0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Миллий давлатчилигимиз тарихида мурожаатлар институти

- Advertisement -
- Advertisement -

Ўзбек давлатчилиги тарихида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш маълум бир тарихий илдизга эга. Одамларнинг мурожаатини бевосита ҳал этиш, шикоятларни ҳукмдорга етказиш учун турли босқичлар, тузилмалар ва мансаблар жорий этилган. Ҳукмдорлар эса арз ва шикоятларни ҳал этишда бошқарув тамойилларига асосланган ҳолда иш кўрган.

IX — XII асрларда Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда кучли марказлашган давлат қуришга муваффақ бўлган бир қатор сулолалар, шу жумладан, сомонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар ва хоразмшоҳлар даврида аҳолининг мурожаатларига бўлган эътибор алоҳида аҳамият касб этиб, ўзига хос хусусиятларга эгалиги билан ажралиб турган.

Сомонийлар давлати ҳукмдорлари ҳафтада икки марта мажлис ўтказиб, мамлакат бўйлаб шикоятчиларни қабул қилган. Ҳукмдорлар ўз қабулига шикоятчиларнинг ҳеч қандай тўсиқсиз киришларини амалдорларига тайинлаган. Тўсқинлик қилган маъмурий ходимлар эса қаттиқ жазоланган. Низомулмулк «Сиёсатнома» асарида шундай ёзади: «Подшоҳ ҳафтада икки кун зулм кўрганларни қабул қилиб, золимларнинг додини бериб, уларни жазолаб ва раият сўзларини бевосита эшитиб бориши керак. Муҳим бўлган аризаларни қабул қилиб, ҳар бирига жавоб бериши лозим. Агарда «подшоҳ додхоҳларни олдига чақириб, ҳафтада икки маротаба уларнинг сўзларини эшитади ва золимларнинг жазосини беради» деган хабар мамлакатда тарқалса, унда золимлар қилмишларининг оқибатини ўйлаб, қўрқиб бедодлик қилмайдилар».(1)

Ғазнавийлар давлатида ҳам шикоятларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳукмдорлар шаҳар ёки муайян ҳукумат вакиллари орқали чекка ҳудуд аҳолисининг муаммосига қулоқ тутишга ва ёрдам беришга ҳаракат қилган. Бу масалада раислар, шаҳарларнинг шайхлари ва муҳтасиблар алоҳида ўрин тутган. Майда қаллобликлар, савдо-сотиқ ишларидаги алдов ёки тарозидан уриш ҳолатлари билан боғлиқ шикоятларни шариат қонунларига асосан муҳтасиблар ҳал этган.(2) Ғазнавийлар давлатида муҳтасиб лавозимига ҳалол, саводли, шариат нормаларига оғишмай риоя қилувчи шахслар тайинланган. Маҳмуд Ғазнавий шариат нормаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширувчи муҳтасибларга кенг ваколатлар берган.

Салжуқийлар давлати султонлари эса жуда кенг, амалда чекланмаган монарх ҳуқуқларига эга бўлиб, мансабдорлар устидан тушган шикоятларни ҳал қилган, ерларни ҳадя қилган, мансабдорлар ва қўшин бошлиқларини тайинлаган, муҳим давлат ишларини ҳал этишда кенгаш чақириб, саркарда ва қўмондонларнинг фикрларини олишга ҳаракат қилган.(3) Салжуқий ҳукмдорлардан бири Муҳаммад Тўғрулбек ҳар ҳафтада икки кунни Хуросон подшоҳларининг қоидаларига мос ҳолда аҳолини ўзи қабул қилиб, низо ва жанжалларни ҳал этгани манбаларда қайд этилган.(4)

Хоразмшоҳлар давлатида муҳим лавозимлардан бири қиссадордир. Қиссадор – бир ҳафта давомида султон номига ёзилган ариза ва илтимосномаларни йиғиб, пайшанбадан жумага ўтар кечаси султонга топширган. Жума куни эса султоннинг жавобини ариза эгаларига етказган.(5)

Амир Темур даврида ҳам мурожаатлар билан ишлаш учун арзбеги лавозими жорий этилган эди. Арзбеги барча шикоятлар, аризалар ва таклифларни шахсан Амир Темурга билдириш ҳуқуқига эга бўлган. Бу ҳақида «Темур тузуклари»да шундай ёзилган: «Яна ҳукм қилдимки, бир кишини арзбеги қилиб тайинласинлар. У сипоҳ, раият ва арз-дод қилиб (ҳузуримга) келувчиларнинг аҳволини, мамлакатнинг обод-хароблигини, муҳим ишлардан қайси бири битган-битмаганлигини менинг арзимга етказиб турсин».(6)

Тарихшунос Баҳодир Аҳмедов Амир Темур давлатида муҳтасиблар алоҳида мавқега эга бўлгани, улар диний маросимлар, урф-одатлар ва шариат қонунларининг бажарилиши (фуқароларнинг мурожаатлари шариат нормаларига асосланган ҳолда адолатли ҳал этилиши) устидан назоратни амалга оширганини таъкидлайди.(7)

Соҳибқирон бобомиз давлатни бошқаришда мудом адолат тамойилига риоя қилишга катта аҳамият берган. Қонун олдида ҳамманинг, жумладан, ўз оила аъзоларининг ҳам тенг ҳуқуқли бўлишини таъминлашга интилган. Испан элчиси Клавихонинг кундаликларида қайд этилишича, Амир Темурнинг севимли келинларидан бири Хонзодабегим 1399 йили Самарқандга ташриф буюради. Хонзодабегим ташрифдан муддаоси эрининг, яъни Мироншоҳ Мирзонинг ичкиликка ружу қўяётгани, давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳақида Амир Темурни хабардор этиш эди. Ҳукмдор келинининг шикоятини эшитиб, бир гуруҳ ишончли одамларига бу вазиятни текшириш учун Табризга юборади. Текширув давомида Мироншоҳ Мирзо олий девоннинг тўловларини нотўғри ишлатгани аниқланади. Амир Темур ўғлини ва унинг атрофидаги амалдорларини бу қилмишлари учун жазолайди.(8)

Мурожаатларга эътибор Амир Темур салтанатида адолатли, интизомли ва мустаҳкам давлат барпо этишнинг асосий устунларидан бири ҳисобланган. Шунинг учун арз ва шикоятларни синчковлик билан ўрганиш, қонуний ва одилона ҳал этиш дастаклари мукаммал ишлаб чиқилган ҳамда амалиётда қўлланган. Аҳолининг ҳар бир арзи ва шикоятларини ўрганиб чиқиш ҳамда уларга жавоб берилишини шахсан Амир Темурнинг ўзи ва мамлакатда қонунларнинг бажарилиши устидан назоратни муҳтасиблар амалга оширган.

Амир Темур давлатида фуқароларнинг мурожаатларига эътибор бериш қуйидагиларда намоён бўлади:

1) фуқароларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида олий ҳокимият (даргоҳ) органига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти берилган;

2) аҳолига ўз мурожаатлари (таклифлари) орқали маълум даражада давлат бошқаруви ишларида иштирок этиши учун шароит яратиб берилган;

3) аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги вазият, уларнинг турмуш тарзи Амир Темур томонидан раиятнинг арз ва шикоятини ҳал қилиш учун лавозимга тайинланган масъул шахс (амалдор)лар томонидан аниқланган.

Темурийлар давридан кейин шайбонийлар (1500-1601), аштархонийлар (1601-1756), манғитлар (1756-1920), қўнғиротлар (1770-1920) сулолалари, Қўқон хонлиги ҳукмдорлари (1709-1867) бошқарув тизимида ҳам даргоҳ ва девонларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинган. Ҳукмдорлар анъанага кўра, фуқароларнинг арз-додлари ва шикоятларни кўриб чиқишга катта аҳамият берган.

Бухоро хонлигида давлат бошлиғи маҳкамасининг икки махсус ходими бўлиб, улар амирнинг кундалик ишини юритиш масалалари билан бевосита шуғулланган. Улардан бири парвоначи бўлиб, амир фармонлари ва бошқа қарорларини бекларга ҳамда бошқа мансабдор шахсларга етказиш масалалари билан шуғулланган. Иккинчи лавозим эгаси додхоҳ, яъни давлат бошлиғига турли масалалар бўйича келиб тушадиган ариза ва шикоятларни қабул қилиб, унга етказиш ҳамда берилган жавобларни ўз эгаларига қайтариш вазифасини бажарган.(9)

Камат туманида яшовчи Тўхтаой исмли аёл 1875 йилда амир Саййид Музаффарга (1860-1885) шикоят билан мурожаат қилади. Мурожаатида Бурхон исмли шахс уни турмушга чиқишга мажбурлаётганини билдиради. Амир Бухоро қозикалонига мазкур ҳолатни текшириш ва сабабларини аниқлаш бўйича топшириқ беради.(10)

Бундан кўринадики, Бухоро амирлигида нафақат эркак мурожаатчилар, балки аёлларнинг ҳам мурожаатлари тингланган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.

Хива хонлигида ҳам фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ўзига хос хусусиятга эга бўлган. Жумладан, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг «Фирдавс ул-иқбол» асарида ХIХ аср бошларида Хоразмнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун фаол ҳарбий юришлари билан ажралиб турган қўнғирот ҳукмдорларидан бири – Муҳаммад Раҳимхон I (1806-1825) хонликнинг турли қисмларига аҳолининг ариза ва шикоятларини тинглаш учун жуда кўп марта борганлиги қайд этилган.(11)

Қўқон хонлигида ҳар бир шаҳар, вилоят ва беклик ўз қозисига эга бўлиб, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари, кундалик иқтисодий ва ижтимоий масалалар қозилар томонидан ҳал этилган, қозиси бўлмаган ҳудудларда унинг вазифасини раис бажарган.

Қозихона икки хонадан иборат бўлиб, улардан бирида қози ва муфти аълам, иккинчи хонада эса котиб бўлган. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун аниқ кун ёки вақт белгиланмаган. Шунинг учун ҳар бир киши ҳар куни мурожаат қилиши мумкин бўлган. Қозихонада махсус шахс (жарчи) бўлиб, ариза ва шикоятларни овоз чиқариб ўқиган.(12) Томонлардан бири қози томонидан чиқарилган қарордан норози бўлган тақдирда, ариза билан бекка мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Бек, ўз навбатида, мустақил қарорлар қабул қилган. Шуниси муҳимки, ҳар қандай шахс, яшаш жойидан қатъи назар, қозига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Қози томонидан чиқарилган адолатсиз ҳукм ёки қарорга қозикалон ўзгартириш киритиши мумкин бўлган. Бундай ҳолатда қозикалон чиқарган қарорга қози ҳеч қандай эътироз билдира олмаган.(13)

Келтирилган тарихий манбалар, эсдаликлар, ҳукмдорларнинг иш тутимидан шундай хулосага келиш мумкин:

биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида ҳукмронлик қилган барча сулолаларда аҳолининг мурожаатларига алоҳида эътибор берилган, давлат бошлиқлари мурожаатларни қонуний ва адолатли ҳал қилиш учун ҳаракат қилганлар;

иккинчидан, ҳар бир сулола даврида раиятнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларни давлат бошлиғига етказиш ёки мурожаатларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи махсус лавозимлар бўлган;

учинчидан, сулола бошлиқлари ҳисобланган ҳукмдорларга нафақат эркак мурожаатчилар, балки аёллар ҳам ўзларининг арз ва шикоятлари билан мурожаат қилганлар. Ўша даврларда ҳам аёлларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, гендер тенглигини таъминлаш чоралари кўрилган.

Шерзод ЗОКИРОВ,

Бош прокуратура академияси докторанти.

 1 Сиёсатнома (Сияр ул-мулук) /Низомулмулк. Масъул муҳаррир Шариф Холмурод. Форс тилидан таржима, сўзбоши ва изоҳлар муаллифлари Шодмон Воҳид, Афтондил Эркинов. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2019. – 304 бет (24-бетдан олинди).

2 Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи: (Энг қадимги даврдан Россия босқинига қадар) / / Масъул муҳаррир: Б. Аҳмедов/. — Т.: «Шарқ», 2001. — 368 б. (95-бетдан олинди).

3 Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи: (Энг қадимги даврдан Россия босқинига қадар) / / Масъул муҳаррир: Б. Аҳмедов/. — Т.: «Шарқ», 2001. — 368 б. (127-бетдан олинди).

4 Агаджанов С.Г. Государство Сельджукидов и Средняя Азия в XI-XII вв. М., Наука. 1991 г.

5 Эшов Б. Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқарув тарихи.-Т.: «Ўзбекистон миллий университети», 2012 йил. 121-б.

6 Соғуний А. Темур тузуклари; тарихий адабиёт / А.Соғуний ва Ҳ.Кароматов. – Тошкент; Yangiyul Poligraph Service, 2019. – 160 б. (120-бетдан олинди).

7 Аҳмедов Б. Амир Темур дарслари: Умумий таълим ва махсус тарих мактаблари ўқитувчилари ва ўқувчилари учун қўлланма. — Т.: «Шарк,», 2001. — 144 б. (53-бетдан олинди).

8 Руи Гонсалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Тимура (1403-1406). М., «Наука», 1990, 117-118-бетлар.

9 Холиқова Р. Амирликдаги амалу унвонлар // Фан ва турмуш. – Тошкент, 2000. – № 4. – 14-б.

10 Шодиев Ж.М. Бухоро амирлигида давлатчилик масалалари: Олий ўқув юрти талабалари учун ўқув қўлланма/ Масъул муҳаррир: Ҳ.Б.Бо- боев. Т.: Тошкент давлат юридик институти, 2005.-74 бет. (50-бетдан олинди).

11 Firdaws al-iqbal. History of Khorezm by Shir Muhammad Mirab Munis and Muhammad Riza Mirab Agahi, trans. from Chaghatay and annot. by Yuri Bregel (Leiden, Boston, Koln: Brill, 1999). P. 456-457.

12 Наливкин В. Краткая история Кокандского ханства. – Казань, 1886. –IV, 215 с.

13 Мухитдинов Алишер. Историко-правовые аспекты судебной системы Кокандского ханства // Вестник ТГУПБП. 2018. №1. URL: https:// cyberleninka.ru/article/n/istoriko-pravovye-aspekty-sudebnoy-sistemy-kokandskogo-hanstva (дата обращения: 02.03.2020

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -