходимнинг бажариши шарт бўлган, топширилган ишни уддалай олмаётганлигини гувоҳлантирувчи аниқ фактлар (текширув актлари, бевосита раҳбарлик қилувчисининг билдириш хати, ҳисоботлар, аттестация ҳужжатлари ва ишнинг паст сифатлилигини, яроқсиз маҳсулот чиқараётганини, иш ҳажмини ҳамда ишлаб чиқариш нормасини бажармаётганлигини ва ҳоказоларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар) билан, соғлиғи ҳолатига кўра нолойиқлиги булардан ташқари тиббий хулоса билан тасдиқланиши шарт.

Ходим бажариши лозим бўлган ишни уддалашидан қатъи назар, агар тиббий хулосага кўра ходим ушбу ишни бажариши тўғри келмаса ёки меҳнат жамоаси аъзолари ёхуд улар хизмат қиладиган фуқаролар учун хавф туғдирсагина, меҳнат шартномасининг соғлиғи ҳолатига кўра бекор қилинишига йўл қўйилади.

  1. Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар даромадларидан қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) солиқ солишдан озод этилади. Масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар 3 миллион сўм маош олса, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдори (957 минг 855 сўм) дан 12 фоиз даромад солиғи ушланмайди, қолган суммадан эса солиқ ушланади.

Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан ҳам қонунчиликда алоҳида эътибор қаратилган.

  1. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга бепул санатория-курорт йўлланмалари берилади.
  2. Меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, I ва II гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар автомобиль бензини сотиб олганда харажатларнинг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси тўланади.
  3. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.

Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -