0,00 UZS

No products in the cart.

16.6 C
London
Seshanba, Avgust 3, 2021

«Лисон ут-тайр» моҳияти

- Advertisement -
- Advertisement -

Алишер Навоий умрида 6 та достон ёзган. 5 таси унинг «Хамса»сидан жой олган. «Хамса»ни у 42 – 44 ёшларида, яъни 1483 – 1485 йиллари битган. «Лисон ут-тайр» – 6-достони. Уни умрининг охирги йилларида, аниқроғи, ҳижрий 904,(1) милодий 1498/99 йили, яъни 57 – 58 ёшларида яратган.

Албатта, ҳаммамизнинг ҳам Навоий достонлари ҳақида озми-кўпми тасаввуримиз бор. Лекин уларнинг ҳар бири хусусида чуқурроқ билиш ҳеч кимга зиён келтирмайди. Қайтанга, бу китобхонни асарни ўқишга ундайди.

Бир достон моҳиятини англаб етишда савол-жавоб усули жуда қўл келади.

Шунинг учун биз ҳам шу йўлни маъқул кўрдик.

«Лисон ут-тайр» қандай қисмлардан таркиб топган?

Достон 193 бобдан иборат. Ҳажман 3598 байт, яъни 7 196 мисра. Албатта, «Лисон ут-тайр» ‒ Навоийнинг энг кичик достони. Бироқ бу жиҳатдан «Хамса»даги достонлардан кескин фарқ қилмайди. Яъни 3 988 байтли «Ҳайрат ул-аброр»дан 390, 3 622 байтли «Лайли ва Мажнун»дан эса бор-йўғи 24 байтгина кам, холос. 5 782 байтли «Фарҳод ва Ширин» ҳамда 5 008 байтли «Сабъайи сайёр» – ўртача, 7 215 байтли «Садди Искандарий» эса йирик ҳажмдаги достонлар ҳисобланади.

Шуни қайд этиб ўтиш керакки, бу жиҳатдан «Лисон ут-тайр» – ўзига доминанта бўлган 4 838 байтли «Мантиқ ут-тайр»дан 1 240 байт кам. Демак, Навоий маъно-мазмунни имкон қадар ихчам тарзда ифодалаш йўлини тутган.

Композицион жиҳатдан асар 4 қисмдан иборат:

1. Кириш – 13 боб (1 – 13-боблар).

2. Қушлар сайри билан боғлиқ асосий сюжет – 156 боб (14 – 169-боблар).

3. Лирик қаҳрамон муножоти – 19 боб (170 – 188-боблар).

4. Хулоса – 5 боб (189 – 193-боблар).

Шартли равишда, «Кириш» деб атаганимиз қисмда Тангри таолога тавҳид-ҳамд (1-боб), муножот-ҳамд (2-боб), Муҳаммад(с. а. в.)га васф-наът (3-боб) ва меърожнома-наът (4-боб), Абу Бакр таърифи (5-боб) ва ҳикоят (6-боб), Умар Форуқ таърифи (7-боб) ва ҳикоят (8-боб), Усмон таърифи (9-боб) ва ҳикоят (10-боб), Али таърифи (11-боб) ва ҳикоят (12-боб), Фаридиддин Аттор таърифи (13-боб) берилади.

Асосий қисм кескин драматик ҳолат тасвири билан бошланади. Бир куни «гулистону бешау баҳри биёбон қушлари» бир манзилга жам бўлишади. Лекин уларнинг жойлашишларида ҳеч қандай тартиб-интизом, тартиб-қоида, адолат-ҳақиқат бўлмайди. Ҳеч кимнинг ўрни мавқеига мос эмас. Масалан, зоғ булбулдан юқори ўтириб олган. Қушларнинг беҳунари ҳунарлисидан баландроққа ўрнашган. Хуллас, орада низо чиқади. Ҳеч ким ҳеч кимга қулоқ солмайди. Охири адолат ўрнатиш учун бизга бир одил подшоҳ керак деган хулосага келишади. Шунда Ҳудҳуд уларга Симурғ деган одил подшоҳ борлиги, унинг олдига бориш кераклигини айтди. Кейин уни обдон таърифлайди. Унинг олдига учишни қаттиқ тарғиб қилади. Бунинг учун 10 та қуш (Тўти, Товус, Булбул, Қумри, Каклик, Тазарв, Дуррож, Кабутар, Шоҳбоз, Шунқор)ни алоҳида-алоҳида таърифу тавсиф қилиб, уларнинг кўнглини олади-да, Симурғ сари парвозга даъват этади.

Кейин қушларнинг ҳаммаси Симурғ сари учади. Йўл азоби айримларига қаттиқ ботади. Шунда улар бир жойга қўнишни илтимос қилишади. Азоб чеккан қушлар бир-бир узр айта бошлайди. Жами 14 қуш (Тўти, Товус, Булбул, Қумри, Кабутар, Кабки дарий, Тазарв, Қорчиғай, Шунқор, Бургут, Куф, Ҳумой, Ўрдак ва Товуғ) бирин-кетин Ҳудҳудга ўз узрини айтади. Булардан тенг ярми, яъни 7 таси (Тўти, Товус, Булбул, Қумри, Кабутар, Тазарв, Шунқор) Ҳудҳуддан таърифу тавсиф эшитган қуш эди. Ҳудҳуд таърифу тавсиф қилган 3 қуш (Каклик, Дуррож ва Шоҳбоз)гина узр айтмайди. Ҳудҳуд узр айтган ҳар бир қушга жавоб айтиб, сўзи тасдиғи учун биттадан ҳикоят ҳам келтиради. Фақат Товуғ узрига жавобдан кейин ҳикоят йўқ, холос. Эҳтимол, бу, нимадир бўлиб, муаллифнинг эсидан чиқиб қолгандир. Чунки, очиғини айтганда, шу ерда асардаги қатъий симметрия қоидаси бузилгандек бўлган.

Шундай қилиб, асарда жами 19 қушнинг номи келтирилади, холос. Булардан бири, яъни Симурғ сюжетда бевосита иштирок этмайди. У Ҳудҳуд тилидан ҳар тарафлама таърифланади, ҳамма унга интилади. Энг фаол қуш – Ҳудҳуд.

Қушлар узрларига яхшигина дакки эшитганларидан кейин Ҳудҳуддан Симурғ билан ўзлари ўртасидаги нисбат ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлиш учун савол беришади (74-боб). Ҳудҳуд батафсил жавоб айтиб (75-боб), тасдиғига 2 та (76 – 77-боблар) ҳикоят ҳам келтиради. Бу ерда муайян қуш тилга олинмайди.

Шу тариқа қушларда яна қайтадан ўз парвозларини давом эттириш иштиёқи пайдо бўлади. Улар йўл кайфиятини Ҳудҳуддан сўрашади ва қониқарли жавоб олишади (78-боб). Ишқ йўли моҳиятини обдон тушунтириш учун Ҳудҳуд ҳаётий мисол сифатида Шайх Санъон ҳақидаги ҳикоятни келтиради (79-боб).

Бу – достондаги ҳажман энг катта боб. У ‒ 515 байт(1053–1567-байтлар)дан иборат. У асар ҳажмининг нақд 14,31 фоизини ташкил этади. Агар қолган 30 83 байтни қолган 192 бобга бўлсак, ўртача 16,06 байтдан тўғри келади. Ёки жами 3 598 байтни жами 193 бобга бўлсак, ўртача 18,64 байтга тўғри келади. Шайх Санъон ҳақидаги боб ‒ достондаги боблар ўртача ҳажмидан 27,63 марта, қолган байтларнинг 192 га бўлингандаги ўртача ҳажми кўрсаткичидан эса 32,07 карра катта. Баъзи олимлар буни «достон ичра достон» деб баҳолашган. Бу ‒  жуда тўғри.

Достон таҳлиллари кўрсатадики, қушлар сайри билан боғлиқ асосий сюжет ҳам иккига бўлинади. Шунинг учун биз бу ҳикоятни «Лисон ут­тайр»нинг «олтин ҳалқаси» деб ҳисоблаймиз.(2) Ана шундан кейинги бобларда Ҳудҳуддан бошқа бирор қушнинг оти тилга олинмайди. Чунки айнан ана шу ҳикоятни эшитганидан кейин қушлар чинакам сўфийга айланади – улар қалбига ишқ учқуни тушади:

Ишқ олди қўлларидин ихтиёр,

Шавқ ўтидин бўлди барча беқарор (135).

Шу тариқа қушлар иккинчи бор учишга тушади. Бу гал шундай завқ-шавқ билан учадиларки, йўлни худди бир чақмоқдек босиб ўтар, бир ҳамла билан ғарбдан шарққа етар эди:

Қатъ этарлар эрди йўл андоқки барқ,

Ғарбдин бир ҳамла аларға эрди шарқ (135).

Лекин яна муаммо келиб чиқади. Ҳар ким ўзича учар, ҳар водийда бир хавф пайдо бўлар, айримлар тўдадан чиқиб кетар, заифлашар, адашар, йўлда ортда қолар эди.(3) Хуллас, яна бир бор йўлбошловчига муҳтожлик пайдо бўлган эди, чунки, ахир, сурувни бир чўпон бошқармаса бўлмайди-ку:

Қўйниким, сув, ўтқа бошқармас шубон,

Ул сурукни айлагил зоеъ гумон (136).

Шунда қушлар Ҳудҳуддан ўзларига йўлбошчилик қилишни сўрашди. У: «Йўқ, мен билганимча йўлга бошлайман, лекин бу вазифани бўйнимга олсам, ўртамизда фарқ пайдо бўлиб қолади, шундан қўрқаман», – деб буни рад қилди. Бошқа қушлар эса бунга лаёқатли эмас, «жамъи жаҳул» (137), яъни «жоҳилият тўдаси» эди. Нима қилиш керак? Ноилож, қуръа ташлашади. Қуръа ҳам келиб Ҳудҳудга тушади. Ҳудҳуд иложсиз қолиб, йўлбошчиликни бўйнига олади. Чунки бошқа баҳона тополмайди. Кейин барча қушлар уни пир тутиб, байъатига қўл беради:

Чун анга кўп эрди боридин билик,

Байъатиға бердилар борча илик (137).

Тасаввуф амалиётидаги муридларнинг пирга қўл беришини биламиз. Бу ‒ шунинг қушлар рамзидаги айнан тасвири.

Шундан кейин кетма-кет 23 қуш (81-, 84-, 87-, 90-, 93-, 96-, 99-, 102-, 105-, 108-, 111-, 114-, 117-, 120-, 123-, 126-, 129-, 132-135-, 138-, 141-, 144-, 147-боблар) тасаввуфнинг турли назарий-амалий масалалари юзасидан Ҳудҳудга савол беради. Демак, аналогия жиҳатидан хонақоҳ тарбияси бошланди. Пир уларга маънили-мантиқли жавоблар қайтарар экан, ҳикоятлар ҳам келтириб, назарий-тасаввуфий талқинларини ҳаётий мисоллар билан далиллаган бўлади.

Энди асарда ҳеч бир қушнинг оти йўқ, улар «бир қуш» деб қайд этилади, холос. Чунки ишқ йўлида ҳамма сўфий – тенг. Орада бир боргина «бир қуш» эмас, «қушлар» (83-боб) савол сўрайди, холос.

Шундан сўнг 7 водий сифати таърифи бошланади. Шоир: «Қушлар шу водийларни босиб ўтишди», – деб ёзиб ўтирмайди. Шаклан Ҳудҳуд қушларга шу водийлар хусусиятларини таърифлайди. Мантиқан англашиладики, қушлар бу босқичларни босиб ўтишди. Лекин шу пайтгача навоийшуносликда бу водийларнинг жойлашиши горизонтал маънода тушунилган. Аслида, асар моҳияти бу водийларни вертикал маънода тушунишга ундайди.

7 водий қуйидагилардан иборат: Талаб (истак), Ишқ (Ҳақни севиш), Маърифат (Ҳаққа яқинлашиш), Истиғно (ҳамманинг тенглиги), Тавҳид (Ҳақ, яъни борлиқнинг ягоналиги), Ҳайрат (бор-йўқлик, кеча-кундузни фарқламай қолиш), Фақру фано (йўқлик).

Асарда қушларнинг жами тўрт карра парвоз қилиши ниманинг рамзи?

Асар воқеасига диққат қилсак, қушларнинг жами уч бор парвоз қилганига гувоҳ бўламиз:

Б и р и н ч и парвоз Ҳудҳуднинг қушларни Симурғ ҳақида дастлабки маълумотни айтганидан кейин амалга ошади.

И к к и н ч и парвоз Ҳудҳуднинг Шайх Санъон ишқ ҳақидаги ҳикоятни айтиб берганидан кейин амалга ошади.

У ч и н ч и парвоз қушларнинг қуръа ташлаб, Ҳудҳудни ўзларига раҳнамо қилиб сайлаганлари, унинг байъатига қўл берганларидан кейин амалга ошади. Ҳудҳуд пир этиб танланганидан кейин қушлар учиб, илгари ҳеч бир қуш қаноти етмаган («қатъ этмаган») водий бошига етиб келишди. Унинг охири кўринмас эди. Бу ерга илгари ҳеч бир қуш қаноти етмаган эди. Қушлар бир- бир Ҳудҳудга ана шу машаққатли йўл ҳақида саволлар беришди. Жами 23 қуш бир-бир савол беради. Ҳудҳуд бу саволларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида жавоб бериб, фикрлари исботи учун биттадан ҳаётий ҳикоят ҳам келтиради. Кейин у етти водийга таъриф беради (149-, 151-, 153-, 155-, 157-, 159-, 161-боблар). Дастлабки 6 водий таърифидан кейин биттадан ҳикоят ҳам келтирилади (150-, 152-, 154-, 156-, 158-, 160-боблар). Фақат 7-водий ‒ Фақру фано таърифидан кейин 4 та ҳикоят келтирилади (162-, 163, 164-, 165-боблар).

Т ў р т и н ч и парвоз Ҳудҳуднинг 7 водийни таърифлаб бўлганидан кейин амалга ошди. Аммо мақсадга фақат 30 қушгина етиб борди.

Бу рамзиёт замирида ҳам теран маъно бор. Бу парвозларда, бизнингча, тасаввуфдаги шариат, тариқат ва ҳақиқат босқичларига ишора мавжуд. Биринчи парвоз шариат, иккинчи ва учинчи парвоз ‒ тариқат, тўртинчи парвоз ‒ ҳақиқат рамзи.

Энди бир ўринли мулоҳаза ўртага тушади: нима учун шариат ва ҳақиқат босқичлари рамзи сифатида биттадан, тариқат рамзи сифатида эса икки парвоз қаламга олинди? Бунинг аниқ-тиниқ сабаби бор. Иккинчи парвозда тариқат йўлини пирсиз босиб ўтиш иложи йўқлигини исботлашга хизмат қилган. Учинчи парвоз эса бевосита Ҳудҳуд пирлигида кечади. Чунки қушлар иккинчи парвоз охирида ўзларига пир танлашди. Бу ҳам бежиз эмас. Тарихда пирсиз ҳам тариқат йўлига кириб, ўзбошимчалик билан руҳий тарбия топишга уринганлар, риёзатлар чекканлар бўлган. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»да Мавлоно Биноийга айнан шундай айб қўяди: «…Фақр тарийқин ихтиёр қилди ва риёзатлар ҳам тортти, чун пири ва муршиди йўқ эрди, ўз бошича қилғон учун ҳеч фойда бермади. Эл таъну ташниидин Ҳирийда туролмай, Ироққа борди. Андин дағи ушбу ранг овозалар йиборди». Иккинчи парвоз сўнгида қушлар пирга эга бўлишди. Қушларнинг учинчи парвози эса бевосита ҳақиқат босқичи эканига ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. Чунки айнан шу парвоз сўнгида қушлар ўзлари Симурғ («си» ‒ ўттиз, «мурғ» ‒ қуш) эканини сезди, яъни фанодан бақога ўтди ‒ руҳан Ҳаққа қовушди.

Муҳаммад (с. а. в.) ‒ достон бош қаҳрамонларидан бирими?

Диний манбаларда, хусусан, меърожнома асарларда ёзилишича, Муҳаммад (с. а. в.) меърож кечаси Жаброил (а.) раҳнамолигида Буроқ отига миниб, еттинчи осмонгача кўтариладилар. Еттинчи осмонга етганларида Жаброил (а.): «Бу ёғига бизга ҳам, Буроқ отига ҳам йўл йўқ. Рафраф кўмагида бу ёғига ўзингиз парвоз этасиз», – дейди. Саккизинчи ва тўққизинчи қават осмонга ўзлари учадилар. Тўққизинчи қаватда Аллоҳ таоло билан икки қош яқинлиги («қобу қавсайн») даражасидаги масофада хос суҳбат бўлиб ўтади.

Фаридиддин Аттор етти водийни танлагани бежиз эмас. Сўфийлар меърожга муносабатда, шартли равишда, Муҳаммад(с. а. в.)ни ‒ соликка, Жаброил(а.)ни эса ‒ пирга ўхшатишади. Шундан келиб чиқиб, «Мантиқ ут-тайр» ва «Лисон ут-тайр» мантиғига кўра, сўфий пири раҳнамолигида руҳини етти қават осмонгача кўтариши мумкин. У ёғи фақат Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)гагина насиб этган, холос. Етти қават осмонга етган руҳ фоний бўлади. Фоний бўлмай туриб эса бақога етиб бўлмайди.

Ҳаёт – дунё ва охиратдан иборат. Инсон жисм ва руҳдан ташкил топган. Оддий одамлар дунёни ‒ бирламчи, охиратни ‒ иккиламчи деб билади. Шунингдек, аксар кишилар фақат жисм эҳтиёжларини қондириш билан умр ўтказади. Сўфийларнинг бу масалаларга қараши эса – бунинг тескарисидан иборат: улар бу дунёга «ёлғончи дунё», охиратга «ҳақ дунё» деб қарайди, руҳни жисмга эмас, аксинча, жисмни руҳга бўйсундириш керак деб ҳисоблайди.

Етти водийни босиб ўтиш орқали қушлар амалда жисмларини руҳга айлантиради. Бунда, табиийки, Муҳаммад (с.а.в.) маёқ, яъни намуна вазифасини ўтаганлар. Симурғ ‒ асарда Тангри таоло рамзи, албатта. Аммо Симурғ сари йўл Муҳаммад (с.а.в.) меърожи орқали ўтади.

Бу таҳлилларимиз янги бир хулосани илгари суриш имконини беради: демак, «Лисон ут-тайр», худди «Мантиқ ут-тайр» каби, ўзига хос бир меърожнома асар ҳисобланади ҳам.

Асарнинг бош қаҳрамонлари ‒ кимлар?

Асарнинг биринчи бош қаҳрамони – Симурғ. Чунки қушларнинг бош мақсади унга етишдан иборат. Ҳудҳуд ҳам фақат ва фақат унинг таърифини қилади, водийлар ҳам – фақат ва фақат унга олиб борадиган йўл босқичларидан иборат.

Иккинчи бош қаҳрамон ‒ кўриб ўтилганидек, Муҳаммад пайғамбар (с. а. в.). Табиийки, Муҳаммад пайғамбар (с. а. в.) «Лисон ут-тайр»да Симурғдан кейин турадиган бош қаҳрамон ҳисобланади.

Учинчи бош қаҳрамон – Ҳудҳуд. У тасаввуфдаги пир, яъни муршиди комил рамзи. Бу – асардаги энг фаол тимсол. Шу ўринда тасаввуфда Навоий таъкидлаган 3 шартни эслаш ўринли. Биринчиси – истеъдод. Иккинчиси – пир. «Бепир машав, агар хоҳӣ амонӣ, агар бошӣ Искандарӣ замонӣ», – деган тожикча нақл бор. Яъни: «Тинчликомонлик истасанг, агар замонанинг Искандари бўлсанг ҳам, пирсиз юрма!» – дегани бу. Учинчиси – пир билан мурид ниятининг мувофиқлиги.

Тўртинчи бош қаҳрамон ‒ достоннинг лирик қаҳрамон муножотидан иборат 19 боб(170 – 188-боблар)ида намоён бўлган лирик қаҳрамон тимсоли.

Асарнинг персонажлари ‒ кимлар?

«Асарнинг персонажлари» деганда биз юқорида санаб ўтилган бош қаҳрамонлар- дан ташқари бўлган тимсолларни кўзда тутяпмиз. Шу маънода достон персонажлари иккига ‒ қушлар тимсоллари ва инсонлар тимсолларига бўлинади.

Достондаги қушлар тимсоллари, Симурғ билан Ҳудҳудни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 31 та. Бироқ, олдинроқда кўриб ўтилганидек, бу иккаласидан ташқари, 17 қушнинг номи тилга олинади. Шунга қарамай, мантиқан, Симурғ билан Ҳудҳуддан ташқари, яна 29 қуш иштирок этган деб ҳисоблаш лозим.

Энди яна бир нозик масалага аниқлик киритиш керак. Достоннинг «Қушларнинг Фано водийсининг ниҳоятидин бақо мулкидин нишон топмоғлари» деб номланган 166-бобида бир диққатталаб нуқта бор. Бобнинг қисқача мазмунини айтиб ўтайлик.

Ҳудҳуднинг етти водий ҳақидаги талқинларини эшитгандан кейин қушларнинг бар- часи тушундики, бу ‒ мушкул иш, у айни жамоа қўлидан келадиганга ўхшамайди. Ҳаммаси ноумид бўлди. Ҳатто қўрққанидан уларнинг кўпи ўлди ҳам, қолганлари эса ҳайрат билан йўлга равона бўлди:

Балки чун бу ишга воқиф бўлдилар,

Ваҳмдин ул дам кўпи худ ўлдилар.

Фоний ўлғоч ваҳми жон ўлғонлари,

Тутти йўл ҳайрат била қолғонлари (259 ‒ 260).

Аммо йўл осон эмас эди, мақсадга жуда оз қисмигина етди:

Охир ул­амр ул гуруҳи зордин,

Ранж тортардин сурук афгордин

Еттилар мақсадға, аммо асру оз,

Тан аро юз сўзу жон ичра гудоз (260).

Чунки йўл азобига чидаш беролмай кўплари ўлди:

Баъзи ул қушлардин ўлдилар ҳалок,

Баъзи йиттилар(4) бўлуб кўп дарднок (260).

Оқибатда юз минг қушдан юз туман ранж тушга айланганлари, яъни ўттизтасиги- на охиригача қанот қоқди:

Оқибат юз минг тумандин неча қуш, ‒

Ким аларға юз туман ранж ўлди туш,

Урдилар ўттуз қуш ул ерда қанот,

Танларида қолмай ойини ҳаёт (260 ‒ 261).

Қушларнинг не учарга қувватлари ва не қўнарга тоқатлари қолган бир маҳал кутилмаганда иззат элчиси («човуши») пардадан нигоҳ ташлаб, уларнинг кимлигини сўради:

Не учарға ёр ўлуб қувватлари,

Не қўнарға дард аро тоқатлари.

Пардадин ногаҳ иззат човуши,

Жилва қилди ўйлаким давлат қуши.

Кўрди ул мабҳути хайли хастани,

Юз балият ториға вобастани.

Сўрғоли қилди алар ҳолини майл,

Деди: «Оё не жамоаттур бу хайл?..» (262).

Шу саволга жавобда ҳам қушлар, аслида, йўлга чиққанлар «неча юз минг» бўлгани-ю, шундан фақат 30 тасигина етиб келганини айтишади:

Неча юз минг тобеъу хайлу ҳашар, ‒

Ким онинг сонида ожиздур башар,

Бўлдилар зоеъ, қўюб бу йўлда юз,

То бу даргаҳға етиштук биз ўтуз (263).

Демак, асардаги воқеа тасвири мантиқига биноан фикрланса, Ҳудҳуднинг даъвати билан парвоз қилиб, йўлга чиққан қушлар сони одам ҳисобига етолмайдиган даражада кўп эди. Шунинг учун, шартли равишда, Ҳудҳуд билан бир- га учиб, мақсадга эришган қушларнигина пер- сонажлар сирасига киритамиз.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак. «Юз минг туман» қушдан фақат 30 тасигина мақсадга етгани замирида ҳамма ҳам чинакам, Ҳаққа етган шайх бўла олмаслигини таъкидлаш ётибди. Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» тазкирасида Муҳаммад(с.а.в.)дан бошланган тасаввуфнинг XV аср охиригача бўлган даврда ўтган таниқли тасаввуф пирлари ҳақида маълумотлар йиғилган. Бундан, шартли равишда, ўтган ана шу 9 аср мобайнида бор­йўғи 812 шайх ўтган экан деган хулоса келиб чиқади. Ҳолбуки, бу йўлга кирганлар, айни борада юксак даражаларга эришишга интилганлар бундан бир неча карра кўп бўлган, албатта. Биринчидан, ҳамма ҳам тасаввуф йўлига кирмайди. Бу хос кишилар йўли ҳисобланади. Иккинчидан, бу йўлга кирганларнинг ҳаммаси ҳам асл мақсадга эриша олмайди. «Лисон ут-тайр»да худди ана шу ҳолатга суянилган. Бу ‒ достонга «Мантиқ ут-тайр»дан ўтган жиҳатлардан бири.

Достонда лириклик ва эпиклик нисбати қандай?

Адабиёт асарлари субъект, яъни муаллиф билан объект, яъни тасвирланаётган воқелик ўртасидаги ўзаро нисбатга қараб турларга ажратилади. Субъект бирламчи бўлиб, объект иккиламчи бўлса, «лирика», объект бирламчи бўлиб, субъект иккиламчи бўлса, «эпос» ва объект субъект иштирок этмаган ҳолда кўрсатиб берилса, «драма» дейилади.

Бироқ эпик асарда лирик тасвир ҳам муҳим ўрин тутса, у аралаш, аниқроғи, лиро-эпик турга киритилади. Шу маънода Навоийнинг 6 достони ҳам – лиро-эпик асар. «Хамса»даги 5 достондан 4 тасида эпиклик лирикадан устун туради. Бу бешликда лирика эпикликдан устун келадигани – биргина «Ҳайрат ул-аброр». Чунки уни мавзулар, яъни 20 мақолат бошқаради. Ҳар бир мақолатда бир муайян мавзу қўйилиб, у фалсафий-мушоҳадавий асосда талқин этиб берилган. Келтирилган ҳикоятлардагина эпиклик бор. Бироқ ана шу «Ҳайрат ул-аброр» ҳам лириканинг устунлиги жиҳатидан «Лисон ут-тайр»га тенг кела олмайди. Чунки бу 20 мақолатда ҳам муаллиф кўпроқ ақл-тафаккурга бўйсунади, ҳис-туйғуга эмас. «Лисон ут-тайр»да эса ҳиссиёт шу қадарки, ҳатто шоир қушлар баҳонасида амалда ўз кўнгли дардини ифодалайди.

Навоий ўз ишқини тараннум этадиган асар ёзганми ёки бу шоирнинг армони бўлиб қолганми?

Шоир «Лисон ут-тайр»нинг Шайх Санъон ҳақидаги 79-боби охирида лирик чекиниш қилиб:

Бир неча кун умрдин топсам амон,

Шарҳи ишқим назм этай бир достон (135), –

деб ёзади. Айрим олимлар шу байтга суяниб: «Навоий ёшлигида қай бир қизни севган, ёши улғайганда у ҳақда махсус достон ёзмоқчи бўлган, аммо бу режаси амалга ошмай қолган», – деган хулосага келишган.(4) Бу – мутлақо хато. Ўз ишқи ҳақида ёзмоқчи бўлган достони – айнан шу «Лисон ут-тайр» эди. Демак, шоирнинг бу орзуси армон бўлиб қолмаган.

Бу даъво қуруқ бўлмаслиги учун асарнинг ўзидан уч ишончли далил келтириш мумкин.

Биринчи далил. Келтирилган байтдаги «бир неча кун» сўзлари гап айнан «Лисон ут-тайр»ни тугатиб олиш ҳақида кетаётганидан далолат беради. Чунки, биринчидан, ҳали асарнинг яна 114 боби битилмаган, иккинчидан, достон сўнгида шоир ўзининг ҳам, худди қушлар каби, етти водийни босиб ўтишини муножот тарзида ёзиб кетишни режалаштирган эди.

Иккинчи далил. «Фоний» тахаллусини қўллашини мантиқан асослаган бобда:

Ким бу дафтар назмидин кулли мурод,

Чунки муржеъ майли эрдию маод.

Мунда фоний бўлмай иш ўлмас тамом,

«Фоний» ондин топти назмим ихтимом (300), –

деб ёзади. «Муржеъ» сўзи «мурожаат»нинг бирлигини англатади. Кимга мурожаат қилмоқчи? Албатта, Яратганга. «Маод» луғатларда «қайтадиган жой» деб берилади. Қайтадиган жой ҳам – Аллоҳ даргоҳи. Демак, муаллифнинг достонни ёзишдан «кулли муроди», яъни асосий мақсади – Тангри таолога мурожаат қилишдан иборат экан.

Учинчи далил. Достоннинг 170-бобидан лирик қаҳрамон, яъни шоир ўз қалбини бўшатишга ўтади. Кейин ҳар бир водий тариқида муножотлар (175-, 177-, 179-, 181-, 183-, 185- ва 187-боблар) битади. Тангри таолога мурожаат қилиб ёзилган асарлар эса адабиётшунослигимизда «муножотнома» дейилади. Демак, «Лисон ут-тайр» ‒ Навоийнинг умрининг сўнгги даврида битган муножотномаси ҳам. Бу муножотномада, албаттаки, лирик қаҳрамоннинг Тангри таолога ишқи баён этилган.

«Лисон ут-тайр»ни дунёвий талқин этиш ҳам мумкинми?

Бадиий асарни муаллиф ёзади, лекин уни қандай тушуниш ва талқин этиш – китобхоннинг иши. Бироқ бир қатъий қоидага амал қилиш керак: ҳар қандай талқин учун матн асос бўлиши шарт. Матнга мос келмайдиган ҳар қандай талқин – ғалат, яъни хато.

«Лисон ут-тайр» рус тилига тўлиқ шеърий, инглиз тилига эса насрий таржима қилинган. Рус ва инглиз ўқувчисининг ислом тасаввуфи ҳақидаги тасаввурлари қанчалигини хаёлга келтириш мумкин. Дунёвий маънода тушунганда, «Лисон ут-тайр» ўқувчига бош, асл, бирламчи мақсадга етиш йўлида инсон қандай қилиб асосий бўлмаган, иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиш йўлини кўрсатади. Агар кимки бу дунёда ўзини ўстириб, бошқалардан бир бош баландроқ поғонага кўтарилган бўлса, билингки, у биринчи даражали мақсадга етиш учун иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиш йўлидан юрган. «Лисон ут-тайр» шунга ўргатади.

Шунинг учун ҳам бу достон ‒ жуда буюк асар.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.

 

1 «Лисон ут-тайр»нинг охирги бобида шоир:

Йил тўқуз юз ўтмиш эрди доғи тўрт, –

Ким улуснинг кўнглига солди бу ўрт

(Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 12-т. ‒ Тошкент: Фан, 1996. ‒ 302-б. Бундан кейин шу нашрдан олинган парчаларнинг саҳифаси қавсда бериб борилади), – деб ёзади.

2 Бу масала ушбу сатрлар муаллифининг қуйидаги мақоласида батафсилроқ ёритилган: О л и м С. «Лисон ут-тайр»нинг «олтин ҳалқа»си // Тафаккур, 2001, № 1. 34-47 б.

3 Нашрда «эттилар» бўлиб кетган, бунда маъно чиқмайди. Биз «йиттилар», яъни «йўқолиб қолдилар» тарзида тузатиб кўчирдик. Ваҳоб Раҳмонов ҳам бу сўзни тўғри ўқиб, ўзи тайёрлаган нашрда уни «иттилар» тарзида ёзишни маъқул топ- ган (Қаранг: Алишер Н а в о и й. Лисон ут-тайр (Насрий баёни билан). ‒ Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. ‒ 230-б.).

4 Бу ҳақда қаранг: Ўзбек адабиёти тарихи. Беш томлик. 2-т. – Тошкент: Фан, 1977. – 331-б.

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -