0,00 UZS

No products in the cart.

17.9 C
London
Seshanba, Oktabr 19, 2021

Коррупцияга қарши курашишда муҳим омиллар

- Advertisement -
- Advertisement -

Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни мунтазам такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга эга1.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга оид ишлар самарадорлигини такомиллаштириш, уларнинг ижтимоийсиёсий ўзгаришларга оид билимларини оширишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинган. Буларга «Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида»ги, «Ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Норматив-­ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонунларни мисол келтириш мумкин.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш биринчи вазифа қилиб белгиланган.

Президентнинг 2019 йил 27 майдаги 5729-фармони2 да коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳар томонлама кенг қамровли ишлар олиб бориш бўйича бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 9 январда қабул қилинган «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги 5618-фармони3 ва шу ҳужжат асосида тасдиқланган «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси»ни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

«Аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш» концепциянинг асосий мақсади қилиб белгиланган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳимдир.

Бу бўйича бир қатор асосий йўналишлар мавжуд.

1. Давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини ошириш.

Бир қатор давлатларда масъул ходимлар учун касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг
йўналишлари бўйича мажбурий қисқа муддатли ўқув курслари жорий этилган.

Сингапур, Корея Республикаси, Словения, Эстония, Латвия каби давлатларда коррупцияга қарши курашувчи идораларнинг электрон платформаларига соҳа бўйича курслар жойлаштирилган. Мансабдор шахслар ихтиёрий тарзда шу курсларда масофавий ўқийди4.

2. Давлат ташкилотларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган сиёсат ишлаб чиқиш.

Аксарият ривожланган давлатларда (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия) коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат органлари веб-сайтларига: коррупцияга қарши курашиш сиёсати; тизимда амалга оширилган ишлар; юз бериши мумкин бўлган коррупциявий вазиятлар; манфаатлар тўқнашуви; касб этикаси бузилишининг олдини олиш; масъулларнинг ишонч телефонлари ва электрон почта манзиллари; ходимлар содир этган ножўя ҳаракатлар ва уларга қўлланган жазо чоралари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириб борилади.

Австралиядаги барча идораларда ходимларнинг коррупция ҳолатларида ўзини тутиши ва вазиятларни бартараф этиши бўйича доимий фаолият юритувчи онлайн маслаҳат тизими жорий этилган. Бундан ташқари ҳар икки йилда мамлакат миқёсида «Давлат идораларида коррупцияга қарши курашиш» (APSACC) бўйича конференциялар ўтказилади.

3. Хўжалик юритувчи субъектлар ходимларида соҳа бўйича тажриба шакллантириш.

Бунда давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг тажрибасини шакллантиришни тегишли хизматлар амалга оширади. Хусусан, АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британияда ушбу вазифаларни идоравий ички назорат бўлинмалари (инсон ресурслари бўлими, режим ва ички хавфсизлик, коррупцияга қарши комплаенс хизматлари (complaens officer) ходимлари) бажаради5.

Мазкур бўлинмалар коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқишлар, тренинглар, семинарлар ташкил этади.

Франциянинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш миллий режасида мансабдор шахслар уч йилда бир марта мажбурий курсларда ўқиши белгиланган.

4. Аҳолининг соҳадан хабардорлигига қаратилган тадбирлар ўтказиш.

Сингапур, Малайзия, Корея Республикаси, Латвия каби давлатларда ваколатли давлат органлари коррупцияга қарши курашиш бўйича аҳолига турли тадбирлар (форум, ўқишлар, маърифий тадбирлар)6 ўтказади.

Қозоғистон, Эстония ва бошқа давлатларда ваколатли идоралар жамоатчилик учун мунтазам брифинглар қилади. Тадбирларда коррупцияга қарши сиёсатнинг мақсади, стратегияси, чора-тадбирларнинг бажарилиши, амалга оширилган ишлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ҳисоботлар тақдимотлари бўлади.

2004 йилдан Бразилияда коррупция бўйича ваколатли идора – ҳисоб палатасининг «Давлат харидларини назорат қилишда жамоатчиликнинг ўрни» дастури жорий этилган. Дастур ижросига жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари вакиллари, талабалар, ОАВ, профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Унда жамоатчилик вакилларига давлат харидларини назорат этиш юзасидан билим ва кўникмалар ўргатилади.

Буюк Британияда 2010 йилдан «Трансперенси Интернэшнл» (Transparency International), «Корнер Хаус» (The Corner House), «Британия коррупцияга қарши форуми», «Паблик Консерн эт Уорк» (Public Concern at Work) ташкилотлари аҳолининг турли қатламларига соҳа бўйича махсус курслар, тренинг ва семинарлар ташкиллаштиради.

5. Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабаларини соҳа бўйича ўқитиш.

БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ГЖББ) «Одил судлов учун
таълим» (E4J) ташаббуси доирасида коррупцияга қарши курашиш ўқув модулларини
ишлаб чиққан. Ушбу ташаббус аъзолари сифатида 100 дан ошиқ давлат университетлари вакиллари коррупцияга қарши кураш, давлат хизматида ҳалоллик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби 14 та махсус модуль доирасида билим ва кўникмаларини ривожлантиради. Болгария, Қирғизистон, Қозоғистон, Латвия, Молдова, Россия университетлари ташаббус аъзолари7.

Италияда коррупцияга қарши курашиш идораси президентнинг махсус фармони асосида барча ўрта махсус билим юртларида «Фуқаролик ва конституция» курси доирасида ёшларга соҳа бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат хизматида ҳалоллик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалаларини ўқитади8.

6. Ёшларни коррупцияга қарши руҳда тарбиялаш.

Хорижий давлатлар амалиётида коррупцияга тоқатсизлик ҳисси таълимнинг қуйи бўғинидан бошлаб барча босқичларини қамраб олади. Бунда анъанавий тарғибот усулларидан тортиб замонавий инновацион усулларгача қўлланади.

Маврикий давлатида олий таълим талабалари учун коррупцияга қарши кураш мавзусида конференция ташкил этилади. Унда талабалар коррупция муаммоларини миллий ва халқаро даражада бартараф этиш масалаларини муҳокама қилиб, тавсиялар ишлаб чиқишади. Олий ўқув юртларида ҳар йили коррупцияга қарши кураш мавзусида энг яхши чиқиш танлови ўтказилади ва телевидениеда намойиш этилади.

Панамада парламент ҳамкорлигида талабалар учун «Коррупцияга қарши ёшлар ассамблеяси» ташкил этилган. Унда самарали бошқарув ва коррупция, таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, транспорт, спорт соҳаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади9.

Венесуэланинг 13 штатида «Мактаб бош прокурори» лойиҳаси амалга оширилади. Унда 9-14 ёшдаги ўқувчилардан бири бир йил муддатга мактаб бош прокурори этиб сайланиб, мактаб бюджети, таълим сифати, давомат, ўқитувчиларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши тўғрисида ҳисобот ва маъруза қилади. Йил охирида таълим бошқармасига муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар юборади.

Бразилияда коррупцияга қарши курашиш бўйича даъват, қонун нормалари карикатура,
шиорлар шаклида ўқув қуролларида тасвирланади. Бу ўқувчиларнинг дунёқарашига ижобий таъсир этишга қаратилган.

Покистонда соҳага оид тарғибот комикс, чизма китоблар, спорт мусобақалари чипталарида, товарлар рекламасида амалга оширилади.

Малайзияда коррупцияга қарши курашиш ташвиқоти «Упин ва Ипин» интерактив мультфильми билан қилинади. Шунингдек, таълим вазирлигининг порталида махсус таълим материаллари жойлаштирилади.

Эквадор олий таълим муассасаларида талабалардан «Шаффофлик бригадалари» шакллантирилган. Талабалар давлат идораларининг очиқлигини назорат қилади. Уларга давлат идораларида коррупция билан курашиш ҳолати, ходимларнинг қонун талаблари ва касб қоидаларига риоя этиши ҳамда мурожаатчиларга маслаҳат беришини кузатиш ҳуқуқи берилган.

Сербияда БМТ Тараққиёт дастури кўмагида журналистика, сиёсатшунослик, социология факультетлари талабалари Facebook, Twitter ва бошқа тармоқларда «Ижтимоий тармоқда коррупцияга қарши журналистик суриштирув» лойиҳасини амалга оширади. Унда давлат ташкилотларидаги муаммолар таҳлил қилиниб, соҳага масъул ташкилотларга умумий маълумотнома тақдим этилади.

АҚШда мактаб ўқувчилари ўртасида «mock trial» (суд жараёни имитацияси) деб номланувчи тадбирни ўтказиш одатга айланган. Унда мактаб ўқувчилари суд жараёнини ташкил қилиб, адвокат, прокурор, судья, гувоҳ, жабрланувчи ва бошқа роллар тақсимланади ва сценарийлар орқали ижро қилинади.

Шунингдек, ўқувчилар ижтимоий тармоқларда мактаб билан боғлиқ гуруҳларга аъзо бўлишади. Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни оширишга қаратилган тарғибот материалларини мактаб ҳамда синф доирасидаги Telegram (бошқа ижтимоий тармоқлар ҳам) гуруҳларга тарқатиш амалиёти жорий қилинган.

АҚШ ҳукуматининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар веб-порталида ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни нафақат ўқиб чиқиш, балки аудио орқали эшитиш имконияти ҳам мавжуд.

Аксарият ривожланган давлатларда (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия) коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат органлари веб-сайтларига: коррупцияга қарши курашиш сиёсати; тизимда амалга оширилган ишлар; юз бериши мумкин бўлган коррупциявий вазиятлар; манфаатлар тўқнашуви; касб этикаси бузилишининг олдини олиш; масъулларнинг ишонч телефонлари ва электрон почта манзиллари; ходимлар содир этган ножўя ҳаракатлар ва уларга қўлланган жазо чоралари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириб борилади.

Юқоридагиларидан келиб чиқиб соҳа бўйича тажрибаларни ошириш мақсадида:

  • давлат органлари масъул ходимлари учун касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг йўналишлари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини жорий этиш;
  • вазирлик ва идоралар фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича сиёсат ишлаб чиқиш;
  • мазкур йўналиш бўйича олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабаларига мунтазам билим бериб бориш;
  • аҳолининг соҳадан хабардорлигини ошириш мақсадида ижтимоий реклама, аудио ва видеороликлар тайёрлаш;
  • ёшларнинг соҳага қизиқишини орттириш учун ижтимоий тармоқларда коррупцияга қарши сиёсат ҳамда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, масъул шахсларнинг ишонч телефонлари, электрон почталарини эълон
    қилиб бориш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Баҳодир ИСМАИЛОВ,
Бош прокуратура академияси
коррупцияга қарши курашиш
илмий-таълим маркази бошлиғи,
юридик фанлар доктори

 

1 Brunetti A. Weder B. A free press is bad news for corruption // Journal of Public Economies. 2003. Vol. 87. P. 1801-1824.

2 http://lex.uz/docs/4355387.

3 http://lex.uz/docs/4149765.

4 Education against Corruption A Manual for Teachers. Tirana, September 2012 www.coe.int/economiccrime.

5 Gounev, P. & Ruggiero, V. (2012). Corruption and Organized Crime in Europe. New York: Routledge. Available for purchase from http://www.routledge. com/books/details/9780415693622/.

6 Nicholls, C., Daniel, T., Bacarese, A., and Hatchard, J. (2011). Corruption and Misuse of Public Office (2nd ed.). New York: Oxford University Press. Available for purchase from http://ukcatalogue.oup.com/product/9780199577279.do#.UUqQMLWe58E.

7 The United Nations Convention against Corruption. A Model Academic Course.

8 Wrage, A., Bribery and Extortion: Undermining Business, Governments and Security (2011). Westport, Conn.: Praeger Security International.

9 Mungiu-Pippidi, A. (2011). Contextual Choices in Fighting Corruption: Lessons Learned. Berlin, Oslo, Norway: NORAD – Norwegian Agency for Development
Cooperation. Retrieved June 7, 2017 from https://www.norad.no/ombistand/publikasjon/2011/contextual-choices-in-fighting-corruption-lessons-learned.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -