0,00 UZS

No products in the cart.

13.3 C
London
Shanba, Oktabr 23, 2021

Киберҳужумлар – иқтисодиётга жиддий хавф

- Advertisement -
- Advertisement -

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар иқтисодий барқарорликни таъминлаб, халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини тубдан яхшилашга замин яратмоқда. Шу билан бирга, иқтисодий тараққиёт кўрсаткичларига зарар етказувчи омиллар ҳам мавжудлигини унутмаслигимиз лозим.

Хусусан, киберҳужумлар оқибатида мамлакат иқтисодиётига етиши мумкин бўлган зарарларни оладиган бўлсак, уларнинг миқдори айнан қанча бўлишини олдиндан айтиш имконсиз. Зеро, киберҳужум сизу бизга номаълум вақтда амалга оширилади.

Киберҳужумлар борасида хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро Symantec Security ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир ҳар сонияда дунёдаги ҳар 12 нафар инсондан бири киберҳужум қурбонига айланмоқда. Жаҳонда ҳар йили 556 миллиондан зиёд киберҳужум уюштирилади ва бунда жабрланувчилар кўрадиган зарар 100 миллиард АҚШ долларидан кўпроқдир1. Ушбу жиддий муаммо ҳаммамизни сергакликка
чорлайди. Оддий бир ҳолат, McClatchy ахборот хизматининг хабарига кўра, 2017 йил 12 май куни бошланган киберҳужумлар натижасида бир ҳафтага яқин вақт давомида камида 50 мамлакатда 300 мингтача компьютер зарарланган.

Маълумки, кибержиноятчиликка қарши юртимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 841-қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ 2030 йилгача ноқонуний пул оқимларини кескин қисқартириш, ўғирланган активларни излаб топиш ва қайтариш бўйича ишларни жонлантириш, уюшган жиноятчиликнинг барча шаклларига қарши кураш олиб бориш ва экстремизм кўламини жиддий равишда қисқартириш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилди. Ҳозир айнан кибержиноятчиликка қарши курашишборасида зарур чоралар амалга оширилмоқда.

Хусусан, UZCERT – Ахборот хавфсизлиги инцидентларига чора кўриш хизматининг маълумотларига кўра, шунингдек, давлат органларининг ахборот тизимларида 2018 йил ва 2019 йил биринчи чорагида ахборот хавфсизлиги ҳодисалари мониторинги ўтказилганида 54.953.759 та ахборот хавфсизлиги бузилиши аниқланган бўлиб, улардан 2.502.353 тасининг хавфи юқори даражада бўлган2, Ўзбекистон Республикаси
Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб 26 июнь кунига қадар агентлик томонидан ўтказилган мониторингда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи 815 та ҳолат аниқланган ва бу кўрсаткич 2018 йилда 897 тани ташкил этган.

Хўш, ушбу киберҳужумлар натижасида мамлакат иқтисодиётига етказилаётган зарарни камайтиришнинг қандай жиноий-ҳуқуқий ечимлари мавжуд?

Олим Валентин Харламовнинг фикрича, ушбу муаммонинг ягона ечими кибержиноятчилик тушунчасини мамлакат жиноят қонунчилигига киритишдир3.

Мисол учун:

Беларусь Жиноят кодексида компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда мулкка зарар етказганлик;

Дания, Франция ҳамда Эстония Жиноят кодексларида компьютер фирибгарлиги;

Италия Жиноят кодексида компьютер тизимларига аралашганлик;

Хитой Халқ Республикаси Жиноят кодексида ўзгалар мулкини компьютер орқали талон-торож қилганлик;

Нидерландия Жиноят кодексида виртуал фирибгарлик;

Польша Республикаси Жиноят кодексида компьютер ахборотини модификация қилганлик, ўзгартирганлик, йўқ қилганлик, фирибгарлик;

Украина Жиноят кодексида электрон ҳисоблаш машинаси ёрдамида ноқонуний
операцияларни амалга оширганлик;

Корея Республикаси Жиноят кодексида техник воситалар, шунингдек, компьютер орқали маълумотларни ноқонуний равишда эгаллаганлик, уларни сохталаштирганлик, ноқонуний равишда қайта ишлаганлик;

Испания Жиноят кодексида компьютер маълумотлари ва компьютер воситасида савдо сирларини ўз ичига олган маълумотларга рухсатсиз кирганлик;

Финляндия Жиноят кодексида компьютер тизимига ноқонуний равишда кирган ҳолда савдо сирларини ўғирлашга оид жосуслик;

Швейцария Жиноят кодексида электрон усулда саноат жосуслиги;

Австрия Жиноят кодексида эса махсус дастурлардан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган қайта ишлаш жараёнларига таъсир ўтказганлик, маълумотларни киритганлик, уларни ўзгартирганлик, йўқ қилганлик ёки бу жараёнга ўзгача усулларда таъсир кўрсатиб, ўзи ёки ўзга шахслар учун ноқонуний равишда фойда келтириб жабрланувчига мулкий зарар етказганлик учун жиноий жавобгарлик аллақачон белгилаб қўйилган бўлса-да, бизнинг қонунчилигимизга ҳамон кибержиноятчиликнинг
киритилмаганлиги ва бунинг учун жавобгарлик белгилаб қўйилмаганлиги ачинарли ҳолатдир.

Валентин Харламовнинг фикрларига қарама-қарши равишда Ульяна Зинина мазкур тушунчанинг ўрнига компьютер ахбороти тушунчасини жиноят қонунчилигига киритиш
ва бунинг учун алоҳида жавобгарлик белгилаб қўйиш зарур деб ҳисоблайди4.

Юқоридаги икки олим фикрларини умумлаштирган ҳолда Яна Попиева иккала тушунча ҳам фанга киритилиши ва бу бўйича жиноят қонунчилигида уларнинг механизми ва бунинг учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ деб тушунтириш беради5. Электрон ахборот бўйича олим Марина Ефремова эса, юқоридаги фикрлардан умуман ўзгача фикрлаган ҳолда, электрон ахборот тушунчасини жиноят қонунчилигига киритиш ва унга оид истаган жиноят қонунчилиги билан қўриқланадиган ахборотнинг бузилиши жиноят ҳисобланиб, бу бўйича давлатлар қонунчилигини тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозим дейди6.

Ҳақиқатан ҳам, айтиш жоизки, 1978 йилда Италия, 1979 йилда Австралия, 1981 йилда Буюк Британия, 1980 йилда АҚШ, 1985 йилда Дания ва Канада, 1986 йилда Германия, 1987 йилда Австрия, Япония ва Норвегия, 1988 йилда Франция ва Грециянинг жиноят ва маъмурий қонунчилигида ушбу тушунча белгиланган7. Ўзбекистон маъмурий ва жиноят қонунчилигида ҳам киберхавфсизлик, кибержиноят, кибермакон каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти ва уларга оид жиноят қонунчилигимиз билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга зарар келтирганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, Марина Ефремованинг таклифига тўлиқ қўшилишнинг имкони йўқ. Чунки дунё давлатлари жиноят қонунчилигига электрон ахборотнинг бузилиши бўйича жавобгарликни белгилаб қўйган билан масала тўлиқ ҳал бўлмайди. Сабаби кибержиноят электрон бўлмаган, мураккаб кўринишларда ҳам содир этилиши мумкин. Оддийгина бир мисол, банкоматдаги ўғирлик учун фақатгина электрон ахборотнинг ўзгартирилганлиги ёки модификация қилинганлиги билан жиноятни тугаллаш доим ҳам имконсиздир.

Юқоридаги фикрларимизни умумлаштирган ҳолда Россия тарихига назар ташласак, қатор олимлар томонидан берилган таклифлар натижасида 2012 йил 29 ноябрь куни Россия Жиноят кодексига 1596-модда билан компьютер ахбороти соҳасидаги фирибгарлик (компьютер фирибгарлиги) киритилди.

Юртимизда ҳам бизнинг таклифларимиз ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3723-қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссияга тақдим этилган.

Ушбу комиссия томонидан мазкур таклифларнинг қабул қилиниши натижасида янги таҳрирдаги Жиноят кодексида:

электрон рақамли имзо ва электрон ҳужжатларни тайёрлаш ва фойдаланиш қоидаларини бузганлик;

ахборот технологиялари ва коммуникацияларига қарши қаратилган жиноятлар;

киберхавфсизлик соҳасидаги жиноятлар, кибержиноятлар, ахборотлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик;

ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;

телекоммуникациялар, радиочастота спектри ва техник тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;

компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланганлик;

компьютер ахборотини модификациялаганлик, зарарли дастурлар ва ахборотларни яратганлик, тайёрлаганлик ёки фойдаланганлик ёхуд тарқатганлик;

компьютер саботажи, компьютер орқали ўзгалар мулкини талон-торож қилганлик, ушбу қилмишни товламачилик, босқинчилик, ўғирлик, фирибгарлик, талончилик орқали содир этганлик;

компьютер орқали ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик ёки ўзини ўзи ўлдиришга ундаганлик;

болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни тарқатганлик, порнографик дастурлар, аудио, видео ва бошқа материалларни тарқатганлик, сақлаганлик, намойиш қилганлик, шундай воситалардан фойдаланганлик;

кибертерроризм, киберэкстремизм учун жавобгарлик белгиланган ҳолда кибержиноятчи, кибержиноят, кибермакон, киберхавфсизлик, киберхавф, киберҳужум каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти алоҳида боб ва моддаларда кўрсатиб ўтилади. Янги таҳрирдаги Жиноят кодекси қабул қилинса, киберҳужум натижасида келиб чиқадиган ижтимоий муносабатлар ҳам жиноят қонунчилигимиз билан қўриқланадиган ва тартибга солинадиган муносабатларга айланади, шунингдек, мавжуд тушунчаларнинг таҳрири такомиллашади.

Олим Михаил Простосердовнинг таъкидлашича, кибержиноятлар сони ва миқдорини камайтириш учун қайси киберҳужумлар учун оғирроқ жазо белгиланиши бўйича рўйхат ишлаб чиқилиши ва у амалиётга татбиқ этилиши зарур8.

Ушбу фикрлардан келиб чиққан ҳолда Юрий Батурин кибержиноятчиларни ёлланган кибержиноятчилар, эҳтиётсизлик туфайли оқибатини ўйламаган ҳолда кибержиноятни содир этадиганлар, жосуслар, хакерлар, кракер (компьютер безори)лари каби тоифаларга бўлган ва улар томонидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик ҳам шунга мутаносиб бўлиши керак деб тушунтириш беради9.

Татьяна Лопатина эса ушбу рўйхатни ўзгача фанат (мухлис)лар, руҳий касаллар ва профи (тарозига солиб қўядиган)ларга тоифалаган ҳолда классификация қилади10. Роман Дремлюга уларни «Интернет фирибгарлари», «Интернет-кракер хакер (компьютер безори)лари» ва «Интернет-вирус яратувчилари»га ажратган ҳолда таснифлашни таклиф қилади11.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 30-моддасига мувофиқ ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам ушбу кодекс махсус қисмининг бажарувчини жавобгарликка тортиш белгиланган моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнингча, кодекснинг 55-56-моддаларидан келиб чиқиб,
янги таҳрирда қабул қилинадиган кодекснинг ўзида кибержиноятчилик тоифаси эмас, балки улар томонидан содир этилган жиноятнинг оғир ёки енгиллигига қараб, қилмишни квалификациялаш бўйича махсус нормаларни белгилаш мақсадга мувофиқ. Зеро, юқоридаги олимлар таъкидлаган тоифаларга кирувчи шахслар содир этган қилмиш ўзаро мутаносиб бўлса-ю, оғирроқ тоифага кирувчи шахс содир этган енгил қилмиш учун енгилроқ тоифага кирувчи шахс содир этган қилмишга нисбатан оғирроқ
жазо белгилаш жиноят қонунчилигидаги адолат тамойилига зиддир. Фақатгина оғирроқ тоифадаги шахслар содир этадиган қилмиш миқдорини камайтириш учун улар амалга оширадиган қилмишга суд оғирроқ жазо тайинлаши мумкинлиги ҳақидаги норма белгиланиши мақсадга мувофиқ. Мисол учун ўта хавфли рецидивист томонидан Жиноят кодексининг 97, 104-105, 112, 118-119, 135, 137, 164-169, 171, 188, 220-222, 247, 252, 267, 270-271, 273-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлигига оид нормалар каби.

Марина Зубова АҚШ, Канада, Франция, Германия, Англия, Италия, Испания, Австрия, Бельгия, Дания, Финляндия, Греция, Ирландия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Австралия, Швеция ва Польша каби давлатларнинг қонунчилигини тадқиқ қилган ҳолда дунёдаги барча мамлакатларнинг кибержиноятга алоқадор қонунчилигини бир-бири билан унификация қилиш зарурлигини таъкидлайди12. Ушбу фикрларга ўхшаш фикрларни Татьяна Лопатина ҳам таъкидлаган ҳолда аввало ушбу жиноятнинг олдини олиш учун трансчегаравий кибержиноятчилик тушунчасини фанга олиб кириш ва унинг механизмини белгилаб қўйиш керак деб ҳисоблайди13.

Икки олимнинг ҳам таклифларида жон бор. Чунки трансчегаравий кибержиноятчиликни фанга олиб кирмасдан ва унинг тартиб-таомилини белгиламасдан ҳамда нечоғлик заруриятини қўшни давлатларга тушунтирмасдан туриб, кибержиноятчилик билан ялпи курашиш имконсиздир. Сабаби иқтисодий секторга катта зарар етказишни мақсад қилган кибержиноятчи ўз қилмишини ўзга мамлакат ҳудудидан туриб содир этиши мумкин. Бунда трансчегаравий кибержиноятчиликнинг икки давлат томонидан бирдек эътироф этилганлиги ва бир-бирининг ушбу соҳадаги қонунчилиги ўхшаш эканлиги муаммоларнинг тез ҳал этилишини таъминлайди.

Юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида қатор давлатларнинг жиноят қонунчилигига назар ташлайдиган бўлсак, қуйидаги ҳолатларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.

ХУСУСАН:

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг «Жамоат тартиби ва умумий хавфсизликка қарши жиноятлар» деб номланган 28-бобида компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, зарарли компьютер дастурларини яратиш, тарқатиш, фойдаланиш, ахборот-телекоммуникация ва компьютер ахборотини сақлаш, қайта ишлаш, ўтказиш қоидаларини бузиш ва порнографик маҳсулотларни тарқатиш, Россия Федерациясининг ахборот тузилмасига ноқонуний равишда таъсир кўрсатиш каби жиноятлар учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган14.

Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексида эса электрон ёки магнит ёхуд бошқа усулда кўпайтирилиши ёки узатилиши мумкин бўлган маълумотни рухсатсиз олган шахсларнинг ҳаракатлари, телекоммуникация воситаларидаги сирларни бузиш, техник ёзувларни қалбакилаштириш ёки ўзга автоматик қурилмалар томонидан тўлиқ ёки қисман ёзиб олинган ёзувларни қалбакилаштиришга оид ҳаракатлар, мавжуд ҳолатни исботловчи маълумотларни қалбакилаштириш, техник ёзувларни йўқ қилиш, ўзгартириш, қайта ишлашга оид ҳаракатлар, маълумотларни ноқонуний равишда йўқ қилиш, ўзгартириш, ўчиришга оид ҳаракатлар, маълумотларни қайта ишлаш ёки сақлаш воситаларини йўқ қилиш, шикастлаш, ўчириб қўйишга оид ҳаракатлар, телекоммуникация воситалари орқали тамагирлик қилиш бўйича жавобгарлик белгиланган15.

Люксембург Жиноят кодексининг қатор моддаларида кириш тақиқланган тизимга ноқонуний равишда кириш ёки шундай тизим ёки унинг қисмидан ноқонуний равишда маълумотларни олганлик, қайта ишлаганлик учун 2 йилгача, автоматик қайта ишланадиган тизим функциясини ўзгартирганлик учун 3 йилгача, ваколати бўлмаган шахс томонидан электрон тизимга ноқонуний кирган ҳолда, ундаги маълумотларни ўзгартирганлик, йўқ қилганлик, ўчириб ташлаганлик учун ҳам 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган16.

Кўриб турганимиздек, ушбу давлатларнинг жиноят қонунчилиги бир-бирига яқин. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳеч бўлмаганда ШҲТ, МДҲга аъзо давлатлар ўзларининг жиноят қонунчилигини ўзаро бирхиллаштириши мақсадга мувофиқ.

Олим Михаил Простосердов кибержиноятларнинг янада кўпайишига сабаб сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ушбу соҳада етарлича билимга эга эмаслигини таъкидлаган. Бу борада алоҳида кадрлар тайёрлашга эътибор бериш кераклигини, айниқса, иқтисодий жиноятларга оид кибержиноятларни квалификация қилишни ва ушбу жиноятларни очишни бемалол уддалай оладиган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини, шунингдек, ушбу жиноятлар ҳақида тушунтириш берадиган Олий суднинг юқори органи бўлган, мисол учун, пленум қарорлари қабул қилиниши лозимлигини айтиб ўтади17.

Жумладан, 1996 йилда АҚШ Олий суди кибержиноят ҳақида алоҳида қарор қабул қилган18. Мамлакатимиздаги судларда эса ҳамон бу хусусда алоҳида тасаввур йўқ. Шу пайтга қадар аслида кибержиноят бўлган ҳолатни Жиноят кодексининг 4, 10, 14, 16-моддасига хилоф равишда, Жиноят-процессуал кодексининг 333-моддаси ёки 83-моддасига кўра жиноий иш қўзғатишни рад этиш ёки қўзғатилган жиноят ишини тугатиш ўрнига, аслида бошқа қилмиш учун айбдор бўлган шахсни бошқа модда билан айблаб квалификация қилиб келишмоқда.

Ушбу ҳолатни судлар шахс ижтимоий хавфли қилмишни содир этганидан кейин унга нисбатан жавобгарлик бўлиши керак деб изоҳлашмоқда. Аммо ушбу қилмиш Жиноят кодексига киритилмаган ва бу бўйича алоҳида жавобгарликни белгилайдиган нормалар мавжуд бўлмаса, ушбу қилмишни содир этган шахсни жиноятчи ва у томонидан содир этилган қилмишни ижтимоий хавфли қилмиш деб аташимиз мумкинми? Асло йўқ. Шу жиҳатдан ҳам, ҳеч бўлмаса, судларимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бирхиллигини таъминлаш мақсадида кибержиноятчилик хусусида Олий суд пленумининг махсус қарори қабул қилиниши ва кибержиноятчилик бўйича у тушунтириш бериши мақсадга мувофиқ.

Хулоса ўрнида таъкидлашимиз зарурки, айнан кибержиноятларнинг иқтисодиётга таъсири натижасида мамлакатнинг кейинги ривожига сунъий тўсиқлар юзага келади. Ушбу тўсиқларни бартараф қилмас эканмиз, юртимизда иқтисодий тангликлар кучайиб бораверади. Иқтисодий танглик эса инсонларнинг давлат органларига нисбатан ишончсизлигини ва мамлакатда турли тартибсизликлар вужудга келтириш хавфини кучайтиради. Бу эса юқорида таъкидлаб ўтилган муаммолар юзасидан берилган таклифларни амалга ошириш ва бу борада тўғри сиёсат юритишимиз зарурлигини кўрсатади. Қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиётини тангликка тушишдан асраш сизу бизга боғлиқ. Бунинг учун эса ягона талаб бизнинг огоҳ бўлишимиз ҳамда лоқайдликка йўл қўймаслигимиздир.

Амириддин АНОРБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти мустақил изланувчиси

 

1 Д.Н.Карпова. Киберпреступность: глобальная проблема и ее решение. – М.: Власть. 2014. (№8). –46 с.

2 С.Садиков. Кибербезопасность Узбекистана в цифрах: итоги 2018 года. // https://uzcert.uz/blog/saidakbar/kiberbezopasnost-uzbekistana-v-tsifrakhitogi-2018-goda.

3 В.С.Харламов. Теория и практика противодействия преступному насилию в семье (системное криминологическое и уголовно-правовое исследование). Специальность 12.00.08 – уголовное право и криминология; уголовно-исполнительное право Диссертация на соискание ученой степени доктора юридических наук. – Санкт- Петербург. 2019. –721 с.

4 У.В.Зинина. Преступления в сфере компьютерной информации в российском и зарубежном уголовном праве. Специальность 12.00.08 – уголовное право и криминология: уголовно-исполнительное право. Автореферат диссертации на соискание учёной степени кандидата юридических наук. – М.: 2007. – 13-14 с.

5 Я.А.Попыева. Криминалистическое исследование средств совершения компьютерных преступлений. Бакалаврская работа. – Томск. 2016. – 40 с.

6 М.А.Ефремова. Уголовно-правовая охрана информационной безопасности. Специальность: 12.00.08 – «Уголовное право и криминология; уголовно-исполнительное право». Диссертация на соискание ученой степени доктора юридических наук. – М.: 2017. –365 с.

7 А.Э.Побегайло. Борьба с киберпреступностью: учебное пособие. – М.: Университет прокуратуры Российской Федерации, 2018. –13 с.

8 М.А.Простосердов. Экономические преступления, совершаемые в киберпространстве, и меры противодействия им. Специальность 12.00.08 – уголовное право и криминология; уголовноисполнительное право. Диссертация на соискание ученой степени кандидата юридических наук. – М.: 2016. –36 с.

9 Ю.М.Батурин. Право и политика в компьютерном круге. –М.: место издания Наука Москва, 1987. –111 с.

10 Т.М.Лопатина. Криминологические и уголовно-правовые основы противодействия компьютерной преступности: автореф. дис. … докт.юрид. наук: – М.: 2006. –30-31 с;

11 Р.И.Дремлюга. Интернет-преступность. дис. … канд. юрид. наук. – Владивосток. 2007. – 143 с.

12 М.А.Зубова. Компьютерная информация как объект уголовно-правовой охраны. Специальность: 12.00.08 – уголовное право и криминология; уголовно-исполнительное право. Автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата юридических наук. – Казань. 2008. –25 с.

13 Т.Лопатина. Криминологические и уголовно-правовые основы противодействия компьютерной преступности. Тема диссертации и автореферата по ВАК РФ 12.00.08, доктор юридических наук. – М.: 2006. – 418 с.

14 Россия Федерацияси Жиноят кодекси. Интернет сайтдан: https://ppt.ru/kodeks.phtml?kodeks=20.

15 Германия Федератив Республикаси Жиноят кодекси. Интернет сайтдан: https://constitutions.ru/?p=5854

16 Люксембург Жиноят кодекси. Интернет сайтдан: http://legilux.public.lu/eli/etat/leg/code/penal/20181101.

17 М.А.Простосердов. Экономические преступления, совершаемые в киберпространстве, и меры противодействия им Специальность 12.00.08 – уголовное право и криминология; уголовноисполнительное право Диссертация на соискание ученой степени кандидата юридических наук. –М.: 2016. –190-191 с.

18 Информационный ресурс «Ciec.org». Reno vs. ACLU, 117 S.Ct. 2329 (1997) (casebook at 932-53). Электронный ресурс] // URL:http//ciec.org/SC_appeal/opinion.shtml..

 

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -