0,00 UZS

No products in the cart.

10.6 C
London
Shanba, May 15, 2021

ННТлар – жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида

- Advertisement -
- Advertisement -

Бундан 28 йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берди.

Асосий қонунимизнинг дунёга келишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган эди: истиқлолгача амал қилиб келган барча конституциялар (Туркистон АССРнинг 1918 ва 1920 йиллардаги конституциялари, Хоразм ва Бухоро Халқ Республикаларининг 1920-1921  йиллардаги конституциялари, ЎзССРнинг 1927, 1937, 1978 йиллардаги конституциялари) мустақил давлат талабларига, янги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ривожига ёрдам беролмай қолди; суверенитет эълон қилган давлат уни конституциявий асосда мустаҳкамлаши, унда янги давлатнинг мақсади, суверенитети, ички ва ташқи сиёсий тамойиллари, инсон ҳуқуқлари, демократия ва ижтимоий адолатнинг олий мақсадларига содиқлигини мустаҳкамлаб қўйиши зарур.

Шунингдек, Конституция фуқаролик жамияти барқарорлигини таъминлаши, инсон ҳуқуқларининг кафолати бўлиши, янгича ижтимоий муносабатларга ўтиш шароитида пайдо бўлиши мумкин бўлган тартибсизликлар ва ҳуқуқий нигилизмнинг олдини олиши лозим эди. Зеро, Конституция Асосий қонун шаклида жамиятда вужудга келадиган кўпгина саволларга жавоб бериш баробарида, давлатнинг аниқ-равшан дастури мавжудлиги ва унинг аниқ белгиланган йўлдан боришидан далолат беради.

Ўзининг тузилиши, йўналиши, мазмуни жиҳатидан аввалги конституциялардан буткул фарқ қилувчи Ўзбекистон Конституцияси биринчи моддасидан охирги 128-моддасига қадар мустақиллик ғояси билан суғорилди. Жаҳон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларига, демократик қадриятларга таянган Конституциямиз халқимизнинг миллий хусусиятларини ҳам ўзида акс эттира олди. Унинг асосида Ўзбекистон бозор иқтисодиёти муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлади.

Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддасида белгиланганидек, мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдорлар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва унинг асосида яратилган қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ дея таъкидлаган эди. Жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланади. Айнан жамоатчилик назорати орқали ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муаммолар кун тартибига олиб чиқилади ва ҳал этиб борилади. Шунингдек, жамоатчилик назорати институти давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни ташкил этишнинг муҳим воситаси саналади.

Жамоатчилик назорати тушунчасига давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан фуқаролар, уларнинг бирлашмалари ва ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа тузилмалари (институтлари), шунингдек давлат ва нодавлат органлари таркибида тузилган жамоатчилик органлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган назорат сифатида таъриф берилади.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга кўра жамоатчилик назоратининг субъектлари – Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган ННТлар, оммавий ахборот воситаларидир. Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик назоратининг бошқа назорат турларидан асосий фарқи шундаки, унинг объекти – давлат органлари фаолиятидир.

Шунингдек, жамоатчилик назорати одатда профессионал, тизимли, махсус малака талаб қиладиган, ихтисослашган назорат ҳисоблан- майди. Мазкур назорат ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади. Жамоатчилик назорати бошқа назорат турларидан ўзининг субъектлари билан фарқланади.(1)

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунда жамоатчилик назоратининг 8 та шакли мустаҳкамланган: давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш. Шунингдек, жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.(2)

Ўзбекистон Конституциясининг XIII боби жамоат бирлашмаларига бағишланган бўлиб, 56-62-моддалар ушбу институтнинг конституциявий мақомига бағишланган. Унинг 56-моддасида Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилиши белгиланган.

Мутахассислар ноҳукумат ташкилотларни (инглиз тилида «non-governmental organizations» (NGO) фуқаролик жамиятининг асосий институти деб ҳисоблашади.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга кўра «Нодавлат нотижорат ташкилот – жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир». Қонунда Конституция ва Фуқаролик кодексида турли шакллари кўрсатилган тижоратчи бўлмаган ташкилотларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро алоқаси аниқ белгилаб берилган. Хусусан, унинг 10-моддасига кўра «Нодавлат нотижорат ташкилотлар жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин».(3)

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур институтларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Агар 1991 йилда мамлакатда ҳаммаси бўлиб 100 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2020 йил 1 январда Ўзбекистонда жами рўйхатдан ўтган ННТлар ва уларнинг ҳисобга олинган бўлинмаларининг сони 10502 тани ташкил қилади.(4) Уларнинг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш ва уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Жамоатчилик назорати субъектлари фаоллигини ошириш бир қатор омилларга боғлиқ. Энг аввало, қонунда кўрсатиб ўтилган жамоатчилик назорати шакллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш лозим.

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда тан олинган фуқароларнинг уюшиш ҳуқуқи миллий қонунчилигимизда тўлиқ акс этган. Хусусан, Конституциянинг 33-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 21-моддасига, 34-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 22-моддасига мос. Маълумки, Ўзбекистон мазкур халқаро ҳужжатларга қўшилган ва бошқа ҳуқуқлар қатори фуқароларнинг уюшиш эркинлиги ҳуқуқига риоя этиш мажбуриятини олган.

Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,

ТДЮУ магистри.

 

 

1 М.Миракулов. Жамоатчилик назорати: давлат органлари ходимларининг қонунга риоя этиши, вазифасига масъулият билан ёндашишишини таъминлайди. http:// uza.uz/oz/society/zhamoatchilik-nazorati-davlat-organlari-khodimlarining-onung-25-05-2018.

2 Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуни. https://lex.uz/docs/3679092.

3 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 115-модда.

4 www.stat.uz – сайтидан олинган маълумот.

- Advertisement -

Latest news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...
- Advertisement -

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...

Related news

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этишда инсонпарварлик тамойиллари

Бугунги кунда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйиш, қонун устуворлигини таъминлаш...

Коррупция тараққиёт тушови

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна...

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга...

Хорижий мамлакатлар жиноят процессида реабилитация институти

Ҳар қандай ҳуқуқий давлат учун асосий вазифалардан бири жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдир. Шу билан бирга айбсиз одамнинг нафақат судга берилиши, балки жиноий...
- Advertisement -