0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Маҳаллий ҳокимият мансабдорларининг қарорлари: уларни судда ҳақиқий эмас деб топишнинг ўзига хос хусусиятлари

- Advertisement -
- Advertisement -

Мана бешинчи йилдирки, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдир. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга мурожаатномасида “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди” деган фикрлари ҳам айни масала нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2021 йилнинг 1 январидан эътиборан жорий этилган “бир суд – бир инстанция” тамойили ҳам суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши шубҳасиз. Сир эмас, Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу маънода айтганда, маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидалар ва хусусиятларни инобатга олган ҳолда, агар уларни кўриб чиқиш қонун ҳужжатларида бошқа давлат органларининг ваколатига киритилмаган бўлса, маъмурий суд томонидан кўриб чиқилади. Бу тоифадаги ишлар фуқаролар ёки юридик шахсларнинг аризалари асосида қўзғатилади.

Шу ўринда муштарийларимизга “Маъмурий органлар”, “Давлат органлари” ва “Мансабдор шахс” деган тушунчаларни яна бир карра англатиб ўтишни лозим топдик. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига кўра, оммавий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади. Маъмурий органлар тушунчаси ўз ичига давлат органларини ҳам қамраб олади. “Давлат органлари” деганда эса Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва уларнинг ҳудудий органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунида акс этган маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари) ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошқа органлар тушунилади.

Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахсни мансабдор шахс сифатида тушунишимиз зарур. Шундай экан, маъмурий органлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинган қарор, буйруқ, кўрсатма, ордер, гувоҳнома ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар, агарда улар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган тақдирда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Жумладан, шу каби ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ғайриқонуний деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган, ўз ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирилган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган, унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шикоят бериш муддатига тўхтатилиб ўтадиган бўлсак, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган кундан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин. Давлат ижрочисининг қарорларини, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) эса манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган кундан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.

Албатта, суд маҳаллий давлат ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни кўришда, биринчи навбатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари доирасини ва тааллуқлили масаласини аниқлаб олиши лозим бўлади.

Ишни мазмунан кўриб чиқишда эса суд аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларни, хусусан, маъмурий орган, мансабдор шахс қарор қабул қилиш ёки ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга ёки эга эмаслигини, маъмурий орган ёки мансабдор шахс томонидан қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя этилган-этилмаганлигини, башарти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай талаблар (шакл, муддатлар, асослар, тартиб-тамойил ва ҳ.к.) белгиланган бўлса, низолашилаётган қарор, содир этилган ҳаракат (ҳаракатсизлик) мазмуни мазкур ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мос келиш-келмаслигини синчковлик билан текшириши лозим.

Қабул қилинган қарорлар, содир этилган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) ноқонунийлиги ҳақида далолат берувчи юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бўлмаганда биттасининг мавжудлиги аризани (шикоятни) қаноатлантиришга асос бўлиши мумкин. Демак, устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, суд қарорни ёки унинг айрим қисмларини ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини суд аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Борди-ю, қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилса, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш, йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш ва ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига, агар суд томонидан бошқача муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятларини юклатади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддаси 1-қисмига асосан, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган ҳолда судга мурожаат қилишга ҳақли. Бироқ, амалиётда шундай низолар ҳам учрайдики, унга кўра, қарор чиқарилган пайтда бирон-бир шахснинг қонуний ҳуқуқларини бузмайди бироқ, келажакда бузилиши мумкин. Масалан: “Х” тумани “Х” шаҳри, “Х” кўчасида “У” кафесига яқин туташ ердан пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган цех қуриш учун ер ажратиш ҳақида туман ҳокимининг қарори чиқарилган. Бундан ушбу ҳудуда жойлашган “У” МЧЖ норози бўлиб, судга ариза бергани, аризада цех қуриш учун унга тегишли умумий овқатланиш жойига туташ ердан ер берилгани, келажакда цех ишга тушса ундан чиқадиган чанг, шовқин ва ёқимсиз ҳид сабаб унинг мижозлари сонининг камайишига сабаб бўлишини асос қилиб, цех қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга мурожаат қилган. Шунга биноан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддаси 1-қисмининг 1-банди “Манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган ва бузиш мумкин бўлган ҳолларда судга мурожаат қилишга ҳақли” дея тўлдирилиши мақсадга мувофиқ.

Ёки 2012 йилда “Н” шаҳар ҳокимининг “Тинчлик кўчасида қайта таъмирлаш, кенгайтириш ва обдонлаштириш ишларини олиб бориш ҳақида”ги тегишли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан 2017 йилнинг охирларига келиб кўп қаватли уй-жой қуриш мақсадида фуқаро М.А ва унинг фарзандлари доимий рўйхатда туриб яшаб келган “С” тумани “А” кўчасидаги 98-уй ҳам бузиб ташланган. Шу боис аризачи М.А судга ариза билан мурожаат қилиб, “С” туман ҳокими мансабдор шахсларининг бузилишга тушган уй-жойга нисбатан компенсация беришни рад этиш тўғрисидаги хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топишни ва “С” туман ҳокимлиги зиммасига у ҳамда фарзандлари доимий рўйхатда туриб яшаб келган уй давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб бузилганлиги сабабли, бошқа уй-жойни компенсация сифатида бериш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза қисман қаноатлантирилиб, “С” туман ҳокими мансабдор шахсларининг бузилишга тушган уй-жойга нисбатан компенсация беришни рад этиш билан боғлиқ  хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилган ҳамда туман ҳокимлиги зиммасига М.А ва фарзандлари доимий рўйхатда туриб яшаб келган уй давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб бузилганлиги сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация турини белгилаш, комиссияси йиғилишида М.Ага компенсация бериш масаласини кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Лекин суднинг ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлиги мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, аризачига комиссия йиғилишида компенсация бериш масаласини кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган бўлса-да, унда ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш мажбурияти юклатилганлиги кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига юқорида қайд этилган мажбуриятларни юклайди.

Шунинг учун биз Маҳаллий давлат ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос ҳусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги таклифларни билдирмоқчимиз:

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 23-бобидаги “Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш” деган тушунча ўрнига умумий тартибда маъмурий органлар дейилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасида маъмурий орган тушунчасига таъриф берилганда, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ҳам маъмурий орган сифатида келтириб ўтилган.

Бундан ташқари, “Маъмурий органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш деган тушунчанинг ўрнига маъмурий органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш” деган тушунчани киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Чунки маъмурий органлар нафақат қарор балки улар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатларни (қарор, буйруқ, кўрсатма, ордер, гувоҳнома ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар) ҳам қабул қилишади. Маъмурий ҳужжат маъмурий қарорга нисбатан кенгроқ тушунча ҳисобланади.

Шунингдек, ишни кўриб чиқишдаги муддатларга эътибор қаратадиган бўлсак, Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддатлари 3 йил этиб белгиланган. Жумладан, тарафларнинг мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган битимларга доир ишлар бўйича ҳам умумий даъво муддати 3 йил.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига мувофиқ, судга мурожаат қилиш муддати 3 ой қилиб белгиланган. Бу муддат маъмурий органнинг тўғридан-тўғри бирор-бир шахсга тегишли бўлган мол-мулкка оид чиқарилган ёки қабул қилган маъмурий қарорига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Шу муносабат билан, ҳар иккала кодексдаги судга мурожаат қилиш муддатларини бир хиллаштириш мақсадида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига “шахсни тўғридан тўғри мулк ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган маъмурий қарорлар устидан 3 йил” деб ўзгартириш киритишни таклиф этамиз.

Маҳмуджон ЭШИМБЕТОВ,

Олий суд судяси,

Нозима ТОЖИЕВА,

Судялар олий мактаби

тингловчиси

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -