0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Мукаммал қонунлар тараққиёт гарови

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳуқуқий демократик давлат барпо этиб, жамиятда конституция ва қонун устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди.

Янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган десак муболаға бўлмайди. Асосий мақсад – одамларни рози қилиш. Коррупцияга қарши аёвсиз курашиш. Инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш. Мамлакатда ҳукм сураётган тинчликни янада мустаҳкамлаш. Аҳолининг турмуш даражасини кўтариш. Иқтисодиётни юксалтириш. Жамиятда илм, маърифатни юксак чўққиларга олиб чиқиш…

Албатта, бу рўйхатни биргина мақолага сиғдириш, унинг аҳамиятини очиб бериш қийин. Шу боис фақат ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида фикр билдирмоқчимиз.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган. Унинг 3-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ЕТТИТА ТУРИ БОР.
Биринчиси – Ўзбекистон конституцияси.
Иккинчиси – Ўзбекистон қонунлари.
Учинчиси – Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари.
Тўртинчиси – Ўзбекистон президентининг фармон ва қарорлари.
Бешинчиси – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари.
Олтинчиси – вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқ ва қарорлари.
Еттинчиси – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Ўзбекистонда конституция ва қонунларнинг устуворлиги сўзсиз тан олинади. Мамлакат конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида қўлланади. Давлатнинг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари конституция асосида қабул қилинади ҳамда унинг норма ва принципларига зид келиши мумкин эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар одатда қонун ҳужжатлари деб ҳам аталади ва улар Ўзбекистон қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади. Қонун ҳужжатлари асосан икки тоифага бўлинади. Биринчисига қонунлар, иккинчисига қонуности ҳужжатлари киради. Шундай қилиб, Ўзбекистон конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар саналади. Қонуности ҳужжатлар сирасига эса президентнинг фармон ва қарорлари, ҳукуматнинг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқ ва қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари киради.

Дунёнинг кўп демократик давлатларида қонун ҳуқуқнинг асосий манбаи ҳисобланади. Ҳозирги замон юридик фани ва амалиётида қонун сўзи икки хил маънода қўлланади. Биринчиси – парламент томонидан (ёки референдум орқали) махсус тартибга мувофиқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хужжат. Иккинчиси – ҳар қандай давлат органининг ўзида юридик нормаларни, мажбурий юриш-туриш қоидаларини мужассам этган юридик акти ёки норматив ҳужжати.

ШУНДАЙ ЭКАН, ҲУҚУҚНИНГ ЕТАКЧИ МАНБАИ СИФАТИДА ҚОНУННИНГ
ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Биринчидан, қонун – ўзида ҳуқуқ нормаларини мужассам этган норматив ҳужжат. Қолаверса, қонун давлат ҳокимияти олий органи (парламент, президент, ҳукумат, олий суд ва бошқалар) ёки умумхалқ қонун ижодкорлигининг самарасидир.

Иккинчидан, қонун жамиятдаги ўзига хос, энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, қонун олий юридик кучга эга, бу жиҳат уни қабул қилган органдан ташқари ҳеч қайси орган ёки мансабдор қонунни бекор қила олмаслигида ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлари қонунга зид бўлмаслигида намоён бўлади.

Учинчидан, қонун фундаментал аҳамиятга эга юридик ҳужжат. У бошқа давлат органлари ва судларнинг қонун ижодкорлиги учун маёқ, асос бўлиб хизмат қилади.

Парламент тизимига эга давлатда қонунчилик тизимининг шаклланиши ҳам табиий жараён. Жамият қанча ривожланган бўлса, унда сифатли қонунларга шунча катта эҳтиёж сезилади. Содда қилиб айтганда, қонуннинг мазмуни энг аввало ҳуқуққа асосланган, яъни инсоннинг узвий, ажралмас ва табиий ҳуқуқларига мувофиқ бўлиши шарт.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш деганда давлат ва жамият ишларини бошқаришда ўзбошимчалик билан иш тутишга йўл қўйилмаслиги англашилади. Яъни, ҳокимият органлари ва мансабдорларининг қонунларда назарда тутилганидан ташқари ҳар қандай ҳолатда инсонларнинг шахсий хаётига аралашувига йўл қўйилмайди.

«Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунга мувофиқ қонун лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро шартномаларининг принцип ва нормалари ҳисобга олинади. Лойиҳалар қонунчилик техникаси қоидаларига мос бўлиши керак. Акс ҳолда, бундай қонун лойиҳаси муҳокама қилинмайди.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Концепцияда, биринчидан, юзага келган ижтимоий муносабатни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети; иккинчидан, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган умумий тавсифи; учинчидан, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти ва лойиҳанинг асосий қоидалари; тўртинчидан, бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини белгиланиши керак.

Қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принцип ва
нормалари ҳисобга олиниши, шунингдек, қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилиши лозим.

Бу вазифалар қонун талабларига мувофиқ биринчи навбатда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон конституциясининг 83-моддасига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокурор эгадир ва улар бу ҳуқуқни қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширади.

Яна бир муҳим жиҳати бор. «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунга мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳани Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари иштирокида ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиби ва шакли қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан мустақил белгиланади.

«НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУННИНГ
 БИР ҚАТОР ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ МАВЖУД.

Биринчидан, ушбу қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш учун асос бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибатга олиб келмаслиги, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдорлари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни жорий этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Албатта, бу мансабдорларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатига ва эълон қилинишига ҳам қўшимча талаблар белгиланган. Хусусан, қонун лойиҳасини уни қабул
қилувчи органга киритаётганда халқаро ҳужжатларнинг ва чет мамлакатлар қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, муайян халқаро тажрибани Ўзбекистонда қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий-қиёсий жадвалларни тайёрлаш шарт. Бундай жадвалсиз киритилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмайди.

Учинчидан, қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг электрон шакллари уларнинг расмий сайтларида эълон қилиниши шартлиги белгиланган, бу фуқароларнинг қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тезкор ахборот олишида муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни, энг аввало қонунни тайёрлаш ва қабул қилиш кўп босқичли, сермашаққат жараён бўлиб, унинг лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган ваколатли шахслардан жуда юқори масъулиятни, малака, билим ва тажрибани талаб қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида белгилаб берилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда энг аввало сифатли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, ижросини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Худоёр МАМАТОВ,
юридик фанлар доктори, профессор

 

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -