Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966 йил)нинг 12-моддасига кўра пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир фуқаронинг юқори даражадаги жисмоний ва руҳий соғлом бўлиш ҳуқуқини тан олади.

ИШТИРОКЧИ ДАВЛАТЛАР МАЗКУР ҲУҚУҚ ТЎЛИҚ АМАЛГА ОШИШИ УЧУН ҚУЙИДАГИ ЗАРУР ТАДБИРЛАРНИ ҚАМРАБ ОЛАДИ:

а) чақалоқларнинг ўлик туғилиши ва болалар ўлимини камайтириш, уларнинг соғлом ривожланишини таъминлаш;

b) ташқи муҳитда гигиенанинг барча жиҳатлари ва саноатда меҳнат гигиенасини яхшилаш;

c) эпидемиологик, эндемик, касбий ва бошқа касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда уларга қарши курашиш;

d) касал бўлганда барча учун тиббий ёрдам ва тиббий муолажани таъминлайдиган шароит яратиш.

Аҳоли саломатлигини сақлашда малакали тиббий хизматдан фойдаланишга оид ҳуқуқни таъминлашда турли ташкилий-тиббий чора-тадбирлар тизимида тиббий суғурта ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусий сектор вакиллари таъминлайдиган ихтиёрий тиббий суғуртадан фарқли равишда давлатнинг тиббий суғурта йўналишидаги асосий функцияси ижтимоий аҳамиятга эга мажбурий тиббий суғуртани йўлга қўйишдир. Шу орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига малакали тиббий хизматни мақбул ва арзон баҳода олиш имконияти яратилади.

Бунда давлат мажбурий тиббий суғурта дастурларини ишлаб чиқиш, бу жараёнга суғурта компаниялари ва тиббиёт муассасаларини кенг жалб қилиб, мажбурий тиббий суғурта дастурлари асосида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ва тиббиёт муассасаларига имтиёзлар тақдим этиш бирламчи вазифалардан ҳисобланади.

Суғурта жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганида, улар томонидан тўланган суғурта мукофоти (суғурта бадаллари), шунингдек, суғурталовчиларнинг бошқа маблағларидан шакллантирилган пул фондлари ҳисобидан
ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқ ва иқтисодий муносабатлар тизимини ифодалайди. Суғурталовчининг олдиндан келишилган ва келгусида юз бериши мумкин бўлган зарарни қоплаш мажбурияти билан асосланадиган хатар суғуртанинг ўзига хослигини ифодалайди. Суғурта келгусида юз бериши эҳтимоли бўлган хатарни баҳолайди ва суғурталовчи томонидан зарарни компенсация қилишга нисбатан муайян молиявий кафолатлар мавжуд бўлган ҳолларда амалга оширилади. Масалан, мажбурий тиббий суғуртада суғурталанган шахснинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш учун зарур бўлган тиббий ёрдам харажатлари баҳоланади ва улар шартномада белгиланган суммада суғурталовчи томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, давлат дастурларига асосланган мажбурий тиббий суғуртада суғурталовчи белгиланган дастурлардаги тиббий ёрдам харажатларини тўлиқ кафолатлашни зиммасига олади.

Суғурта бир неча мезонларга кўра турларга ажратилади. Улар ўзининг моҳиятига кўра бир мазмундаги суғурта ҳодисаси ва унинг учун шартномада келишилган суғурта пули ва товони тўлашни назарда тутади. Шу сабабли ҳар бир суғурта турининг моҳияти ва юридик тавсифини ифодалаш учун, аввало, ушбу тур қайси мезонга кўра таснифланаётганини аниқлаш лозим бўлади. Шу жиҳатдан суғурта суғурталаш объекти бўйича: шахсий, мулкий ва жавобгарлик хатари суғуртасига; амалга ошириш шаклига кўра: мажбурий ва ихтиёрий; суғурта захираси (резерви)ни ташкил этиш ва ундан фойдаланиш усулига кўра: хатарли ва жамғариладиган; суғурталанганлар (битта шартномада) сонига кўра: якка (индивидуал) ва жамоавий турларга бўлинади.

Суғуртанинг асосий функцияси – касалликлар, бахтсиз ҳодисалар, енгиб бўлмас куч, техноген ҳалокатлар, контрагент (шерик)ларнинг мажбуриятни бажармаслиги ва бошқа ҳолатлар юз беришида фуқаролар ёки юридик шахснинг молиявий ва моддий йўқотишларини қоплаш ҳисобланади. Бундай қоплаш анъанавий деликт муносабатларидаги зарарни қоплашдан фарқли равишда кафолатланган ва жабрланувчининг олдиндан тўлови ҳисобига амалга оширилиши билан характерланади. Шу боис суғуртада зарарни қоплашда анъанавий деликтдаги каби зарар етказувчи ва жабрланувчи эмас, балки суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи иштирок этади.

Бундан ташқари, деликтдан фарқли ўлароқ, суғуртада суғурталанган шахс, тиббий суғуртада эса тиббиёт муассасаси ҳам қатнашади. Айрим муаллифлар деликт ва суғурта ўртасидаги нисбат ва ушбу ҳуқуқий инситутлардан қай бирини татбиқ этиш самарадорлиги борасида тўхталиб, қуйидаги мулоҳазаларни билдиришади. Ҳозирги вақтда юридик ва жисмоний шахслар кутилмаган зарарлардан ҳимояланиш мақсадида суғурта хизматидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Аммо ҳар доим ҳам вақтида суғурта хизматидан фойдаланишнинг иложи бўлавермайди. Натижада кутилмаган зарар келиб чиқади. Шуни таъкидлаш лозимки, суғурта товони ҳар доим ҳам етказилган зарарни тўла қоплай олмайди. Шу сабабли етказилган зарарни бир ҳуқуқий институт ёрдамида тартибга солишнинг иложи йўқ1.

Баъзи хорижлик юристлар деликт ҳуқуқи ва у билан боғлиқ доктриналар тезликда эскириб ўз аҳамиятини йўқотиб бораётганини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга оид ҳолатлар «техника асрида аравани бошқариш қоидаларига ўхшаш»дир. Зеро, замонавий жамиятда зарарларни қоплашнинг катта қисми суғуртахизматининг зиммасига тушади2. Баъзи мутахассислар эса бу ҳолат (зарарни қоплашда суғурта хизматидан фойдаланиш) «дилект ҳуқуқини кўмиш» учун асос бўлмаслиги, етказилган зарарларни қоплашда суғуртанинг ўрни шубҳасиз катта экани, бироқ суғурта институти деликт ҳуқуқи билан биргаликда қўлланиб келинаётгани ва бу ҳолат узоқ вақт давом этишини таъкидлашади3. Дарҳақиқат, етказилган зарарни қоплашда суғурта хизматининг ўрни беқиёс. Бироқ етказилган зарарни қоплашга доир қоидаларнинг мавжудлиги суғурта ташкилотлари учун суброгация4 (Фуқаролик кодексининг 318, 957-моддалари) қилиш имкониятини беришини ҳам назарда тутиш ва суброгацияни қўллаш фақатгина деликт институти орқали амалга оширилишини ҳисобга олсак, деликт мажбуриятларининг аҳамияти жамият ривожланишининг ҳар қандай босқичида ҳам пасаймаслигини англаш мумкин5.

Фикримизча, суғурта ва деликтнинг ўзаро нисбатида уларнинг бир-бирини тўлдирувчи ва ўзаро бир-бирига кўмаклашувчилик функцияларини ҳам инобатга олиш лозим. Чунки суғурта олдиндан келишилган ҳолда, эҳтимоли мавжуд хатарлар ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш механизми ҳисобланса, деликт реал зарар ҳолатида амал қилади ва фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик қўлланишига сабаб бўлувчи ғайриқонуний ҳаракат натижасида амал қиладиган ҳуқуқий институт саналади. Суғурта воситасида шартномада келишилган ҳодиса рўй бериши билан суғурталовчи етказилган зарарларни қоплайди. Деликтда эса фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик асослари ва шарти мавжуд бўлганида зарарни қоплаш уни етказган шахс зиммасига юклатилиши мумкин (ФКнинг 985-моддаси биринчи қисми).

Тиббий суғуртанинг мақсади ҳам айнан фуқаро – суғурталанган шахснинг ҳаёти ва соғлиғи учун тиббий ёрдам зарур бўлганда қилинган харажатларни қоплаб беришдан иборат ва шу сабабли ҳам у ижтимоий суғурта шаклларидан бири саналади. Бу айни пайтда суғуртанинг бир тури бўлиб, бунда унинг объекти сифатида тиббий ёрдам кўрсатиш ва фуқаронинг соғлиғини тиклаш билан боғлиқ харажатлар эътироф этилади. Шундан келиб чиқиб тиббий суғурта суғурта ҳодисаси юз берганида фуқаролар томонидан тиббий ёрдам олишни кафолатлашга қаратилган чора сифатида эътироф этилади. Қоидага кўра тиббий суғуртанинг иккита асосий тури – мажбурий тиббий суғурта ва ихтиёрий тиббий суғурта ўзаро фарқланади.

Тиббий суғурта қопламаси пул шаклида эмас, тиббий ёрдамларни тақдим этиш кўринишида амалга оширилади. Яъни тиббий суғурта фуқарога суғурта ҳодисаси (соғлиғининг бузилиши) юз берганида тиббий хизматларнинг муайян ҳажмини текинга тақдим этишни кафолатлаш имконини беради. Бунда суғурталовчи тегишли фондга дастлабки бадал тўланган пайтдан бошлаб тиббий ёрдам кўрсатилганда унинг харажатларини зиммасига олади.

Қоидага кўра, суғурталаш механизми ўзининг табиати ва моҳиятига кўра бозор механизмларидан бири саналади, бироқ ижтимоий суғурта фуқаролик-ҳуқуқий институт ҳисобланган суғуртадаги ўзига хос хусусиятлари билан фарқ қилади. Айни пайтда, мажбурий тиббий суғурта ижтимоий суғурта тизимининг элементи сифатида бутун суғурта тизими учун ўрнатилган принциплар асосида тўлиқ тартибга солиниши мумкин эмас.

Мажбурий тиббий суғурта фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишига оид конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмининг бир қисми бўлиб, ҳар бир фуқаронинг тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлайди. Кафолатлар деганда, фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини таъминловчи турли воситалар мажмуи тушунилади. Ушбу тизим иқтисодий, сиёсий, ташкилий, ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатларни қамраб олади. Бу эса мажбурий тиббий суғуртанинг фуқароларни малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашнинг алоҳида ўзига хос воситаси эканини кўрсатади.

Мажбурий тиббий суғурта тизимининг асосида қуйидаги иқтисодий ва ҳуқуқий принциплар ётади.

1. Мажбурий тиббий суғурта ёши, жинси, соғлиғи, турар жойи ва даромадидан қатъи назар барча фуқарога тақдим
этилади. Мамлакатнинг барча фуқароси мажбурий тиббий суғурта дастурларига киритилган бепул тиббий хизматларни олиш ҳуқуқига эга6.

2. Мажбурий суғурта дастурларининг бир қисми давлат томонидан молиялаштирилади.

3. Суғурта тўловлари барча фуқаролар учун тақдим этилади, бироқ тақдим этилгани ресурслардан фойдаланиш фақат тиббий ёрдам учун мурожаат қилинганда, яъни «бой камбағал учун тўлайди» принципига кўра амалга оширилади.

Қоидага кўра, суғурта ҳодисаси юз бериши билан боғлиқ суғурта хатари мажбурий тиббий суғуртанинг объекти ҳисобланади. Суғурта хатари – юз бериши суғурталанган шахсга тиббий ёрдам кўрсатилганида тўловлар учун харажатларни амалга оширишни тақозо этадиган эҳтимолий воқеадир. Шу сабабли суғурта хатари сифатида эътироф этиладиган воқеа эҳтимоллик ва тасодифийлик белгиларига эга бўлиши лозим. Юз бериши суғурталанган шахсга тиббий ёрдам кўрсатилганида тўловлар учун харажатларни амалга оширишни тақозо этадиган воқеа содир бўлишининг тасодифийлиги бундай ҳолатлар инсоннинг эрки, хоҳиши ва хатти-ҳаракатидан ташқари экани билан боғлиқ ҳисобланади. Масалан, табиат ҳодисалари, ҳалокатлар, фавқулодда вазиятлар ва шу кабилар.

Суғурта ҳодисаси – юз берганида суғурталанган шахсга мажбурий тиббий суғурта бўйича суғурта таъминоти тақдим этиладиган жараён (касалланиш, шикаст етиши, суғурталанган шахс соғлиғининг бошқа ҳолати, профилактик чоралар)дир. Ушбу ҳолатда хатарли воқеалар мажбурий тиббий суғурта бўйича ҳуқуқий муносабатлар вужудга келишида «таянч нуқта» саналади ва якунда суғурталанган шахсга суғурта таъминоти тақдим этилиши учун асос бўлади. Айни пайтда суғурта муносабатларида назарда тутилган воқеанинг юз бериши юридик факт сифати ҳам эътироф этилишини назарда тутиш зарур. Тиббий суғуртада «ижтимоий хатар» категорияси ҳам амал қилади ва унга кўра, бу хатар юз бериши ёки умуман юз бермаслиги ҳам мумкин бўлган ҳодиса сифатида баҳоланади7.

Тиббий суғуртанинг шахсий суғуртанинг кичик соҳаси сифатидаги ўзига хос хусусиятлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • суғурта таъминоти тўлови суғуртанинг бошқа турлари каби пул шаклида эмас, бошқа кўринишларда амалга оширилади;
  • тиббий суғуртада моддий зарар қопланмайди ва фуқароларга пул ёрдами кўрсатилмайди, балки уларга тиббий муассаса кўрсатган тиббий хизмат ҳақи тўланади;
  • тиббий хизматни тақдим этишда табақалаштириш мавжуд бўлмайди8.

Тиббий суғуртани амалга оширишда суғуртанинг дастлабки функцияси реализация қилиниши лозим. Бунда дастлабки функция асосий ҳисобланмоғи керак. Чунки соғлиқ дунё амалиётида тиббий суғуртанинг объекти ҳисобланади.

Мажбурий тиббий суғурта аҳоли учун бир қатор ижобий жиҳатларга эга. Хусусан:

  • тиббий ёрдамни нафақат ўзининг турар жойида, балки бутун мамлакат ҳудудида олиш имконияти яратилади;
  • ишлаётган фуқаролар меҳнат шартномаси тузилган пайтдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта полиси билан таъминланган ҳисобланади.

Ниджат Халиловнинг фикрича, тиббий суғурта ривожланиб борар экан, тиббий ва фармацевтик ёрдам олиш учун тенг имкониятларни таъминловчи соғлиқни сақлаш соҳасидаги молиялаш ва бошқаришнинг ташкилий шаклига, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш шаклига айланди9.

Мажбурий тиббий суғурта соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас қисми бўлиши ва тизимдаги оғир «юк» ижтимоий соҳада фаолият олиб бораётган тузилмалар ўртасида тенг тақсимланишига хизмат қилмоғи лозим. Шу жиҳатдан мажбурий тиббий суғурта фуқаролар соғлиғини сақлашда, кутилмаган даволаниш харажатларини қоплашда ўзига хос кафолатловчи механизм вазифасини ўтайди ва давлатнинг бу борадаги функцияларини таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Бугунги кунда асосан давлат тиббиёт муассасалари бепул тиббий ёрдам кўрсатади. Бу эса мажбурий тиббий суғурта механизми амал қилишининг асосий юки ҳам давлат тиббиёт муассасаларининг зиммасига тушишини англатади. Кўплаб хорижий мамлакатларда мажбурий тиббий суғурта доирасида кўрсатиладиган тиббий ёрдам турлари шартномада эмас, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (кўп ҳолларда эса қонун даражаси)да белгиланади. Хорижий амалиётда мажбурий (давлат) тиббий суғурта механизмидан хусусий соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ҳам фойдаланилади. Шу билан бирга, суғурталаш қамрови бўйича ҳам хорижий мамлакатларда шаклланган амалиёт бир қадар фарқли жиҳатларга эга. Хусусан, ижтимоий суғурта муносабатларида суғурта бадаллари нафақат иш берувчи томонидан, балки ходим томонидан ҳам амалга оширилиши, мажбурий суғурта суғурталанган шахс оила аъзолари: эр-хотин, ота-она ва болалар, боболар, бувилар, неваралар, суғурталанган шахс билан яшаётган ўгай опа-сингил ва ака-укалар, унинг қарамоғидагиларнинг барчасига тааллуқли бўлиши мумкин.

Мажбурий тиббий суғуртанинг кўплаб ижобий жиҳатлари билан бирга, айрим камчиликлари ҳам мавжуд. Мисол учун мажбурий тиббий суғурта зарурат туғилган барча тиббий хизмат турларини қопламаслиги мумкин. Бунда бемор суғурталанган шахс мақомини йўқотади ва тиббий хизмат ҳақининг суғурта билан қопланмаган қисмини ўз ҳисобидан тўлаши лозим бўлади.

Мажбурий тиббий суғуртанинг жорий этилиши суғурта фондларига ҳудудий маблағлар ва ресурсларни жамлашни тақозо этади ҳамда тиббий-профилактик ёрдамни молиялаштириш шартлари ва тартибини аниқлаш заруратини юзага келтиради. Тиббий суғурта тизими даволаш-профилактика муассасаларининг маъмурий-хўжалик мустақиллигини, уларни молиялаштиришнинг узлуксизлиги ва аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатламига хизмат кўрсатилганида ижтимоий кафолатлар таъминланганини назарда тутади.

Соғлиқни сақлашнинг суғурта тизими мураккаб тузилма бўлиб, қуйидаги жиҳатларга эга ҳисобланади:

1) суғурта фондларининг шакллантирилиши ва мавжудлиги;

2) тўловлар шаклидаги молиялаштириш тизимининг амал қилиши;

3) мажбурий тиббий суғурта муносабатларидаги ҳисобдорликнинг қатъийлиги (чунки маблағларнинг бир қисми давлат томонидан ажратилади);

4) ўзини ўзи тартибга солиш имкониятининг мавжудлиги.

Мажбурий тиббий суғуртани ҳуқуқий тартибга солишда юқоридаги жиҳатлардан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда «Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш долзарблигини қайд этиш ўринли. Зеро, тиббий хизматлар ҳақининг ўсиб бориши ва бунда илғор технологиялардан фойдаланиладиган тиббий ускуна ва жиҳозларга талабнинг ортиб бориши ижтимоий суғуртанинг мажбурий тиббий суғурта турини ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий асосларини яратишни тақозо этади.

Мансуржон БОЛТАЕВ,
ТДЮУИхтисослаштирилган филиали кафедрамудири,
юридик фанлар номзоди, доцент

 

1 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ҳуқуқи (II-қисм). –Т.: Адолат. 1999. –335-б.

2 Flemming J. The Law of Svdnev, 1965.Р.13.

3 Гражданское право: В 2 т. Том II. Полутом 2: Учебник/отв.ред.Е.А.Суханов.-М.:БЕК.2002.-364 с.

4 Абдуллаева Н.Н. Суғурта ҳуқуқи. – Тошкент: ЖИДУ, 2006. – 135-143-б.

5 Имомов Н., Эгамбердиева Н., Ашурова Н. Зарар етказишдан келиб чиқадиган (деликт) мажбуриятлар. Ўқув қўлланма. – Тошкент: ТДЮИ нашриёти, 2012. – 16-б.

6 Гура Г.М. Обязательное медицинское страхование: возможности и перспективы // Территория науки, 2014, № 6. – С. 90.

7 Роик В.Д. Обязательное медицинское страхование: теория и практика: учеб. Пособие. – М.: Дело и Сервис, 2013. – 30 с.

8 Русакова О. И. Состояние и проблемы обязательного медицинского страхования в Российской Федерации // Baikal Research Journal / 2017. Т. 8, №1. / http://brj-bguep.ru

9 Халилов Н.Г. Анализ работ в сфере обязательного медицинского страхования в Азербайджане и фармацевтическое обеспечение // European science. № 10(20). – С. 45-46.