0,00 UZS

No products in the cart.

7.8 C
London
Yakshanba, Aprel 18, 2021

Мурожаатлар билан ишлашда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари

- Advertisement -
- Advertisement -

Мамлакатимизда 2016 йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, барча туман ва шаҳарларда эса халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу эса нафақат ариза ва шикоятлар билан ишлашнинг такомиллашувига, балки одамларнинг фаоллашувига, уларда давлат органларига мурожаат қилиш, давлат хизматчиларининг эса мурожаатларни тинглаш, уларга ечим топиш маданиятининг ўсиб боришига сабаб бўлмоқда.

Жорий этилган тизим масъулларни хорижий давлатларнинг айни вақтда мамлакатимизда қўллаш имкони бўлмаган тажрибасига эмас, балки ўз халқининг муаммоларига эътибор қаратишга, масалаларни тизимли ҳал қилишга, ажратилган маблағларни оқилона сарфлаш ҳақида ўйлашга, фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга мажбур қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мурожаатларда энг кўп кўтарилган муаммолар аста-секин ҳал этилиши туфайли фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий прописка қилиш, афв этиш, фуқароликка қабул қилиш, валюта конвертацияси, пенсияни нақд пулда бериш, пластик картадаги пулни нақдлаштириш, ҳаж ва умрага бориш, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган автомобилларни сотиб олишга доир мурожаатлар анча камайган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2020 йилги мурожаатида таъкидлаб ўтилганидек, «виртуал ва халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади»1. Статистик маълумотларга кўра 2016 – 2020 йилларда уларга жисмоний ва юридик шахслардан қарийб 4 миллионта мурожаат келиб тушган2.

Табиийки, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш, ҳал қилиш, жавоб хати юбориш, шунингдек халқ билан мулоқотнинг бошқа шаклларини (мурожаатларни видеоконференцалоқа шаклида, сайёр қабулларда эшитиш ва ҳ.) қўллаш учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмоқда. Бироқ, афсуски, сарфланган маблағ ва моддий ресурсларнинг аниқ миқдори маълум эмас. Давлат органларининг битта мурожаатни қабул қилиш, кўриб чиқиб, унга жавоб бериш учун сарфлаши мумкин бўлган чиқимларнинг3 тахминий миқдори, аниқ ҳисоб-китоби ва методикаси ҳам йўқ. Бу эса мурожаатлар билан ишлашда исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда деб гумон қилишга асос бўлади.

Давлат органларига мурожаат йўллашда фуқаролар ҳам, уларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва жавоб бериш учун эса ваколатли органлар ҳам муайян миқдорда ресурс сарфлашига тўғри келади. Биргина мурожаатни ёзиш ва кўриб чиқиш учун қилинган харажатлар республика бўйича барча мурожаатлар сонидан келиб чиқиб умумлаштирилса, қанча маблағ ва ресурс сарфланаётгани аён бўлади. Агар шахс мурожаатни кўриб чиқиш натижасидан рози бўлмаса, такроран мурожаат қилади, яъни харажат миқдори янада кўпаяди. Шу сабабли муаммоларнинг олдини олиш, уларни ҳал қилишнинг самарадорлигини ошириш чорасини кўриш лозим.

Юқоридаги фикрлардан кўринадики, мурожаатлар билан ишлашда ортиқча маблағ сарфлаш эҳтимоли бор, бунга сабаб бўлаётган омиллар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

1. Барча даражадаги давлат органлари, жумладан хорижий давлатлардаги ваколатхоналар томонидан фуқароларнинг мурожаатларини битта платформада қабул қилиш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек уларнинг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизимининг мавжуд эмаслиги. Масалан, муаллифнинг илгари ёзган мурожаати, уни кўриб чиқиш натижаси, айни вақтда айни мазмундаги мурожаатнинг қайси давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётгани, мурожаатнинг такрорийлиги, дубликатлиги каби масалаларни билиш ва тўғри қарор қабул қилиш имкони яратилса, ресурслар ортиқча сарфланишининг олди олинади.

2. Мурожаатларни электрон шаклда ёзиш оммалашмаётгани, электрон ва оғзаки мурожаатларга ҳам ёзма жавоб бериш амалиётидан воз кечилмаётгани, айрим фуқаролар мурожаатларни ҳануз почта орқали юборишни афзал кўраётгани. Масалан, давлат раҳбарига мурожаатларни электрон шаклда юбориш имкони бор, шу билан бирга анча қулай, лекин ҳар куни Президент администрациясига почта орқали республика бўйича қарийб 200 та ёзма мурожаат келиб тушмоқда. Таъкидлаш жоизки, бундай мурожаатлар билан ишлаш эндиликда ҳам ноқулай, ҳам ортиқча ресурс сарфлашни талаб қилади.

3. Мурожаатлар ундаги масалани кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган, айниқса юқори турувчи давлат органларига ҳам юборилаётгани, бундай амалиёт айни бир мурожаат бир вақтнинг ўзида турли давлат органлари томонидан кўриб чиқилишига сабаб бўлади. Масалан, фуқаро мурожаатини бир вақтнинг ўзида Президент, парламент, ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборади. Бироқ унда кўтарилган масала аслида Олий суд томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги сабабли қонун талабидан келиб чиқиб бошқа органлар уни тегишлилиги бўйича хат орқали Олий судга юбориши ва бу ҳақда муаллифга ҳам хабар бериши талаб этилади.

4. Давлат органлари турли сабабларга кўра мурожаатларни тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқмаётганлиги, масалани айни вақтда ҳал қилиш имкони йўқлиги4 ёки умуман ечими йўқлиги5 ҳақида муаллифга батафсил тушунтириш бермасдан, унга мужмал жавоб бераётганлиги. Бу эса юқори турувчи ташкилотга такроран мурожаат қилинишига сабаб бўлади.

5. Айрим бўғинлардаги давлат хизматчиларининг билими ва салоҳияти етарли эмаслиги, масалани биргаликда кўриб чиқиши ва ҳал қилиши лозим бўлган давлат органлари ўртасида ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилмагани. Масалан, алиментдан қарзи бор шахснинг даромадини аниқлаш бўйича ташкилотлараро ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаганлиги одамларни қийнамоқда. Қолаверса, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлил ҳам давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Давлат органлари хизматчилари ўз вазифаларини тўғри бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслиги керак6.

6. Фуқаролар ўзлари дуч келаётган масала ечими бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги. Айрим ҳолларда электрон шаклда мурожаат қилиш имкони бўлса-да, ваколатли органга келишга мажбур бўлаётгани. Масалан, Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 7-қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш учун рўйхатдан ўтган ва ўтказилган онлайн тест натижасига кўра 56,7 балл ва ундан юқори, аммо вазирлик белгилаган ўтиш балидан кам балл тўплаган фуқароларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги тиббий олий таълим муассасаларининг мос ёки турдош бакалавриат таълим йўналишларига кўчиришга рухсат берилди7 ва фуқаролар беш кун ичида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб ариза ёзиши лозимлиги белгиланди.

7. Фуқаролар бирон-бир масала юзасидан қонунчилик бўйича тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилаётгани (масалан, банкдан кредит олиш, давлат хизматлари учун тўлов миқдорини аниқлаш ва ҳ.), аксарият вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли қонун ҳужжатларини аҳолига тушунтиришга иккинчи даражали иш сифатида қараб келаётгани8, давлат хизматларини масофадан кўрсатиш ишларининг сустлиги.

8. Аҳоли ҳануз ваколатли давлат органига ёки судга эмас, барча масалаларда давлат раҳбари ё юқори турувчи ваколатли органга мурожаат қилишни афзал билаётгани. Масалан, муаммо қуйи поғонада ечилса-да, фуқаро дастлаб ваколатли органга эмас, Президентга мурожаат ёзади, бунда мурожаат ўша куни тегишлилиги бўйича республика даражасидаги ваколатли органга юборилади, у ҳам бир кун ичида қуйи поғонадаги органга ва аксарият ҳолларда у ҳам бир кун ичида қуйироқ поғонага юборади. Кўринадики, муаллиф уч-тўрт кун вақт йўқотади, ҳар бир босқичда давлат органлари ҳам муайян миқдорда ресурс сарфлайди.

9. Айрим қарорлар чуқур таҳлил қилинмасдан ва ўрганилмасдан қабул қилинаётгани (масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-қарорида дастлаб 2019/2020-ўқув йилидан, кўплаб мурожаат ва муҳокамалардан сўнг 2024/2025-ўқув йилидан9 бошлаб ўқувчиларнинг мактабга ягона формада келиши белгиланган)10.

10. Айрим йўналишларда фаолият олиб бориш учун штат ажратишда реал вазиятга эътибор қаратилмаётгани. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги 4602-қарори11 билан тасдиқланган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасида мурожаатлар билан ишлаш бўлимига иккита штат ажратилган. Бироқ Президентнинг виртуал ва халқ қабулхоналарига 2019 йилда маҳаллаларнинг биргина моддий ёрдам ажратиш билан боғлиқ фаолияти юзасидан 40 мингдан ортиқ мурожаат келган, ушбу вазирлик ташкил этилгач, яъни 2020 йилнинг март-октябрь ойларида қарийб 90 минг мурожаат келиб тушган12, шундан кўринадики, штатлар иш ҳажмига мувофиқ ажратилмаган.

Мутахассислар кўрсатиб ўтилган сабаблар оқибатида сарфланаётган ресурслар миқдорини аниқлаб, таҳлил қилиб кўрса, ҳақиқий ҳолат янада кўпроқ аён бўлади.

Ҳуқуқшунос сифатида санаб ўтилган сабабларнинг келиб чиқишида фуқароларни айблаш фикридан мутлақо йироқмиз. Бизнингча, ҳар қандай ҳолатда ҳам мурожаат қилиш ҳар бир шахснинг кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир, у сўзсиз таъминланиши, мурожаат юзасидан муаллиф ҳақ бўлса, давлат зарур чораларни кўриб, уни рози қилиши шарт. Ҳар бир мурожаат ортида аввало инсон тақдири турганини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шунингдек, асоссиз ва мантиқсиз (масалан, турмуш ўртоқ топиб беринг ёки Ҳабиб билан жанг қилишимга ёрдам беринг каби мазмундаги) мурожаатлар ҳам учрайди. Қонун бўйича уларга жавоб бериш учун ҳам бюджетдан маблағ сарфланади. Аслида бундай мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги, яъни давлат бюджетидан ортиқча харажат қилинмаслигидан солиқ тўловчилар ҳам, давлат ҳам манфаатдор ҳисобланади. Шу сабабли ушбу масалада жамоатчилик назорати ҳам кучайтирилиши мақсадга мувофиқ.

Юқорида санаб ўтилган сабаблардан келиб чиқиб қатъий чоралар кўрилиши, фикримизча, мурожаатлар билан ишлаш жараёнида қилинаётган ортиқча харажатларни камайтириш ҳамда тежалган маблағни мурожаатларда кўтарилаётган тизимли муаммоларни ҳал қилиш учун сарфлаш имконини беради.

Аслида, чуқурроқ мулоҳаза юритилса, молиявий тарбия, молиявий саводхонлик ва молиявий маданиятни ошириш моҳиятан ҳуқуқий тарбия, ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданият билан тенг даражада туради ҳамда бири иккинчисини тўлдириб боради. Демак, давлат ҳар икки категориянинг ҳам бирдай ривожланишидан манфаатдор ҳисобланади.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, давлат хизматчиларининг иқтисодий билимларини ошириб боришга эътибор қаратилиши, бюджет маблағининг ҳар бир йўналишга реал ҳолатларни инобатга олган ҳолда алоҳида-алоҳида тақсимланиши, айнан аҳоли мурожаатлари билан ишлашга сарфланаётган маблағ ҳақидаги маълумот жамоатчилик назорати учун очиқ бўлиши, шу орқали харажатларнинг ҳар бир ташкилот томонидан мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилиш даражасига мутаносиблиги таъминланиши керак.

Олим ФАЙЗИЕВ,
ТДЮУ мустақил изланувчиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

1 https://president.uz/uz/lists/view/3324.

2 https://pm.gov.uz/uz.

3 Бу ўринда мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилишга сарфланган маблағлар назарда тутилмаган.

4 Масалан, фуқаро мурожаатида мактаб қуриш ёки кўчани асфальтлашни сўрайди, бироқ кўпинча бу муаммони қисқа муддатда ҳал қилиш имкони бўлмайди.

5 Масалан, муаллиф мурожаатида қонун билан тақиқланган ёки ҳал қилишнинг иложи бўлмаган масалада ёрдам сўрайди.

6 https://uza.uz/uz/posts/qonun-huzhzhatlaridan-aholi-qanchalik-xabardor

7 https://t.me/eduuz/3683; https://t.me/xushnudbek/7667

8 https://uza.uz/uz/posts/qonun-huzhzhatlaridan-aholi-qanchalik-xabardor

9 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.06.2019 й., 09/19/509/3316-сон; https://lex.uz/docs/4383466.

10 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.08.2018 й., 09/18/666/1768-сон; 20.06.2019 й., 09/19/509/3316-сон; https://lex.uz/ docs/3866498.

11 Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 07/20/4602/0186-сон; https://lex.uz/docs/4740335.

12 https://pm.gov.uz/uz.

- Advertisement -

Latest news

Мурожаатлар билан ишлашда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари

Мамлакатимизда 2016 йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, барча туман ва шаҳарларда эса халқ қабулхоналари...
- Advertisement -

Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш зарурати

Фуқароларнинг мулкий муносабатлари билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада мансабдорларнинг вазифа ва жавобгарликларини қатьий белгилаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан...

Ипотека кредити: имкониятми ёки муаммо?

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳар доимгидан-да жадаллашиб кетгандай. Хусусан, арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги...

“Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми ўтказилади

2021 йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми йирик халқаро тадбир ҳисобланади. Форум Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги...

Related news

Мурожаатлар билан ишлашда моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари

Мамлакатимизда 2016 йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, барча туман ва шаҳарларда эса халқ қабулхоналари...

Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш зарурати

Фуқароларнинг мулкий муносабатлари билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада мансабдорларнинг вазифа ва жавобгарликларини қатьий белгилаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан...

Ипотека кредити: имкониятми ёки муаммо?

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳар доимгидан-да жадаллашиб кетгандай. Хусусан, арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги...

“Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми ўтказилади

2021 йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” II Xалқаро юридик форуми йирик халқаро тадбир ҳисобланади. Форум Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги...
- Advertisement -