0,00 UZS

No products in the cart.

14 C
London
Dushanba, Iyul 6, 2020

Меҳнат муносабатларида камситишга йўл қўйилмайди

- Advertisement -
- Advertisement -

Ушбу мақола журналнинг 2019 йил 5 сонида чоп этилган.

Инсон манфаати, шаъни, қадр-қиммати — ҳар нарсадан устун. Шахсга қаратилган ҳар қандай камситиш ҳам ҳуқуқий, ҳам ахлоқий ­категорияларга зид. Камситиш ўз хусусиятига кўра негатив ва ­ёқимсиз воқелик бўлиб, у моҳиятан нотенгликни келтириб чиқаради. Инсон ­ҳаётининг асосини фойдали машғулот ташкил қилгани ҳолда, ­ижтимоий ҳаётда камситиш кўпроқ меҳнат муносабатларида учрайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 6-моддасига кўра барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа ­жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабат­лар соҳасида ҳар қандай чек­лашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос талаб­лар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс­лар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Юқоридаги моддада яна бир эътиборли жиҳат шундаки, турли жиҳатлар бўйича фарқлаш ёки устунлик бериш масаласида халқаро ҳужжатларда «ёш» категорияси берилмаган. Ўзбекис­тон Меҳнат кодексининг 6-моддасида бошқа хусусиятлар қаторида «ёш» масаласи алоҳида кўрсатиб ўтилган. Яъни меҳнат ва машғулотлар соҳасида ёшга кўра чеклаш ёки устунлик бериш камситиш саналади. Мазкур ҳолат миллий меҳнат қонунчилигимизнинг халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам кўпроқ инсонпарварлик принципларига мос эканини кўрсатади.

Кундалик ҳаётда меҳнат ва машғулотлар соҳасида жинсга кўра камситиш кўп учрайди. Мазкур ҳолларда кўпроқ аёллар азият чекади. Масалан, ишга қабул қилинишда битирувчи йигит ва қизнинг имконияти бир хил эмас. Қонунчилик тенг­ликни кафолатлаганда ҳам иш берувчи кўпинча эркак жинсига мансуб талабгорни танлайди. Бунга аёлларнинг оилавий мажбуриятлари ва фертиллик хусусияти тўғрисидаги «онгости тасаввурлари» сабаб бўлади.

Бу каби фикрлаш, ривож­ланган-ривожланмаганидан қатъи назар, барча давлатларда учрайди. Жаҳон ҳамжамияти аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигига тўсқинлик қилувчи мазкур ҳолатни «ойнаванд шифт» ибораси билан атайди. Аёлларнинг қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлари ҳам айнан уларнинг меҳнат муносабатларида камситилишига ­сабаб бўлади, «антикафолат» бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат муносабатларида аёлларга нисбатан камситиш азалдан кишиларнинг онг остида бўлади. Менталитетимизда болаликдан касбларни «аёлларники» ва «эркакларники» деб ажратамиз. Бу профессионал сегрегацияни келтириб чиқаради. Мазкур ҳолат камситишга йўл очади. Биз эълонларда бирон-бир лавозимларга фақат эркак ёки аёл талаб қилинишининг гувоҳи бўламиз. Масалан, «котиба қиз» ёки «ҳайдовчи эркак» деб атаймиз. Ваҳоланки, мазкур касбларни эркаклар билан бирга аёллар ҳам эгаллаши мумкин. Шуниси ажабланарлики, кўпгина мусулмон давлатларда аёллар нефть, газ, ҳарбий соҳаларда фаолият юритгани ҳолда, нисбатан дунёвийроқ бўлган мамлакатимизда аёллар нисбатан тор касблар доирасида фаолият юритади.

Бугун давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида ишламоқда*.

Меҳнат муносабатларида касбий ўсишда ҳам аёллар эркакларга нисбатан бирмунча ортда қоладилар. Бу яна ўша юқорида келтирилган онгости тасаввурларга ва менталитетга боғлиқ ҳодиса, назаримизда. Оилада эркак камроқ билимли, аёл бирмунча иқтидорли бўлганида ҳам оила аъзоларидан бирининг касбий ўсиши масаласи кўтарилганда аёл ортга чекинади. Аёллар кўпинча оналик ҳиссиётлари устун келиб турмуш ўртоқларига касбий ўсишда «жой бўшатади»лар. Ўн тўрт ёшгача бола касалланганда ота-­оналардан бирига ўн тўрт кунгача меҳнатга лаё­қатсизлик даври берилганда ҳам болани аёллар парвариш­лайдилар. Тез-тез меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган ходимдан иш берувчи имкони борича эртароқ «қутулиш», у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имконини қидиради. Узрли сабаб билан ишда бўлмаган тақдирда ҳам мазкур вазиятда аёл ходим иш берувчига «ёқмайди» ва шу туфайли келгусида иш берувчи ундан қутулмоқчи бўлади. Бу – камситишнинг яққол намунаси.

Айни вақтда ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб ­бориш, ўқитиш, малакасини ошириш тизими яратилмоқда. Лекин саъй-­ҳаракатларга қарамасдан, мамлакатимизда раҳбар кадрлар ичида аёлларнинг ­улуши кам. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлади. Бизнингча, аёлларнинг раҳбарлик лавозимларини эгаллашларига салбий таъсир қилувчи уч омил бор.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, профессионал сегрегация қизларга болаликдан сингдирилади. Яъни касбларни танлашда чекловлар қўйилади.

Диний ва менталитетга оид қарашлар. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти ислом динида. Ислом динини нотўғри талқин қилиш, мутаассиблик натижасида кўпчилик нафақат оилада, балки жамиятнинг ҳар қандай жабҳасида раҳбар сифатида эркакларни кўрадилар. Ваҳоланки, Қуръони каримнинг Нисо сураси 34-оятида «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар» деган шарт қўйилган (http://www.quran.uz/tarjima/quran/4). Эркаклар оилавий муносабатларда аёлларни таъминлаганлари учунгина уларнинг устида раҳбардирлар.

Иш жойидаги ёмон психологик муҳит. Бирон-бир бўлимда аёл ходим аёл раҳбар қўлида ишлаган тақдирда раҳбар иқтидорли ходимнинг касбий ўсишига ҳалал беради. Унинг қиёфасида ўзига рақибни кўради. Шу туфайли кўп ҳолларда раҳбарлар бошқарув-бўйсунув муносабатларини ғаразли мақсадларда суиистеъмол қилгани ҳолда қўл остидаги ходимга бош­қалардан кўпроқ топшириқлар беради, турли психологик таъсирлар натижасида фитналар қилиб, ўз ихтиёри билан ариза ёзиш даражасига олиб келади. Хорижий давлатларда меҳнат муносабатларида моббинг, буллинг, боссинг каби психологик таъсирларга аҳамият берилади. Бизнинг миллий қонунчиликда эса бу ҳолатларга у қадар жиддий аҳамият берилмайди.

Ўзбекистон Олий суди пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорида меҳнат шартномасини бекор қилишга ходимнинг шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилиши, судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозимлиги белгиланган. Бироқ бу ҳолат юқоридаги каби психологик ҳолатлар моҳиятини тўла очиб бермайди. Иш берувчи ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзандлари бор аёллар билан меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қила олмагани учун кўп ҳолларда аёлни «ўз ихтиёрига кўра» ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга ундайди.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юқоридаги пленум ­қарорининг 15-банди 3-қисмини қуйидаги таҳрирда тўлдириш ­мақсадга ­мувофиқ деб ўйлаймиз: «Бунда судлар даъвогар (айниқса у ҳомиладор, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёл бўлганда)нинг меҳнат ­шартномасини ­бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида ­берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим».

Ўзбекистон Президенти­нинг 2019 йил 7 мартдаги «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-­тадбирлар тўғрисида»ги қарори хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашдаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бунда маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари; тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик; судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган процессуал кафолатлар каби масалалар ёритилиши белгиланган. Мазкур ҳолатнинг ўзиёқ қонунчилигимиздаги иш жойидаги зўравонликларга нисбатан муҳим қадам бўлади десак, муболаға бўлмайди. Шунингдек, юқоридаги қарорда «Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, унда гендер тенглик тушунчаси ва турлари; ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари; давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар; гендер тенг­лик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик масалалари ёритилиши кўзда тутилади. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишга йўл қўйил­маслиги масаласини батафсил ифодалайди.

Кўпгина ҳолларда меҳнат муносабатларида камситишга учраган, меҳнат ҳуқуқлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунчиликда белгиланган тартибда имкониятга эга бўлсалар ҳам, аксарият вазиятларда қийинчиликка дуч келадилар. Яъни меҳнат ҳуқуқлари бузилиши устидан шикоят қилувчи ходим келгусида ҳуқуқлари тиклангани тақдирда ҳам иш берувчининг тазйиқига учрайди. Бундан қўрқиб кўпинча ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилса ҳам, вазият қачондир яхши бўлиб кетишини кутиб, «сабр» қиладилар. 2017 йил 11 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда ҳам аноним мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги белгиланган. Бизнингча, мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритиб, аноним мурожаатларни фақат меҳнат соҳасида кўриб чиқиш мумкинлиги белгиланиши лозим. Фикримизча, шундагина ходимлар ўз меҳнат ҳуқуқларини том маънода ҳимоя қила оладилар, меҳнат муносабатларида «ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» камситиш бўлмайди, қонунларимиз аввало инсон манфаатини ифодалаши маълум бўлади ва халқ бундан рози бўлади. Меҳнат ҳуқуқлари инсонларнинг энг муҳим ижтимоий ҳуқуқларидандир. Унинг кафолатланиши фуқароларимизнинг ўз ҳаётларидан мамнун яшашларини ифодалайди.

 Динара АТАЖАНОВА,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

- Advertisement -

Latest news

Хизмат вазифасини бажараётган шахсни ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка асос бўлади

Ж.Р. 2020 йил 18 март куни ўзи яшаб келаётган уйнинг унга расмийлаштирилмаётганлиги ҳолатидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига мурожаат қилган ва ушбу...
- Advertisement -

Андижон шаҳрида содир бўлган воқеа юзасидан баёнот

2020 йил 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига Андижон шаҳар, Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов...

Юридик таълим: муаммо ва ечим

Жорий йилнинг 29 апрель куни “Ўзбекистон республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан...

Тошкентда “ашаддий фирибгар”га адолатли жазо тайинланди

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси Ф.Турахуджаевнинг раислигида босқинчили жиноятини содир этган Рустам Кимсанов (исм шарифлари ўзгартирилган) га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Судланган...

Related news

Хизмат вазифасини бажараётган шахсни ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка асос бўлади

Ж.Р. 2020 йил 18 март куни ўзи яшаб келаётган уйнинг унга расмийлаштирилмаётганлиги ҳолатидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига мурожаат қилган ва ушбу...

Андижон шаҳрида содир бўлган воқеа юзасидан баёнот

2020 йил 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига Андижон шаҳар, Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов...

Юридик таълим: муаммо ва ечим

Жорий йилнинг 29 апрель куни “Ўзбекистон республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан...

Тошкентда “ашаддий фирибгар”га адолатли жазо тайинланди

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси Ф.Турахуджаевнинг раислигида босқинчили жиноятини содир этган Рустам Кимсанов (исм шарифлари ўзгартирилган) га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Судланган...
- Advertisement -

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here