МЧЖ манфаатида судга даъво ариза киритилди

“O‘ZAVTOTEXXIZMAT” масъулияти чекланган жамиятининг бошқарув раиси Б.Сидиқовнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида юқори тезликда икки йўналиш электрлаштирилган тез юрар темир йўл ҳалқа қурилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2979-сонли, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 22 майдаги 629-сонли ва 2018 йил 25 сентябрдаги “Ер майдонларини ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида”ги 2386-сонли қарорларига асосан “O‘ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖнинг мулки бўлган Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, Олмалиқ ҳалқаси, 1-уйда жойлашган умумий майдони 4057 м2 ер майдонида жойлашган 5337 м2 иборат маъмурий бино ва автосалон дўкони объектининг бир қисми, яъни 1458 м2жойлашган бино бузиб ташланган.

Ушбу нотурар бино баҳоловчи ташкилот “APPRAISAL GROUP” МЧЖ томонидан 2018 йил 20 ноябрдаги баҳолаш ҳисоботига асосан 3.210.000.000 сўмга (ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати қўшилмаган ҳолда) баҳоланган ва “MASTER EXPERT” МЧЖ томонидан 2018 йил 21 ноябрда берилган эксперт хулосасига кўра ҳаққоний деб топилган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Махкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 26-бандига асосан юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади.

Низомнинг 29-бандига кўра Комиссиянинг қарори тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқлангандан кейин юридик шахс ҳокимликка бузилиши лозим бўлган уйни, бошқа иморатлар ва иншоотларни тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатда бўшатиб қўйиш тўғрисида кафолат хати тақдим этилиши белгиланган.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунинг 23-моддасига асосан тадбиркорлик субъектидан мулкни олиб қўйишга, унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек уларни чеклашга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснолиги белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши кераклиги белгиланган.

“O‘ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖнинг мазкур кўчмас мулки жойлашган умумий майдони 4057 м2бўлган ер участкаси 2017 йил 24 январдаги давлат мулки бўлган ер участкасига 17-4-00000081-сонли ижара шартномаси асосида 5 йил муддатга ижарага берилган. Мазкур шартноманинг 7.1 бандида шартнома тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ер кодексининг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эхтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.

Шунигдек, Ер кодексининг 39-моддасига кўра ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ер кодексининг 41-моддасига кўра ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.

Бундан ташқари, “Ижара тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига кўра ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилишига, унинг бекор қилинишига ва тўхтатилишига томонларнинг келишуви билан йўл қўйилади.

“Ижара тўғрисида”ги Қонунининг 32-моддасига кўра шартномани бир томонлама ўзгартиришда ёки бекор қилишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, давлат идораларининг мансабдор шахслари қонунларда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Бироқ жавобгар томонидан юқорида кўрсатилган қонунчилик талаблари ва шартнома шартлари бузилиб, “O‘ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖга тегишли 3.210.000.000 сўмлик бино-иншооти бузилиб, ижарага берилган ер участканинг бир қисми (486 м2 ер майдони) жамият билан келишилмаган ҳолда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, ўрнига компенсация берилмаган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига асосан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Юқоридагиларга кўра ҳамда Фуқаролик кодексининг 985-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 153-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига асосан Тошкент туманлараро иқтисодий судига жамиятнинг манфаатини кўзлаб 3.210.000.000 сўм пул ундириш бўйича даъво ариза киритилди.

Д.Насретдинов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи ходими