Ўзбекистоннинг давлат тузилиши асосларини, қонунчилик тизимини шакллантириш, ваколатли ҳокимият органларининг яхлит тизимини ташкил этишга қаратилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Ўзбекистонда маҳаллий вакиллик органларини ташкил этишнинг ва улар фаолиятининг, шу жумладан, назорат фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин. Ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш билан боғлиқ биринчи галдаги ислоҳот ва ўзгаришларни ўз ичига олган дастлабки босқич 1991–2000-йиллар бўлди1.

Ушбу босқичда «ўзбек модели» асосида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларини ташкил этишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари яратилди.

1991 йил 31 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг халқи суверендир ва у республикада давлат ҳокимиятининг бирдан-бир соҳибидир. У ўз ҳокимиятини ҳам бевосита, ҳам вакиллик идоралари тизими орқали амалга оширади»2 деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXI боби маҳаллий давлат ҳокимияти асосларига бағишланган3.

Конституциянинг 102-моддасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари назорат функциясининг туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилишга доир юқори турувчи ҳоким қарорларини тасдиқлаш билан боғлиқ шакли белгиланган.

1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун4 маҳаллий ижро ҳокимияти ҳамда вакиллик органлари фаолиятини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда халқ депутатлари кенгашлари назорат функциясининг бир қанча муҳим шакллари назарда тутилган. Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши олдида ҳисобдорлиги, кенгаш сессияларида ҳоким ва унинг ўринбосарлари, ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари ва бошқа структуравий бўлинмалари фаолиятига доир ҳисоботларнинг тингланиши шулар жумласидандир.

Қайд этиш керакки ушбу босқич маҳаллий кенгашларнинг шаклланиш босқичи даври бўлди. Ушбу даврда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ташкил этилди, унинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди ва маҳаллий вакиллик органлари конституциявий мақомга эга бўлди. Депутатлар фаолиятининг кафолатлари ишлаб чиқилди.

Маҳаллий вакиллик органлари назорат фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришнинг иккинчи даври 2000–2016-йилларни ўз ичига олади. Ушбу давр мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини, хусусан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини янада демократлаштириш даври бўлди.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонун5 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳамда депутатлик фаолиятининг кафолатларини белгилайди.

Қонунда депутатларнинг сўров билан мурожаат этиш, тегишли халқ депутатлари кенгашига ҳисобдор ёки унинг назоратидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини мазкур кенгашнинг мажлисларида эшитиш тўғрисида таклиф киритиш, қонунларнинг ижро этилишини, шунингдек, кенгаш қарорларининг бажарилишини текшириш тўғрисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этиш каби ҳуқуқларининг белгилангани назорат фаолиятининг самарадорлигига хизмат қилди.

Маҳаллий вакиллик органларининг бюджет соҳасидаги назорат функциялари 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси билан тартибга солинади6. Жумладан, кодекснинг 27-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатлари белгиланган.

Ушбу ваколатлар жойларда бюджет маблағларининг тўғри сарфланиши устидан депутатлик назоратини ўрнатишда долзарб аҳамият касб этди.

2014 йил 16 апрелда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий кенгашларнинг назорат функцияларини кучайтиришга, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилди.

Конституциянинг 103-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, вилоят, туман ва
шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.

Ушбу даврда Сенат, Сенат кенгаши, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятини, хусусан уларнинг назорат функцияларини такомиллаштириб бориш юзасидан қатор норматив ҳужжатлар, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сенат кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154–II қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низоми7 шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатларда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолияти шаклларини амалга оширишнинг тартиб-таомили белгилаб берилган.

Бу давр маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини такомиллаштиришда ўзига хос аҳамият касб этди. Вакиллик органлари назорат фаолиятининг конституциявий асослари кучайтирилди, ҳоким фаолияти устидан назорат такомиллаштирилди, молиявий-бюджет соҳасидаги назорат фаолиятининг аниқ механизмлари белгиланди. 2017 йилдан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, уларнинг назорат фаолиятини такомиллаштиришнинг янги даври, яъни учинчи босқичи бошланди.

Шу йилдан маҳаллий вакиллик органлари назорат фаолиятининг янги механизми жорий қилинди: яъни, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзолари билан ҳамкорликда ҳар ой тегишли шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, ҳудуддаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлими раҳбарларининг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиши тартиби жорий этилди.

Ушбу даврда қонун ҳужжатларига маҳаллий кенгашларнинг мансабдор шахслар ҳисоботларини эшитиш билан боғлиқ янги назорат шакллари киритилди. Шунингдек, Президент фармон ва қарорларида ҳам маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолияти соҳасидаги янги ваколатлари белгиланди.

Президентнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»­ ги 4947-фармони, 2017 йил 9 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида8 маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш ва модернизациялашни давом эттиришда, маҳаллий кенгашлар ролини кучайтиришга, хусусан уларнинг назорат фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур давр маҳаллий кенгашлар, уларнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш учун муҳим давр сифатида ўзини намоён этмоқда. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев: «Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари – барча даражадаги ҳокимликлар, халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни давом эттиришимиз зарур» деб таъкидлагани фикримизнинг яққол далилидир9.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолиятини такомиллаштиришнинг учинчи босқичида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатлар жалб қилинмаган бирон-бир соҳа қолмади.

Фикримизча, мамлакатимизда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини рўёбга чиқаришга оид норматив-ҳуқуқий база яратилган ва у тизимли равишда ривожланиб бормоқда.

Хусусан, маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолияти ҳуқуқий асосларини ривожлантиришнинг асосий тенденциялари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги, хусусан бюджет-молия муносабатлари соҳасидаги назорат функциялари босқичма-босқич кенгайтирилди.

Иккинчидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини шакллантириш масалаларини ҳал этишда, улар фаолиятини назорат қилишда халқ депутатлари кенгашларининг роли ва ўрни кучайтирилди. Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ҳоким ва бошқа маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ваколатлари берилди.

Учинчидан, маҳаллий кенгашларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан ҳам назорат олиб бориш ваколати берилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурини ижро этиш мақсадида 2017 йил 14 сентябрь куни «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ кенгашлар тегишли прокурорлар, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ваколатига эга бўлдилар.

Тўртинчидан, халқ депутатлари кенгашлари назорат фаолиятини амалга оширишда партияларнинг, уларнинг кенгашлардаги гуруҳларининг роли ва фаоллиги, ваколатлари кучайтирилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ партия гуруҳларига қуйидаги ҳуқуқлар берилган: давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи сессияси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига сўз бериш; тегишли мансабдор шахсларга сўров билан мурожаат қилиш, шунингдек, сессияларда тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолиятига доир ҳисоботини ёки ахборотини эшитиш ҳақида таклиф киритиш.

Мамлакатда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар келажакда ҳудудларни ривожлантиришда долзарб аҳамият касб этади.

Фикримизча, 1993 йилда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунни танқидий кўриб чиқиб, унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида ҳокимлар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг вазифалари ҳамда ваколатларини, ўз фаолиятини амалга ошириш механизмларининг фарқли жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида-алоҳида бобларга ажратиб ифода этиш зарур.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг тегишли вазифа ва ваколатлари 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларида акс этган. Ана шу нормаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда маҳаллий кенгашларнинг назорат соҳасидаги ваколатларини, уларни амалга ошириш механизмларини аниқ белгилаш заруратини вужудга келтирди.

Шунингдек, яқин келажакда маҳаллий кенгашлар ва ҳокимлик лавозимларининг ажратилиши маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолияти таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга, пировардида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Алишер МАҲМУДОВ,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

 

1 Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т.: «Ўзбекистон», 2008. – 5,12-бетлар.

2 Norma информацион-қидирув тизими (20.03.2018).

3 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2014. – 55-б.

4 Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ахборотномаси, 1993, 9-сон, 320-модда.

5 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси, 2005 й., 1-сон, 10-модда.

6 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-(I)-сон.

7 Собиров И., Ким Ф. Парламент юқори палатаси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолиятининг ташкилий асослари. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2011. 208–238-б.

8 Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 979-модда.

9 Ш. Мирзиёев. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Тошкент: «Ўзбекистон» НМИУ, 2017. 161-б.