0,00 UZS

No products in the cart.

15.4 C
London
Juma, Iyun 25, 2021

Муаллифлик ҳуқуқи: ҳимоя, тиклаш ва кафолат

- Advertisement -
- Advertisement -

Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг фан, санъат ва адабиёт соҳасини ривожлантириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон 2005 йилда 1886 йил 9 сентябрда Швейцарияда қабул қилинган Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларига муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Берн конвенциясига қўшилди. Шунга асосан 2006 йилда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳуқуқий меъёрларига мос келадиган «Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Муаллифлик ҳуқуқи ғоя (фикр) ёки маълумотнинг маълум бир кўринишдаги ифодаланишини тартибга солувчи эксклюзив ҳуқуқлар мажмуидир.

Ёки маълум бир асар устидан субъектив ҳуқуқларга эга бўлган шахс муаллифлик ҳуқуқининг субъекти ҳисобланади.

Амалдаги қонунлар бўйича Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари, уларнинг ворислари ва бошқа ҳуқуқни қабул қилувчилар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ўзи муаллифлик ҳуқуқлари субъектига айланиши мумкин.

Ушбу субъектлар учун асарга нисбатан ҳуқуқ турлича юридик фактлар асосида вужудга келади. Бири учун ижодий фаолияти асар яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Иккинчиси ворис­ лик бўйича муаллифлик ҳуқуқларини олади. Учинчиси муаллифлик шартномаси ва ҳоказо сабаблар билан субъектив ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

Муаллифлик ҳуқуқининг муҳим субъекти ўз ижодий фаолияти билан асар яратган шахс
ҳисобланади. Жинси, ёши, муомала лаёқатидан қатъи назар ҳар қандай шахс асар муаллифи бўлиши мумкин.

Асл асарлар билан бир қаторда ҳосила асарларга нисбатан ҳам муаллифлик ҳуқуқи тан олинади1. Бундан ташқари, ижодий асарлар вояга етмаганлар, ўсмирлар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахслар томонидан ҳам яратилиши мумкин. Бундай тоифадаги шахсларнинг асарга нисбатан муаллифлик хуқуқлари уларнинг ота-оналари, васий ёки ҳомийлари томонидан амалга оширилади.

Жумладан, вояга етмаганлар номидан муаллифлик шартномаларини уларнинг ота-оналари ёхуд қонуний вакиллари тузади. Шунда ота-оналар, қонуний вакиллар ушбу шартнома бўйича ўзларига мажбуриятлар олади. Лекин бу мажбуриятларни бажармаслиги учун улар жавобгар бўлади деган маънони билдирмайди.

Шартнома бўйича тараф бўлиб вояга етмаган шахснинг ўзи қатнашади, ота-оналар ва қонуний вакиллар эса вояга етмаган номидан қатнашади холос. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача вояга етмаганлар муаллифлик ҳуқуқларини мустақил амалга ошира олишади. Ўзбекистон қонунлари бўйича жисмоний шахслар билан бир қаторда юридик шахслар ҳам муаллифлик ҳуқуқларига эга бўлиши мумкин. Агар юридик шахслар ижодкор ҳуқуқларини қабул қилувчи ҳисобланса, унинг муаллифлик ҳуқуқларига ҳам эга бўлишлари мумкин бўлади.

Барча ҳолларда юридик шахс жисмоний шахс эга бўлган муаллифлик ҳуқуқларига қонунда кўрсатилган асослар бўйича фақатгина ҳосила тарзида эга бўлади. Чунки ижод қилиш, яратиш фақат инсонгагина хос хусусиятдир.

Юридик шахс фақатгина жисмоний шахсларнинг эркин ижод қилиши учун моддий шарт-шароит яратиб бериши мумкин. Аммо бундай хатти-ҳаракатлар юридик шахснинг
дастлабки муаллифлик ҳуқуқларига эга бўлишини билдирмайди. Шу билан бирга муаллифлик ҳуқуқларининг субъектлари нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганлар ҳам бўлиши мумкин. Ўзбекистонда биринчи марта чоп этилган ёки чоп этилмаган бўлса-да, асл нусхаси объектив шаклда унинг ҳудудида турган асар учун муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон ҳудудида тўла амал қилади. Бундай ҳолда муаллифлик ҳуқуқи муаллифга ва унинг меросхўрларига, шунингдек фуқаролигидан қатъи назар, муаллифнинг бошқа ворисларига тегишли деб эътироф этилади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, муаллифлик ҳуқуқининг субъекти турли шахслар бўлиши мумкин, аммо асар муаллифи деб ижодий меҳнат билан асар яратган шахснигина тушунамиз.

Ҳозирги глобал ривожланиш жараёнида ахборот алмашинув суръати кескин ошиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар, интернет нашрларида чоп этилаётган асарлар муаллифлик ҳуқуқи бузилган ҳолда бошқа сайтларда чоп этилмоқда. Шундай экан, асар муаллифининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунчилигимиз глобал ривожланиш жараёни билан тенгма-тенг юриши керак.

Асар муаллифига етказилган зарарнинг ҳуқуқий тартиб-таомиллари қатор қонунчилигимизда белгилаб қўйилган. Айтиш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771-моддасида «Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш» учун маъмурий таъсир чораси белгиланган.

Бизга маълумки, фуқаровий ҳуқуқий муносабатларда зарарнинг келиб чиқиш тартиб-қоидалари белгилаб ўтилган бўлиб, буларга қуйидагилар:

  • ҳуқуқи бузилган шахс бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлар;
  • унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар);
  • бу шахснинг ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида даромад олиши мумкин бўлган даромади (бой берилган фойда) киради.

Агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда ҳам ҳисобланиб олдинги даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли2.

Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг кўп тарқалган турларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1. Нусха олиш (китоблар, мақолалар, картиналарни қайта кўпайтириш).

2. Асарни тарқатиш (ижара, сотув, дастурий таъминотни ўрнатиш ва бошқалар).

3. Асарларни концерт заллари, театр саҳнасида омма учун намойиш қилиш.

4. Радио, телевидение орқали эфирга узатиш; асарни бошқа тилларга таржима қилиш; асарни қайта ишлаш (плагиат).

Бу рўйхатни яна тўлдириш мумкин. Чунки ҳуқуқбузарлар замонавий технологиялардан
фойдаланган ҳолда асарларни ўзлаштиришнинг янгидан-янги йўлларини топишмоқда. Ҳуқуқбузарликнинг яна шундай тоифаси борки, улар ҳар доим ҳам контрафакция3 билан боғлиқ бўлмайди. Масалан, буларга муаллифлик гонорарини тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик; муаллифнинг рухсатини олмасдан асар ни нашр этиш; ҳақиқий муаллифнинг исмини кўрсатмасдан нашр этиш кабилар киради. Қонуннинг 62-моддасида ҳуқуқбузарликларнинг кенг рўйхати келтирилган4, аммо у тўлиқ эмас.

Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ФК 11-моддасида келтирилган умумий усулларидан ташқари қонунчилик муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг махсус имкониятларини ҳам кўзда тутади.

Қонуннинг 65-моддасига биноан муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

1) ҳуқуқларни тан олишини;

2) ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини;

3) ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини;

4) зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини;

5) Қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар кўриниши.

Муаллиф ва ижрочи ҳуқуқлари бузилган тақдирда ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш ёки уни тўхтатиш учун зарур чоралар кўриш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарлар, шунингдек бундай чораларни амалга оширган шахс кўрган зарарлар ҳуқуқбузар ҳисобидан ундириб олиниши керак.

Муаллифлик асарлари интеллектуал мулк объектлари қаторига киргани боис ФКнинг интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари тўғрисидаги 1040-моддасидан ҳам фойдаланса бўлади. ФКнинг 1040-моддасига биноан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали амалга оширилиши мумкин:

1) йўл қўйилган бузиш ҳақидаги маълумотни мажбурий тарзда эълон қилиб, унга бузилган ҳуқуқ кимга тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали;

2) мутлақ ҳуқуқлар қайси моддий объектлар ёрдамида бузилган бўлса, ўша моддий объект ларни ҳамда бундай бузиш натижасида яратилган моддий объектларни олиб қўйиш орқали.

Қонуннинг 66-моддасига мувофиқ асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, уларни тайёрлаш ва такрорлашда фойдаланиладиган материаллар ва асбоб-ускуналар ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг бошқа воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида мусодара қилинади. Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг мусодара қилинган контрафакт нусхалари йўқ қилиниши керак. Уларни ҳуқуқ эгасига унинг илтимосига биноан топшириш ҳоллари бундан мустасно5.

Масалан, агар даврий босма нашр (журнал, газета) мақоланинг муаллифи рухсатисиз ва розилигисиз унинг мақоласини эълон қилса, суд қарорига кўра ушбу ташкилотдан нафақат нашрнинг бутун бошли адади, балки барча матбаа ускуналари, босиш бўёғи, принтер ва ҳуқуқбузарликни амалга ошириш йўлида хизмат қилган бошқа жиҳозлар олиб қўйилади.

Ушбу чора камида ноширлик фаолиятини тўхтатиб қўяди. Катта харажатларга олиб келади, кам бюджетли бизнес ҳолатида эса – уни умуман тўхтатади.

Агар ҳимоянинг фуқаролик-ҳуқуқий усуллари хусусида гап борадиган бўлса, у фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси бериш орқали амалга оширилади. Ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузарга нисбатан қонунда белгиланган талабларнинг қай бирини қўйишни танлаб олишга ҳақли.

Буларга:

• мутлақ ҳуқуқнинг тан олиниши (масалан, ҳаммуаллифликнинг тан олиниши);

• жавобгарнинг сохта муаллифлиги факти ўрнатилиши;

• ҳуқуқнинг бошланғич ҳолати тикланиши (бузилгунга қадар);

• ҳуқуқни бузаётган ёки келгусида унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларнинг тўхтатилиши;

• муаллифлик ҳуқуқи бузилиши туфайли етказилган зарарнинг қопланиши;

• бой берилган даромаднинг қопланиши;

• муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон тўлаш;

• маънавий зарарни қоплаш;

• гонорар ундириш (муаллифлик ҳақи);

• ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун қўлланган контрафакт нусхалар, материаллар, ускуналарни мусодара қилиш каби талаблар киради.

Даъволарни мулкий ва номулкий турларга ажратиш қабул қилинган. Аммо муаллифлик
ҳуқуқининг ўзига хослиги шундаки, аниқ муаллифнинг манфаатларини юқоридаги тамойилларга асосан чегаралаш қийин масала. Шунинг учун уларни бирлаштириш ва бир суд жараёни доирасида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўриб чиқилаётган масалада қонунчилик нормасига «Юридик шахс интеллектуал фаолият натижаларига ҳамда индивидуаллаштирувчи воситаларга мутлақ ҳуқуқларнинг бир неча марта ёки қўпол равишда бузилишига йўл қўйса, суд мазкур кодекснинг 61-моддаси 2-бандига кўра юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқларнинг бузилишидаги айби тасдиқланган ҳолатда прокурор талабига кўра унинг тугатилиши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Агар шундай ҳуқуқбузарликлар фуқаро томонидан у хусусий тадбиркор сифатида амалга ошираётган тадбиркорлик фаолияти мобайнида йўл қўйилган бўлса, қонунчиликда ўрнатилган тартибда суд қарори ёки ҳукми билан мутлақ ҳуқуқлар бузилишида унинг айби мавжуд бўлса, унинг индивидуал тадбиркор сифатидаги фаолияти тугатилиши мумкин» деб қўшимча киритиш зарурлиги ҳозирги кундаги асар муаллифининг ҳуқуқлари тикланишида катта туртки бўлади.

Хуршид РАВШАНОВ,
Судьялар олий мактаби тингловчиси, магистр

 

1 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси. Тошкент, 1995 йил 21 декабрь, 163-I-сон.

2 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси. Тошкент, 1995 йил 21 декабрь, 163-I-сон.

3 Контрафакт – интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда мавжуд бўлган асл нусхасига асосланган янги маҳсулот: сохта товарлар. http/:ru.
wikipedia.org.

4 Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни. 2006 йил 20 июль, ЎРҚ-42. 

5 Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни. 2006 йил 20 июль, ЎРҚ-42.

 

- Advertisement -

Latest news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...
- Advertisement -

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...

Related news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...
- Advertisement -