0,00 UZS

No products in the cart.

17.6 C
London
Shanba, Sentabr 25, 2021

Маъмурий суд ишларини юритишда тарафларнинг ҳуқуқий мақоми

- Advertisement -
- Advertisement -

Маъмурий суд ишларини юритишда иштирокчиларнинг процессуал мақоми муҳим рол ўйнайди. Амалдаги қонунчиликка биноан маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ишда қатнашувчи ҳамда одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ажратилади.

Кўпгина юридик адабиётларда иштирокчиларга нисбатан «маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари» ёки «маъмурий процесс субъектлари» тушунчаси қўлланади.

Оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни тартибга солувчи давлатларнинг маъмурий процессуал қонун ҳужжатларида (масалан, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Венгрия, Польша, Колумбия) иштирокчиларга нисбатан «маъмурий процесс субъектлари» тушунчаси қўлланса, баъзи давлатларда (масалан, Украина, Арманистон, Литва, Латвия), шу жумладан, Ўзбекистонда «маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари» тушунчаси ишлатилади. Умуман олганда, ҳар икки тушунча бир хил маънони англатиб, уларнинг бундай номланиши давлатларнинг маъмурий қонунчилиги билан бевосита боғлиқ.

Фикримизча, шахс маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиси сифатида тан олиниши учун маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари бўлиши лозим. Бунда маъмурий суд ишларини юритишда иштирокчиларнинг маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати муҳим ўрин тутади.

Маъмурий ҳуқуқ лаёқати фуқаронинг туғилиши билан қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишини англатади. Юридик манбаларда ҳуқуқ лаёқати – фуқароларнинг мавжуд ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлиш лаёқати экани кўрсатилган бўлса1, айрим юридик адабиётларда ҳуқуқ лаёқати ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг маълум хуқуқларга эга бўлиш ва шунга яраша мажбурият (бурч) ола билиш лаёқати экани кўрсатилган2.

Ўзбекистоннинг амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 35-моддаси мазмунига мувофиқ эса маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати – барча фуқаролар ва юридик шахсларнинг маъмурий процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишидир. Бунда барча фуқаролар, давлат органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар маъмурий суд ишларини юритишда ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини суд орқали тенг равишда ҳимоя қилади. Яъни, маъмурий процесс иштирокчилари ҳуқуқлари билан биргаликда мажбуриятларга ҳам эга бўлади.

Маъмурий процесс иштирокчилари ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини вакиллари орқали ҳам амалга ошириши мумкин ҳамда ушбу жараённи амалга ошириш тенг даражада бўлиб, ҳеч қайси тарафга устунлик берилмайди.

Фуқароларнинг маъмурий муомала лаёқати маъмурий ҳуқуқ лаёқатидан фарқ қилган ҳолда, маълум бир ёшдан вужудга келади. Фуқароларнинг маъмурий муомала лаёқати – фуқароларнинг ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат бошқаруви соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишидир.

Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан фуқароларнинг маъмурий муомала лаёқати 16 ёшдан қисман, 18 ёшга тўлганда эса тўла вужудга келади. Фуқароларнинг маъмурий муомала лаёқати суд органлари томонидан чекланиши мумкин. Масалан, фуқаро жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бўлса, бундай шахслар ўзларига тегишли айрим ҳуқуқ ва мажбуриятларни (сайланиш ҳуқуқи, умумий ҳарбий мажбурият) амалга ошира олмайди.

Юқоридаларга асосан маъмурий суд ишларини юритишда иштирок этувчи шахслар ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиши лозим. Агар ногиронлиги, ёши ва бошқа сабабларга кўра судга мурожаат қила олмаса, унинг манфаатини кўзлаб ота-онаси, вакиллари, прокурор ва бошқа ваколатли шахслар мурожаат қилиши мумкин. Бу иштирокчиларнинг ҳуқуқий мақомига ҳам боғлиқ.

Олим Шоакбар Шораҳметов иштирокчиларни ишнинг ҳал этилишидан манфаатдор бўлишига қараб:

1) ўзининг субъектив ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи шахслар (тарафлар ва учинчи шахслар);

2) процессда бошқа шахсларнинг субъектив ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи шахслар (бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ваколатига эга бўлган прокурор ва давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар) тоифасига ажратади3.

К.Олимова эса иштирокчиларни:

1) ишда иштирок этувчи шахслар (тараф, учинчи шахслар, аризачилар, давлат органлари, юридик шахслар);

2) бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ваколатига эга бўлган шахслар (прокурор, давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, айрим фуқаролар, суддаги вакиллар);

3) одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар (гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар) сифатида уч гуруҳга бўлади4.

Светлана Савченко ҳам иштирокчиларни уч гуруҳга ажратади:

1) судлар, яъни одил судловни амалга оширувчи органлар;

2) ишда иштирок этадиган шахслар;

3) одил судловни амалга оширишда ёрдам бериш учун ишда иштирок этувчи шахслар5.

Фикримизча, ўзининг ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсларнинг маъмурий суд ишларини юритишдаги иштироки уларнинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатига бевосита боғлиқ. Қонунда судга мурожаат қилишда ҳеч қандай чеклов мавжуд бўлмаганида тўғридан тўғри манфаатдор шахслар судга мурожаат қилади. Аксинча, камбағаллиги, соғлиғи, ёши ва бошқа сабабларга кўра мурожаат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг манфаатини кўзлаб судга прокурор, давлат органлари, вакиллар ва бошқа шахслар ариза бериши мумкин. Назаримизда, уларнинг барчаси ишда иштирок этувчи шахслар тоифасини қамраб олади. Судлар эса маъмурий ишларни юритишнинг мажбурий иштирокчиси бўлиб, аризани қабул қилади, ишни мазмунан кўриб чиқади ҳамда одил судловни амалга ошириб, суд жараёнини бошқаради.

Бизнингча, иштирокчиларни тоифаларга ажратишда қуйидаги белгиларга эътибор қаратиш лозим:

– маъмурий суд ишларини юритишнинг мажбурий иштирокчилари сифатида тарафлар муҳим рол ўйнайди. Чунки келиб чиққан низо фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида маъмурий ҳамда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан пайдо бўлиб, судда процессуал қоидалар асосида кўриб чиқилади;

– иштирок этувчи шахслар иш якуни бўйича манфаатдор бўлади ҳамда низоли ишни ҳал этишда судга у ёки бу шаклда далилларни текширишда ва якуний хулосага келишда кўмаклашади.

Ишда иштирок этаётган шахслар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни маъмурий судда кўришда фаол қатнашади. Яъни суд жараёнида юзага келадиган низоларга илтимосномалар ёки шикоятлар орқали ўз қарорларини ифода этиш ва асослаш ҳуқуқига эга бўлади.

К. Олимова ишда иштирок этувчи шахсларнинг таснифи билан бир вақтда унинг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини ҳам кўрсатиб ўтади:

– ўз номидан процессуал ҳаракатларни мустақил амалга ошириш ҳуқуқига эга;

– ўз истагини эркин билдириш, яъни у ёки бу босқичда суд процессини бошлаш, ривожлантириш ёки тамомлашга қаратилган процессуал фаолиятни амалга ошириши;

– суд ҳал қилув қарорининг натижасидан шахсий ёки жамоавий манфаатдорликнинг мавжуд бўлиши;

– унга нисбатан қонуний кучга кирган суд ҳал қилув қарорининг амал қилиши6.

Ирина Решетникова ишда иштирок этувчи одил судловга кўмаклашувчи шахсларга хос бўлган қуйидаги белгиларни кўрсатиб ўтади:

– уларда ишнинг якунидан моддий-ҳуқуқий манфаатдорлик бўлмайди;

– ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

– процессга ўз ихтиёри билан эмас, балки суд ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан жалб этилади7.

Ушбу хусусиятлардан келиб чиқиб, айрим юридик адабиётларда ишда иштирок этувчи шахслар сифатида тарафлар, манфаатдор шахслар, прокурор, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари, бошқа ёки номаълум тоифадаги шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун мурожаат қиладиган органлар, ташкилотлар ва шахсларни кўрсатиб ўтади8. Семён Басов ҳам ишда иштирок этувчи шахсларни юқоридаги турларга ажратади9.

Дмитрий Абушенко одил судловни амалга оширишда ёрдам берадиган шахслар сирасига эксперт, мутахассис, гувоҳ, таржимон, суд котибини киритади10. Александр Зеленцов ҳам одил судловни амалга оширишда судга ҳар томонлама ёрдам берувчи ва далилларни қайд қилишда муҳим ўрин тутувчи шахслар сифатида эксперт, гувоҳ, таржимон ва бошқаларни санаб ўтади11.

Юқоридаги олимларнинг фикрига қўшилган ҳолда, назаримизда, ишда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиқиб маъмурий суд ишларини юритиш субъектларини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

1) ишда иштирок этувчи шахслар сифатида тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқалар;

2) одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар (гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва бошқалар).

Хорижий мамлакатлар қонунчилигига кўра, масалан, Эстония Маъмурий процессуал кодексининг 15-моддасига асосан суд процесси иштирокчилари – тарафлар (шикоятчи ва жавобгар), учинчи шахслар, ишга жалб қилинган маъмурий органлардир. Латвия Маъмурий процессуал қонунининг 24-моддасига кўра маъмурий процесс иштирокчилари – ариза берувчи, маъмурий иш билан шуғулланадиган муассаса, адресат, учинчи шахс, шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоячиси бўлиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар, аризачи, жавобгар, вакиллар ҳисобланади.

Демак, ишда иштирок этувчи шахс сифатида «тараф» тушунчасини аниқлаб олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тараф сифатида аризачи – ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида талаб тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб талаб тақдим этган фуқаролар ва юридик шахслар ҳисобланади (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси).

Ҳуқуқшунос олим Дмитрий Абушенко маъмурий даъвогар – ўзининг оммавий ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида судга мурожаат қилган, шунингдек, прокурор, давлат ваколатларини амалга оширувчи орган, мансабдор ёки фуқаро манфаатларини кўзлаб ариза берган шахс деб эътироф этади12.

Эльвира Аблаева эса маъмурий даъвогар – ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс эканини таъкидлайди13.

Олимларнинг фикрини қувватлаган ҳолда аризачи бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ўзи судда ҳимоя қилиши учун фаол тараф сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга, аризачининг ўзи судга мурожаат қилмасдан туриб ҳам аризачи сифатида пассив иштирокчига айланиши мумкин. Қонунда ваколат берилган бошқа шахслар ҳам аризачи манфаатини кўзлаб судга ариза киритади ҳамда унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Аризачи фаол ёки пассив иштирокчи сифатида намоён бўлади. Вояга етмаган шахс ёки муомала лаёқати чекланган аризачи бўлган ҳолатда уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун ваколатли шахслар ишга жалб қилинади.

Назаримизда, аризачи ишда иштирок этувчи шахс сифатида қуйидаги ўзига хос жиҳатларга эга:

биринчидан, аризачи ўзининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади, яъни у маълум тоифадаги мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилади;

иккинчидан, аризачи қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатли шахс бўлиши керак. Акс ҳолда унинг манфаатлари ота-онаси, васий, ҳомий ёки бошқа шахслар томонидан ҳимоя қилинади;

учинчидан, маъмурий низо юзасидан аризачининг қандайдир ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликлари бузилган бўлиши лозим.

Процессуал қонунчиликка кўра, ишда аризачининг талаби қаратилган шахс жавобгар ҳисобланади.

Семён Басов ўз тадқиқотида маъмурий ёки оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо бўйича арз қилинган ёки аризачига нисбатан назорат ёки бошқа давлат функцияларини амалга оширувчи шахсни маъмурий жавобгар сифатида эътироф этади14. Э. Эгамбердиев ўзига нисбатан талаб тақдим этилган шахс жавобгар эканини билдиради15.

Назаримизда, олимларнинг фикрига тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чунки маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида фақатгина мансабдор шахслар ёки ҳар қандай шахс жавобгар бўлиши мумкин эмас.

Жавобгар – ариза (шикоят) талаби қаратилган маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахсларидир. Яъни улар аризачининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича шикоятида кўрсатилган талаб юзасидан ишга жалб қилинган шахслар ҳисобланади.

Масалан, Украина Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 3-моддасига кўра, жавобгар – ҳокимият вакиллари, қонунда алоҳида белгиланган ва даъвогар аризасида кўрсатилган шахслар16. Ўзбекистон Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига мувофиқ ариза (шикоят) талаби қаратилган маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жавобгардир.

Демак, жавобгар фақатгина мансабдор шахслар бўлиши мумкин эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бизнингча, жавобгар – маъмурий ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар юзасидан аризачининг маъмурий органлар, давлат бошқарув органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссиялари ва уларнинг вакиллари ҳамда аризачининг талабида кўрсатилган бошқа ваколатли мансабдор шахслардир.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, маъмурий суд ишларини юритишда тараф сифатида аризачи ва жавобгар ишнинг мазмунан ҳал этилишида асосий ўринни эгаллайди.

Шодиёр ШАЙЗАКОВ,
Бош прокуратура академияси судларда
прокурор ваколатини таъминлаш
кафедраси ўқитувчиси, мустақил изланувчи

 

1 Юридик энциклопедия / У.Таджихановнинг умумий таҳририда . – Т.: «Шарқ», 2001. – 652-б.

2 Ўзбекистон Республикаси миллий энциклопедияси 11-том. – Т.: «Давлат илмий нашрёти», 2005 – 593-б.

3 Шорахметов Ш. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ҳуқуқи: Дарслик. – Т.: Адолат., 2001. 49-50-б; Мамасиддиқов М. Фуқаролик процесси иштирокчилари таркибини такомиллаштиришнинг амалий масалалари // ТДЮИ ахборотномаси. – Т, 2007., 4-сон., 36-39-б.

4 Олимова К.К. Фуқаролик суд ишларини юритишда вакилнинг иштирок этиш муаммолари. ю.ф.н. дисс. – Т.:2011. – 89-б.

5 Савченко С.А., Гражданский процесс: Учебно-пособие. – Тюмень: Издательство Тюменского государственного университета, 2007., с. 87.

6 Олимова К.К. Фуқаролик суд ишларини юритишда вакилнинг иштирок этиш муаммолари. ю. ф. н. …дис.- Т.: 2011., 86-б.

7 Решетникова И.В и другие. Гражданский процесс. Краткий учебный курс. – М.: Норма-Инфра, 2000.-31 с.

8 Административно-процессуалньное право России. В 2 ч. Часть 2: учебник для вузов / А.Б.Зеленцов, П.И.Кононов, А.И.Стахов.- 2-е изд., перераб. И доп. – М: Издательство Юрайт, 2020. – 32 с.

9 Административное судопроизводство : учебное пособие / С. Л. Басов, Н. А. Васильчикова, И. И. Головко, О. А. Гуреева, Э. Р. Исламова; отв. ред. В. В. Лавров. — Санкт-Петербург: Санкт-Петербургский юридический институт (филиал) Академии Генеральной прокуратуры Российской Федерации, 2017. – 51 с.

10 Абушенко Д.Б. и другие. Административное судопроизводство. Учебник для студентов. Под редакцией д.ю.н., проф., В.В.Ярков. – М: Издательство «Статут» 2016. – С. 31.

11 Административно-процессуалньное право России. В 2 ч. Часть 2: учебник для вузов / А.Б.Зеленцов, П.И.Кононов, А.И.Стахов.- 2-е изд., перераб. И доп. – М: Издательство Юрайт, 2020. – 33 с.

12 Административное судопроизводство. Учебник для студентов. Под редакцией д.ю.н., проф., В.В.Ярков. – М.: Издательство «Статут» 2016. – С. 22.

13 Аблаева Э.Б. Формирование системы административной юстиции в республике Казахстан: проблемы и перспективы // Журнал проблемы экономики и юридической практики., – Н., 2017. №5, – 213-с.

14 Басов С.Л. и другие. Административное судопроизводство: учебное пособие / отв. ред. В. В. Лавров. — Санкт-Петербург: Академии Генеральной прокуратуры Российской Федерации, 2017. — 53 с.

15 Эгамбердиев Э., Тиллаев Т.Н. Фуқаролик процессуал ҳуқуқи / дарслик. – Т.: Ўз.Рес. ИИВ академияси. 2018. – 47-б. 16 Сборник законодательных актов по административной юстиции: 2-е издание. – Т.:«NORMA», 2013. – 516 с.

- Advertisement -

Latest news

“ФЕРМЕРГА МАДАД” ФЕРМЕРЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ БЕРАДИ

Аграр соҳа мамлакатимиздаги ишлаб чиқаришнинг асосий қисмини ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар бўлмоқда. Ислоҳотлар кўп тармоқли аграр соҳани шакллантириш ва шу йўналишда...
- Advertisement -

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...

Related news

“ФЕРМЕРГА МАДАД” ФЕРМЕРЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ БЕРАДИ

Аграр соҳа мамлакатимиздаги ишлаб чиқаришнинг асосий қисмини ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар бўлмоқда. Ислоҳотлар кўп тармоқли аграр соҳани шакллантириш ва шу йўналишда...

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...
- Advertisement -