Мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси берган маълумотга кўра 2020 йилнинг 4 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30 да (Тошкент вақти билан соат 11:30) “Uzbekistan Airways” AJнинг чартер рейси Пекин шаҳри аэропортидан Тошкент шаҳрига учиб кетди. Унинг бортида Хитойнинг қатор ҳудудларидан 250 нафар Ўзбекистон фуқаролари ва 13 нафар экипаж аъзолари ватанга қайтмоқда.
Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштириладилар, у ерда бутун карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўладилар ҳамда барча зарурий дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланадилар.
Ухан шаҳридан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди.
4 февраль куни махсус чартер рейс карантин ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун Ухан шаҳрига учиб кетиши режалаштирилмоқда, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборотида.