0,00 UZS

No products in the cart.

16.6 C
London
Seshanba, Avgust 3, 2021

Никоҳ шартномаси ишончсизлик белгисими?

- Advertisement -
- Advertisement -

Оила – муқаддас даргоҳ. Бироқ унинг муқаддаслиги нимада экани ҳақида ҳеч мулоҳаза қилганмисиз? Ўзаро ришталар никоҳ воситасида мустаҳкамланган, эр-хотин бир-бирининг олдидаги бурчи, масъулият ва садоқатни ҳис қилгандагина оила муқаддаслик даражасига чиқади. Ушбу тушунчалар муайян ҳаётий тажриба, машаққат ва турмуш синовларида тобланишлар натижасида вужудга келади.

«Турмуш ўртоғим билан характеримиз тўғри келмади, ажрашдик, аммо ота уйимда ҳам келинойим билан келишмай қолдик. Уйдан чиқиб кетдим, ижарада яшаб юриб, дугоналар орттирдим…», «Қайнонам билан келиша олмадик, иккита болам билан кўчага ҳайдаб солдилар. Ота-онамникида яшаяпман, аммо эрта-индин укаларим уйланади, кейин қаерга бош ураман, билмайман…», «Эрим билан ажрашгач, у уйланди, мен эса шаҳарга келиб тирикчилик илинжида мардикорлик қила бошладим. Ижара уйда тураман, кейинчалик нима қиламан, ҳайронман…», «Қизларим туғилиб, сал катта бўлгач, турмуш ўртоғим билан савдо-сотиқ соҳасида ўзимизни синаб кўрдик.
Ишимиз юришиб, бир-иккита дўкон очдик, аммо кўргилик экан, болаларимнинг дадаси автоҳалокатга учради, қайнбўйинларим «Дўкон дадамнинг номларида, сизнинг ҳам, қизларингизнинг ҳам ҳақи йўқ…», деб тортиб олишди. Ўтган умримга, меҳнатимга ачиндим, судлашгани бетим чидамади…»

Шу каби ҳаётий ҳикояларга қулоқ тутар эканмиз, битта савол туғилади, оилада аёлнинг ўрни қай даражада? Унинг ҳуқуқи топталмаслиги учун энг муҳим қадамни қаердан бошлаш керак? Жамиятнинг ожиз, ҳуқуқсиз аъзосига айланиб қолмаслиги учун нима қилмоқ керак?

Олий Мажлис Сенати раиси Tанзила Норбоева бу борадаги муаммога жамоатчилик эътиборини тортиб шундай деган эди: «…Ажрашишлар сони кўпайиб бормоқда ва ажрашганидан сўнг аёл ҳеч нарсасиз кўчада қолмоқда. Ота-онаси яхши бўлсагина уй ёки иш билан таъминланмоқда. Лекин у ота-онасининг уйида икки нафар боласи билан алоҳида оила сифатида эркин яшай олмаяпти. Давлат раҳбари ҳам бу борада таклиф беришимизни кутмоқдалар. Шу сабабли биз мутахассислар ва депутат аёллар билан адлияда бу мавзуни муҳокама қилдик. Кўпчилик никоҳ шартномасини мажбурий қилиш кераклигини айтмоқда. Лекин никоҳ шартномаси бутун дунёда, шунингдек, бизнинг қонунчиликда ҳам ихтиёрий экан, биз нега никоҳ шартномасини кенг тарғиб қилмаяпмиз? Биз ҳимоя ордерини ҳам илк бор таъсис қилганимизда ҳеч ким олмаса керак, бизнинг ўзбек аёллари буни уят деб ўйласа керак, деб тахмин қилган эдик. Лекин ҳозирги маълумотларга кўра, 8 мингдан ортиқ аёл ҳимоя ордерини олишибди. Худди, шунингдек, никоҳ шартномасини ҳам тарғиб қиладиган бўлсак, бемалол ёш оилалар тўйдан олдин никоҳ шартномасини олишга эришишади».

Никоҳ шартномаси ўзи нима?

«Никоҳ – ер юзидаги энг буюк бахт, албатта, агар у тўла уйғунликка асосланган бўлса», деган эди америкалик сиёсатшунос Бенжамин Дизраэли.

Айни шу бахтга эришмоқ учун эр-хотиннинг ўзаро ишончи аввал-бошдан мустаҳкамланмоғи шарт, мулкий муносабатларни эса олдиндан келишиб олиш муҳим. Зеро, олдиндан тузилган келишув келажакда вужудга келадиган тушунмовчиликларни бартараф этади.

Дунё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатлар уларни тартибга солувчи никоҳ шартномасида ўз аксини топган. Хўш, никоҳ шартномаси ўзи нима? Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳар бирининг никоҳда, у тугатилганидан кейин ҳам мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириб олишга қаратилган битим туридир. Никоҳ шартномаси – эр-хотин мулкининг шартномавий режими ҳисобланади.

Никоҳ шартномасини тартибга солувчи нормалар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг «Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби» деб номланган 6-бобида ўз аксини топган. Мазкур кодекснинг 29-моддасида қайд этилганидек, «Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади».

Никоҳ шартномасини тузишдан мақсад эр-хотин келишуви бўйича улар мулкининг алоҳида режимини белгилаб олишдан иборатдир. Никоҳ шартномаси Оила кодексининг
30-моддасига биноан ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланади ва рўйхатга олинган кундан бошлаб юридик кучга эга ҳисобланади. Никоҳ шартномасининг мазмуни ҳақида Оила кодексининг 31-моддасида батафсил ёритилган. Унга кўра эр-хотин ўзларининг барча мулкига биргаликда, улушли ёхуд алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишлари мумкин. Масалан, кўчар ва кўчмас мулклар, қимматбаҳо қоғозлар, дивидендлар шулар жумласидан. Ушбу модданинг иккинчи қисмига қарайдиган бўлсак, никоҳ шартномаси мавжуд мол-мулкка нисбатан ҳам, келажакдаги мол-мулкка нисбатан ҳам тузилиши мумкинлиги белгилаб ўтилган. Бу эса бизга келажакда мулкий низолар вужудга келганда уларни осон бартараф этишга кўмак беради.

Никоҳ шартномасига қўйилган баъзи истисно ҳолатлари ҳам бор. Жумладан шартномада шахсий номулкий муносабатлар (бола тарбияси, эр ёхуд хотиннинг шуғулланиш фаолиятини танлаш эркинлиги, оилавий турмуш масалалари, фамилия танлаш ҳуқуқи ва ҳ.), эр ёки хотиннинг қонунларда акс этган ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган ҳолатлар, меҳнатга лаёқатсиз, таъминотга муҳтож тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини чекловчи, тарафларнинг бирини ўта ноқулай вазиятга солиб қўювчи қоидалар акс эттирилиши мумкин эмас. Агар бу қоидалар бузилса, шартнома тегишли тартибда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Бу эса, ўз навбати, Фуқаролик кодексининг 116-моддасидаги «Қонун ҳужжатларининг  талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас»лиги талабига мувофиқдир. Таъкидлаш жоизки, никоҳ шартномасини тузишга қўйилган талаблар Фуқаролик кодексида битимлар учун белгиланган умумий талабларга асосланади. Чунки никоҳ шартномаси, юқорида айтиб ўтганимиздек, оддий ёзма битим турига киради.

Никоҳ шартномаси ишончсизлик белгисими?

Оила қуришгача бўлган даврдаги ёш жуфтликларнинг кўпчилиги севги-муҳаббатдан сармаст юрган пайтларида улар учун никоҳ шартномаси бу туйғуларни барбод қилувчи, ишончсизлик, молпарастлик белгисидек кўринади. Аслида эса никоҳ шартномасининг туб моҳияти ҳис-туйғуларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Эр-хотин ўртасида келиб чиқадиган низоларнинг аксарияти мол-мулк билан боғлиқ. Шундай эмасми?

Агар шу муаммо олдиндан келишиб олинса, низолашишга ҳожат қолмайди. «Никоҳ шартномаси» атамасидан қўрқув – унинг камчиликларидан бири, иккинчиси эса, албатта, шартнома тарафларнинг ҳис-туйғуларини ушлаб қолмайди. Тўғри, ёши улуғ бобо ва момоларимизнинг садоқатини кўриб, никоҳ шартномаси тузишни тасаввурга сиғдириш қийиндир. Аммо одамлар, муҳит, замон, инсоний туйғуларга ёндашувнинг ўзгариши шуни тақозо этмоқда.

Менталитетга тўғри келмайдими?

Менталитет ўзи нима? Менталитет, аввало, миллатнинг одоб-ахлоқ қоидаларидир. Аммо бугунги кунда «менталитетга тўғри келмайди» деган гап қонун ҳужжатларининг нотўғри талқин қилинишига олиб келмоқда. Конституция билан белгилаб қўйган мақсадимиз бор: «инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш». Бу мақсадга эришиш учун эътиборимизни чиқарилаётган нормаларнинг моҳиятига, кўзланган мақсадга қаратишимиз лозим.

Худди шу ўринда никоҳ шартномаси ҳам, ундан кўзланган мақсад ҳам оиладаги тарафларнинг ўзаро ишончини мустаҳкамлашга, вужудга келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишга қаратилган. Никоҳ шартномасининг «менталитетга тўғри келмайди» дейилишига сабаб, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланмаганидир. Бизнингча, никоҳ шартномасини тузиб қўйиш ишончсизлик каби туйғуларга замин яратмайди. Аксинча, у турли келишмовчиликларнинг олдини олишга қаратилган ихтиёрий шартномадир.

Гендер тенглик

Дунё ҳамжамияти хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканини эътироф этади. Жумладан, давлатимизда ҳам гендер тенглигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2020 йилнинг 2 сентябрида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун тасдиқланди. Унгача ҳеч бир норматив ҳуқуқий ҳужжатда гендер тенглиги ибораси йўқ эди. Ушбу ҳужжатнинг 24-моддаси 3-қисм 3-хатбошида «эр ва хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглиги» ҳақида ёзилган.

Бир сўз билан айтганда, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг олдиндан белгилаб қўйилиши келажакда вужудга келиши мумкин бўлган мулкий низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Дилдора РАҲМОНОВА,
Тошкент давлат юридик университети
ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -