0,00 UZS

No products in the cart.

15.4 C
London
Juma, Iyun 25, 2021

Меҳнат кодексининг янги таҳририда масофавий меҳнат масалалари

- Advertisement -
- Advertisement -

Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши меҳнатни ташкил қилиш шаклларига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Мазкур технологиялар ходимлар учун иш берувчи ҳудудидан ташқарида ҳам меҳнат функцияларини бажаришга имкон бермоқда. Шундан келиб чиқиб кўп давлатлар масофадан туриб ишлашни ҳуқуқий тартибга солиш чораларини кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ишни масофавий ташкил қилиш ва масофавий ходимлар меҳнатини тартибга солишга қаратилган дастлабки нормалар коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда вужудга келди. Жумладан, Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5969-фармонида карантин даврида иш берувчилар ходимларни масофадан туриб ишлаш усулига ўтказишлари мумкинлиги қайд этилди.

Карантин даврида боғчалар ва мактабларнинг фаолияти тўхтатилганда Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3227, 2020 йил 28 март) ҳамда Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3228, 2020 йил 28 март)ларда масофавий иш усулини жорий қилиш билан боғлиқ нормалар биринчи марта ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилди.

Ҳозирча масофавий иш ва масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ нормалар Меҳнат кодексида белгиланмаган. Аммо масофавий иш усулидан фойдаланиш кўплаб ривожланган давлатларда қонунчилик билан мустаҳкамланган.

Хориж тажрибаси

Хусусан, МДҲга аъзо баъзи мамлакатлар меҳнат қонунчилигида масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари алоҳида боб, параграф ёки моддалар билан белгилаб қўйилган.

Масалан, Россия Меҳнат кодексининг 491-боби (Масофавий ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари), Тожикистон Меҳнат кодексининг 23-боби (Масофавий ишларда банд бўлган ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари), Беларусь Меҳнат кодексининг 251-боби (Масофавий ишларни бажарувчи ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари), Молдова Меҳнат кодексининг 191-боби (Масофавий иш) масофадан ишлашни ҳуқуқий тартибга солишга бағишланган.

Бундан ташқари Қозоғистон Меҳнат кодексининг 138-моддаси ва Украина Меҳнат қонунлари кодексининг 602-моддаси «Масофавий иш» деб номланган.

МДҲга аъзо бошқа давлатларда эса масофадан ишлашни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ишлар коронавирус пандемиясидан кейин анча жонланганини эътироф этиш лозим. Хусусан, Қирғиз Республикасида 2020 йил 4 майда Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишни назарда тутувчи «Қирғиз Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламентга киритди.

Шунингдек, Арманистон Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича вазирлиги ҳам 2020 йилнинг март ойида фавқулодда ҳолатлар бўлганда иш берувчи ва ходимларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш учун масофавий иш усулини киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Озарбайжонда ҳам масофавий иш ва масофавий ходим ҳақидаги асосий қоидаларни Меҳнат кодексига киритиш коронавирус пандемияси даврида долзарб аҳамият касб этганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб мақолалар эълон қилина бошланди.

Мамлакатимизда эса масофавий меҳнатни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги янгиликлар Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш билан чамбарчас боғлиқ.

Таъкидлаш лозимки, янги кодексга «Масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари» номли, тўққизта моддани ўз ичига олган алоҳида параграф (26-боб 3-§) киритилди.

Масофавий ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари уларни айрим тоифадаги ходимлар гуруҳига киритади. Шу сабабли янги кодексда ушбу хусусиятлар бирма-бир баён қилинган. Буларга меҳнат шартномасини тузишнинг ўзига хос жиҳатлари, меҳнатни ташкил қилишнинг хусусиятлари, масофавий ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатларнинг тартиби, иш вақти ва ундан фойдаланиш, дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат шартномасини бекор қилишдаги ўзига хосликлар киради.

Меҳнат кодексининг янги лойиҳаси 482-моддаси «Масофавий иш тушунчаси» деб номланган. Унда масофавий иш ва масофавий ходимлар тушунчаларига таъриф берилган.

Масофавий иш ва масофавий ходимлар таърифи Россия Меҳнат кодексининг 312-моддаси (Умумий қоидалар), Молдова Меҳнат кодексининг 2921-моддаси (Масофавий ишни бажарувчи ходимлар)да ҳам берилган. Бундан ташқари фақат масофавий иш тушунчаси очиб берилган ҳолатлар ҳам бор. Жумладан, Қозоғистон Меҳнат кодексининг 138-моддаси (Масофавий иш), Тожикистон Меҳнат кодексининг 255-моддаси (Масофавий иш), Беларусь Меҳнат кодексининг 3071-моддаси (Масофавий иш), Украина Меҳнат қонунлари кодексининг 602-моддаси (Масофавий иш)да масофавий иш тушунчасининг ўзи очиб берилган. Ушбу давлатлар меҳнат қонунчилигида масофавий иш тушунчаси мазмунан бир-бирини такрорлашини кўришимиз мумкин. Бунда фақат тушунчани ифодалаш шакли турлича.

Хусусан, масофавий иш тушунчаси қуйидаги таркибий қисмлардан ташкил топган:

  • ходимнинг меҳнат шартномаси билан белгиланган меҳнат функцияларини иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида бўлган иш берувчи турган жой, унинг филиали, ваколатхонаси, бошқа таркибий бўлинмалари, стационар иш жойи, ҳудуд ва объектдан ташқарида бажариш;
  • меҳнат функциясини бажариш ҳамда ходим ва иш берувчи ўртасидаги алоқани амалга ошириш учун умумий фойдаланишдаги ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан интернет тармоғидан фойдаланиш.

Таъкидлаш лозимки, Меҳнат кодекси янги лойиҳасининг 482-моддасида келтирилган «масофавий иш тушунчаси» ҳам юқорида келтирилган мазмунни тўлиқ қамраб олган.

Бироқ айрим давлатлар меҳнат қонунчилигида яна бир зарур элемент масофавий иш тушунчаси таркибига киритилган. Хусусан, Украина Меҳнат қонунлари кодексининг 602-моддасида масофавий иш «меҳнатни ташкил этишнинг шакли», Молдова Меҳнат кодексининг 2921-моддасида «меҳнат соҳасида ишни ташкил этишнинг шакли», Тожикистон Меҳнат кодексининг 255-моддаси ва Қозоғистон Меҳнат кодексининг 138-моддасида эса «меҳнат жараёнини амалга оширишнинг махсус шакли» сифатида таъкидлаб ўтилган. Шу сабабли Ўзбекистон Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси 482-моддасида масофавий иш «меҳнатни ташкил этишнинг махсус шакли» эканлигини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида «масофавий ходимлар» тушунчаси берилган. Бундай таъриф Россия Меҳнат кодексининг 312-моддаси (Умумий қоидалар), Молдова Меҳнат кодексининг 2921-моддаси (Масофавий ишни бажарувчи ходимлар)да ҳам берилган. Россия Меҳнат кодексининг 3121-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ масофавий иш тўғрисида меҳнат шартномаси тузган шахслар масофавий ходим саналади. Молдова Меҳнат кодексининг 2921-моддасига кўра эса масофавий иш тўғрисида қоидаларни ўзида ифодалаган меҳнат шартномаси ёки амалдаги меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузган ходимлар масофавий ходимлар ҳисобланади. Фикримизча, ушбу қоида аниқ ва тўлиқ ҳисобланганлиги боис Ўзбекистоннинг янги Меҳнат кодексининг 482-моддаси иккинчи қисмида масофавий ходимга берилган таърифни ўзгартириш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, Меҳнат кодекси лойиҳасининг 482-моддасига учинчи қисм сифатида «Масофавий ходимларга меҳнат қонунчилиги ва меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўзида ифодаловчи бошқа ҳужжатлар ушбу бобда ўрнатилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда татбиқ этилади» деган қоиданинг киритилиши масофавий ходимлар айрим тоифадаги ходимлар сифатида тан олинишига хизмат қилишини эътироф этиш керак бўлади.

Янги кодексга «Масофадан иш олиб бориш ҳақида меҳнат шартномаси» номли модда (483-модда) киритилган. Бунга ўхшаш моддалар МДҲнинг бошқа давлатлари меҳнат қонунчилигида ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Россия Меҳнат кодексининг 3122-моддаси (Масофавий иш тўғрисида меҳнат шартномаси тузиш ва шартларини ўзгартиришнинг хусусиятлари), Молдова Меҳнат кодексининг 2923-моддаси (Масофавий ишни назарда тутувчи индивидуал меҳнат шартномасининг мазмуни, тузиш ва ўзгартириш), Беларусь Меҳнат кодексининг 3072-моддаси (Масофавий ишни бажарувчи ходимларнинг меҳнат шартномаси хусусиятлари) бевосита масофавий ходимларнинг меҳнат шартномасига бағишланган. Қозоғистон, Тожикистон Меҳнат кодексларида, шунингдек Украина Меҳнат қонунлари кодексида эса масофавий ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномасига оид алоҳида қоидалар мавжуд эмас. Бироқ ушбу давлатларда масофавий ходимлар меҳнат шартномасига оид қоидалар бошқа моддаларда акс этган. Хусусан, Украина Меҳнат қонунлари кодекси 602-моддасининг 2, 3, 4, 7-қисмларида масофавий ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш ва унинг мазмунини белгилаш билан боғлиқ муҳим қоидалар ўрин олган.

Янги Меҳнат кодексининг 483-моддаси бешинчи қисми, яъни меҳнат шартномасига умумий шартлардан ташқари киритилиши лозим бўлган махсус шартлар рўйхати анча мунозарали ҳисобланади. Фикримизча, лойиҳадаги 483-модда бешинчи қисми мазмуни кодекснинг 484-моддаси (Масофадан иш олиб борувчиларнинг меҳнатини ташкил қилиш хусусиятлари), 485-моддаси (Масофадан иш олиб борувчи ходим ва иш берувчининг ўзаро муносабати)ни бартараф қилиш эвазига қайта ишланиб тўлдирилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, Меҳнат кодекси лойиҳасининг 483-моддаси иккита муҳим қоида билан тўлдирилиши лозим. Булар масофавий ходимлар билан зарарли ва хавфли ишлар бўйича меҳнат шартномасини тузмаслик ҳамда фавқулодда ҳолат ва эпидемиялар шароитида ходимни масофавий иш шаклига иш берувчи ташаббуси билан ўтказишга оиддир. Бундай амалиёт Украина Меҳнат қонунлари кодексида яхши баён этилган. Хусусан, Украина меҳнат қонунлари кодекси 602-моддасининг учинчи қисмида хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган ишлар бўйича масофавий иш тўғрисида меҳнат шартномаси тузиш тақиқлаб қўйилган. Ҳақиқатан ҳам бажариладиган иш зарарли ва хавфли бўлса, иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш чоралари кўрилади ва ходим иш берувчининг назорати асосида ишлайди. Ходим эса иш зарарли ва хавфли бўлганда меҳнатни муҳофаза қилиш чораларини ўзи мустақил таъминлай олмаслиги сабабли ушбу тақиқни киритиш асосли ҳисобланади. Шунингдек, Украина Меҳнат қонунлари кодексининг 602-моддаси ўн биринчи қисмига асосан фавқулодда ҳолат эълон қилинган ёки эпидемия, пандемия даврида ходимлар ўз ташаббуси билан масофавий ишга ўтказилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.

Таъкидлаш лозимки, масофавий ходимларнинг иш вақти режими ва дам олиш вақтидан фойдаланиш бўйича ўзига хосликлар мавжуд. Янги кодекс лойиҳасининг 486-моддаси (Масофадан иш олиб борувчи ходимнинг иш вақти), 487-моддаси (Масофадан иш олиб борувчи ходимнинг меҳнат таътили)даги қоидаларни оптималлаштириш мумкинлигини эътиборга олиб, уларни ягона моддада ифодалаш таклиф этилади. Шунингдек, 488-модда (Масофадан иш олиб борувчи ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш), 489-модда (Масофадан иш олиб борувчи ходимнинг хизмат сафари) махсус қоидаларни назарда тутмаганлиги сабабли бекор қилиниши мақсадга мувофиқ.

Масофавий ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш хусусиятлари Россия Меҳнат кодекси (3125-модда), Беларусь Меҳнат кодекси (3075-модда), Молдова Меҳнат кодекси (2925 -модда)да назарда тутилган. Молдова Меҳнат кодексига мувофиқ масофавий ходимлар билан меҳнат шартномаси умумий асосларда, Россия Меҳнат кодексига кўра эса масофавий ходимларни ишдан бўшатиш иш берувчининг ташаббуси билан бўлганда меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилинади.

Беларусь Меҳнат кодекси эса масофавий ходимларни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ билан таништиришни тартибга солган. Ўзбекистон Меҳнат кодексининг янги лойиҳасида масофавий ходимлар билан меҳнат шартномасини умумий асослар билан бирга меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар билан ҳам бекор қилиш мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бироқ масофавий ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхасини билдиришнома билан почта орқали юбориши ҳақидаги талабни бекор қилиш лозим.

МДҲ мамлакатларининг масофавий меҳнатдан фойдаланиш ва масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга оид тажрибасини ўрганиш янги Меҳнат кодексига киритилган «Масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари» номли параграфнинг қоидаларини такомиллаштириш зарурати борлигини кўрсатмоқда.

Ислом ЖЎРАЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
мустақил изланувчиси

- Advertisement -

Latest news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...
- Advertisement -

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...

Related news

Коррупциясиз жамият орзусида

Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан...

Пора – инқироз илдизи! У кесилса жамият юксалади

Поранинг катта-кичиги бўлмайди. У юз берган жойда ҳаёт издан чиқади. Худди бир томчи оғу инсон умрига зомин бўлгани каби пора аралашган турмуш тарзида ҳам...

“Коррупциясиз ривожланамизми?”

Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига қарасак, улар биринчи навбатда мамлакатдаги таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт, монополия, порахўрлик каби иллатларни енгиб кейин ҳар томонлама тараққий этганини кўрамиз. Бизда эса...

Маҳкум ва таълим: жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш

Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу...
- Advertisement -