0,00 UZS

No products in the cart.

17.5 C
London
Yakshanba, Avgust 1, 2021

Латент жиноятчилик: сабаблар ва омиллар

- Advertisement -
- Advertisement -

Дунёда латент жиноятчиликка қарши курашнинг асосий усулларидан бири сифатида унинг келиб чиқиш сабаблари, шартлари ҳамда унга туртки бўлувчи омилларни аниқлашга эътибор қаратилмоқда. Бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эга эканлиги билан диққатга сазовордир.

Латент жиноятчилик ҳам бошқа жиноятлар каби криминологияда умумъэтироф этилган: «Жиноятчиликнинг умумий сабаблари ўзига хос намоён бўлиш хусусиятларига эга. Илмий жиҳатдан ушбу хусусиятларни билиш ижтимоий жараёнлар табиати ва динамикаси ҳамда ижтимоий-психологик омилларнинг жиноятчиликка таъсир этувчи механизмини очиб бериш билан боғлиқдир»1.

Жамиятда у ёки бу ҳодисанинг, жумладан, латент жиноятчиликнинг пайдо бўлиш сабаблари асосан ижтимоий, иқтисодий, этнографик ва диний қарашлар билан боғлиқ. Бундай ҳудудий мазмунга эга бўлган кўрсаткичлар жиноятчилик географияси ва турларига бевосита таъсир ўтказади. Шунингдек, маълум минтақада шаклланган турмуш тарзи, омма психологияси, урф-одатлар, анъана, шаклланган дунёқарашлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлади2; 3.

Латент жиноятлар умумий криминология назариясида бўлгани каби объектив ва субъектив сабабларга боғлиқ жиноят ҳисобланади. Бунга жиноят қонунчилигидаги айрим номукаммалликларнинг борлиги, жиноятларни рўйхатга олишнинг самарасизлиги, жиноий қилмишларнинг ҳисобини юритувчи органларнинг масъулиятсизлиги, келиб тушган маълумотларни ўз вақтида қайта ишлашнинг имкони йўқлиги ва бошқаларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Латент жиноятчиликни юзага келиш сабабларига кўра қуйидаги турларга бўлиб таҳлил қилиш мумкин:

1. Жиноятлар ҳисобини юритувчи органларнинг идоравий номувофиқлигисабабли қилмишларнинг жиноятларни рўйхатга олиш тизимига киритилмаслиги.

Бу асосан жиноятларни марказлашган рўйхатга олиш ваколатининг Ички ишлар вазирлиги органларидан прокуратура органларига ўтказилиши ва ушбу тизимнинг янги жорий этилганлиги, рўйхатдан ўтказишнинг компьютерлаштирилгани билан боғлиқ.

2. Ҳеч кимга аён бўлмаган жиноятлар. Одатда бунга «эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган, ишлаб чиқариш технологияларини бузиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар» ва бошқалар киради. Баъзан бу гуруҳга эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлардан ташқари, кам аҳамиятли, оз миқдорда зарар етказилган жиноятлар ҳам киритилади.

3. Фақат жиноятчига маълум бўлган жиноятлар.

Ушбу тоифадаги жиноятларга маст ҳолатдаги шахсга, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар, шунингдек, «жабрланувчисиз бўлган жиноятлар» деб номланган жиноий ишлар киритилади. Бу, масалан, манфаатдор шахснинг давлат хизматчисига ўз мансаб ваколатини бажарганлиги ёки бажармаганлиги учун пора бериши бўлиши мумкин.

Мазкур турдаги жиноятларнинг юқори латентлик даражада бўлишининг омилларидан бири Ю. Демидов, Р. Акутаев таъкидлаганидек: «Реал «қурбонларнинг йўқлиги»дир (коррупцион жиноятлар ва давлат мулкига тажовуз қилиш ҳолатлари).

Талабгорлар кўп бўлган тақдирда, давлат маблағларини мақсадли сарфлашда айнан кимгадир имтиёзлар бериш орқали шахсий манфаатдорликка эга бўлишга қизиқишлар бу турдаги жиноятларнинг латентлик даражаси ортишига сабаб бўлмоқда.

Бунга мисол сифатида Жиззах шаҳрида қурилаётган 6 қаватли бинонинг қулаб тушишини келтириш мумкин. Ушбу кўп қаватли уйнинг қурилишида шаҳарсозлик нормалари, техника хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси бўйича ва бошқа бир қатор жиноятларга йўл қўйилган.

Бироқ кўп қаватли уйнинг қурилишида манфаатдор томон йўқлиги ва «реал қурбонлар» бўлмаганини ушбу жиноятлар латент бўлиб қолишининг асосий омиллардан бири сифатида келтириш мумкин. Агар ушбу воқеа оммавий ахборот воситалари орқали кенг омма эътиборига етказилмаганда ва ушбу ҳолатга жамоатчилик аралашиб ўз фикрини билдирмаганида ушбу жиноий ҳодиса ҳам фош этилмаган бўларди. Жиноятнинг содир этилишига шароит яратган мансабдор шахслар ҳам жиноий жавобгарликдан озод бўлиб, ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттиришар эди. Бу эса кейинчалик бошқа жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли ушбу турдаги латент жиноятларнинг катта қисмини яширин жиноятлар ташкил қилади. Шу сабабларга кўра АКТ, иқтисодиёт, экология соҳасида содир этилган
жиноятларнинг ҳам латентлик даражаси юқори ҳисобланади.

Юқоридагилардан ташқари, жиноятларнинг латентлиги кўпинча қуйидаги оддий сабаблар туфайли ҳам вужудга келиши мумкин:

1) жабрланувчи ёки жиноий ҳодиса гувоҳи соғлиғи туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга содир этилган жиноят тўғрисида хабар бера олмаганлиги (масалан, у беҳуш ҳолатда бўлгани ёки қисқа муддатга хотирасини йўқотганлиги);

2) жиноят содир этилган вақтда мазкур ҳудудда алоқа йўқлиги ёки имконият бўлмаганлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилмаганлиги;

3) жиноят тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмагани (тахминий жиноятчининг ҳодиса жойидан қочиб кетишини кўрганлиги) сабабли ушбу ҳодисанинг жиноят эканлигини билмаганлиги;

4) мутлақ номаълумлик (содир этилган жиноят тўғрисида жиноятчи ёки жабрланувчининг ҳам хабари йўқлиги);

5) жабрланувчининг ўлими.

Латент жиноятчилик сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни ҳар томонлама ўрганиш жамиятда яширин жиноятларни уларни келтириб чиқарган шароитларни аниқлашга ёрдам беради. Бу шарт-шароитлар субъектив ва объектив хусусиятга эга бўлиб, жамият ҳаётидаги иқтисодий, мафкуравий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа ҳолатларнинг ўзаро боғлиқлиги натижасида намоён бўлади. Ушбу жиноятлар барча яширин ҳодисалар каби давлат бошқарувининг жамият билан заиф алоқалари ҳамда бошқарувнинг нотўғри йўлга қўйилганлиги туфайли юзага келади.

Яширин ва яширилаётган жиноятчилик шартлари ўртасидаги боғлиқлик сабабли латент жиноятчиликнинг вужудга келиши мустақил ҳодиса сифатида шаклланади. Бу эса уни келтириб чиқарадиган ҳодисалар учун махсус профилактика чораларини ишлаб чиқишни талаб қилади.

Таҳлилий ўрганиш натижаларига кўра латент жиноятчилик пайдо бўлишининг сабаби қуйидаги омиллардир:

– жабрланувчилар ва гувоҳларнинг жиноятнинг очилишига ишонмасликлари. Бунга айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ўзлари ҳам сабаб бўлмоқдалар. Улар баъзида ўзларининг фаолиятида жиноятчиликни тўлиқ фош этиш имкониятига эга эмаслиги тўғрисида фуқароларга очиқ маълумот беришади.

Мисол учун жиноятларни фош этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунга зид бўлган усулларни қўллаш. Хусусан, 2017 йилда мамлакатимизда Жиноят кодексининг 235-моддаси – «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриқонуний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш» билан боғлиқ жиноятлар 7 марта содир этилган бўлса, 2018 йилда 10, 2019 йилда 16 марта содир этилган.

Шу сабабли фуқаролар ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нуфузини туширмаслик учун соҳадаги камчиликларни бартараф этиш лозим.

Фуқаролар қуйидаги сабабларга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ҳақида хабар бермаслиги мумкин:

* юридик нигилизм. Фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берган ариза ва хабарларига муносабат билдирилмаслигига, беҳуда вақт сарфлашнинг ҳожати йўқлигига ишонишади;

* ариза берган тақдирда жабрланувчи ёки гувоҳнинг ўзи муқаддам содир этган майда ҳуқуқбузарлик ёки ножўя ҳаракатларнинг фош этилиши эҳтимоли мавжудлиги;

* жиноятни ўз кучи ва имконияти билан фош этиш ва адолат ўрнатиш истаги;

* жиноятчи ёки унинг оила аъзолари, дўстлари ва танишларининг қасос олишидан қўрқиш;

* жиноятчига ҳамдардлик, раҳмдиллик қилиш (айниқса, жиноятни вояга етмаган ёки ёши катта одам, оила аъзоси, яқин одами ёки бошқа таниши содир этган бўлса);

* содир этилган жиноятнинг овоза бўлиб кетмаслигини хоҳлаш (масалан, номусга тегиш ёки оиладаги низолар, можаролар, жароҳат етказиш);

* жиноят натижасида етказилган зарарнинг кам аҳамиятлилиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда беҳуда вақтни сарфламаслик истаги;

* муқаддам жиноят қурбони бўлган ёки жиноий ҳодиса гувоҳи бўлган шахсларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан қўрқиши ёки уларга ишонмаслиги.

Латент жиноятларни белгиловчи асосий омиллардан бири сифатида жабрланувчининг ёки жиноят қурбонининг хулқ-атвори муҳим ўрин тутади.

Жиноят жабрланувчилари тўғрисидаги таълимот – виктимология криминологиянинг энг истиқболли ва долзарб ўрганилаётган йўналишларидан биридир.

Жиноят жабрланувчиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларига жиноий тажовуз қилинганлиги, моддий ва маънавий зарар етказилганлиги тўғрисида хабар бермаганлиги «виктим латентлик» деб аталади.

Албатта, жабрланувчиларнинг содир этилган жиноят ҳақида хабар бермаслиги ёки ўз вақтида хабар бермаслиги жиноятларни аниқлаш ва фош этишда қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Жабрланувчини хабар беришдан тийиб турадиган сабаблар турли хил бўлиши мумкин. Масалан, шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор қилишдан қўрқиш, бу жабрланувчи учун чуқур ҳиссий воқеаларга айланиб кетиши ёки унинг оиласига маънавий зарар етказиши мумкин.

Айни турдаги одатий мисоллар сифатида жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига қарши қаратилган жиноятлар, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, ноқонуний аборт қилдириш ва бошқаларни келтириш мумкин.

Жиноят жабрланувчилари жиноий ҳодисани яширишининг асосий омилларидан бири – жабрланувчи ўзига қарши маълумотларнинг ошкор бўлиб қолишини истамайди. Мисол учун аборт қилдирувчиларнинг кўпи турмушга чиқмаганлар ёки тасодифий муносабатлар туфайли ҳомиладор бўлганлардир.

Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноятларни рўйхатга олиш функциясининг мавжудлиги жиноий ҳаракатларни яширишга имкон берадиган муҳим омил бўлган. Чунки битта тизим ҳам жиноятчиликка қарши курашиши ва бундай кураш самарадорлигини баҳолаши нотўғри ҳолат эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги «Жиноят-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан
такомиллаштириш ва жиноятлар тизимини таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5566-фармони билан 2018 йил 1 декабрдан Бош прокуратура жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноий ишларнинг ягона ҳисобини юритиши белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, келажакда яширин жиноятчиликнинг сабабларини чуқур, ҳар томонлама ўрганиш зарур. Ички ишлар идоралари тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва ички ишлар идоралари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозим. Ушбу жараён жиноятчиликка, шу жумладан, яширин жиноятларга қарши муваффақиятли курашишга ёрдам беради.

Олимжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси академияси
мустақил изланувчиси

 

1 Звирбуль В.К. Изучение территориальных различий преступности – необходимое условие повышения эффективности борьбы с нею // Влияние социальных условий на территориальные различия в преступности. М., 1997.
2 Ростов К.Т. О сущности социально-географического подхода к изучению преступности // Органы внутренних дел на пути к правовому государству (сборник трудов адъюнктов и соискателей). Вып. 1. СПб., 1993. С. 70-75.
3 Вопросы этнопсихологии в разработках зарубежных авторов. М, 1970. С.39.

- Advertisement -

Latest news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...
- Advertisement -

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...

Related news

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Мажбурий тиббий суғурта замон талаби(ми?)

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда қатор халқаро пакт ва конвенцияларда ўз ифодасини топган. Жумладан,...
- Advertisement -