0,00 UZS

No products in the cart.

16.6 C
London
Seshanba, Avgust 3, 2021

Нақд пулсиз шаклдаги аккредитив: ривожланиш босқичлари ва асосий принциплари

- Advertisement -
- Advertisement -

«Аккредитив» атамаси «бирор ишни қилишга бўлган куч-қувват» маъносини англатувчи французча «accreditif» сўзидан олинган бўлиб, аслан лотинча «accreditivus» сўзидан келиб чиққан ва «ишонч» деган маънони англатади. Ҳисоб-китобнинг ушбу шакли инглизча «letter of credit» атамаси билан, баъзан эса «ҳужжатли кредит», «банкирлар тижорат кредити» деб ҳам юритилади. Аккредитив халқаро тижоратда кенг тарқалган ҳисоб-китоб шакли ҳисобланади.

Айрим олимлар аккредитивлар тарихи қадимги Миср ва Бобилга бориб тақалишини айтишади. Масалан, Руфус Тримбл эрамиздан аввалги 3000 йилга бориб тақалувчи, аниқ санада тўловни амалга ошириш ва у бўйича фоизлар тўланишини назарда тутувчи Бобил векселлари ҳақида ёзган.(1) Қадимги Грецияда банклар тўловни амалга ошириш учун пулларни жисмонан ташишдан қочиш мақсадида савдо ҳамкорлари учун аккредитивлар тайёрлаганлар.(2)

Ўрта асрларда пулни бир жойдан бошқа жойга (шахсга) ўтказишда векселлар билан бир қаторда аккредитивлардан ҳам фойдаланилган. Бунга савдогарлар олтин пулни олиб юришда дуч келадиган хавф-хатарлар, тижорат учун мос келувчи валютанинг етишмаслиги сабаб бўлган. Савдогар ўзи билан сафарда олтин олиб юриш ўрнига ўз пулини банка ишониб топширар, ушбу (эмитент) банк унга кафолат (ушбу кафолатни шартли равишда биз аккредитив деб атаймиз) берар, савдогар борадиган олис жойдаги банк ушбу аккредитивни тўлов сифатида қабул қилар эди. Де Ровернинг қайд этишича, Медичилар банки томонидан Брюгге (Бельгия) ва Италияда 1385-1401 йилларда фойдаланилган аккредитивларда ҳозирги замонавий аккредитивлар қоидаларига ўхшаш, яъни: тўловлар айтилган тўловни қабул қилувчининг талаби бўйича амалга оширилиши; тўловлар маълум бир миқдордан ошиб кетмаслиги; тўловчи қабул қилувчидан тўловни тасдиқловчи ҳужжат олиши; тўловлар тўловчининг эмитенти ҳисоб рақамига амалга оширилиши; тўловчи дан амалга оширилган тўлов тўғрисида ёзма хабар олингач, эмитент тўловчининг ҳисоб рақамига пулни ўтказиши каби қоидалар мавжуд бўлган.(3)

Кейинги юзйилликларда аккредитив халқаро савдода янада муҳим аҳамият касб эта бошлади. Британия банклари аккредитив чиқариш борасида ҳақиқий монополияга эга бўлдилар, чунки халқаро савдода фунт стерлинг энг кенг тарқалган ва ишончли валюта бўлиб қолди. Лондон банкирлари халқаро молия соҳасида нуфузга эга бўлдилар.

«Етказиб беришга оид» векселларни қабул қилиш бўйича рақобат муносабати билан ишлаб чиқарувчиларнинг узоқдаги ҳамкорлари билан алоқалари миқдор ва сифат жиҳатдан ошиши, банклар фаолиятининг ихтисослашуви ва шартнома шартларини телеграф орқали келишиш каби технологик тараққиёт натижасида АҚШда бугунги ҳолатдаги аккредитив ҳисоб-китоблари шаклланди.

Аккредитив қўлланилиши борасида қадимий тарихга эгалигига қарамай, унинг ҳуқуқий тарихи унчалик узоққа бормайди. «Pillans and Rose»нинг «Van Mierop and Hopkins»га қарши иши аккредитивлар билан боғлиқ биринчи суд иши саналади ва у аккредитивларга оид Британия ҳуқуқи шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. (4) «Orr & Barber»нинг «Union Bank of Scotland»га қарши, «The British Linen Company Bank»нинг «The Caledonian Insurance Company»га қарши ва «Re Agra & Mastermans Bank»нинг «Ex Parte Asiatic Banking Corporation»га қарши суд ишлари мазмунидан кўринадики, XIX асрнинг иккинчи ярмидан замонавий аккредитивга ўхшаш ҳисоб-китоблар пайдо бўлган ва банклар аккредитив битимлардан кўпроқ фойдалана бошлаган.(5)

Аккредитив ҳуқуқи (The law of letters of credit) асосан халқаро савдо одатлари билан ривожланган, бу одатлар ҳозирги вақтда Халқаро савдо палатаси томонидан «Uniform Customs and Practice for Documentary Credits» («Ҳужжатли аккредитивлар учун унификациялашган қоидалар ва одатлар» – UCP 600), «Uniform Rules for Demand  Guarantees», «Uniform Rules for Contract Guarantees», «International Standby Practice»ларда кодификациялаштирилган.

Томонлар ўртасидаги масофа, вақт минтақалари, турли валюталар, воситачиларга бўлган эҳтиёж, трансакциялар ҳисоб-китобларининг мулти-юрисдикциявий табиати ва уларга турли ҳуқуқий нормаларнинг қўлланиши, тарафларнинг бир-бирини одатда шахсан танимаслиги каби омиллар халқаро савдо операцияларида қийинчилик ва хавф-хатарларни келтириб чиқарар эди.

Масалан, мюнхенлик экспорт қилувчи жанубий африкалик номаълум шахс – импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчига хомашё сотмоқчи. Табиийки, тарафларнинг манфаатлари, айниқса, тўлов шартлари ва муддатларида доим ҳам мос тушавермайди, ўзаро ишончсизлик тарафларга доим босим ўтказади. Экспорт қилувчи учун тўловни товар жўнатилишидан олдин олиш маъқул бўлса, импорт қилувчи учун тўловни товарни қабул қилиб олганидан кейин амалга ошириш маъқул. Экспорт қилувчи товарни жўнатиб қўйгандан сўнг импорт қилувчи ночор бўлиб қолиши ёки товар қабул қилганидан кейин пул тўлашдан бош тортиши мумкинлигидан хавотирда бўлади. Мисолимиздаги ҳолатда экспорт қилувчи импорт қилувчини Жанубий Африкада, яъни хорижий юрисдикцияда судга беришга мажбур бўлиши, номаълум одат ва қонунларга эга бегона мамлакатда катта зарар кўриши мумкин. Ўз навбатида, агар импорт қилувчи харид учун олдиндан тўловни амалга оширса, экспорт қилувчи шартномада кўрсатилган миқдор ва сифатда маҳсулотни етказиб бермаслиги ёки умуман ҳеч қандай маҳсулот етказиб бермаслигидан хавфсирайди. Келиб чиқадики, ҳар қандай олди-сотди битимининг муваф- фақияти учун вақт ва тўлов ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Аккредитив бу масалаларни самарали ҳал қилади: у тарафларга шаффоф тарзда берилади, шартлар бажарилгани қабул қилувчи тараф томонидан текширилиши мумкин ва банк томонидан ишончли амалга оширилиши кафолатланади. Шу боис мутахассислар аккредитивни «халқаро савдонинг қони» дея таърифлашади.

Аккредитив бенефициарга импорт қилувчининг кредитга лаёқатлилиги ўрнига банк (эмитент)нинг кредитга лаёқатлилигига таяниш имконини беради. Бундан ташқари, экспорт қилувчи томонидан зарур ҳужжатлар тақдим қилин- ган тақдирда тўловни амалга ошириш кафолатини ҳам таъминлайди. Нарх ва мураккаб расмиятчилик талабларига қарамасдан, аккредитив халқаро савдо операцияларида етакчи роль ўйнамоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, аккредитивлар бўйича операцияларнинг ҳажми йилиги 1 трлн. АҚШ долларидан ошади.(6)

Аслида аккредитивга универсал таъриф берилмайди, у билан боғлиқ операцияларга нисбатан қўлланадиган қоидаларга қараб унинг бир қанча таърифлари мавжуд. Содда қилиб айтганда, аккредитив тўловчи бошқа бир шахс – маблағларни олувчи (бенефициар) битим («асосий битим») бўйича аккредитивда кўрсатилган аниқ шартларни бажарган (ҳужжатларни тақдим этган) тақдирда битимда белгиланган пулни тўлашга мажбур бўладиган ёзма инструмент ҳисобланади.

Бунда камида учта тараф иштирок этади:

а) сотувчи, бенефициар (маблағларни олувчи, экспорт қилувчи деб ҳам юритилади);

б) сотиб олувчи (импорт қилувчи, талабнома берувчи (applicant), мижоз ёки тўловчи деб ҳам юритилади);

в) эмитент банк, яъни аккредитивни талабнома берувчининг илтимосига кўра ёки ўз номидан чиқарадиган (эмиссия қиладиган) банк.

Бундан ташқари, аккредитив камида учта мустақил битимдан ташкил топади:

1) асосий шартнома, масалан, олди­сотди шартномаси бўлса, унга мувофиқ сотувчи харидорга товарни мулк қилиб топшириш ва харидор сотувчига товар учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади;

2) сотиб олувчи ва эмитент банк ўртасидаги шартнома, унга кўра эмитент банк сотувчи фойдасига аккредитив очишга ва сотиб олувчи эса эмитент банкка аккредитив бўйича амалга оширилган тўловни, воситачилик ҳаққини қоплашга рози бўлади.

3) ушбу битимда эмитент банк бенифициар – сотувчи (маблағни олувчи) олдида аккредитивда кўрсатилган шартлар бажарилиб, ҳужжатлар тақдим этилганда, унга тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олади.

Бироқ одатда амалиётда бенифициар банк билан тўғридан-тўғри алоқага киришмайди. Эмитент банк бенифициар банки аккредитивни тавсия қилиши, яъни кредитнинг ҳақиқийлигини текшириши ва бенифициарга тақдим қилиши бўйича чораларни давомли равишда кўриб боради. Эмитент банк қўшимча тарзда ёки муқобил равишда бенифициар мамлакатидаги банкдан зарур ҳужжатлар тақдим этилганда аккредитив тақдим қилишини сўраши мумкин.

Авизо қилувчи банк авизо бўйича эмитент банкнинг олдидаги мажбуриятига қўшимча сифатида ёки ундан мустақил равишда бенифициарга аккредитив шартларини ўтказиш учун тўлов таклиф қилиши мумкин. Бироқ агар авизо қилувчи банк аккредитивни тасдиқламаса, у аккредитив тарафи бўла олмайди ва тўловни амалга ошириш ваъдасини бажаришга мажбур бўлмайди.

Эмитент банкнинг аккредитивини тасдиқловчи банк ўша шартларда, лекин эмитент банк мажбуриятларига қўшимча равишда бенефициар (маблағни қабул қилувчи) олдида асосий ва шахсий мажбурият олади.

Бундан келиб чиқадики, тўловчи (сотиб олувчи)нинг тўловни амалга оширмаслиги ёки эмитент банкнинг аккредитивни қопламаслиги хавфи бенефициар (сотувчи)нинг тасдиқловчи банкка нисбатан мустақил талаб қилиш ҳуқуқи ҳисобига камайтирилади.

Ижрочи банк, тасдиқловчи банк ёки тавсия қилувчи банкни аккредитив ҳисоб-китобларга жалб қилиш қуйидаги афзалликларига кўра кенг тарқалган.

Бенефициар юкланган товарлар учун тўловини таъминлаш учун аккредитив олганда кредитнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин, чунки бу эмитент банк томонидан берилган бўлади. Эмитент банк одатда бенефициар жойлашган жойда бўлмагани сабабли бенефициар эмитент банкнинг авторизацияланган имзоларини билмаслиги ва текшира олмаслиги мумкин. Тегишли равишда, эмитентбанк кредитни ўзининг корреспондент-банклари орқали ёки ҳатто бенефициарнинг ўз банки орқали беради.

Аккредитив ҳисоб-китоблари ҳуқуқи ўзида икки асосий принципни ифода этади.

Булар:

  • мустақиллик принципи;
  • қатъий риоя қилиш принципидир.

Мустақиллик принципи. Ҳужжатли аккредитивлар учун унификациялашган қоидалар ва одатлар (UCP 600)нинг 4-моддаси мустақиллик принципини қуйидагича таърифлайди:

аккредитив ўзининг табиатига кўра, у асосланиши мумкин бўлган савдодан ёки бошқа шартномадан алоҳида мустақил операция ҳисобланади. Банклар ҳеч қанақасига, ҳаттоки аккредитивда қандайдир ҳавола бўлса ҳам, бундай асосий битим билан боғланган эмас. Демак, банкнинг аккредитив бўйича мажбуриятларга риоя қилиши, музокара ўтказиши ёки бошқа мажбуриятларни бажариши эмитент банк ёки бенефициар билан муносабатларидан келиб чиқувчи талаби ёки эътирозлари предмети бўла олмайди.

Бунга қўшимча тарзда UCP 600нинг 5-моддасида «банклар ҳужжатлар билан  ишлайди, бу ҳужжатлар тегишли бўлган товарлар, хизматлар ёки улар- нинг бажарилиши билан эмас» дея таъкидланади. Тегишли равишда, эмитент банк асосий шартноманинг қандай тарзда бажарилмаслигидан қатъи назар, тегишли ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг аккредитивни қоплашга мажбур.(7) Шундай қилиб, қабул қилувчи, аризачи билан бўлган ҳар қандай низосидан қатъи назар, ишончли аккредитив манбасидан тўлов амалга оширилиши кафолатига эга бўлади.

Мустақиллик принципи аккредитивнинг ишлаш тизимида муҳим аҳамият касб этади. Шу принципга кўра банклар асосий олди-сотди шартномасидан мустақилдир. Бу асосий шартномага нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган низоларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, бенефициарнинг тегишли равишда тақдим этилгандан сўнг тўловларни қабул қилиб олишини таъминлайди. Аккредитив «аввал тўлаб қўй, кейин низолашамиз» механизми сифатида ишлаб чиқилган ва бу халқаро савдо самарадорлигининг ошишига сабабчи бўлади. Мазкур принцип аккредитивнинг «тамал тоши» ёки уни «ҳаракатга келтирувчи куч» сифатида таърифланади.

Мустақиллик принципининг уч асосий функцияси мавжуд: тўлов, тижорат ва молиялаштириш.

Қатъий риоя қилиш принципи. Ушбу принцип UCP 600нинг 7 (а), 8 (а) ва 15-моддаларида ўз аксини топган ва мустақиллик принципига мувофиқ ва мувозанатловчи қоидадир. Бу принцип бенефициарнинг аккредитивда кўрсатилган ҳужжатлар билан боғлиқ талабларга қатъий риоя қилиши лозимлигини назарда тутади. Мустақиллик принципи («аввал тўла, кейин низолаш») бенефициарга устунлик берса, қатъий риоя қилиш принципи тўловчининг манфаатларини ифодалайди. Чунки тўловчи аккредитивда кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган ҳолдагина эмитент банкка тўловларни қоплаб беришга мажбур бўлади.

Қатъий риоя қилиш принципи фақатгина тақдим этишнинг аккредитив шартларига мос келишини текшириши лозим. Бу принцип тўловчи манфаатларини ҳимоя қилади, бироқ инсофсиз хулқ-атвор ва суиистеъмолнинг олдини олмайди. Масалан, эмитент банк тўловдан қочиш ёки ўзини ёхуд мижозини ҳимоя қилиш мақсадида «вергул тушиб қолибди», «юлдузча тушиб қолибди» деб тақдим этилган ҳужжатлардан номувофиқликларни топиши мумкин. Тақдим этилган ҳужжатнинг аккредитивда назарда тутилган шартларга мос келмаслиги масаласи олимлар ўртасида кўплаб баҳсларга ва суд муҳокамаларига сабаб бўлгани ажабланарли ҳол эмас.

Умуман, қатъий риоя қилиш принципи жуда муҳим ва унинг муаммолари бисёр. Уларни тадқиқ қилиш жуда катта ҳажмдаги ўнлаб илмий ишлар предмети бўла олади.

Аккредитив тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва суд амалиётини адолат мезонларига тўғрилаш халқаро ва миллий савдода катта аҳамиятга эга. Айниқса, аккредитивга оид амалдаги қонунчилик, жумладан, Фуқаролик кодекси нормалари бугунги савдо ривожи билан пайдо бўлган янги институтларни, шунингдек аккредитивнинг тамал принципларини ўзида тўлиқ акс эттирмаган. Бу эса савдода тарафлар манфаатлари мувозанати бузилиши, ҳамкорлик самарасининг пасайиши, шартномавий низолар ва ортиқча харажатлар кўпайиши, тадбиркорлик субъектларининг зарар кўриши каби оқибатларга олиб келмоқда.

Шу сабабли савдо муносабатларининг «қони», ҳисоб-китобларда «кўприк» деб таърифланган ушбу институтни такомиллаштириш учун қуйидагиларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ:

Фуқаролик кодексининг аккредитив бўйича ҳисоб-китоблар параграфида (45-боб, 3-параграф, 796-803-моддалар) аккредитивнинг мустақиллик ва қатъий риоя қилиш принципларини акс эттириш;

тарафларга, хусусан, ижрочи банкка мазкур принциплардан келиб чиқиб ҳужжатлар мувофиқлигини текшириш ҳуқуқини белгилаш.

Энг муҳими – халқаро савдодаги янги тенденция ва принципларни назарда тутувчи институтлар (минимал тафовутлар, атамаларнинг функционал юридик тенглиги, рад қилиш, эстоппеллар ва ратификация- лар)ни жорий этиш лозим.

Алишер ҲИДОЯТУЛЛАЕВ,

Бош прокуратура академияси

кафедра бошлиғи.

1 Trimble R.F. «The Law Merchant and the Letters of Credit», (1948) 61 Harvard Law Review. 982-86.

2 Davidson A. «The Evolution of Letters of Credit Transactions». (1995) Butterworths Journal of International Banking Financial Law. 128.

3 de Roover R .»Money, Banking and Credit in Medieval Bruges». (1942) 2 Journal of Economic History (Suppl. Issue). 52.

4 McCurdy W. «Commercial Letters of Credit». (1922) Harvard Law Review. 539.

5 Adam M.I. «The Perceived Problems in the Utilisation of Letters of Credit: A Comparative Study». (1991) 23.

6 See Bergami R. «Will the UCP 600 Provide Solutions to Letter of Credit Transaction?» (2007) 3 International Review of Business Research Papers. 41.

7 Aicher R.D. «Credit Enhancements: Letter of Credit, Guarantees, Insurance and Swaps (The Clash of Cultures)» (2004) The Business Lawyer. 933.

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -