Бугун, 2020 йил 8 июль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари рахбарлари кенгашининг (Кенгаш) видеоанжуман шаклида ташкил этилган 16-йиғилишида иштирок этди.
Мазкур йиғилишда Кенгашга аъзо давлатлар (Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) делегациялари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси ва Молиявий мониторинг бўйича халқаро ўқув-методик маркази вакиллари иштирок этди. Йиғилишни Кенгаш раиси Ю.А.Чиханчин (Россия Федерацияси) олиб борди.
Кун тартибига мувофиқ, делегациялар томонидан Евроосиё минтақасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ муҳим масалалар, шунингдек мазкур соҳадаги миллий тизимларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан чоралар муҳокама қилинди.
Жумладан, кун тартибидаги асосий масалалардан бири жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича халқаро марказни яратиш лойиҳаси, ушбу марказга ҳуқуқий мақом бериш ҳамда Кенгашга аъзо давлатларнинг ушбу лойиҳа доирасида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш ҳисобланди.
Кенгаш йиғилиши доирасида, Ўзбекистон Республикаси томонидан ташаббус қилинган криптовалюта айланмаси юзасидан ўтказилган таҳлилий тадқиқот натижалари тасдиқланди.
Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари криптовалюта тизимида криминоген вазиятни мониторинг қилиш бўйича ишларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Мазкур йиғилиш доирасида, делегациялар томонидан Кенгаш ва унинг ишчи гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий тизим салоҳиятини ошишига, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилади.