0,00 UZS

No products in the cart.

9.5 C
London
Dushanba, Noyabr 23, 2020

Қиммат паштет (ҳикоя)

- Advertisement -
- Advertisement -

Карел ЧАПЕК

Бугун кечки овқатга нима харид қилсам экан?..

Пан Михл ҳар доимгидай дўкон пештахтаси олдида узоқ ўйланиб қолди: «Дудланган бирон нима олсаммикан яна?.. Дудланган таомлар бўғин касаллигини келтириб чиқаради… Пишлоқ билан банан олсам-чи? Йўқ, кечаям пишлоқ олган эдим. Ҳадеб бир хил нарса еявериш зарарли дейишади. Пишлоқ эрталабгача ошқозонингда ҳазм бўлмай турганини шундоқ сезиб турасан. Худойим-ей, одам овқатланмаса нима қилар экан-а?».

–  Танлаб бўлдингизми?– дудланган гўшт нимтасини қоғозга ўраётган сотувчининг саволи унинг ўйларини тўзғитиб юборди.

Енгилгина чўчиб тушган пан Михл беихтиёр ютиниб қўйди.

Ҳа, албатта, бирон нимани танлаш керак.

– Марҳамат қилиб менга… паштетдан берсангиз, – ғўлдиради у сўлагини ютиб. Албатта-да, унга кераги шу. – Паштет! – қатъий оҳангда такрорлади.

– Паштетми, марҳамат, – деди меъдага тегадиган бир оҳангда сотувчи. – Праганики, Страсбург­ники, қўзиқорин таъмлиси, жигар ва ғоз гўштидан тайёрланганидан бор, қанақасидан берай?

– Страсбургникидан, – ҳеч иккиланмай танлади пан Михл.

– Бодрингдан ҳамми?

– Ҳа… бодринг ҳам беринг, – деди у сотувчининг сазасини ўлдирмай. – Ва яна бўлка нон ҳам. – Пан Михл яна нимадир оладигандай пештахталарга кўз югуртириб чиқди.

– Яна нимадир оласизми? – сўради тек қотганча қулоғини динг қилиб турган сотувчи.

Пан Михл «таассуфлар бўлсинки, мен оладиган бошқа нарса сизда йўқ, безовта бўлманг» дегандай енгил бош силкиб қўйди. Сўнг:

– Йўқ, бўлди, – деди овозини кўтариб. – Қанча беришим керак?

Сотувчи қизил консерва банкасидаги паштетнинг нархини айт­ганида пан Михлнинг озроқ мазаси қочди.

«Худойим-ей, бунча ҳам қиммат бўлмаса», – деб қўярди у музтаргина бўлиб уйи томон кетар экан.

«Кўриниб турибди, паштет асл Страсбургники. Умримда бунақасини татиб кўрмаганман. Тўғрисиям-да. Лекин нарх қўйишда инсоф қилишмапти. На чора, кўнгил қурғур ҳар замонда шунақа паштетларниям тусар экан-да, – ўзини ўзи юпатарди пан Михл. – Албатта, ҳаммасини бир ўтиришда еб қўйишим шарт эмас. Боз устига паштет – ҳазми оғир таом. Ундан эртанги кунгаям олиб қўяман».

– Эман, сен ҳозир кечки овқатга нима олиб келганимни тасаввур ҳам қилолмайсан, – деди пан Михл эшигидан кирар экан, завқи тошиб.

Мушук Эман думини силкиб миёвлаб қўйди.

– Оббо ярамас-ей, – деди унга қараб пан Михл, – ҳали сен ҳам Страсбург паштетидан тотмоқчимисан, а? Йўқ, оғайни, бунақаси кетмайди. Бу паштет – қиммат егулик, ўзим ҳам умримда бунақасини еб кўрмаганман. Страсбург паштети, мен сенга айтсам, фақат шинавандалар учун. Майли, хафа бўлмаслигинг учун ҳидлаб кўришингга рухсат бераман.

Пан Михл паштет идишини ликопчага қўйиб, уни осонгина очгач, кечки газетани қўлига олди ва тантанавор бир кайфиятда овқатлангани ўтирди. Мушук эса одатига кўра столга сакраб чиқди. Думини йиғиб, егуликнинг лаззатини олдиндан туйиб ҳузурланганидан, тирноқларини дастурхонга ботириб кута бошлади.

– Фақат искаб кўришингга, – такрорлади пан Михл санчқига паштетдан кичкина бўлагини илиб. – Унинг ҳиди қанақа бўлишини билиб қўйишинг учун. Ма.

Эман мўйловларини қисиб, эҳтиёткорлик билан, ҳадиксираган кўйи уни искаб кўрди.

– Нима? Ёқмадими? – аччиқланди пан Михл. – Шундай қиммат паштет ёқмаганмиш, ҳаҳ, нодон!

Мушук тумшуғини жийириб, паштетни искашда давом этди.

Пан Михл бундан бироз хавотирга тушиб, ўзи ҳам паштетни ҳид­лаб кўрди.

– Ҳиди ёқимли. Эман, сен яхшилаб искаб кўр. Бу жуда ажойиб ифор, тентак.

Эман панжаларини чалиштириб, яна тирноқларини дастурхонга ботира бошлади.

– Бир бўлак ейсанми?

Мушук безовталангандай думини гажак қилиб, бўғиқ миёвлаб қўйди.

– Нима? Бу нимаси? – бақириб юборди пан Михл. – Паштет айниб қолган демоқчимисан?

У яна ҳидлаб кўрди, лекин ҳеч нимани сезмади.

«Ким билсин, мушуклар ҳидни одамдан яхшироқ сезади де­йишади. Паштетда эса ҳалиги, нимайди… ботулин бўлиши мумкин. Бениҳоя кучли заҳар, Худо сақласин. Ҳидсиз, таъмсиз, заҳарланганини билмай ҳам қолади одам».

Пан Михл юрагининг паст­роғида нимадир ёқимсиз сиқилганини сезди. «Худога шукур, оғзимга бир луқмаям солмабман. Афтидан, мушук бу паштетнинг бир балоси борлигини ҳидидан билди ёки инстинкти иш берди. Яхшиси, уни емай қўя қоламан, эссиз шунча пул…».

– Эман, мени эшит, – мушугига қараб гапира бошлади пан Михл. – Сенга бундан еб кўришга бераман. Бу энг қиммат, лекин жуда тез бузиладиган асл Страсбург паштети. Сенам яхши нарсалардан татиб кўришинг керак-ку, тўғрими? – у бурчакдан мушукнинг товоғини олиб, унга паштет бўлагини солди. – Пиш-пиш-пиш, Эман, кел буёққа!

Мушук столдан сакраб тушиб, думини сермаганча, шошилмай товоқчасига яқинлашди. Чўккалаб, эҳтиёкорлик билан таомни ҳидлаб кўрди.

«Емади, – баттар ваҳима босди пан Михлни, – айниган экан».

Эман худди бир нимадан ҳадиги бордай думини бироз диккайтиб, паштет бўлагини оз-оздан чайнаб юта бошлади.

– Ана, бўларкан-ку, – енгил тин олди пан Михл, – бу ишинг дуруст бўлди.

Паштетни еб бўлиб, панжалари билан мўйловини, бошини «юва бошлаган» мушукни пан Михл синчковлик билан кузатиб турди. «Ана, унга ҳеч нима қилмади, заҳарланмапти».

– Хўш, қалай? – деди у ҳомийларча. – Мазали эканми? Оббо, ярамас-ей!

Хотиржам тортиб дастурхон бошига келди.

Ростанам, шундай қиммат паштет қанақасига ёмон чиқиши мумкин? У ликопчага эгилиб, таомнинг ёқимли ҳидидан симирди. Ҳузурланганидан кўзлари юмилиб кетди. Ғоятда хушбўй…

«Эҳтимол, ботулиндан заҳарланишнинг аломатлари дарров сезилмас? – кутилмаганда миясига ялт этиб шу фикр келди. – Бохабар бўлиб туриш керак, Эманда безовталик бошланиб қолса…».

Пан Михл ликопчани нари суриб, энциклопедиянинг Б ҳарфидан бошланадиган томини қидиришга турди. «Б… ботулизм ёки аллантиазис… аломатлари йигирма тўрт, баъзи ҳолатларда ўттиз олти соатдан кейин аён бўлади (лаънати!)… Белгилари: кўз мушакларининг фалажланиши, кўриш қобилиятининг йўқолиши, томоқ қуриши, шиллиқ парданинг қизариши, сўлак ажралишининг йўқолиши (пан Михл беихтиёр ютиниб олди), овознинг хириллаши, ич қотиши; оғир кўринишларида – томир тортишиш, фалажлик ва ўлим кузатилади (самимий ташаккурим!)».

Негадир пан Михлнинг иштаҳаси бўғилди, паштетни токчага беркитиб, бўлка нонга бод­ринг қўшиб кавшашга тушди.

«Шўрлик Эман, – ўйлади у, – ақлсиз жонивор, айниган паштетни ўйламай паққос туширди, мана энди итдай ўлиб кетади».

Юраги ачиб, мушукни тиззасига олди.

Эман кўзларини хуррамона юмганича зўр бериб хуриллар, пан Михл эса тек қотиб уни хавотир ва пушаймонлик билан силаб ўтирар, шу аснода ҳали ўқишга улгурмаган газетага ҳам кўз ташлаб қўярди.

«Эҳтимол эртагача жони узилар, майли, эркалана қолсин» дея пан Михл кечаси мушугини ўзи билан олиб ётди. Тун бўйи унинг кўзи илинмади, тез-тез туриб мушукнинг ҳолидан хабар олиб турди. Аҳволи яхшига ўхшайди. Тумшуғи ҳам муздай. Ҳар сафар ушлаб кўрганида мушук билинар-билинмас хуриллаб қўярди.

– Кўрдингми, – деди эрталаб пан Михл, – паштет айнимаган экан, тўғрими? Энди уни кечга бориб ўзим ейман. Жилла қурса, унинг нима эканини билиб қўйишим учун. Умримнинг охиригача шунақа паштет билан боқар экан деб хомтама бўлиб юрма тағин.

Мушук оғзини катта очиб майин ва бироз хирилдоқ овозда миёвлаб қўйди.

– Шошма-чи, – деди пан Михл ҳушёр тортиб, – сен хириллаяпсанми? Кўзингни кўрсат қани менга.

Мушукнинг тилларанг кўзлари эгасига ҳаракатсиздай туюлди.

«Кўз мушаклари фалажланиб қолдимикан? – ваҳимага тушди пан Михл. – Бахтимдан айланай, яхшиям анави паштетдан еб кўрмаганим. Лекин тўғриси, ҳиди жуда даҳшат эди!».

Пан Михл кечқурун уйига келганида мушук хуриллаб унинг оёқларига узоқ суйкалди.

– Хўш, – деди пан Михл, – аҳволлар қалай? Кўзингни кўрсат-чи.

Эман думини силкитган кўйи згасига тилларанг-қора кўзларини тикди.

– Бари ортда қолди дейишга ҳали бор, – деди насиҳатомуз пан Михл. – Баъзан заҳарланиш аломатлари ўттиз олти соатдан кейин аён бўлиши ҳам мумкин, тушундинг? Ичинг келиши қандай, қотмаяптими?

Мушук яна унинг оёқларига суйкалди ва хириллаган товушда миёвлаб қўйди. Пан Михл паштетни столга, газета билан ёнма-ён қўйди. Сўнг жойлашиб ўтирди. Эман стол устига сакраб чиқиб, тирноқларини дастурхонга ботирган кўйи оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу оёғига ташлай бошлади.

Пан Михл паштетни ҳидлаб кўрди: ҳиди ёқимли, лекин, жин ургур, нима деса бўлади, кечагидан сал бошқачароқдай эди.

– Бир искаб кўрмайсанми, Эманча, – деди пан Михл, – яхши паштетмикан?

Мушук калта тумшуғини консерва банкасига яқинлаштириб, уни чўчинқирагандай бўлиб искади.

Пан Михлни яна ваҳима босди. «Эҳтимол, бу лаънати паштетни ташлаб юбориш керакдир? Мушук сезаяпти, паштетда аниқ бир гап бор. Йўқ, уни емайман. Заҳарланиб ўлишим қолувди ўзи. Ташлаб юбораман, тамом-вассалом».

Пан Михл деразадан қараб, консерва банкасини отишга жой мўлжаллай бошлади. Ҳув ана, қўшни ҳовлидаги акациянинг тагига…

«Паштетга барибир ичим ачияпти, – ўйланиб қолди пан Михл, – фалон пуллик нарса… Ҳақиқий Страсбургники. Бунақасини ҳечам емаганман. Балки у бутунлай айниб қолмагандир? Йўқ, уни емайман, лекин шунча пуллик нарсани ташлаб юбориш… Қачондир имкон бўлса жон деб еб кўрган бўлардим. Бир марта бўлсаям. Страсбург паштети шундай мазали таом!».

– Худойим-ей, кўз қиймайди-ку! – ҳасрат билан гапиринди пан Михл. – Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, шартта олиб отвориш…

Пан Михл кўз қири билан мушукка қараб қўйди, столда хур-хур қилиб ўтирибди. «Менинг якка-ю ягона дўстим, – унга қараб тўлқинланиб кетди пан Михл. – Худо ҳақи, ундан ажралишни истамайман. Лекин паштетни шундоқ ташлаб юборолмайман-ку, қанча пул тўлаганман ахир! Асл Страсбург паштети, мана, ёзиб қўйилган».

Мушук мулойим хуриллаб қўйди.

Пан Михл қизил банкани олиб, индамай полга қўйди. «Ма, нима қилсанг қил, ҳайвон. Ҳаммасини жиғилдонингга урасанми ё бошқа қиласанми, билмадим. Лекин уни ташлаб юборишга қўлим бормайди».

«Мен ўзим бу нарсани умрим бино бўлиб татиб ҳам кўрмаганман. Майли-да… менга ўхшаганлар бунақа нарсаларни емай ҳам юраверамиз. Бир бўлак ноннинг ўзиям кифоя бизга. Бошқа яна нима керак? Бунақанги қиммат паштетлардан ейишим шартми? Аммо-лекин уни ташлаб юбориш увол. У яхшигина пул туради, оғайни. Уни ташлаб юбориш умуман ярамайди».

Эман столдан сакраб тушиб паштет томонга юрди. У банкани узоқ тафтиш қилиб, ниҳоят ишонқирамагандай бўлиб паштетни ейишга тушди.

– Кўриб қўйсинлар, – тўнғиллади пан Михл, – дунёда сендан ҳам яхшироқ яшаётган мушук бормикан? Шунақа… бировларнинг омади боракан. Менинг эса омадим чопмади.

Шу кеча у беш марталар уйғониб мушукни туртиб кўрди. Бўкиб қолай деган Эман эса эринибгина хуриллаб қўярди.

* * *

Шундан бери пан Михл ҳар замонда мушугига заҳрини сочиб туради.

– Пишт-е, – ўшқиради у Эманга, – сен менинг паштетимни еб қўйгансан, овозинг чиқмасин!

Шавкат Ёдгоров таржимаси

- Advertisement -

Latest news

Судьялар қасамёд қабул қилди

Бугун бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида биринчи марта лавозимга тайинланган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш...
- Advertisement -

“Коррупцияни биргаликда енгамиз!” танловида иштирок этинг ва қимматбаҳо совғаларни қўлга киритинг!

📣 Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармалари томонидан “Коррупцияни...

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолигига номзодларни саралаш бўйича танлов ўтказилади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолигига номзодларни саралаш бўйича танлов ўтказилади! Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган «Жамият...

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲРТ) Евроосиё давлатлари билан ишлаш бўлими раҳбари У.Томпсон ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов...

Related news

Судьялар қасамёд қабул қилди

Бугун бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида биринчи марта лавозимга тайинланган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш...

“Коррупцияни биргаликда енгамиз!” танловида иштирок этинг ва қимматбаҳо совғаларни қўлга киритинг!

📣 Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармалари томонидан “Коррупцияни...

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолигига номзодларни саралаш бўйича танлов ўтказилади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолигига номзодларни саралаш бўйича танлов ўтказилади! Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган «Жамият...

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲРТ) Евроосиё давлатлари билан ишлаш бўлими раҳбари У.Томпсон ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов...
- Advertisement -